Пандемия боис кичик экранларга кўчган «Баччабоз» норозиликларни келтириб чиқарди Dunyo

Сурат манбаси, Diversionary theatre
Ғарбда театр ва фильм суратга олишга келганда, мовий бурқадаги аёллар ва АК-47 кўтариб юрган эркаклар Афғонистон ҳақидаги ҳар қандай тасвирдан жой олади.
Аммо 2017 йили икки америкалик нисбатан ноодатий ишга қўл урди. Лирицист Чарли Сон ва бастакор Тим Россер ҳатто афғонлар ҳам жуда нозик ва таҳликали ҳисобловчи мавзу - "баччабозлик" ҳақида мусиқали саҳна томошаси яратди.
"Баччабозлик" бой, қудратли қари эркакларнинг ўсмир ўғил болаларни - уларни ўйинчи бола дейдилар - кўнгил очиш ва жинсий алоқа учун сотиб олиб, сақлашидир. Болалар фақат эркаклар бўлган зиёфатларда шаҳвоний рақсга тушишга ўргатилади ва уларга кўп ҳолларда жинсий тегажоқлик қилинади.
"Ҳавода рақс тушган бола" номли саҳна асари 16 ёшли ўсмир Паймон ва бошқа бир "баччабозлик" домига тушга бола ўртасидаги муҳаббат ҳақида ҳикоя қилади.
Бу мусиқали саҳна асари театр танқидчиларида ижобий таассурот қолдирди - уни "дадил, ўйлашга ундовчи ва гўзал" деб таърифладилар. "New York Times"да чиққан бир тақризда асар мавзуси жуда "хавотирга соладиган" деб, Сон ва Россер эса "оғир мавзуга чуқур кириб боришдек синовли ишни бўйнига олган" деб ёзилди.
2020 йилга келиб, коронавирус театрлар дарвозасини ёпгач, "Ҳавода рақс тушган бола" онлайн узатиш хизматлари орқали томошага қўйилди. Аммо бунинг ортидан дунё бўйлаб афғонларнинг норозилиги тўлқини кўтарилди. Улар саҳна асари ҳақида эшитиб, уни болаларнинг жинсий зўрланишини романтиклаштирганликда айбладилар.

Сурат манбаси, Diversionary theare
АҚШда клиникалардан бирида ижтимоий хизматчи бўлиб ишлайдиган асли афғон Мадина Вардак бу саҳна асарини 40 дақиқача кўра олганини, сўнг ўчирганини айтади.
"Мен бир пайтда ўзимни ноқулай, хато тушунилган, эсини йўқотган ва хавотирга тушгандек ҳис қилдим, - дейди у. - Актёрлар ҳар сафар ролни ишонарли ўйнашга уринганларида ва ҳар сафар томошабинлар афғонларнинг оғриқли нуқтаси устидан кулганида ўзимни ниҳоятда ноқулай ҳис қилдим."
Бу томоша, шунингдек, баччабозликни Афғонистонда қабул қилинган анъана сифатида кўрсатгани учун танқидларга учради.
"Баччабозлик романтиклаштириб бўлмайдиган зарарли иллатдир, - дейди "Mena Arts" асосчиси актриса Азита Ғанизода. - Афғонистонни "оқ линза" орқали кўриб яратилган яна бир санъат асарининг вужудга келиши бизнинг жамоамизни даҳшатга солди."
Танқидлар ижтимоий медиа орқали тарқалар экан, томошада Паймон ролини ўйнаган япон-америкалик актёр Трой Ивата "Instagram"да ўз узрини билдириб пост қўйди.
"Сал аввал мен бир афғон ролини ўйнаган эдим. Ўзим афғон эмасман, - дейди у. - Томоша жинсий зўравонликни романтиклаштирган ва бутун маданият ва у мансуб бўлган халқни бузиб тасвирлаган. Бундан қаттиқ афсусдаман."

Сурат манбаси, Diversionary theare
Гарчи Афғонистон қонунлари баччабозликни тақиқласа ҳам, баччабозлик билан шуғулланувчилар орасида таъсири кучли одамлар борлиги учун ҳукумат бу амалиётни тугата олмаяпти. Бундай одамлар учун "бачча байреш" (соқолсиз бола) сақлаш ижтимоий қудрат ва мавқени англатади.
1990-йиллари толибон баччабозликни бесоқолбозлик, рақс тушиш ва мусиқа билан биргаликда тақиқлади ва бунинг учун ўлим жазосини белгилади. Ваҳоланки ушбу жангари гуруҳнинг ўзи бу одатларга аралашганликда айбланиб келади.
"Ҳавода рақс тушган бола"нинг яратилишида бирорта афғоннинг иштирок этмагани бу асарнинг танқид тиғига тутилишида яна бир сабабдир.
Ғанизода хонимнинг айтишича, "Агар Чарли ва Тим жараёнга афғонларни ҳам жалб қилганида эди, асар анча эҳтиёткорлик ва мулоҳаза қилиб яратилган бўлар эди. Эҳтимол ўшанда саҳнага олиб чиқилаётган ҳикоя уларнинг ҳикояси эмаслигини билардилар, аммо, афсуски, Афғонистон уларнинг ҳикоясида шунчаки восита бўлиб қолган."
"Ёзувчилар биз тузатмоқчи бўлган ярага ёғ қуйиб, устидан гугурт чақиб юбордилар", деб қўшимча қилади Ғанизода хоним.
Афғон ЛГБТ жамоаси томошадаги ориенталист хусусиятлардан норози бўлган. Уларнинг айтишича, бу асар жинсий зўравонликлардан омон қолганларнинг дилини оғритган.
Томас Жефферсон университети профессори, ЛГБТга мансуб ва асли афғон бўлган доктор Қайс Мунҳазим: "Бу саҳна асари нафақат афғонларни ориенталистча тасвирлаган, айни чоғда, гей ва транс афғонлар учун ҳам зарарлидир. Бу асарда гейлик хато тарзда педофилия билан чалкаштириб юборилган", дейди.
"АҚШ қўшинлари Афғонистонга киргандан буён, ишғолчи кучлардан тортиб, хорижлик журналистлар, саёҳатчи блогерлар ва тадқиқотчиларгача баччабозликни афғон гейлари билан боғлаб, Афғонистондаги гейлар ва уларнинг диаспораларининг озод бўлишига зарар бермоқда. Гей ва транс афғонлар ўз ҳаётлари ва туйғуларига оқ танлиларнинг хато нуқтаи назаридан чарчади. Улар ўз ҳикояларини ўзлари, ўз овозлари билан, ўз тасаввурлари ёрдамида сўзлашлари керак", дейди доктор Мунҳазим.
Томоша онлайн видео узатиш хизматлари орқали намойиш қилина бошлагач, дунё бўйлаб кўплаб одамлар кўриши мумкин бўлди. ЛГБТ муаллим Вазина Зондонга кўра, "бу томоша барча жинс вакилларини қамраб олган жинсий зўравонлик ва педофилия ҳақидаги баҳсларга туртки берган".
"Мен кўплаб гетеросексуаллар, цислар, гейлар, транслар ва афғон бўлмаганларнинг энг шахсий, реал ҳаётлари ҳақидаги сўзлаган ҳикояларини тингладим. Айримлар бу ҳақда илк марта ошкора гапириши эди," дейди Зондон хоним. У "Мусулмоннинг чиқиши: Муҳаббатнинг намоён бўлиши" номли ҳикоя сўзлаш бўйича ижодий тадбир ташкилотчисидир.
"Гендер озчилик вакили бўлган афғон сифатида, мен туйган тажрибалар Ғарбда Афғонистондаги воқеликдан фарқли намойиш қилинаётганини билиб туримман. Шундай бўлса-да, бу мусиқали саҳна асари афғон ЛГБТнинг ҳикоялари, туйғуларини ошкора мослаштирган, ўчирган, айрим ўринларини эътибордан четда қолдирган"
Томоша сабабли кўтарилган норозиликдан сўнг, унинг ижодкорлари афғон диаспорасидан узр сўради. Аммо бу афғонларнинг ғазабини янада алангалатди, улар томоша бутунлай йўқотилиши, тушган даромад эса баччабозлик қурбонларига хайрия қилинишини талаб қилдилар.
Кенг норозилик сабабли томоша ижодкорлари ва мусиқий саҳналарни онлайн узатиш ЛГБТ компанияси "Diversionary Theatre" афғон фаоллари ва зиёлиларини бу масалага бағишланган баҳсларга жалб қилишга мажбур бўлди.
Афғон жамоаси, хусусан, Азита хоним, доктор Мунҳазим, Зондон хоним ва Вардак хоним билан маслаҳатлашгандан сўнг, Сон ва Россер иккинчи бир узр хатини эълон қилди. Бу сафар томошани тўхтатишга, унинг "Youtube"дан олиб ташланишига, альбом ҳам сотувдан чиқарилиб, онлайн видео узатиш хизматларидан ўчирилишига қарор қилинди.
Қўшма баёнотда, бу мусиқий асар "афғон жамоаси, айниқса, жамиятдан четга суриб қўйилган афғон ЛГБТ вакилларининг дилини оғритгани" айтилди.
Улар томошадан хафа бўлган баччабозлик қурбонларидан кечирим сўраб, баччабозликнинг ноқонуний, шавқатсизлик ва зўравонлик" эканини таъкидладилар.
"Биз, имтиёзли оқ танли ёзувчилар сифатида, бу мамлакатда таҳдид остида яшайдиган, писанд қилинмайдиган жамоа ҳақида ҳикоя қилиш бизнинг ишимиз эмаслигини англадик," дейилади баёнотда.
Томошани июль ойигача кўрсатган видео узатиш хизмати "Diversionary Theatre" ҳам уни ҳозир веб-сайтидан олиб ташлаган ва уни реклама қилаётганда баччабозликни "анъана" деб атагани учун узр сўради.
Ижодкорлар "келтирилган зарарни имкон қадар қоплаш учун" тушган маблағни афғон хайрият ташкилотларига ўтказишларини билдирдилар ва "томошани тайёрлашда бирорта ҳам афғон овози янграмаганини" тан олдилар.
Афғон диаспораси бу қарорни илиқ қарши олди. Ғанизода ҳоним ижодий санъат афғон ҳикоялари ҳисобига яратилмаслиги кераклигини айтмоқда.
"Айниқса, ёзувчилар биз билан маслаҳатлашмай, бизни марказга қўймай, бизнинг уқубатларимиздан фойда кўрмасликни, бизнинг ҳикояларни ўзиники қилиб олмасликни ўрганишлари керак," дейди у.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek












