Афғонистон: электр қарзини узиш учун собиқ ҳукумат амалдорлари уйларини сотишмоқчи Afg'oniston Tolibon

Кобул кўчаси. 2021 йил 25 август

Сурат манбаси, Reuters

Афғонистоннинг қўшни мамлакатлардан фойдаланилган электр қуввати учун жами қарзи 62 миллион долларга етган ва мамлакатнинг янги Толибон раҳбарияти бу қарзларни узишнинг ўзига хос йўлини топди.

6 октябрь куни Афғонистондаги DABS(Da Afghanistan Breshna Sherkat) ширкати йиллар давомида ишлатган электри ҳақини тўламаган собиқ ҳукумат мулозимлари ва маҳаллий таниқли одамларга тегишли мол-мулкни сотишга тайёргарлик кўраётгани ҳақида эълон қилди.

DABS ширкатига кўра, Афғонистон ўзининг тўрт қўшнисига импорт қилинган электр энергияси учун қарздор, улар орасида Ўзбекистон ҳам бор.

Бундан олдин DABS Ўзбекистон, Тожикистон, Туркманистон ва Эрон раҳбариятига мурожаат қилиб, электр таъминотини тўхтатиб қўймасликни сўраган эди.

Шунингдек, қарзни узишда БМТдан ҳам ёрдам сўрашди.

Хабар қилинишича, қарздор шахслар, уларнинг мол-мулки ва электр ҳақи қарзини узиш масалалари Толибоннинг ҳукуматига тақдим этилади, маъқулловдан Афғонистонни тарк этганларнинг уй-жойи сотувга қўйилиши мумкин.

"Сиёсатдан келиб чиқиб биз бу мол-мулкни сотамиз ёки бошқа муқобил йўлларини излаб топамиз", деб айтган DABS корпорациясининг ижрочи директори Сафиуллоҳ Аҳмадзай.

Бироқ DABSнинг собиқ раҳбари Омонуллоҳ Ғолиб фикрича, мол-мулкни сотиш электр қарздорлиги билан боғлиқ узоқ муддатли муаммони ҳал этмайди.

"Бу муаммони қисқа муддатга ечиши мумкин", деган Омонуллоҳ Ғолиб.

Толибон 1996 йили Афғонистонда ҳокимиятни назоратига олганида, мамлакатдан чиқиб кетган инсонларнинг мол-мулкига тегмаган эди.

Ҳозир эса Толибон оғир иқтисодий босимларга дуч келган.

Афғонистоннинг давлат захиралари музлатиб қўйилди, Толибондан халқаро эътироф эвазига қатор талаблар бажарилиши талаб қилинмоқда.

Хусусан, инсон ҳуқуқларини ҳурмат қилиш, аёлларнинг таълим олиш ва ишлаш ҳуқуқларини таъминлаш кўпроқ тилга олинмоқда.

Афғонистоннинг ичкарисидан эса Толибоннинг 1990 йиллардагидек шафқатсиз эмас, бундан кейин мўътадил сиёсат юритиш ҳақидаги ваъдаларига қарамасдан, Ғарб назарида яна 20 йил олдинги бошқарувига қайтаётгани ҳақидаги хабарлар кўпайган.

Шундай бир шароитда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва бошқа қатор мамлакатлар раҳбарлари Афғонистонни яккаламасликка чақирмоқдалар.

Ўзбекистон Афғонистонга инсонпарварлик ёрдами юборган илк мамлакатлардан бири бўлди.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek