Афғон қизи ота-онасини ўлдирган Толибонни отиб ташлади

Сурат манбаси, Social Media
Афғонистонлик ўсмир қизни ижтимоий тармоқларда қаҳрамон сифатида олқишланмоқда.
Қамаргул ўз уйига ҳужум қилган Толибон жангариларига қаршилик кўрсатгани айтилмоқда.
Жангарилар унинг ота-онасини ўлдиришади.
Шунда у бир хонада турган АК-47 Калашников автоматини олиб, ҳужумчиларни отиб ташлайди.
Толибларнинг икки нафари ҳалок бўлади, бир нечтаси яраланади.
Воқеа Афғонистон ғарбидаги Ғор вилоятининг Грива қишлоғида рўй берган.
Қизнинг ота-онаси Афғон ҳукумати тарафдори бўлгани учун жангарилар уларни нишонга олишганди.
Отишмадан сўнг яна кўплаб Толибон жангарилари уларнинг уйига бостириб келишади.
Бироқ бу пайтда қишлоқ аҳли ҳамда аксилтолиб кучлар ҳам етиб келишади ва жангариларни тутиб, дўппослашади.
Қасоскор қиз
Хабарларга кўра, қаҳрамон Қамаргул Кобулдаги президент саройига таклиф этилган.
Афғонистон президенти у билан учрашиши ва мукофотлаши мумкинлиги айтилмоқда.
Қамаргулнинг ёши 14-16 ўртасида, дейилмоқда. Унинг бир кичик укаси ҳам омон қолган.
Интернетда қизнинг автомат ушлаб турган расмини кўрган кўпчилик унинг жасоратини олқишламоқда.
"Биламиз, ота-она қайтиб келмайди, аммо сен олган қасос юрагинг ҳовурини бироз босади" - деб ёзган Муҳаммад Солиҳ исмли Facebook фойдаланувчиси.
Ғор вилояти - Афғонистоннинг энг қашшоқ минтақаларидан бири.
У ерда аёлларга қарши зўравонлик кўп учрайди.
Толибон кучлари ҳам фаол.
Толиблар ўтган февралда АҚШ билан тинчлик шартномасини имзолашганди.
Лекин жангарилар ҳозирги Афғонистон ҳукуматини қулатишга чақириб келишади.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek













