Жаноби олийлари кўчаларни безайди

Тожикистон пойтахти ҳокими Маҳмадсаид Убайдуллоев бутун Душанбе кўчаларини Президент Раҳмоннинг улкан суратлари билан безашга фармойиш берган.
Акслар остида "Президентимиз - фахримиз" каби шиорларни ёзиш ҳам буюрилди.
Болалар боғчалари эса "Президент бола нигоҳида" номли кўриклар ташкил этишади. Кичкинтойлар айни танловларда президент суратини чизишлари керак.
Ғолиб болалар 16 ноябрда, яъни мамлакат бўйлаб нишонланадиган Президент Куни байрамида эълон қилинади.
Ўша куни Тожикистон бўйлаб бепул томоша ва концертлар ташкил этилади, спорт мусобақалари ҳамда пазандалик танловлари ўтказилади.
Кўп номли президент
Президент Раҳмон Тожикистонни тўртинчи муддат бошқармоқда.
Сўнгги йиллари у мухолифатни йўқотиш ва мамлакат бўйлаб ўз шахсига сиғинишни ўрнатиш йўлида катта натижаларга эришди.
Хусусан, Президент Раҳмон ҳақида ёзганда "Жаноби олийлари" деб аташ зарур. Унинг шарафига махсус байрам куни белгиланган.
Шунингдек, Имомали Раҳмонга "Мустақил Тожикистон асосчиси" ва "Миллат раҳнамоси" каби рутбалар берилди.
Айни дамда, "миллат раҳнамосига нисбатан ҳурмат-эҳтиром" кўрсатиш ҳам қонунан мустаҳкамланган.
Яқинда эса ўзи Тожикистон ҳукумати номидан махсус қарор имзолаб, "давлат бошлиғини ҳақорат қилганлар" жиноий жавобгарликка тортиладиган бўлди.

Тожикистонда ўтган йили қабул қилинган қонунга биноан, Президент Раҳмон ҳатто амалидан кетса ҳам унинг дахлсизлиги ҳам таъминланади.
Инсон ҳуқуқлари гуруҳларига кўра, Президент Раҳмон ўз шахсига сиғиниш жараёнини вужудга келтирмоқда.
Бу борада, Тожикистон давлат раҳбарини фақатгина Туркманистон ё, муайян ҳолатларда, Қозоғистон президентлари билан қиёслаш мумкин.
Human Rights Watch халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотига кўра, Тожикистонда инсон ҳуқуқларига оид вазият ёмонлашиб бормоқда.
Сўз эркинлиги бўғилмоқда, мухолифат раҳбарлари қамоққа олинаяпти ва мустақил матбуот босим остида қолаётир.
Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.
ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK
Instagram - BBC UZBEK
Twitter - BBC UZBEK
Odnoklassniki - BBC UZBEK
Facebook- BBC UZBEK
Google+ BBC UZBEK
YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
Skype - bbcuzbekradio
bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг














