Тожикистон АҚШ элчихонасига кескин раддия билан чиқди

Имомали Раҳмон

Сурат манбаси, COURTESY

Мамлакат Ички ишлар вазирлигининг баён қилишича, Америка элчилигининг Тожикистондаги эҳтимолий ҳужумларга оид огоҳлик мазмунидаги баёноти ҳақиқатга тўғри келмайди.

Элчилик бундай баёнот билан кеча пайшанба куни чиққан, йирик оммавий тадбирлар ва Тожикистоннинг Афғонистон билан чегара кесишув нуқталари нишонга олиниши мумкинлигига оид маълумотни қўлга киритганликларини маълум қилганди.

Американинг Тожикистондаги элчихонаси, бунга қўшимча, ўз баёнотида бу каби ҳужумларни "террорчи гуруҳлар" амалга оширишлари мумкинлигини айтган, аммо бирор бир жангари ташкилотнинг номини алоҳида тилга олмаганди.

Элчилик ўз баёноти якунида Тожикистондаги АҚШ фуқароларини одамлар кўп тўпланадиган жойлар ва жамоат транспортидан узоқроқ туришга ҳам ундаганди.

Раддия

Пойтахт Душанбедан журналист Искандар Фирузнинг Би-би-си Ўзбек Хизмати билан суҳбатида айтишича, Тожикистон Ички ишлар вазирлигининг бу хусусдаги раддияси АҚШ элчилигининг баёнотидан қисқа вақт ўтмай янграган.

Вазирлик, "Тожикистонда вазият буткул осойишта экани ва ташвишланишга ҳеч бир ҳожат йўқ"лигини баён қилган.

Журналист суҳбатдошимизнинг ўзларига имконли бўлган маълумотларга таяниб айтишича, бундан ташқари, кеча пайшанба куни Тожикистон Миллий Хавфсизлик хизмати вакиллари АҚШ элчихонаси ходимлари билан учрашиб, улар билан суҳбатлашишган.

Элчиликдан ўз огоҳликларини бекор қилишларини ҳам талаб қилишган.

Мамлакат оммавий-ахборот воситалари билан боғланиб, улардан ҳам бу хусусдаги хабарларини олиб ташлашларини сўрашган, дейди у.

Аммо, бошқа томондан, АҚШ элчилигининг сўнгги баёноти Тожикистонда ҳар йил 16 ноябр куни кенг байрам қилинувчи Президент куни арафасида янграган.

1992 йилдан буён президент Имомали Раҳмон бошқариб келаётган Тожикистон ўтган йил сентябр ойида мамлакат Мудофаа вазирлиги собиқ юқори мартабали мулозими иштирокида "давлат тўнтариши уриниши"га ҳам гувоҳ бўлган.

Бунинг ортидан Тожикистон ҳукумати мамлакатдаги йирик мухолиф ва минтақадаги ягона исломий партия бўлган - Ислом Уйғониш партиясининг фаолиятини расман тақиқлаб қўйганди.

Вазият

Таъкидлаш жоиз, АҚШ элчилигининг сўнгги баёноти Афғонистоннинг Тожикистон билан чегарадош энг беқарор икки шимолий-шарқий вилояти: Қундуз ва Бадахшондаги хавфсизлик билан боғлиқ вазият жиддий издан чиқиб бўлган бир манзарада янграган.

Бор-йўғи ўтган икки йил ичида вужудга келган бу каби вазият эса, Тожикистон ҳукуматини Афғонистон билан чегарасида мамлакат мустақиллиги тарихида кузатилмаган бир даражада хавфсизлик чораларига қўл уришига ҳам сабаб бўлган.

Агар, айрим имконли бўлган маълумотларга таянилса, биргина жорий йилнинг ўзи назарда тутилганда, Афғонистондан камида 15 маротаба қуролли босқин уриниши кузатилган.

Аммо бу каби ҳар бир амал ортидан, тожикистонлик масъуллар вазият буткул ўз назоратлари остида экани ва хавотирланишга ҳеч бир асос йўқлигини баён қилиб келишган.

Бор-йўғи шу ой бошида эса, Россия Хавфсизлик Кенгаши котиби Афғонистоннинг аксарият Марказий Осиё давлатлари билан чегарадош шимолий минтақаларидаги вазият юзасидан жиддий хавотир билан чиққан.

Николай Патрушев ҳар икки Толибон ва Ўзбекистон Исломий ҳаракати жангариларининг Афғонистон шимолидаги плацдармлари Россия ва минтақа давлатларига тўғридан-тўғри хавф туғдиришини айтган.

"Афғонистонда террорчилар мавқеъларининг кучаяётгани ва жангарилар асосий молиявий манбаларидан бири бўлган гиёҳванд моддалар ноқонуний савдосининг фаоллашиб бораётганига гувоҳ бўлаётганлик"ларини баён қилганди.

Яна бир огоҳлик

Афғонистон биринчи вице-президенти генерал Абдулрашид Дўстум эса, шу йил октябр ойида айнан мамлакат шимолида бошлаган навбатдаги йирик янги ҳарбий амалиётлари арафасида Яқин Шарқдаги ИШИД гуруҳи бу минтақага етти мингдан ортиқ жангарисини сиздириш ҳаракатида экани, уларнинг якуний мақсадлари Марказий Осиё давлатлари эканини айтганди.

Худди ана шу манзарада Қирғизистондаги АҚШ ва Буюк Британия элчихоналари ҳам террорчилик хуружи эҳтимолига оид огоҳлик билан чиқишган.

Қирғизистон томони эса, бу маълумотлар ўзлари томонидан тақдим этилган бўлганини айтиб, аввалдан огоҳлантиришсиз, уларга таяниб, баёнот берганликлари учун бу икки элчиликка ўз норозиликларини изҳор этишган, аммо мамлакатдаги вазият тўлиқ ўз назоратлари остида эканини баён қилишган.

Аммо жорий йилнинг 29 август куни Хитойнинг Бишкекдаги элчихонасига номаълум шахс енгил машина билан ҳужум қилган.

Кучли портлаш оқибатида элчихонанинг уч нафар ходими жароҳат олиб, худкушчининг ўзи нобуд бўлган ва элчихона биносига ҳам зиён етган.

Қирғизистон Миллий Хавфсизлик Давлат Қўмитаси бу портлаш ортида Суриядаги жангларда иштирок этаётган уйғурлар турганини маълум қилган ва 4 нафар шахсни воқеага алоқадорлик гумони билан қўлга олган, яна 4 киши қидирувга берилганди.

Маҳаллий вақт билан пайшанбадан жумага ўтар кечаси эса, Афғонистоннинг Ўзбекистон билан бевосита чегарадош шимолий Балх вилояти маркази Мозори-Шарифда Германия консуллиги биносига қарши худкушлик ҳужуми уюштирилган.

Масъулиятини Афғонистон Толибон ҳаракати ўз зиммасига олган бу ҳужумда камида тўрт киши қурбон бўлган, юздан ортиғи яраланган.

Германия консуллиги биносига ҳам жиддий зиён етган.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқалибоғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг