"Одам ўлдиришни уддалайман ва бу ерда бунинг учун жазоланмайман" Жазони жанг майдонига алишаётган украиналик маҳкумлар

Сурат манбаси, Matthew Goddard/BBC
- Author, Жеймс Уотерхаус
- Role, Житомирдаги Украина мухбири
- Ўқилиш вақти: 5 дақ
4-сонли жазони ўташ колониясида қочишнинг осон йўли йўқ.
Бу ўртача даражадаги хавфсизликка эга қамоқхона бўлса-да, қалин темир дарвозалар, баланд оқ деворлар ва уларнинг устидаги тиканли симлар уни гўё энг юқори даражадаги хавфсизлик муассасасига ўхшатади.
Ичкарида Андрий Аскеров ва Роман Чеч — иккаласи ҳам гиёҳванд моддалар савдоси билан боғлиқ жиноятлар учун судланган. Улар жазони эрта тугатишнинг ўзига хос йўлини топишган.
Украина армияси сафига қўшилиш учун ариза топширишган ва қабул қилинган. Энди улар бир ойлик ҳарбий тайёргарликдан ўтади. Озодлик эвазига эса "уруш тугагунча" жанг қилишлари керак бўлади.
"Мен одам ўлдириш қандай бўлишини тасаввур ҳам қила олмайман, фақат фильмларда кўрганман," дейди Андрий, олти йиллик жазонинг 18 ойи ортда қолган бир пайтда.
30 ёшли Андрий учун қамоқдан чиқиш, албатта, асосий сабаб. Аммо у жамиятга жиноятчи эмас, балки фойда келтирган инсон сифатида қайтишни ҳам истайди.
Ўтган йили қабул қилинган янги қонунга кўра, 10 мингдан ортиқ маҳкум Украина армиясига қўшилган — ҳатто қотиллар ҳам. Бироқ энг оғир жиноятлар, масалан, бир нечта қотиллик, жинсий зўравонлик, коррупция ва давлатга хиёнат қилганлар бу имкониятдан маҳрум этилган.

Сурат манбаси, Matthew Goddard/BBC
"Барибир ҳаммамиз эртами-кечми фронтга борамиз," дейди Роман, у ҳам кулранг қамоқхона кийимини ҳарбий либосга алмаштирмоқда.
"Акс ҳолда бутун умр жиноятчи тамғаси билан яшардим. Аммо хизмат қилсам, аскар бўламан," дейди у сокин, жиддий оҳангда.
36 ёшли Роман учун армияга қўшилиш фақат тузалиш эмас, балки қасос ҳамдир.
"Синглим ҳозир 21 ёшда бўлган бўларди," дея тушунтиради у. "2023 йилда Россия ракетаси Харковдаги уйига тушиб, уни ўлдирди."
"Энг аввало, мен унинг ўлими учун қасос олишни истайман."
Ҳукумат маълумотларига кўра, армияга ёзилган маҳкумларнинг аксарияти пиёда қўшинларга ихтиёрий равишда қўшилган ва оғир жангларда иштирок этган.
Улар, шунингдек, Президент Володимир Зеленский томонидан сентабр ойида эълон қилинган янги ҳужум кучларига ҳам жалб этилади. Замонавий жанг майдонида денгиз пиёдалари ёки десантчилар каби анъанавий мутахассислар тобора камроқ қўлланилаётган бир пайтда, бу янги бўлинма дронлар ёрдамида Россия позицияларига ҳужум қилади.

Сурат манбаси, Matthew Goddard/BBC
Агар бу маҳкумлар озодликни татиб кўришни истасалар, улар номаълум муддат давомида фронтнинг энг хавфли ҳудудларида жанг қилишларига тўғри келади.Барчаси омон қолмайди.
4-сонли жазони ўташ колонияси раҳбарининг айтишича, ҳозиргача армияга ихтиёрий равишда ёзилган минг маҳкумнинг ярми аллақачон ҳалок бўлган.
"Биз қандай жанг қилишни биламиз"
Жанубий Украинадаги оддий фермалардан қайта қурилган бинолар ҳарбий база сифатида хизмат қилмоқда. Кўриниши оддий бўлса-да, бу ерда даволанаётган 30 га яқин ярадор аскар учун бу жой — тинчлик ва енгиллик манзили.
Уларнинг барчаси — жанг майдонидан қайтган собиқ маҳкумлар. 37 ёшли Олексий Велйка Новосилка ҳудудида жанг қилаётган пайтда оёғидан оғир жароҳат олган.
"Бизга артиллерия, миномёт ва ҳаво бомбалари билан ҳужум қилишди," дея эслайди у. "Шунча сафдошларим ҳалок бўлади деб ўйламагандим."
Олексий жангга ихтиёрий равишда қўшилишидан олдин гиёҳванд моддалар контрабандасига алоқадор жиноят учун саккиз йиллик қамоқ жазосини ўтаётган эди. У вақтинча ясалган каравотда ўтирар экан, маҳкумлар оддий фуқароларга қараганда нега яхшироқ аскар бўлишини тушунтиради.
"Мажбурий ҳарбий хизматга чақирилганларни онасининг бағридан суғуриб олишади!" дея ҳаяжон билан айтади у. "Биз жанг қилишни биламиз! Биз жуда яхши жанг қиламиз!"
Бу шунчаки қуруқ гап эмас — жанг майдонидан кетирилган далиллар буни тасдиқлайди. Ҳалок бўлган рус аскарларининг елкасидан йиртиб олинган нишонлар ва чўнтакларидан юлиб олинган паспортлари, бу аскарлар томонидан базага олиб келинган.

Сурат манбаси, Matthew Goddard/BBC
"Мен кўплаб русларни йўқ қилганман, юзлаб ярадор сафдошларимга ёрдам берганман," дея гапга қўшилади Андрий Андрийчук.
Унинг танасида темир сочқи бўлакларидан қолган 47 та чандиқ борлигини ҳам айтади. У илгари Украина ҳужуми доирасида Россиянинг Курск вилоятида жанг қилган.
Бунга қадар эса у профессионал ўғри бўлган.
Россиянинг тўлиқ миқёсдаги босқини деярли тўрт йилдан бери давом этаётган бир пайтда, фронтда узоқ вақт хизмат қилган, чарчаган аскарлар билан учрашиш одатий ҳолга айланган. Улар Россия ҳужумларига қарши, ойлар, баъзида йиллаб жанг қилишган.
Аммо бу ерда бундай ҳолат йўқ. Маҳкум аскарлар орасида руҳий ҳолат анча юқори — бу, бир томондан, чуқур ватанпарварлик туйғуси, иккинчи томондан эса қамоқдан чиқиб, озодликка эришганлик ҳисси билан боғлиқ.
Улар тан олишади: кўплаб собиқ маҳкумлар озодликка чиққач, хизматдан қочишади. Аммо аксарияти ўз ҳиссасини қўшишни истайди.
"Мен бу мамлакат учун кўп ёмон ишлар қилганман," дейди Андрий. "Ҳар бир ишнинг жавоби бор. Энди мен ўзим яхши билган иш — жанг қилишга қайтаман."
"Менда ҳам кўникмалар бор," дея кулади Олексий. "Мен ўлдиришни биламан. Фақат бу ерда бунинг учун судланмайман."
Маҳкум аскарларни назорат қилаётган ҳарбийлар ҳам тан олишади: бу одамлар уруш тугагунча омон қолишлари учун улкан омад керак бўлади. Шунга қарамай, улар бошқа жойда бўлишни исташмайди.
"Ёқимсиз солиштириш"
Уруш бошида Россия ўз қамоқхоналарини бўшатгани учун танқидга учраган эди. Камида 200 минг маҳкум жангга жалб қилинган, уларнинг топшириқлари эса кўпинча "гўшт майдалагич" деб таърифланган.
Хўш, Украина ҳам худди шундай йўл тутяптими? Мамлакат Адлия вазири ўринбосари Евген Пикалов бу саволга қандай жавоб беради?
"Бу ерда катта фарқ бор: руслар ҳар юз метр учун пул олади, украинлар эса ватанпарварлик туйғуси билан жанг қилади," дея таъкидлайди у.
Пикалов ўзини Адлия вазирлиги ичида ислоҳотчи сифатида кўради ва жиноятчилар билан ишлашда жазолашдан кўра, уларни тузатиш ва жамиятга қайта мослаштиришга кўпроқ эътибор қаратишни истайди.
"Бизнинг асосий мақсадимиз — уларни жамиятга қайта мослаштириш, уларга имкон бериш. Бу одамларнинг заифликларидан фойдаланиш билан ҳеч қандай алоқаси йўқ," дея таъкидлайди у. "Бу улар учун мамлакатимизни ҳимоя қилиш имконияти, холос."
Қотиллик каби оғир жиноятлар учун ҳукм қилинган маҳкумларнинг жазони тўлиқ ўтамасдан озод этилиши ахлоқий жиҳатдан савол туғдириши мумкин. Пикалов бу ҳолатни афв эмас, балки шартли озодлик деб изоҳлайди.
"Албатта, бу ерда масалнинг эмоционал жиҳатлари бор. Аммо уруш бўлмаган тақдирда ҳам, баъзи жабрланувчиларнинг оилалари учун чиқарилган ҳукмлар етарли бўлмаслиги мумкин," дейди у.
Вақт ўтган сари, Украинада жангга лаёқатли эркакларни топиш тобора қийинлашмоқда. Урушнинг тугашига ҳали узоқ вақт бордек кўринар экан, чора қидириш давом этади ва янада мураккаблашади.












