Нега афғон аёллари рекорд даражада ўз жонига қасд қилмоқда?

Сурат манбаси, ADEK BERRY / Getty
- Author, Сана Сафи
- Role, Би-би-си Афғон Хизмати
Жамила (исм ўзгартирилган) ўз қаллиғи унга уйланишини олти йилдан бери кутади.
«У онаси ва синглиси билан қўлимни сўраб келаверарди. Энди эса унаштирилганимизга ҳам олти йил бўлди, ёшим ҳам ўтиб қолди. Одамлар унинг хотини эканлигимни билиб қолмаслиги учун тўй қилишни истамаяпти.»
12 ёшида оиласи ихтиёри билан унаштирилган Жамила ҳозирда 18 га тўлган ва ўзини алданган ҳис қилади.
«Ортиқ яшашни истамайман. Шу сабабли ҳам ўзимни каламуш дори билан ўлдиришга уриндим,» дейди у. Заҳар ичгандан сўнг онаси уни Ҳирот вилояти касалхонасига зудлик билан етказган. Жамиланинг касалхонадан чиққанига икки ҳафта бўлди.
Унинг ҳикояси кўплаб афғон аёллари тақдирида акс этади.
Янги маълумотларга кўра, Ҳирот вилоятида аёлларнинг ўз жонига қасд қилиш даражаси бошқа ҳудудлардан кўра анча юқорироқ экан.
Ҳирот соғлиқни сақлаш тизими расмийларининг маълум қилишича, 2017 йилнинг ўзида 1,800 нафар шахс ўз жонига қасд қилишга уринган. Уларнинг 1,400 нафари аёллардир. 35 нафар шахс ўз мақсадига етиб, ҳаётдан кўз юмган.
2016 йилда эса жонига қасд қилувчилар сони 1,000 нафар атрофида бўлгани қайд этилган эди.

Сурат манбаси, ADEK BERRY / Getty
Ҳаттоки, қуролли тўқнашувлар қурбонига айланган аёллар сони ҳам суиқасдчилар сонидан камдир - бундай тўқнашувларда 359 аёл ҳалок бўлиб, 865 нафари тан жароҳати олган, деб хабар беради БМТ ўз ҳисоботларида.
Афғон Мустақил Инсон Ҳуқуқлари Комиссияси эълон қилган рақамлар ва маҳаллий матбуот хабарларидан ойдин бўлишича, ҳар йили Афғонистон бўйлаб, тахминан, 3,000 инсон ўз жонига қасд қилишга уринади ва уларнинг 80 фоизи аёллардир. Бу рақамнинг ярмидан ортиқроғи Ҳиротга тегишли.
Афғон Мустақил Инсон Ҳуқуқлари Комиссияси бу рақам аслида янада юқори бўлишидан огоҳлантиради: «Афғонистонда одамлар турли сабабларга кўра жонига қасд қилиш ҳолатлари бўйича расмийларга мурожаат қилмайди.»
Би-би-сининг Ҳиротдаги мухбири Муҳаммад Қозизоданинг айтишича, диндор қишлоқ ҳудудлардаги одамлар ўз оилаларида содир бўлувчи жонига қасд қилиш ҳолатларини имкон қадар сир сақлашга уринадилар. Сабаби Исломда ўзини ўлдириш қораланади.

Сурат манбаси, HOSHANG HASHIMI / Getty
"Уларнинг муаммоси бунданда зиёд бўлгани туфайли оила ва жамоат ичида жонига қасд қилишга бўлган уринишларга у қадар эътибор қилинмайди," дейди Қозизода.
Мажбурий никоҳлар
Ҳиротда аёлларнинг ўз жонига қасд қилишга уриниш даражаси юқорилиги сабаби расмийларни ташвишга соладими?
Афғон Мустақил Инсон Ҳуқуқлари Комиссиясидан Ҳаво Алам Нуристоний тобора ортиб бораётган ўз жонига қасд қилишлар ортида турли сабаблар турганлигини тахмин қилади. Улар «руҳий ҳолатнинг бузилишидан тортиб оилавий зўравонлик, мажбурий никоҳлар ва аёллар тобора кўпроқ юзлашаётган кўплаб бошқа ижтимоий босимлар»ни ўз ичига олади.
"Ҳирот йирик, анъанадор вилоятларнинг бири," дейди Нуристоний хоним.
«Келтирилаётган рақамлар аниқ эмас, улар асл вазиятни тасаввур қилишимиз учун етарли эмас, лекин бизга маълум бўлишича, Ҳирот ўз жонига қасд қилиш даражаси бўйича юқори ўриндадир,» қўшимча қилади у.
Афғонистонда руҳий соғлиқ билан боғлиқ муаммолар кўлами аниқ эмас. Бироқ Жаҳон Соғлиқни Сақлаш Ташкилотининг тахминига кўра, мамлакатда бир миллион одам тушкунликдан азият чекса, безовталик туфайли келиб чиқадиган руҳий касалликларга чалинган инсонлар сони 1,2 миллиондан зиёд.
2018 йилда мамлакатда бошланган қуролли зиддиятларга қирқ йил бўлган бир вақтда ташкилот асл рақамлар бунданда юқори бўлишини маълум қилмоқда.
Шунингдек, аёлларга нисбатан зўравонлик ҳолатлари ҳақида хабарлар бот-бот дунё юзини кўрмоқда.
БМТ Аҳоли Фондининг тахминларига асосланиб тайёрланган ҳисоботлардан маълум бўлишича, афғон аёлларининг 87 фоизи ҳаёти давомида жисмоний, жинсий ва руҳий зўравонликнинг ҳеч бўлмаганда бир тури билан юзлашган бўлса, 62 фоиз аёл турли кўринишдаги зўравонликдан азоб чеккан.
Мажбурий никоҳ аёлларнинг ўз жонига қасд қилишига ундовчи асосий сабаблардан бири сифатида тилга олинади. Аёллар шу йўл билан оғир ҳаётдан қутилишга уринадилар.
«Аёлларнинг жонига қасд қилишидаги асосий сабаб зўравонликдир. Зўравонлик оиладаноқ бошланади - кўплаб қизлар ўз ихтиёрига қарши турмушга узатилади, таълим олиш имкониятидан маҳрум қилинади,» изоҳлайди Нуристоний хоним.
Соғлиқ билан боғлиқ ҳолатлар каби мажбурий никоҳлар борасида ҳам аниқ маълумотлар мавжуд эмас. Бироқ UNICEFнинг 2017 йилдаги ҳисоботида қайд этилишича, афғон қизларининг учдан бир қисми 18 ёшга тўлмасдан мажбуран турмушга узатилади.
Қашшоқлик ва ишсизлик аёлларнинг асосий муаммоларидан бири сифатида гавдаланади, деб қайд этилади 2017 йилда The Asia Foundation томонидан эълон қилинган Афғонлар Сўровномаси ҳисоботида.

Сурат манбаси, Jonas Gratzer / Getty
Кенг тарқалган каламуш дори
Ҳиротлик шифокорларнинг Би-би-си Афғон Хизматига айтишича, ўтган йиллар давомида ўз жонига қасд қилган шахсларнинг аксарияти ўточар қуролдан отиш, каламуш дорини ютиш каби турли усуллардан фойдаланган.
«Сўнгги бир неча йил ичида ветеринарлар қўллайдиган дорилар ва моддаларни топиш имконияти ортди. Уларни кўплаб дорихоналардан олиш мумкин,» дейди Ҳиротнинг асосий касалхонаси сўзчиси Муҳаммад Рафиқ Шерозий.
Заҳарли моддаларни осонгина топиш имконияти маҳаллий амалдорлар ўртасида ташвишга сабаб бўлмоқда.
"Ўтган йили биз тегишли ташкилотлардан ҳаёт учун хавфли моддаларни ҳамма учун имконли бўлишининг олдини олиш борасида чоралар кўришни сўраган эдик," дейди жаноб Шерозий.
Осонлик билан сотиб олиш мумкин бўлган заҳарли моддалар ва юқорилаётган ўз жонига қасд қилиш даражаси ўртасидаги алоқа анча вақт муқаддам маълум бўлган, дейилади Жаҳон Соғлиқни Сақлаш Ташкилотининг 2017 йилги ҳисоботида.
1972 йили Самоада паракат (қишлоқ хўжалиги экинлари учун ишлатиладиган ўта заҳарли модда)нинг сотувга чиқарилиши ортидан ўз жонига қасд қилишлар сони сезиларли ошган. 1981 йилда бу моддани қўллаш тақиқлангандан сўнг ўзини ўлдиришлар даражаси ҳам кескин қисқарган. Заҳарли моддалар ва суиқасдлар ўртасидаги бундай алоқа илк бор 1995 йилда аниқланган эди.
Яқинда Ҳиндистонда ўтказилган тадқиқот натижаларига кўра, пеститсидларни тақиқлаш суиқасдлар даражасига сезиларли таъсир ўтказиши мумкин, чунки ҳаёт учун хавфли бундай моддаларни қишлоқ жойларда осонлик билан топса бўлади.

Сурат манбаси, ADEK BERRY / Getty
Миллий режа
Ҳирот шифокорлари олдини олиш чора-тадбирлари эътибордан четда қолаётгани сабабли жонига қасд қилишлар даражаси яқин орада пасаймайди, демоқда.
Доктор Набил Фақирёр каби инсонлар «аёллар жонига қасд қилишининг сабаблари ва омилларини эътироф этиш учун миллат миқёсидаги режа»га эҳтиёж борлигига ишонади.
Кобул расмийлари эса руҳий бузилишлардан азоб чекаётган фуқароларга даволаш марказларидан фойдаланиш имконияти берилганини айтади.
Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Фидо Муҳаммад Пайкон вазият ёмонлашиб бораётганини тан олади. «Соғлиқни сақлаш вазирлиги бу борада маълумотлар йиғишни давом эттиради,» дейди у. Мазкур маълумотлар, кейинчалик, аниқ чора-тадбирлар ишлаб чиқишда қўлланилади.
Нуристоний хонимга кўра, Афғонистон Мустақил Инсон Ҳуқуқлари Комиссиясининг ҳозирги вазифаси «мамлакатнинг қишлоқ ҳудудларида муаммога нисбатан эътиборни ошириш ва одамлар қийин вазиятларда қаердан ёрдам олиш мумкинлигини кўрсатиш»дир.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek












