Тожикистон: Мирзиёев табриги, намозхонлар иддаоси ва ўликлар нега эгаларига берилмайди? - O'zbekiston, Tojikiston, koronavirus, yangiliklar

Сурат манбаси, official
- Author, Мустақил журналист,
- Role, Тожикистон
Тожикистон: Мирзиёев табриги, намозхонлар иддаоси ва ўликлар нега эгаларига берилмайди? - Тожикистонда Мустақиллик куни ана шундай қоришиқ бир манзарада байрам қилинди. Наврўздагиси каби кўп минг кишилик тантаналар бу гал бўлмади.
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Эмомали Раҳмонни байрам билан расман табриклаган.
Бу йилги Мустақиллик байрами Тожикистон президент сайловига саноқли ҳафталар қолган бир пайтга тўғри келган.
Унда кетма-кет бешинчи бор Эмомали Раҳмоннинг беллашиши маълум бўлган.
Эмомали Раҳмон Тожикистонда бўлиб ўтган сўнгги тўрт президент сайловининг барчасида бирдек ғалаба қозонган.
Агар, бу йилги сайловда ҳам ғолиб чиқса, ваколати яна етти йилга узаяди.
Тожикистонда мамлакат мустақиллигининг 29 йиллиги байрами одатда бўладиган йирик, кўп минг кишилик тантаналарсиз ўтган. Байрам консертлари қўйилмаган.
Байрам арафасида Тожикистон Бош вазири, мамлакатнинг коронавирус пандемияси олдини олиш ва унга қарши кураш Бош штаби бошлиғи Қоҳир Расулзоданинг байрам тантаналарини ўтказмаслик борасидаги қарори эълон қилинган.
Жумладан, конференциялар, юбилей кечалари, маданий-оммавий ва тантанали тадбирлар ўтказиш тақиқланган.
Фақатгина байрам куни маданият ва дам олиш боғларида сайр этишга ижозат берилган.
Шунда ҳам санитария-эпидемиология қоидаларига тўлиқ риоя этиш зарурлиги эслатилган.
Республика штаби Тожикистоннинг барча аҳолисини минтақа ва дунёнинг кўпчилик мамлакатларида коронавируснинг иккинчи тўлқини тез тарқалаётганини ҳисобга олиб, шахсий гигиенани сақлашга чақирган.

Сурат манбаси, courtesy
Тожикистон Президенти Эмомали Раҳмон ҳам ўзининг байрам табригида коронавирус хавфи ҳамон мавжудлигини ҳисобга олиш зарурлигини таъкидлаган.
«Биз замонавий хатар ва таҳдидлар, хусусан, юқумли касалликлар тарқалиши ва унинг аҳоли саломатлиги ҳамда миллий иқтисод тармоқларига салбий таъсирлари олдини олишимиз, шунингдек, озиқ-овқат хавфсизлигини ҳимоялаш, давлат стратегик мақсадларига эришиш учун интилишимиз зарур», деган Тожикистон Президенти.
У Тожикистоннинг жаҳондаги иқтисодий инқироз таъсиридан четда қолмаслигини таъкидлаган ҳолда, коронавирус тарқалиши олдини олиш учун ҳар турли тадбир ва маъракаларни ўтказишдан тийилишга чақирган.
Эмомали Раҳмон байрам табригида Тожикистон мустақилликнинг дастлабки йилларида бошидан кечирган фуқаролар уруши, хоинлар, тожик миллати душманлари ва уларнинг чет эллик ҳомийлари қўзғаган урушдан мақсад аслида ёш мамлакатда ислом давлатини ўрнатиш бўлганлигини яна эслатган. Бу уруш натижасида миллион нафардан ортиқ киши қочқинга айланган, ўн минглаб кишилар ҳалок бўлган.
Тожикистон Президенти фалокатли уруш таъсирига қарамасдан мустақилликни қўлдан бермаган мамлакатнинг иқтисодий соҳада дадил қадамлар ташлагани, жумладан Роғун ГЭСининг икки агрегати ишга тушгани, 1600 тадан ортиқ янги саноат корхонаси бунёд этилгани, камбағаллик даражаси 1999-йилги 83 фоиздан 26,3 фоизга пасайганини айтган.
Гарчи Мустақиллик куни Тожикистонда байрам тадбирлари ўтказилмаган бўлса-да, унинг арафасида вилоятлар ҳукуматлари, ташкилот ва муассасаларда давлат мукофотларини топшириш муносабати билан тантанали йиғилишлар ўтказилган. Тожикистон Президенти Эмомали Раҳмон эса, Миллий гвардиянинг 25 йиллиги муносабати билан ўтказилган ҳарбий парадни қабул қилган.
Ўликлар нега эгаларига берилмайди?

Сурат манбаси, courtesy
Тадбирлар ўтказилмаслиги COVID-19 хатари муносабати билан эканлиги айтилар экан, айни пайтда расмий маълумотларга қараганда Тожикистонда коронавирусга чалиниш унинг авж нуқтасига чиққан пайтига караганда камида беш баравар камайиб кетган.
Мамлакат Соғлиқни сақлаш ва аҳолини ижтимоий ҳимоялаш вазирлиги берган маълумотларга қараганда, 9 сентябр куни Тожикистонда 39 нафар киши коронавирус юқтирганлиги аниқланган. Уларнинг умумий сони 8860 нафарга етган. Коронавирусга чалинганларнинг 7650 нафари ёки 86,3 фоизи тузалиб кетган. 70 нафар инсон ҳаётдан кўз юмган.
Лекин норасмий тадқиқотларга кўра, COVID-19 юқтирганлар ва у туфайли вафот этганлар сони вазирлик бераётган маълумотларга қараганда анчагина кўп. Аммо расмийлар бу иддаони рад этиб, айримлар зотилжам ва қон қотиши каби касалликлар сабабли вафот этганларни коронавирус билан оғриганлар қаторига қўшиб қўяётганликларини айтишади.
Ҳозирда мамлакат Президентлигига номзодини қўйган Тожикистон Демократик партияси етакчиси Саиджаъфар Усмонзода ҳам вақтида коронавирусга чалинишнинг ҳақиқий ҳолати яширилаётганини даъво қилган.
Унинг ӯзи шифохонада ётганини, коронавирусга чалинганини, атрофида эса бундай касаллар оз эмаслигини таъкидлаб, COVID-19 билан оғриётганлар аслида "кӯп бӯлиши мумкин"лигини айтган.
Мамлакат Парламентининг қуйи палатаси депутати бӯлган Саиджаъфар Усмонзода айни бир пайтда коронавирус олдини олиш ва унга қарши кураш республика штабига ишончсизлик билдирган.
Бу штабни бошқаришни мамлакат хавфсизлик хизмати ихтиёрига бериб, Тожикистонда карантин, ҳатто ҳарбий ҳолат эълон қилиш таклифини илгари сурган эди.
Айни бир пайтда зотилжам ташхиси қўйилган марҳумлар қариндошлари унда нега жасадни ўзларига бермасдан, тўғри қабристонга олиб келишгани, ўлик тиббий хизмат машинасидан туширилмаган ҳолда, ўта оз киши иштирокида жаноза ўқилганини айтиб, ўлимнинг асл сабаби яширилганидан норози бўлишмоқда.
Соғлиқни сақлаш мутасаддилари эса, бу тартибда марҳумни тупроқка топширишни эҳтиёт чораси деб изоҳлашмоқда.
Намозхонлар иддаоси

Сурат манбаси, courtesy
Кузатувчилар Тожикистонда аввал июнь ойида Миллий бирлик, энди Мустақиллик тантаналари ўтказилмаганини Хўжандда Наврўз кўп минг киши иштирокида байрам қилинганида коронавирус тарқаб кетгани билан боғлашади.
Лекин расмийлар Тожикистонда коронавирус юқтириш ҳоллари Наврўздан камида қирқ кун ўтиб аниқлангани, мамлакат соғлиқни сақлаш тизими бунгача пандемия олдини олишга муваффақ бўлганини таъкидлаб келади.
Тожикистонда коронавирусга чалиниш жорий йил 30 апрелида аниқлангани оммалаштирилган.
Шу куни расман 15 та одамнинг COVID-19 юқтиргани, уларнинг 10 нафари Наврўз тантаналари ўтказилган Суғд вилоятидан эканлиги айтилган. Бу маълумотлар мамлакатга Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти вакиллари келиши арафасида эълон қилинган.

Сурат манбаси, courtesy
Мамлакатда коронавирус авж палласига чиққан даврда ҳам умумий карантин эълон қилинмади. Фақат чекловлар амал қила бошлади. Ҳозирда у чекловларнинг асосий кўпчилиги олиб ташланган. Жумладан, бозорлар, ошхоналар, хизмат кўрсатиш муассасалари ишламоқда. 17 августдан бошлаб умумтаълим муассасаларида ўқиш бошланган.
Лекин ҳали болалар боғчалари, масжидлар очилган эмас. Масжидларда фақат жума намозлари эмас, беш вақтлик намозлар ўқилиши ҳам тақиқлаб қўйилган. Фақат жаноза намозига ижозат берилган.
Санитария-эпидемиология хизмати мутахассислари айнан ана шу жаноза намозлари боис коронавирус тарқалиши давом этаётганлигини иддао этишади.
Бобожон Ғафуров туманида яшайдиган 50 ёшли Мансур исмли киши ўзи иштирок этган жанозада камида 800 нафар одам иштирок этгани, уларнинг каттагина қисми ниқобсиз бўлгани ва ижтимоий масофага риоя қилинмасдан, одатдаги тартибда елкалар тегиб турган ҳолда жаноза ўқилганини айтди.
Хўжанд шаҳар санитария-эпидемиология хизмати раҳбарлари масжидларнинг имом-хатиблари билан мулоқот ўтказиб, уларга жаноза фақат майитнинг яқин қариндошлари иштирокида, ижтимоий масофа сақланган ҳолда ўтказилиши зарурлигини уқтиришди.
Лекин намозхонлар фақат жаноза намозида эмас, балки бозорлар, ошхоналарда, банклар олдида ҳам ижтимоий масофагагина эмас, балки санитария-гигиена қоидаларига умуман риоя этилмаётганини иддао этишади.
Айрим намозхонлар қўшни Ўзбекистон ва Қирғизистонда ҳатто жума намозларига ижозат берилгани, Тожикистонда у мамлакатларга қараганда коронавирусга чалиниш ва ўлим ҳоллари анча кам бўлишига қарамасдан, ҳамон масжидлар ёпиқлигича колаётганидан шикоят қилишади.
Тожикистонда коронавирус тарқалиши пасайганлиги борасида расман гапирила бошлангач, кўпчилик жамоат жойларида ҳам ниқобсиз юраётгани кузатилмоқда.
Тожикистон қонунларига ниқобсиз юрганларни жаримага тортиш борасида қўшимча киритилгандан сўнг ҳам унга итоат қилмайдиганлар камаймади.
Устма-уст санитария-гигиена қоидаларига амал қилишни текшириш юзасидан рейдлар ўтказила бошланди. Хўжанд шаҳрида ўтказилган рейдлардан бирида ниқобсиз бўлган 50 нафар сотувчи ва харидор жаримага тортилди.
Йўловчи ташиш нақлиётларидаги текширишлар ҳам ҳайдовчиларнинг йўловчиларни машинага ниқобсиз киритишаётгани ва улардан айримларининг ҳатто ўзлари ҳам ниқоб тақмаётганликларини кўрсатди.
Лекин жарималар маълум даражада таъсир этган бўлса-да, ҳамон санитария-гигиена қоидаларини бузиш ҳоллари оз эмас.
Оддий тожикистонликлар эса, коронавирус бутунлай йўқ бўлиб кетиши ва келгуси йилда мамлакат мустақиллигининг 30 йиллиги одатдагидай ҳар бир шаҳар ва қишлоқда хурсандчилик, ўйин-кулги билан ўтишига умид қилишмоқда.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek















