Хитой: АҚШ бўлмаса бутун дунёда бой харидорларимиз кўп - Видео

АҚШ Президенти Доналд Трамп эълон қилган "савдо уруши" оқибатида Америка ширкатларининг акциялари кескин тушиб кетди, Amazon ва Apple каби ширкатлар бундан кейин ишлаб чиқаришни Хитой заводларидан олиб чиқиш йўлини излашга тушдилар.
Охирги кунларда акция бозорлари савдогарлари, "яқин орада Америка билан Хитой бож тарифларини тушириш бўйича келишувга борсалар керак", деб умид қиляптилар, бу умид эса АҚШ биржаларидаги нархлардаа ҳам сезилаяпти.
Кузатувчиларнинг ёзишича, Доналд Трамп жорий этган тарифлар Хитойдаги ишлаб чиқариш корхоналарига зарба беришни бошлаган, расмий маълумотлар ишлаб чиқариш сусайганини намойиш этаяпти.
Дунёнинг икки йирик иқтисодиёти ўртасидаги савдо деярли тўхтаб қолди.
Бунга АҚШ Президенти Доналд Трампнинг Хитой товарларига 145 фоизлик пошлина киритгани, бунга жавобан Хитой ҳам АҚШ товарларига божларни кўтариб юборгани сабаб бўлди.
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
Доналд Трамп президентлигининг 100 кунлиги муносабати билан Хитой видео эълон қилди.
Бу видеода Хитой Вашингтон олдида тиз чўкмайди дейилади.
Би-би-си мухбири Лаура Бикер Хитойдаги Йиву шаҳрига бориб хитойлик тужжорлар ва таҳлилчилар билан суҳбатлашди.
Йиву ҳатто бутун дунёдаги энг йирик улгуржи бозор ҳисобланади.
Бу суҳбатлардан нафақат Хитой ҳукумати, балки оддий хитойликлар ҳам АҚШ "савдо уруши"дан чўчимаётганлари кўринади.
Чунки Хитой товарлари бутун дунёни эгаллаган, АҚШ йирик бозор бўлгани билан агар Хитой маҳсулотлари йўлига тўсиқ қўядиган бўлса, маҳсулоти нархини пасайтириб бўлса ҳам хитойликлар Яқин Шарқ, Африка ёки Европадан янги мижозлар топиш йўлини излайверадилар.

Би-би-сининг Трамп ҳақидаги фикри қандай экани ҳақидаги саволига Йиву шаҳридаги хитой савдогари Ҳу Тианқианг шундай деди:
Трамп? У ҳазилкаш-ку. Ҳар куни бир янги латифа айтади. Бож киритиш ҳазилдек гап унинг учун. Олдин Америкадан харидорларимиз бор эди. Энди бизга фарқи йўқ. Бутун дунёдан бой харидорларимиз кўп. Улар билан бизнес қилган яхшироқ.
"Америкада кўп норозилик намойишлари бўлаяпти, деб эшитдим. Уларнинг кўп товари бу ердан боради. Улар бизга муҳтожми? Албатта, муҳтожлар", деди бошқа бир тожир Лин Сиупенг.
Америка Қўшма Штатларида сотиладиган ўйинчоқларнинг 80 фоизи Хитойда ишлаб чиқарилган.
АҚШдаги йирик савдо дўконлари тизими бўлган Walmart билан Target "яқинда пештахталаримиз бўшаб қолади", деб огоҳлантириб чиқдилар.
Би-би-си мухбири Лаура Бикер сўзларига кўра, илгари 5 ёки 10 АҚШ долларига сотилган ўйинчоқларнинг нархи икки баравар қимматлашиб кетди.

"Трампнинг илк 100 кунлигида кичкина бир эрмак люкс товарга айланди. Энди икки мамлакат савдогарлари ҳам тез музокараларга умид қилаяптилар", дейди мухбиримиз.
Халқ озодлик армиясининг собиқ полковниги профессор Жоу Бо, "ўз фурсати келмагунча Хитой ён босмайди", дейди.
"Хитойда "ўқ ўтиб кетгунча бошингни пасайтириб тур" деган иборамиз бор. Бу дегани, ҳозир атрофни уруш тумани қоплаган, кейин нима бўлишини билаймиз. Бундай жиққамушт бўлиш вақтинча деб ўйлайман. Балки бир-икки ой. Оқибатда Хитойга қисқа муддатли шикаст етади, Америкага ҳам. Охир-оқибат Хитойнинг қўли баланд келади, деб ўйлайман", дейди профессор Бо.
Ишлаб чиқариши сустлашаётганидан хитойлик ишчилар азият чекаяптилар.
Бироқ божлар дунёнинг энг йирик бозори бўлган АҚШни ёпиб қўйса, Хитой вазиятга мослашишга интилади.
2 май куни Хитой Савдо вазирлиги матбуот котиби Пекин АҚШ билан тариф музокараларини ўтказиш имкониятини баҳолаб чиқаётганини эълон қилди.
"АҚШ амалдорлари бир неча бор Хитой билан тарифлар бўйича музокаралар ўтказиш истагини билдиришди", деди матбуот котиби журналистларга.
"Хитойнинг позицияси ўзгармас. Агар биз курашсак, охиригача курашамиз; агар гаплашсак, эшик очиқ... Агар АҚШ гаплашмоқчи бўлса, у ўзининг самимийлигини кўрсатиши ва нотўғри амалиётларини тузатишга ва якка томонлама тарифларни бекор қилишга тайёр бўлиши керак."
Бу баёнот Хитой давлат оммавий ахборот воситалари билан боғлиқ Вейбо аккаунти АҚШ музокараларни бошлашга интилаётганини айтганидан бир кун ўтиб ва Трамп музокаралар аллақачон бошланганини даъво қилганидан бир ҳафта ўтиб келди - бу Пекин томонидан рад этилди.
"Хитойнинг АҚШ билан гаплашишга ҳожати йўқ", деган баёнот эълон қилди Вейбо ижтимоий тармоғидаги Хитой Марказий телевидениеси (CCTV)га тегишли деб кўрилган аккаунт. "Музокаралар нуқтаи назаридан ҳозирда АҚШ кўпроқ хавотирда бўлиши керак."
Бундай изоҳлар АҚШ ва Хитой томонидан ҳар икки томон ҳам жамоатчилик олдида музокараларни бошлашдан бош тортган ҳолда билдирилган даъволар ва рад этишлар даврига мос келмоқда.
Савол бу музокаралар бўладими ёки йўқми, балки қачон, қандай шароитларда ва кимнинг ташаббуси билан бўлишида.
30 апрел. Трамп президентлиги 100 кунида 100 ўзбекистонлик бадарға қилинади

Сурат манбаси, AFP
Америка Қўшма Штатларида ўз ваколатини бажаришга киришган давлат раҳбарининг 100 кунда ўз сайловолди ваъдаларидан нималарга эришгани ва эришмагани, рейтинги юқорилагани ёки пасайгани диққат билан кузатилади, олдинги президентларга солиштирилади. Доналд Трамп президентлигининг иккинчи муддати 100 кунлиги таҳлил қилинаяпти, шу кунда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги 100 дан ортиқ ўзбекистонлик АҚШдан ватанига қайтарилиши ҳақида хабар тарқатди.
"... жорий йилнинг 30 апрел куни АҚШ ҳудудида қонуний асосларсиз бўлиб турган ва депортация қилинадиган хорижликлар рўйхатига киритилган Ўзбекистон фуқароларини ватанга қайтариш мақсадида Ню-Йорк – Тошкент йўналиши бўйича махсус чартер рейси ташкил этилади", деб ёзди Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Аҳрор Бурҳонов ўзининг Telegram каналида.
"Мазкур репатриация ташаббуси хорижда оғир вазиятга тушиб қолган Ўзбекистон фуқароларининг ҳуқуқларини таъминлашга қаратилган бўлиб, халқаро меъёрлар, мажбуриятлар ва инсон ҳуқуқлари доирасида амалга оширилади. Гап виза талабларини бузган ёки АҚШда қонуний қолиш муддати тугаган фуқаролар ҳақида бормоқда. Репатриация жараёни инсонпарварлик ва ҳуқуқий тамойиллар асосида ташкил этилиб, фуқароларнинг муносиб ва хавфсиз қайтишини таъминлайди.
Чартер рейсни ташкил этиш икки давлатнинг консуллик ва миграция хизматлари билан яқин ҳамкорликда олиб борилмоқда. Барча чоралар репатриация қилинаётган фуқароларнинг ҳуқуқларини максимал даражада ҳурмат қилган ҳолда, Ўзбекистон ва АҚШнинг амалдаги қонунчилигига қатъий риоя этган ҳолда кўрилмоқда", деб ёзди Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби.
Доналд Трамп доим АҚШга ноқонуний мигрантлар киришига қарши бўлиб келган, нолегал муҳожирлар оқимини тўхтатиш мақсадида ўзининг биринчи президентлиги даврида АҚШ билан Мексика ўртасида девор қуришни бошлаган.
Шу йил 20 январида Трамп Оқ Уйда иккинчи президентлик ваколатини адо этишга киришди, дастлабки имзолаган фармонлари ҳам ноқонуний муҳожирларга қаратилди.
12 феврал куни Америка ҳарбийлари самолётида 119 хорижлик АҚШдан Панамага олиб чиқилиб, меҳмонхоналарга жойлаштирилди, улар орасида ўзбекистонликлар ҳам бор эди.
АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси Жонатан Хеник Трамп маъмурияти учун ноқонуний миграция устувор масала эканини урғулаган, бу масалада Ўзбекистон расмйлари билан ҳамкорликларидан мамнун эканликларини айтди.
Америка элчиси сўзларига кўра, ҳозир "АҚШ билан Ўзбекистон ўртасидаги ҳамкорликнинг беқиёс даражаси кузатилаяпти".
Апрел ойи бошида Ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов раҳбарлигидаги Ўзбекистон ҳукумати ҳайъати АҚШда меҳмонда бўлди, АҚШ Давлат котиби Марко Рубио, АҚШ президентининг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Майкл Уолц ва бошқа расмийлар билан учрашувлар ўтказди.
Бутун дунёга "савдо уруши"ни эълон қилган Президент Трамп Украина минералларини қўлга киритишга жазм қилган, жаҳондаги минералларнинг аксар қисми Хитой заминида жойлашган, расмий Пекин билан 145 фоизлик бож тарифлари вазиятида Хитой минераллари муқобилини топиш талаб қилинади.
АҚШ-Ўзбекистон музокараларида Ўзбекистон минераллари ҳам муҳокамада бўлгани хабар қилинди.
Ўзбекистон Доналд Трампни Тошкентда расмий сафар билан меҳмонга чақирган илк давлатлардан бўлди.
100 кунлик сарҳисоби: Трамп рейтинги тушиб кетганини фейк дейди

Сурат манбаси, .
Доналд Трамп президентлиги 100 кунлигини Детройтда ўз тарафдорлари даврасида "байрам қилди", у ерда нутқ сўзлаб, шу давра мобайнида улкан ютуқларга эришганини айтди.
"Биз эндигина бошладик, сиз ҳали ҳеч нарса кўрганингиз йўқ", деди Президент Трамп.
Чиндан ҳам АҚШга кирган ноқонуний муҳожирлар сони кескин тушиб кетди, шу йил март ойида 7000 дан ортиқроқни ташкил этган, ўтган йил мартида бу рақам 140 мингни ташкил қилган.
Оқ Уйга кўра, шу вақтгача Америкадан 65 минг ноқонуний муҳожир депортация қилинган, АҚШ мулозимларига кўра, ўтган йил бу кўрсаткич 270 мингни ташкил қилган.
2 апрел кунини Трамп "Озодлик куни" деб эълон қилди, бошқа мамлакатларга нисбатан бож тарифларини кўтарди.
Аксар мамлакатларнинг маҳсулотларига 10 фоизлик бож эълон қилинди, Ўзбекистон ҳам ана шу 10 фоизлик тариф жорий қилинган мамлакатлар рўйхатига кирди.
АҚШ сиёсатига қарши Хитой ҳам Америка товарларига божларни кўтарганидан кейин Трамп Пекинга қарши фоизларни 145 га чиқарди.
Трампнинг ушбу сиёсатлари молия бозорларини ларзага солди, акциялар баҳолари кескин пасайиб кетишига, облигация ҳамда валюта бозорларидаги алғов-далғовга сабаб бўлди.
Президент Трамп бюджет харажатларини камайтириш мақсадида миллиардер Илон Маскни ҳукумат самарадорлиги деб номланган DOGE тузилмасига раҳбар этиб тайинлади, Илон Маск барча ҳукумат вазирликлари, идора ва ташкилотлари сарф-харажатларини ревизия қилишни бошлади.
Ходимлардан ўзи ишлаётган ташкилот ҳақидаги фикрлари талаб қилинди, қатор вазирликларни ёпиб юбориш, ходимларини ишдан бўшатиш қарори олинди.
Бунга жавобан ишчи, ходимлар ва ташкилотлар ҳукуматни судга бердилар.
Трамп бошқаруви вақтида инфляция, энергия ҳақлари ва ипотека фоизлари пасайди, бироқ ишсизлик кўпайгани кузатилди.
Трамп Федерал резерв ёки марказий банк раҳбари Жереми Пауэллдан фоиз ставкасини пасайтиришни талаб қилмоқда, аммо Жереми Пауэл бу қарорни мамлакатдаги иқтисодий аҳволдан келиб чиқиб қабул қилишини айтаяпти, Трампнинг лавозимидан бўшатиш пўписасига конституциягаа биноан президентнинг марказий банк раҳбарини ишдан олишга ҳаққи йўқлигини айтааяпти.
Трамп президентлининг 100 кунида унинг оммабоплик рейтинги 44% га тушди.
Охирги асрлардаги АҚШ президентлари орасида ҳеч қайси президент қўллаб-қувватлови бу даражада пасайиб кетмаган.
Бироқ Трамп рейтинги тушиб кетгани хабарларини сохта дейди, аксинча, рейтингим баланд дейди.












