Тожикистон – президент сайлови: мустақил номзод рўйхатга олинмади Тожикистон Tojikiston, yangiliklar

Сурат манбаси, official
Тожикистон президентлигига номзодликка қайдга олинган шахсларга гувоҳномалар топширилган.
Номзодлик гувоҳномаси амалдаги Президент Эмомали Раҳмонга ҳам топширилган. У Тожикистон Халқ-демократик партияси томонидан кўрсатилган. Шунингдек, амалдаги президент номзодини мамлакат мустақил касаба иттифоқи ва ёшлар иттифоқи ҳам илгари сурган. Эмомали Раҳмон 1992-йилдан буён мамлакатни бошқариб келади. У бешинчи марта ўз номзодини илгари сурмоқда. Тожикистоннинг янгиланган конституциясига кўра унинг Тожикистон президентлигига номзод кўрсатиши чекланмаган.
Гувоҳнома топширилган шахслар орасида Аграр, Социалистик, Иқтисодий ислоҳотлар ва Коммунистик партиялар номзодлари Рустам Латифзода, Абдуҳалим Ғаффорзода, Рустам Раҳматзода ва Мирож Абдуллаев бор.
Тожикистон Демократик партияси номзоди, мазкур партия бош котиби Саиджаъфар Усмонзода номзоди рўйхатга олинмаган. У мамлакат қонунчилигида назарда тутилган миқдордан ортиқроқ тарафдорлар имзосини тўплаган. Лекин текшириш жараёнида бу имзоларнинг маълум қисми қалбаки эканлиги маълум бўлган.
Тоғли Бадахшон маркази Хоруғ шаҳридан бўлган ёш ҳуқуқшунос Фаромуз Иргашов номзоди ҳам рўйхатга олинмаган. Президентликка номзодини ўзи илгари сурган Иргашов тўплаган имзо рўйхатга олиш учун етарли бўлмаган. У назарда тутилган 245 мингта ўрнига 80 мингта имзо тўплашга муваффақ бўлган. Лекин кузатувчилар бу миқдорда имзо тўплаш ҳам мамлакатда коррупция, адолатсизлик, мансабдорларнинг ўз вазифаларини суистеъмол қилишларига қарши курашнинг ўзининг бош мақсадларидан бири сифатида кўрсатган 30 ёшли номзоднинг муваффақияти эканлигини таъкидлашган. У илгари Тоғли Бадахшон мухтор вилояти мажлиси депутатлигига ҳам сайланган.
Ўз номзодини илгари сурган яна бир шахс - Иброҳимжон Юсуфбеков Тожикистон Сайлов ва аҳоли раъйини сўраш марказий комиссияси(СМК)га умуман ҳужжат топширмаган.
Тожикистон Социал-демократик партияси эса, президентлик сайловида умуман қатнашмаслигини эълон қилган.
Шундай қилиб, президент сайловида Тожикистондаги мавжуд 7 та сиёсий партиядан бештасининг номзоди иштирок этадиган бўлди.
Энди рўйхатга олинган беш нафар номзод сайловолди ташвиқотига киришади. Президентлик сайлови эса, 11-октябрда бўлиб ўтади.
Оқимга қарши сузиш мумкинми?
Тожикистон Халқ-демократик партияси раисининг биринчи муовини Абдужаббор Азизийнинг айтишича, мазкур партия раиси Эмомали Раҳмон мамлакат арезидентлигига энг муносиб номзоддир. Унинг фикрича, Эмомали Раҳмон ўзининг ўтган етти йиллик президентлиги фаолияти давомида кўзда тутилган барча ишларни амалга оширишга муваффақ бўлган. Бу гал президент бўлиб сайланганда эса, сайловолди дастурларини бажариши учун учта жиддий имкониятга эга. Абдужаббор Азизий бу имкониятларни бир-бир санаган: катта сиёсий тажриба, бошқарувнинг амалий тажрибаси, катта кадр кучи ва партия мавқеи тарафдорлари кўплиги. Шу ўринда ҳукмрон Тожикистон Халқ-демократик партиясининг 494 минг нафар аъзоси борлигини таъкидлаш жоиз.
СМК маълумотларига кўра эса, мамлакатда сайлов бериш ҳуқуқига эга инсонлар сони 4 миллион 900 минг 545 кишини ташкил этади. Демак, сайловчилар умумий сонининг деярли 10 фоизи ҳукмсрон партия аъзоларига тўғри келади.
Лекин кўпгина сайловчиларнинг фикрича, фақат бу омил эмас, балки Тожикистон президентлигига яна Эмомали Раҳмоннинг сайланиши учун бошқа сабаблар ҳам бор.
"Мен партиясизман. Ҳар гал президент сайлови бўлганда юртимизда кечган фуқаролик уруши кўз ўнгимга келаверади. Мен ўшанда Қумсангирдаги обод уй-жойимни ташлаб, тинч ер излаганман. Эмомали Раҳмон президентлик йиллари давомида тинч ҳаётни таъминлади", дейди Гулистон шаҳрида яшаётган 60 ёшли Холназар Тошматов.
"Яқинда Саразм ёдгорликларининг 5500 йиллиги нишонланди. Тожик халқи қадимий тарихи, тамаддунини исботлаган бу қадимий масканнинг ЮНЕСКО, халқаро ташкилотлар томонидан эътироф этилишида президентимизнинг хизмати катта. Ҳа, қадимий шаҳримиз кейинги уч-тўрт йилда таниб бўлмас даражада обод бўлиб кетди", деди Панжакент шаҳридаги мактаблардан бирида ўқитувчи эканлигини айтган Раҳим Облоқулов.
"Рости, мен бу гал Миллат пешвоси Эмомали Раҳмон эмас, унинг ўғли Рустам Эмомали президентликка номзодини қўйишини кутгандим. У Конституция талаб қилган 30 ёшдан ошди. Душанбе шаҳрига раислик қилар экан, пойтахт бутунлай бошқача, замонавий тус олди. Мамлакат учун янгича нигоҳ, янгича талқинлар зарур, деб ҳисоблайман", деди коронавирус туфайли Россияга кета олмай қолганини, саккиз ойдан буён ишсиз ўтирганини айтган 29 ёшли Шавкат.
"Мен ким президент бўлишидан қатъи назар оммавий ахборот воситаларида ички цензура йўқ қилинишини истайман. Ҳатто бундан ўн йил олдин ҳам тожик журналистлари ўткир муаммоларни, халқ дилидаги гапларни дадил кўтариб чиқишлари билан танилгандилар. Энди эса, газеталар мақтов ва расмий ахборот билан тўлиб-тошган. Телевидение ҳам худди шундай. Сўз эркинлиги бўлмас экан, тараққиёт бўлмайди", деди кейинги пайтларда ҳатто ўзи севган "Азия-плюс" нашрини ҳам ўқимай қўйганини айтган душанбелик қирқ ёшли Миршариф.
"Мен янги президентдан инсон ҳуқуқлари масаласига эътибор қаратишини кутаман. Инсон ҳуқуқлари бўйича нодавлат ташкилотлар, виждонли адвокатлар таъқибга олингач, айримлари турли важлар билан қамалгач, кўпчилик адолат тантанасига ишонмай қўйди", деди собиқ адвокат.
"Ҳар йили катта минбарларда коррупцияга қарши кураш кучайтирилиши айтилади. Лекин ҳар қадамда таъмагирликка дуч келасиз. Ҳатто коронавирус шароитида беморларни даволаш учун пул сўраш ҳоллари учради", деди COVID-19 юқтириб, даволаниб чиққанини айтган хўжандлик Мушаррафа исмли аёл.
Президентликка номзод сифатида рўйхатга олинмаган Фаромуз Иргашов Тожикистон халқига видеомурожаат қилар экан, коррупцияга қарши қаттиқ курашишга ваъда берганди.
"Биз тожикистонлик оддий одамлар билан биргаликда Тожикистон ҳукуматини ўз иш жойларини шахсий мулкка айлантирган ва ҳатто у ерга ҳеч кимни қўймаётган амалдорлардан тозалашимиз керак", деган у видеода.
"Бу галги президентлик сайловида яна Эмомали Раҳмон ғолиб чиқишига ишонаман. Унинг номзоди учун камида 80 фоиз сайловчи овоз бериши кутилмоқда. Қолган тўртта номзод бир бўлиб, бўлса, йигирма фоизга яқин овоз олиши мумкин. Ўтган президент сайловида ҳам бу номзодларнинг айримлари иштирок этишган ва икки-уч фоиздан овоз олишганди», дейди маҳаллий кузатувчи Аҳмад Бобожонов.
Бу йилги сайловда номзоди рўйхатга олинмаган Тожикистон Демократик партияси етакчиси Саиджаъфар Усмонзода ҳам олдинги сайловда ўта кам овоз олганди. Лекин ўзи бош бўлган партия ва ҳозирда сайловда номзодлари иштирок этаётган яна тўрт партиянинг ҳукуматга мойил эканлигини рад этади.
Агар шундай бўлганда, мен вазир истеъфосини талаб қилган бўлармидим, дейди у. Айрим оммавий ахборот воситалари мени оқимга қарши боряпти, деб ёзишди. Менга кейинги етти йил давомида тўрт мингтага яқин ариза келиб тушди. Ариза берувчилардан жуда озчилиги ишларимиз натижасидан қониқмади, холос. Масалан, аризалардан бири асосида туман прокурорларидан бирининг ишдан олинишига эришдик", деган Саиджаъфар Усмонзода.
Семизлик, қовоқ ва коронавирус
Саиджаъфар Усмонзода ўзининг коронавирус ҳақида ёлғон ва ноаниқ маъдумотлар тарқатишни тақиқлаш борасида қонунга ўзгартишлар киритишга ҳам қарши чиққанлигини ҳам айтган. У мамлакат парламентининг қуйи палатаси депутати сифатида бу қўшимчага қаршилик билдирган.
Бу қонун лойиҳасига фақат мен эмас, яна бир неча депутат каршилик билдирди, деди Демократик партия етакчиси.
Унинг ўзи ҳам коронавирусга чалиниб, даволаниб чиққан. Саиджаъфар Усмонзода коронавирус пандемияси олдини олиш ва унга қарши кураш даражасини танқид қилган. У COVID-19 олдини олиш ва унга қарши кураш республика штаби бошлиғини ишдан олиш таклифи билан чиққан.
Гарчи мамлакат Президенти Эмомали Раҳмон масъул шахслардан коронавирус пандемиясига оид маълумотларни ҳеч бир яширмасдан оммалаштиришни талаб этган бўлса-да, айрим журналистлар ва кузатувчилар бу даъватга амал қилинмаётганини айтишади. Уларга кўра коронавирусга чалинганлар ва у туфайли вафот этганлар сони расмий маълумотларда келтирилган рақамлардан ача кўп. Жумладан, коронавирусдан даволанаётиб вафот этганларга уларнинг олдинги сурункали касаллари, кўпроқ зотилжам, шунингдек, юрак-қон томир касалликлари, қандли диабет қўйилиши иддао этилади. Бунинг исботи мисолида айни шу ташхислар қўйилган майитлар эгаларига берилмай, тўғри қабристонга олиб борилиб, тобут машинадан туширилмаган ҳолатда жаноза ўқилиши айтилади. Соғлиқни сақлаш соҳаси масъуллари эса, бу тарздаги тупроққа топширишни эҳтиёткорлик юзасидан дея изоҳлашади.
Кузатувчиларга кўра, 11-октябрда бўладиган Тожикистон президентлигига сайлов ҳам коронавирус шароитида барча санитария-гигиена қоидаларига амал қилган ҳолатда ўтиши зарур.
Мамлакат Президенти Эмомали Раҳмон Суғд вилоятига деярли бир ҳафталик иш сафари давомида ҳам коронавирус мавзусини четлаб ўтмаган. Бу сафар қатнашчиларидан бирининг айтишича, президент коронавирусдан сақланиш учун мамлакат ҳукумати кўраётган чоралар ҳақида гапираётиб, аҳолини санитари-гигиена қоидаларига қатъий риоя қилишга чақирган. У коронавирус ҳақида гапираётиб, унинг кимларга тез таъсир қилишини айтган ва семизликдан сақланишга чақирган. Ортиқча нон ейиш ҳам семизликка олиб бориши, шунинг учун маккажўхори, қовоқ каби фойдали маҳсулотларни кўпроқ истеъмол қилиш организмни мустаҳкамлашини айтган. Мисоллар келтираётиб, Европада қовоқ шарбатининг энг қимматли эканлигини айтган. Айни бир пайтда у одамларни икки йиллик озиқ-овқат жамғаришга даъват этган.
Тожикистон Соғлиқни сақлаш ва аҳолини ижтимоий ҳимоялаш вазирлиги маълумотларига кўра эса, кейинги кунларда коронавирусга чалиниш ҳоллари бироз кўпайган.
17-сентябрдаги маълумотларга кўра бир кунда 43 киши коронавирус юқтиргани аниқланган. Уларнинг умумий сони 9214 нафарга етган. 73 киши вафот этган. 7988 нафар киши соғайиб чиққан.
Тожикистонда коронавирус муносабати билан карантин эълон қилинган эмас, фақат чекловлар жорий қилинган. Лекин аста-секин бу чекловларнинг кўпчилиги олиб ташланган. Айни пайтда мутахассислар коронавируснинг иккинчи тўлқини бошланишидан хавотир билдиришмоқда. Бу тўлқиннинг айни президент сайловидан сўнг бошланиши мумкинлиги борасида тахминлар янграмоқда.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

















