Янгиланди. Россия: Путиннинг яқин иттифоқчиси Марказий Осиёда, минтақага таҳдид кучайдими? Подкаст

Сурат манбаси, rasmiy
Шойгу Марказий Осиёда, минтақага таҳдид кучайдими?
Россия Хавфсизлик Кенгаши котибининг Қозоғистонга сафари худди ана шундай саволларни пайдо қилди.
Янгилик Россиянинг етакчи ахборот агентликларида Шойгунинг пойтахт Остонада хавфсизликка таҳдидларни муҳокама қилади, деган сарлавҳалар остида бўй кўрсатди.
Бу Россия Хавфсизлик Кенгаши котибининг жорий йил ҳисобидан хорижга илк ташрифи экани билан ҳам алоҳида эътибор топди.
Бошқа томондан, Шойгу нега уч ойча вақтнинг ўзида иккинчи бор Қозоғистонга яна сафар қилаётганига оид қизиқишларга ҳам сабаб бўлди.
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост, 1
Нима бўлди?
Tomonlar,.. xalqaro va mintaqaviy xavfsizlikka tahdidlar, Markaziy Osiyo mintaqasi, shuningdek, Suriya va Afg‘onistondagi vaziyatni muhokama qiladilar...
Қозоғистон дунёнинг Россия билан қуруқликда энг узун чегарага эга мамлакати бўлади, Россияга чегарадош ягона минтақа давлати.
Кремлнинг сўнгги йилларда кучайиб бораётган империалистик амбициялари фонида, таъбир жоиз, Путин ва Россиянинг бошқа номдор сиёсатчилари нишонига айланган яна бир постсовет мамлакати.
Улар томонидан ери, давлатчилиги қайта-қайта ошкора савол остига олинган, бу Қозоғистоннинг Украинадан кейин Россиянинг навбатдаги нишонига айланажагига оид қўрқувларни пайдо қилишгача борган.
Расмий Остонанинг Украина, унинг бўлгинчи ва ишғол остидаги ҳудудлари мустақиллиги ва аннексияси юзасидан Россия мавқеига зид чиқишлари эса, орада икки томон ўртасида даҳанаки жангларга ҳам замин яратган.
Қолган минтақа давлатлари билан солиштирганда, сўнгги йилларда Россия билан муносабатлари қанчалик таранглашгани бобида четда ҳам эътиборга тушган мамлакат.
Мавжуд вазият Ғарб қолиб, Хитой ва дунёнинг энг йирик туркий тилли давлати бўлган Туркиянинг ҳам Қозоғистон мустақиллиги, суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини қўлловчи устма-уст баёнотлар билан чиқишига ҳам олиб келган.
Айни ўринда кеча, 11 феврал куни амалий ташриф билан пойтахт Остонага етиб келгани айтилган Россия Хавфсизлик Кенгаши котибининг кун тартиби ҳам қанчалик кенг қамровли экани билан ўзига эътибор топган.
Сергей Шойгунинг қозоғистонлик ҳамкасби билан учрашиш баробарида шахсан Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаевнинг ҳам қабулида бўлиши айтилган.
Кун тартиби

Сурат манбаси, ZUMA/TASS
Россия тарафининг расмий хабарида томонларнинг халқаро ва минтақавий хавфсизлик қаршисидаги бугунги таҳдид ва муаммолар, Марказий Осиё минтақаси, Сурия ва Афғонистондаги вазиятни муҳокама қилиш режасида эканликлари билдирилган.
Бундан ташқари, пойтахт Остонадаги учрашувлар чоғида турли соҳаларда икки томонлама муносабатларни ривожлантириш масаласига эътибор қаратилиши таъкидланаркан, уларнинг айнан қайси соҳаларни кўзда тутиши очиқланмаган.
Қозоғистон дунёнинг биринчилардан бўлиб Афғонистон Толибон ҳаракатини ўзининг "террорчи ташкилотлар" рўйхатидан чиқарган ва Сурияда барқарор тинчликни қарор топтиришга воситачилик қилиб, "Остона жараёни" номи остида узоқ босқичли тинчлик музокараларига мезбонлик қилган саноқли давлатларидан бири бўлади.
Аммо ўтган йил декабрида Сурияда "Ҳайъат Таҳрир аш-Шом" бошчилигидаги исёнчи кучлар иттифоқи томонидан узоқ йиллик Асад режимининг ағдарилиши бу тинчлик музокаралари истиқболини йўққа чиқарган.
Яқин иттифоқчиси Россиянинг бу галги ҳарбий аралашуви иш бермаган, президент Асад ўз оиласи билан Москвага қочган, бошпана топган, воқеаларнинг бу каби кутилмаган ривожи манзарасида Россиянинг Суриядаги ҳарбий ҳозирлиги савол остида қолган, Яқин Шарқдаги геосиёсий мавқеига яна бир бор жиддий зарба етган.
Суриядаги кутилмаган қудрат алмашинувидан аввал Исроил Эрон ва улар томонидан, йилларки, дастакланиши айтилувчи ҳамда Суриядаги Асад тузумининг бошқа тиргакларидан бири саналган "Ҳизбуллоҳ" каби жангари гуруҳларнинг ҳам минтақадаги мавқеъларини кучсизлантиришга муваффақ бўлган.
Эрон эса, Сурия билан бирга ҳали собиқ Совет Иттифоқи давридан буён расмий Москванинг Яқин Шарқдаги иккита асосий ва муҳим иттифоқчилари саналишган.
Президент Асад Суриясидан 49 йилга ижарага олган Тартус денгиз ва Ҳмеймим ҳаво базалари Россияга Африка қитъасига имкон берган, қатор Африка давлатларидаги фаолияти учун ҳам муҳим ва беқиёс таянч нуқталари вазифасини ўтаб келган, унга Ўр ер денгизига имкон берган.
Исломий инқилоб ортидан, Россиянинг у ерда ўз ҳозирлигини сақлаб қолиш юзасидан Сурия муваққат ҳукумати билан олиб борган музокаралари кўнгилдагидек кечмагани, ҳарбийлари у ерни тарк этишаётгани ёки иштирокларини қисқартиришаётганига оид хабарлар ҳам олинган.
Россия Хавфсизлик Кенгаши котибининг Қозоғистон пойтахтида Сурия масаласини нега ва қандай қиррада муҳокама этиш режасида экани тафсилотлари ҳозирча маълум эмас, бу ҳақда Россия томонининг расмий хабарида айтилмаган.
Аммо, бошқа томондан, Сурия янги раҳбариятининг бир нафар Марказий осиёлиги илова ўзларига иттифоқчилик қилган айрим етакчи хорижий жангариларга ҳам катта ҳарбий рутбалар бергани ёки мақомларини кўтариб, уларни мамлакат Қуролли кучларида юқори лавозимларга тайинлагани минтақада янги хавотирларни пайдо қилган.
Минтақа давлатлари пойтахтлари Суриядаги исломчи исёнчи кучлар мафкураси ва исломий инқилобининг ўзларига кўчиш эҳтимолидан ташвишда, деган таҳлил ва талқинларга ҳам замин яратган.
"Ҳайъат Таҳрир аш-Шом" иттифоқчилари орасида эса, ўзбекларники баробарида Россия фуқароларидан ташкил топган жангари гуруҳларнинг ҳам борликлари кўрилган.
Турли халқаро ҳисоботларда айнан исломий инқилоб Сурияда хавфсизлик бўшлиғини пайдо қилиб, Яқин Шарқда қайта кучайишига оид жиддий хавотирларни пайдо қилган ИШИД сафларида ҳам ўз вақтида постсовет давлатларидан энг кўп жанг қилган жангарилар Россия ва Марказий Осиёликлар ҳисобига тўғри келган.
Шу соатларда пойтахт Москвадан олинган хабарларга кўра, Путин Сурия янги маъмурияти раҳбари Аҳмад аш-Шараа билан телефон орқали гаплашган.
Россия президенти матбуот хизматининг расман билдиришича, ўзаро телефон мулоқоти чоғида "Суриядаги мавжуд вазият юзасидан атрофлича фикр алмашилган, Россия томони Сурия давлатининг бирлиги, суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини қўллаб-қувватлаш борасидаги принципиал позициясини таъкидлаган".
Хабарларга кўра, бундан ташқари, Путин Россия Суриядаги ижтимоий-иқтисодий вазиятни яхшилаш, жумладан, унинг аҳолисига гуманитар ёрдам кўрсатишга тайёрлигини тасдиқлаган.
"Шунингдек, у аш-Шараага Суриянинг янги раҳбарияти олдида турган муаммоларни ҳал қилишда муваффақиятлар тилади. Суҳбат конструктив, ишчан ва мазмунли ўтди", - дея хулоса қилган Кремль.
Маълум бўлишича, Россия президентининг матбуот котиби Дмитрий Песков, Москва Суриянинг янги раҳбарияти билан барча мавзулар, жумладан Тартусдаги денгиз базасидан фойдаланиш бўйича келишувлар юзасидан ҳам мулоқотини давом эттиришини таъкидлаган.
Путин бошчилигидаги Россиянинг Асад тузумига дастлабки ҳарбий қўлловига ҳам, бошқа томондан, постсовет давлатларидан бўлган ана шу жангарилар ҳам сабаб бўлгани айтилган.
Бошқа томондан, Россия Хавфсизлик Кенгаши котибининг Қозоғистонга ташрифи Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Хавфсизлик Кенгашида ИШИДнинг Афғонистондаги Хуросон қаноти таҳдиди кучайиб бораётганига оид хавотирлар янграган бир кунга тўғри келган.
Кенгашда ИШИД Хуросон қанотининг таҳдиди ҳақида ҳам Россия томонининг энг кўп сўз юритганларидан бири экани кўрилган.
Аммо, йилларки, Афғонистон таҳдиди Марказий Осиё минтақасига ўзининг геоиқтисодий ва геосиёсий босимини ўтказишда Кремлнинг қўлидаги муҳим босим ва таъсир воситаларидан бири ўлароқ кўрилиши ҳам бор гап.
Россия томонининг расмий хабаридан Қозоғистон тарафи билан бугунги музокаралар чоғида Афғонистон масаласининг ҳам нега кун тартибига қўйилгани тафсилотлари ноаён қолган.
Аммо Қозоғистон Толибон бошқаруви остидаги Афғонистон билан иқтисодий ҳамкорликни кучайтириш, савдо-сотиғини кескин ошириш режасида ҳам бўлган давлат.
End of Бизни ижтимоий тармоқларда ҳам кузатинг:
Ўзбекистон Россия бошчилигидаги иттифоқ сари яна бир қадам ташлади – бу нимани англатади? Видео
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост, 2
Россиянинг таъсири...

Сурат манбаси, rasmiy
Сергей Шойгунинг Қозоғистонга ташрифи, бошқа томондан, Украина уруши ва худди шу уруш боис Ғарб томонидан киритилаётган устма-уст жазо чоралари манзарасида Россия президенти мамлакати иқтисодий аҳволи истиқболидан хавотирда эканига оид хабарлар бўй кўрсатаётган бир пайтга ҳам тўғри келган.
Қозоғистон Марказий Осиёнинг энг катта иқтисоди саналади, Туркманистон билан бирга минтақанинг энг йирик табиий энергия захираларига бой иккита давлатидан биттаси бўлади.
Қозоғистон, бундан ташқари, Ғарб ўзининг санкцияларини четлаб ўтишида Россияга қўл келаётганини айтувчи ва Кремлнинг постсовет маконидаги энг йирик геоиқтисодий лойиҳаси, деб кўрилувчи ЕвроОсиё Иқтисодий Иттифоқига ҳам киради, унинг тўлақонли аъзоси.
Шу кунларда айрим нуфузли Ғарб нашрларида Россия Марказий Осиёдаги таъсирини йўқотишдан хавотирда экани мазмунидаги таҳлиллар ҳам бўй кўрсатган, бунга Ғарбнинг минтақага босими Россиянинг собиқ Совет давлатларини ўз орбитасига янада кучлироқ тортиш ҳаракатларига тўсқинлик қилаётгани айтилган.
Айнан Марказий Осиё, аксарият таҳлилчилар баҳосида, Шимолий Кавказдаги мавқеи заифлашиши ва Украина уруши боис, коллектив Ғарбнинг иҳоталаб қўйиш уринишлари фонида Россия ўзининг диққат-эътиборини кучайтирган, улар билан ўзаро ҳамкорлигини ҳар томонлама мустаҳкамлаш ҳаракатидаги минтақа бўлади.
Украина уруши пайтида Ўзбекистон ва Қозоғистон билан ўзининг четдаги яна бир геоиқтисодий лойиҳаси сифатида кўрилувчи АЭС – атом электр станциялари қуриш нияти, режаси ва ҳаракатида.
Шойгунинг Қозоғистонга ташрифи билан бир кунда Россия президенти маъмурияти раҳбарининг муовини ҳам Ўзбекистонга сафар қилган, Россия томони Максим Орешкиннинг президент Шавкат Мирзиёев билан музокаралари чоғида "савдо-иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш суръатини сақлаб қолиш бўйича комплекс чора-тадбирларни қабул қилишга ҳам алоҳида эътибор қаратилгани"ни тилга олган.
Путиннинг ўтган йилги давлат ташрифи чоғида эришилган келишувларни амалий ижроси ва тасдиқланган йўл харитасига мувофиқ, энг юқори даражадаги бошқа алоқаларни амалга ошириш масалаларини муҳокама қилишгани айтилган.
Россия Мудофаа вазирининг Тошкентга яқинда қилган сафари чоғида томонлар ўртасида имзоланган жорий йил учун ҳамкорлик режаси ва келаси беш йилга мўлжалланган ҳарбий соҳада стратегик шериклик дастури эса, ҳатто Ўзбекистоннинг ўзида айрим таҳлилчилар томонидан " бу бошни кундага қўйиш билан баробар", деган баҳоларга ҳам сабаб бўлган.
Худди шу манзарада Ўзбекистон Евроосиё иттифоқининг божхона транзити ягона тизимига қўшилиш нияти борлигини ҳам билдирган.
Россия ва Марказий Осиё

Сурат манбаси, Getty Images
Сўнгги ойларда президент Путин илова Россия ҳукумати юқори мартабали мулозимларининг, айниқса, Қозоғистонга ташрифлари фаоллашган.
Сергей Шойгуга қадар сўнгги бир неча ойнинг ичида Россия президенти, Бош вазири ва Ташқи ишлар вазири ҳам Қозоғистонда бўлиб қайтган.
Путиннинг Қозоғистонга ўтган йил сўнгги қилган ташрифи чоғида икки давлат президентлари "янги глобал тартиб шароитида стратегик шерикликни чуқурлаштириш тўғрисида"ги баёнотни имзолашганликлари эълон қилинган.
Бошқа нарсалар қаторида, террорчиликка қарши кураш бўйича жосуслик хизматлари орқали маълумотларни айирбошлашга ҳам келишиб олишгани ҳам айтилган.
Қозоғистон ва Ўзбекистон минтақанинг энг йирик иккита давлати бўлишади.
Америка Қўшма Штатларида қудратга Республикачи президент Дональд Трампнинг ва унинг Украина урушига чек қўйиш аҳди, агар бу иш Россиянинг шартлари устунлиги остида бўлса, постсовет маконида Кремлнинг мавқеи ва таъсири янада кучайишига оид янги хавотирларни ҳам пайдо қилмай қўймаган.
Ҳар икки минтақа давлатлари пойтахтлари эса, ўзларининг кўпқутбли ташқи сиёсат мавқеъларида собит эканликларини расман ва ошкора баён этиб келишади.
Россия баробарида ўзларининг етакчи Ғарб давлатлари билан ҳам ҳар томонлама ҳамкорлик истагида эканликларини таъкидлашади.
Аммо Россия, йилларки, Марказий Осиё давлатларининг энг йирик савдо-иқтисодий шериги, ҳарбий ва ҳарбий-техник ҳамкори саналади, аксарият аҳолиси учун энг йирик меҳнат бозори, энг йирик ҳарбий базаси ва катта сондаги ҳарбий иншоотлари жойлашган минтақа.
Айрим етакчи минтақавий таҳлилчиларга кўра, Украина уруши фонида минтақада ҳар томонлама кучайиш истагида бўлган Хитой ва Трамп бошқаруви остидаги Америка Қўшма Штатлари ўртасидаги муносабатларнинг янада кескинлашиши, ҳарбий можарога айланиши эҳтимоли ҳам Марказий Осиё давлатлари учун хатарли.
Бу каби истиқбол минтақанинг икки қудратли иттифоқчи босими остида қолиб, геосиёсий тузоққа тушиб қолишри эҳтимолини кучайтиради, дейишмоқда улар.
Айни фикрда бўлган таҳлилчиларга кўра, шу боис ҳам, жорий пайтда Марказий Осиё давлатлари учун ҳар икки – ҳам Украина ва ҳам Хитой омили жуда муҳим ҳамда уларни диққат билан кузатиб бориш лозим.
Сергей Шойгу ҳам Украина уруши билан алоқадорликда Халқаро Жиноят маҳкамасининг ҳибс ордери остида бўлган россиялик юқори мартабали ҳарбий амалдорлардан бири бўлади.
Россия президентининг энг яқин иттифоқчиларидан бири, Путин ҳатто ўзининг ёзги таътилларини бирга ўтказган одам.
Путин Шойгуни ўтган йил май ойида Россия Мудофаа вазири лавозимидан олган, унинг бу қарор сабаби ўшанда расман очиқланмаган, аммо кутилмаган янгилик вазирликдаги коррупция ҳолларига оид хабарлар манзарасида олинган.
Россия президенти кейин ўзининг иттифоқчисини мамлакат Хавфсизлик Кенгаши котиблигига тайинлаган.
Расмий Остона Рим статутини ратификация қилмаганлигини айтиб, ўзининг Халқаро Жиноят Маҳкамаси ҳибс тўғрисидаги ордерини бажаришга масъул эмаслигини таъкидлаб келади.












