Толибон "Бачабозлик"дан ҳужумларда фойдаланмоқда

Афғонистон ҳукумати эълон қилишича, "Бачабози" жинсий таҳқирловларида иштирок этгани аниқланган полиция зобитларини жазога тортади.

Афғонистон Президенти Ашраф Ғани бу борада тергов бошлашга фармон берган.

Бунга Франциянинг "Франс Пресс" ахборот агентлиги эълон қилган мақола сабаб бўлган.

"Франс Пресс" мақоласида айтилишича, Толибон полиция ходимлари томонидан жинсий таҳқирланган ўғил болаларни топган ва ўзини жинсий таҳқирлаганлардан қасос олиши учун ўша болалардан худкуш ҳужумчилар сифатида фойдаланган.

Бундай худкуш ҳужумчилар юзлаб полиция ходимини ўлдирганлар.

Франция ахборот агентлигининг мақоласи халқаро миқёсда хавотир ва қораловчи баёнотларга сабаб бўлди.

Бундай баёнот билан чиққанлар орасида БМТ ҳам бор эди.

Мақоласи ортидан "Франс Пресс" ушбу муаммога оид савол-жавоб ҳам эълон қилди.

"Бача бози" - "Бола ёки бача ўйини" маъносини англатиб, вояга етмаган билан жинсий алоқага киришиш амалиёти экани эслатилади.

Афғонистоннинг Ўрузгон вилоятидаги жангарилар вояга етмаган жинсий қулларни полициячиларнинг ўзиларига қарши қаратиш билан юзлаб полиция ходимларини ўлдиргани хабар қилинади.

Қудратли давлат қўмондонлари, қўмондонлар, сиёсатчилар ва элитанинг бошқа кўзга кўринган аъзолари кўпинча ўз кучи ва таъсирини кўрсатиб қўйиш мақсадида "бача" сақлайдилар. Аёллар кийимини кийиб олган "бача"лар хусусий зиёфат-базмларда рақсга тушишга, сўнг эса жинсий яқинликка мажбур қилинадилар. Мамлакатда кўпчилик "бачабозлик"ка "бесоқолбозлик" деб қарамайди. Бир жинсдаги икки шахснинг жинсий яқинлашуви - гомосексуал яқинлашиш Ислом динида тақиқланган ва жамиятда жирканч жинсий амал деб кенг қораланади. Бироқ бачабозликка бесоқолбозлик деб қараш эмас, маданий ҳаётнинг бир таркибий қисми сифатида қараш шаклланган.

"Аёл бола туғиши учун, бача лаззат учун", деган гапни бутун Афғонистон бўйлаб эшитиш мумкин. Қадимдан кузатиб келинган бачабозлик Толибоннинг 1996 йилдан 2001 йилгача ҳукмронлик йилларида тақиқланган, лекин сўнгги йилларда яна кенг тарқалиб бораётганини кузатиш мумкин. Айтилишича, бачабози Афғонистоннинг жанубий ва шарқий вилоятларидаги қишлоқ жойларида ва мамлакат шимолидаги айрим ҳудудларда кўп тарқалган.

Афғон жамиятида аёл ва эркакнинг бир-биридан ажратилгани қаттиқ талаб қилиниши, хотин-қизлар билан мулоқот деярли йўқ даражага тушириб юборилгани бачабозилик тарқалишига сабаб бўладиган асосий омиллардандир, дейишади инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш гуруҳлари.

Шунингдек, яна қатор факторлар, хусусан, қонунлар ишламаслиги, коррупция, адлиянинг ҳамма учун ҳам имконли эмаслиги, саводсизлик, қашшоқлик, хавфсизлик йўқлиги ҳамда қуролланган гуруҳларнинг мавжудлиги ҳам бачабозликнинг тарқалишига туртки беради, дейди Афғонистон Мустақил Инсон ҳуқуқлари комиссияси. Мустақил комиссия Афғонистон қонунчилигида жинсий зўрлаш ва ҳамжинсбозлик учун жазо кўзда тутилганини, бироқ бачабозилик учун аниқ жазо таърифи айтиб ўтилмаганига эътибор қаратади. "Ўғил болалар билан жинсий яқинлик қиладиганларнинг аксарининг хавфсизлик идоралари билан боғлиқлиги бор ва улар жазодан қутулиб қолиш учун ўз қудратини ишга солади, поралар беради", дейилади Афғонистон Мустақил Инсон ҳуқуқлари комиссиясининг 2014 йили эълон қилган ҳисоботида.

Бачалар одатда 10 билан 18 ёшнинг ўртасида бўладилар. Афғонистон Мустақил Инсон ҳуқуқлари комиссияси ҳисоботида айтилишича, баъзан уларни ўғирлаб кетадилар. Аммо кўпинча имконсиз қашшоқлик оилаларни ўз ўғилларини баччабозларга сотишга мажбур этади. "Бачабози" қурбонлари кўпинча жинсий зўрланганлари учун жиддий руҳий шикаст оладилар ва бу таъсир бир умрга қолади", дейилади комиссия ҳисоботида. "Бундай қурбонлар стрессдан умидсизлик ва руҳий тушкунликдан азоб чекадилар, уларда ўзгаларга ишончсизлик кучаяди. Бачабози ўғил болалар орасида қўрқувга сабаб бўлади ва уларнинг онгида қасос ва душманлик туйғусини ривожлантиради", деган хулосага келган Афғонистоннинг мустақил инсон ҳақлари гуруҳи. Оқибатда жинсий зўрлик қурбони ўзи бир кун вояга етганидан кейин ўғил хуштори бўлишини хоҳлайди ва бундай тарих такрорланаверади.

Афғон расмийларининг сўзларига кўра, Бачабозлик Афғонистоннинг Ўрузгон сингари беқарор вилоятларидаги вазиятларга ҳалокатли таъсир қилмоқда, Толибонга энг юқори хавфсизлик мақомларига ҳам сингиб киришига имконият очиб бермоқда. Бу таҳқирловчи амалиёт НАТО ҳарбий тайёргарликдан ўтказган Афғон хавфсизлик кучлари учун ҳам қўпорувчи хусусияга эга бўлган. Бу ҳақда АҚШ Конгрессида ҳам айтилган. "АҚШ Афғон Миллий Мудофаа ва Хавфсизлик кучларига кўмак учун 60 миллиард доллар ажратган, шу жумладан, 500 миллион доллар Афғон маҳаллий полицияси учун. Афғон аскарлари ва полициясининг ёввойи жинсий амаллари АҚШ ва Афғон жамоат дастагини қўпориши ҳамда бизнинг ҳаддан зиёд катта сармоямизни хавф остига қўйиши мумкин", дейилган АҚШ Конгрессига 2015 йил декабрида қилинган ҳисоботда.

"Ёввойи мужоҳидларнинг мана шундай ваҳший таҳқирлашлари 1990 йиллар бошларида Толибоннинг машҳурлашишишига, мамлакатнинг аксар қисмида тезда қудратга келишига олиб келганди. Ҳукумат кучларининг 2001 йилдан кейинги худди шундай амаллари исёнкорликни руҳлантиришга ёрдам бераяпти", деб айтган Кобулда фаолият юритаётган Ғарбий расмий "Франс Пресс" ахборот агентлиги билан суҳбатда.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг