Ўзбекистон - Тожикистон, Мирзиёев - Раҳмон: Ислом Каримов кескин қарши бўлган Роғун очилди

    • Author, Аваз Тоҳиров ва Рустам Қобил
    • Role, Би-би-си Ўзбек Хизмати, Роғун, Тожикистон
  • Ўқилиш вақти: 4 дақ
Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

Кузнинг сўнгги кунларида Тожикистон баҳорий рангларга беланган - кўчалар ва машиналарда миллий байроқлар, ҳар қадамда президент Эмомали Раҳмоннинг улкан суратлари, ён-атрофда эса мамлакат ҳаётида янги давр бошланаётгани ҳақидаги шиорлар.

Роғун
Сурат тагсўзи, Роғун ГЭСи ҳалича тўлиқ қуриб битказилмаган. Бугун унинг 6 та агрегатидан биринчиси ишга тушди, холос.

Тожикистонда узоқ кутилган байрам бошланган.

Пойтахт Душанбедан юз чақирим олисда, тоғлар орасидаги Роғун шаҳрида президент Эмомали Раҳмон минтақадаги энг йирик гидроэлектростанциясини расман очиб берди.

Тожикистон
Сурат тагсўзи, Роғун ГЭСи биринчи агрегатини расман Тожикистон Президенти Эмомали Раҳмоннинг ўзи ишга тушириб берди

Роғун ГЭСининг олти йирик агрегатидан биринчиси электр қуввати узата бошлади.

Тожикистон ҳукумати ҳам, халқи ҳам Роғунни мамлакатни иқтисодий танглик ва энергетик бўҳрондан олиб чиқувчи халоскор лойиҳа, деб билади.

Ҳақиқатан ҳам Роғун Марказий Осиёнинг қашшоқ давлати бўлмиш Тожикистон тарихидаги энг қиммат ва зиддиятли иншоот бўлиб қолмоқда.

Роғун
Сурат тагсўзи, Янги Роғун ГЭСининг очилиш тантаналари...

Лойиҳани амалга ошириш учун умумий ҳисобда $4-5 миллиард сарфланиши айтилади. Бу Тожикистон учун жуда катта маблағ.

Лекин мамлакат нафақат энергия тақчиллигидан қийналади, балки хорижий валюта келтирадиган манбалар жуда кам.

Тожикистон асосан Россия ва Қозоғистонда ишлайдиган меҳнат муҳожирлари пулига қараб қолган.

Роғун
Сурат тагсўзи, Роғун қурилиши якунланиши билан Тожикистон минтақада нафақат иқтисодиётда, балки сиёсатда ҳам ўз сўзи ва кучига эга давлатга айланади.

Шундай шароитда Тожикистон на иқтисодий, на сиёсий тўсқинликларга қарамай, ўзида мавжуд энг муҳим имкониятни ишга солишга киришди.

Ҳақиқатан ҳам, мамлакат гидроэлектр қуввати ишлаб чиқариш бўйича дунёда энг йирик салоҳиятга эга ўн давлатдан бири ҳисобланади.

Тожикистон электр энергиясини экспорт қилиш орқали ўз иқтисодий ва энергетик аҳволини яхшилаб олишга қаттиқ умид боғламоқда.

Бироқ қўшни давлатлар, айниқса, Ўзбекистон Роғун бизни сувсиз қолдиради, деб ушбу лойиҳага кескин қарши бўлиб келган. Марҳум президент Ислом Каримов ўз вақтида сув туфайли минтақада уруш бошланиб кетиши мумкинлигини ҳам таъкидлаган эди.

Роғун
Сурат тагсўзи, Бу жой келаси 15 йил ичида сув тубида қолади...

Ўзбекистоннинг сувга эҳтиёжи катта. Марказий Осиё аҳолисининг ярмидан кўпи Ўзбекистонда яшайди. Мамлакат пахтаси - сувталаб экин. Ўзбеклар истеъмол қиладиган сувнинг аксар қисми қўшни Тожикистон ва Қирғизистондан келади.

Лекин таҳлилчиларга кўра, бу ерда иқтисодий омиллар ҳам муҳим ўрин тутган. Тошкент ҳам, Душанбе ҳам ташқарига электр қувватини сота бошлаган. Хусусан, икки мамлакат Жанубий Осиё бозорларига чиқмоқда.

Икки давлат ҳам аллақачон Афғонистонга электр узатади.

Бироқ Ўзбекистон ишлаб чиқарадиган электр таннархи Тожикистонникидан қимматга тушади.

Тожикистон эса Роғун тўлиқ ишга тушиши билан ҳар йили 17 миллиард кв/соат электр қуввати ишлаб чиқара бошлайди. Бу электр Ўзбекистонникидан икки баробар арзон ва экологик тоза.

Янгича сиёсат

Президентлар

Сурат манбаси, Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги

Сурат тагсўзи, Шавкат Мирзиёев қудратга келган қисқа вақтнинг ичида деярли барча қўшнилари билан муносабатларини қайта тиклашга муваффақ бўлгани кузатилади.

Шундай бўлса ҳам, Шавкат Мирзиёев ҳокимиятга келгандан сўнг Ўзбекистон Тожикистон билан муносабатларини яхшилашни бошлади.

Ҳатто, Роғун ГЭСига нисбатан ҳам муносабат буткул ўзгарди ва расмий Тошкент Роғун қурилишига қарши эмаслигини билдирди.

Айни пайтда дунёдаги энг баланд - 335 метрли тўғонли сув омборини тўлдириш учун яна 15 йил керак бўлади.

Би-би-си Ўзбек Хизмати билан суҳбатлашган Тожикистон расмийлари бу вақт давомида қуйи оқимда қўшни Ўзбекистон асло сувсиз қолмаслигини қайта-қайта таъкидлашди.

Уларга кўра, бугун Роғун ГЭСининг биринчи агрегати ишга тушиши билан илк ўринда электр тақчиллиги бошдан кечираётган ўзбек халқига арзон ва узлуксиз энергия узатилади.

Муҳандис
Сурат тагсўзи, Феруза Алиметова, 33 ёшда, Роғун ГЭСи қурилишида ишлаётган ягона аёл муҳандис.

Роғун ГЭСи тўлиқ ишга тушгач эса, Тожикистон нафақат Марказий Осиё, балки Жанубий Осиёга қадар электр энергияси сотиш имконига эга бўлади ва мамлакат жаҳон энергия бозорида ўз ўрнига эга бўлади.

Қурилиш ишлари давом этмоқда. Тожикистон расмийлари хорижлик меҳмонларни қурилиш ишлари жадал кетаётган майдонларга олиб тушди. Автобусларда улкан ерости йўллари орқали бир неча соатга чўзилган ушбу саёҳат давомида қурилишлар кўлами қандайин даражада улкан эканини англаш мумкин эди.

Бизга ҳамроҳлик қилган тожик расмийлари биз юрган жойлар келаси 15 йил ичида сув остида қолиши, бу туннеллар эса машиналар учун эмас, балки тоғлар орасидаги сув омборини ўзаро боғлаб турувчи йўллар эканини тушунтириб берди.

Роғун
Сурат тагсўзи, Йўқ, бу туннель машиналар қатнови учун мўлжалланмаган. У ва яна шунга ўхшаш бошқа кўплаб туннеллар тоғлар орасидаги сув омборини ўзаро боғлаб турувчи йўллар бўлади.

Тожикистон тарихидаги энг йирик ва қиммат бу қурилишда жаъми 25 минг нафар ишчи ва муҳандис тер тўкмоқда. Тожикистонлик ишчилар оддий бир гидроэлектрстанция эмас, балки ўз фаровон келажакларини бунёд этаётганликларини таъкидлайдилар.

"Роғун - юртимнинг ва халқимнинг келажаги, фаровонлиги учун жуда муҳим", - дейди биз билан суҳбатлашган Роғундаги ягона муҳандис аёл Феруза Алиметова. 33 яшар Феруза оилали, фарзанди бор. Бироқ кеча-кундуз демай, қийинчиликларга қарамай, бу ерда ишлаётганини айтади.

«Бу боламнинг келажаги учун зарур,» хулоса қилади суҳбатдошимиз.

Роғун қурилиши якунланиши билан Тожикистон минтақада нафақат иқтисодиётда, балки сиёсатда ҳам ўз сўзи ва кучига эга давлатга айланади.

МАВЗУГА АЛОҚАДОР

Роғун
Сурат тагсўзи, Роғун ГЭСининг қурилиш ишларига 20 мингдан ортиқ одам жалб қилинган

Британиянинг нуфузли нашри The Economist Тожикистондаги гидроэлектр манбаларига доир мақола чоп этган.

Танқидий руҳда ёзилган мақола асосан Роғун лойиҳасига бағишланади.

Ўта қашшоқ, аммо сувга бой Тожикистон электр энергияси иншоотларини қуриб - қўшни Афғонистон ва Жанубий Осиёга электр энергеяси сотишни орзу қилмоқда, деб ёзади The Economist. - The Economist: "Роғун рўё ва ё ўта нореал лойиҳа..."

Би-би-си: Ўзбекистон каби йирик қўшнилари ўзаро алоқаларни тенглик ва дўстлик тамойиллари асосида ўрната бошлайди.

Таҳлилчиларнинг фикрича, бундан қўрқиш керак эмас.

Сабаби қўшниларнинг ўзаро муносабатларни ташқи таъсирсиз, мустақил тарзда олиб бориш имконлари кучаяди.

Би-би-си Ўзбек Хизмати очилиш маросимини Роғуннинг ўзидан туриб бевосита ёритади. Бизни bbcuzbek.com ва ижтимоий мулоқот тармоқларидаги аккаунтларимиздан кузатиб боринг.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek