Тошкент аёллар учун қанчалик хавфсиз? – жинсий тазйиқ, ижтимоий камситиш ва маиший зўравонликлар ҳақида

ayol

Сурат манбаси, BBC Uzbek

Сурат тагсўзи, ... вақт ўтган сайин аёллар хавфсизлиги билан боғлиқ вазият ташвишли тус олаётгани ҳақида хабарлар кўпаймоқда.
Ўқилиш вақти: 4 дақ

"Шилқимлик ва ёмон кўз билан қарашлар ҳали ҳам тез-тез бўлиб туради. Лекин булар ҳақида энди гапирмайман," дейди Малика опа. "Эрим нотўғри тушунади, бегона эркакнинг олдида нима қилиб юргандинг, дейди". Тошкент аёллар учун қанчалик хавфсиз шаҳар?

Малика опа (исм ўзгартирилган) Тошкентдаги маҳаллалардан бирида озиқ-овқат маҳсулотлари сотади.

7 ойлар аввал қўшни эркак унга шаҳвоний шилқимлик қилган.

Малика опа бу ҳақида эрига айтишни афзал билган.

Бироқ, айни шу суҳбатдан кейин оилада келишмовчилик юзага келган.

Бутун оила уни енгил табиатликда айблаган.

Қанчалик хавотирли бўлмасин, кўпчилик ўзбек оилаларида маиший зўравонлик турмуш тарзининг бир қисми ўлароқ қабул қилинади.

Бироқ, вақт ўтган сайин аёллар билан боғлиқ вазият ташвишли тус олаётгани ҳақида хабарлар кўпаймоқда.

Кўча-кўй ва жамоатчилик орасида туғилувчи хавф хотин-қизларни нафақат эркин ишлаш ва яшаш имкониятидан, балки фундаментал ижтимоий муносабатлардан ҳам ажратиб қўйиши мумкин.

Кеч кириши билан кўпчилик аёллар ёлғиз кўчага чиқа олмайди. Кўчалар қоронғи. Чекка ҳудудларда эса хавфсизлик хизмати жуда кам учрайди. Иш берувчи компаниялар тунги сменалар учун аёл ходималарни олишдан манфаатдор эмас.

Ўқиш жойларида эркак профессорлар билан суҳбатда бўлиш доим ҳам хавфсиз кечмайди. Талаба хотин-қизлар жинсий қониқиш манбаи сифатида қаралишдан ёзғиради. Айни шу шилқимлик ортидан университетдан кетган ё ўз жонига қасд қилмоқчи бўлган талаба қизлар ҳикояси вазият нақадар хавотирлилигини кўрсатади.

Жинсий муносабатлар эндигина куртак ёза бошлаган Ўзбекистонда бу мужда ҳаминқадар янги туйилсада, бир савол очиқ қолади: Ўзбекистон шаҳарлари, жумладан, пойтахт Тошкент аёллар учун қанчалик хавфсиз?

Қадриятми ёки эҳтиёж?

Яқин-яқингача Ўзбекистонда шаҳвоний шилқимлик учун ҳеч қандай жавобгарлик белгиланмаган эди.

Жинсий тазйиқлар ҳақида ошкора гапириш бир томондан ижтимоий қаршиликка учраган бўлса, бошқа томондан ушбу жиноят учун ҳеч қандай жазо тури мавжуд эмасди.

2023 йил апрелига келиб шаҳвоний шилқимлик учун қатъий жазо тадбирлари ижрога кўчирилди.

Биргина 2024 йилнинг дастлабки 3 ойида эса 318 нафар киши шаҳвоний шилқимлик қилгани учун судланган.

Бу рақамлар жамоатчиликка маълум статистика, холос. Кўпчилик ҳолларда бу мавзуда очиқ гапиришдан истиҳола қилинади.

ayol

Сурат манбаси, BBC Uzbek

Сурат тагсўзи, Биргина 2024 йилнинг дастлабки 3 ойида 318 нафар киши шаҳвоний шилқимлик қилгани учун судланган.

Шу сабабдан, жиноятларнинг жуда кўпи давлат идораларига етиб бормайди. Асл вазият бунданда жиддий бўлиши мумкин.

Малика опа ҳам айни шу "ёпиқ" ижтимоий қадриятлар қурбонига айланган эди.

"Мен қўшнимиз устидан ариза қилайлик дедим. Аммо, эрим ва қайнонам кўнмади. Уят бўлади дейишди. Юз берган воқеада эса мени айблашди. Мен бир аёл сифатида ҳеч нима қилмаган эдимку, ўз ишим билан эдим," дейди у қўшни эркак билан юз берган воқеа бости-бости қилинганидан эътироз билдириб.

"Ҳозир ҳам бу мавзуда гапираётганимни билишса, аниқки, келишмовчиликлар юзага келади. Лекин мен каби аёллар жуда кўп."

Жинсий тегажоғлик бўйича батафсил маълумотлар Ўзбекистонда жамоатчиликка очиқ тақдим этилмасада, аёлларнинг баъзилари ҳатто иш ва ўқиш жойларида ҳам ўзларини хавфсиз ҳис қилмасликларини айтишади. Кўп ҳолларда аёлларга нисбатан жинсий қониқиш манбаи сифатида муомала қилинади.

Хусусан, кўпчилик аёллар кечки сайр учун бирон эркак сафдош билан чиқишни афзал кўради. Бу диний ёки анъанавий сабаблардан эмас, аксинча, эҳтиёждан келиб чиқишини таъкидлайди улар.

"Аёллар учун кечки 10 дан кейин кўчага чиқиш яхши эмас. Хавфсиз эмас. Менда қандайдир эҳтиёж туғилса, албатта, эрим билан чиқаман. Эрим бўлмаганда эса уйда ўтиришни афзал биламан," дейди улардан бири.

BBC Uzbek
Ayollar uchun kechki 10 dan keyin koʻchaga chiqish xavfsiz emas. Menda qandaydir ehtiyoj tugʻilsa, albatta, erim bilan chiqaman. Erim boʻlmaganda esa uyda oʻtirishni afzal bilaman.
Toshkent yashovchisi
Batafsil: bbc.com/uzbek

Тунда уйдан чиқмасликни ёқловчи аёлларнинг кўпчилиги бу уларнинг шахсий қарорлари эканлигини урғулайди. Улар бунинг сабабини эҳтимолий ўғрилик, тамагирлик ёки жинсий тазйиқларга боғлашади.

Бироқ, баъзи ҳолатларда эса аёлларга нисбатан руҳий босимларни ҳам учратиш мумкин.

Жумладан, журналист Инобат Ахатова 2023 йилнинг ноябрь ойида Тошкентдаги кафелардан бирига киритилмагани ҳақида ёзган эди.

Сабаб эса ҳақиқатан муаммоли — кафе ходимлари тунги 22:30 дан кейин аёллар қабул қилинмаслигини айтишган.

Ваҳоланки, Ўзбекистонда жинсга кўра ажратиб, муомалада бўлиш қонунан тақиқланади.

Эркакларни жазолаш керакми ёки аёлларни "жиловлаш"?

ayol

Сурат манбаси, BBC Uzbek

Сурат тагсўзи, Хотин-қизлар жамоат жойларида кам кўриниши керак, дея таъкидлайдиган қатлам ҳам бор.

Гарчи шаҳвоний шилқимлик учун жазо чоралари белгилаб берилган эсада, маҳаллий матбуот саҳифаларида шилқимликни тавсифловчи янгиликларни тез-тез учратиш мумкин.

Шаҳвоний шилқимликни тарғиб қилувчи ижтимоий контентлар ҳам ўзбек жамоатчилиги учун янгилик эмас.

Эҳтимол, вазият белгиланган жазо чораларининг енгиллигидадир.

Сабаби, шаҳвоний шилқимлик учун энг оғир жазо бу 15 сутка қамоқ жазоси, холос.

Таққослаш учун, Швецияда шаҳвоний шилқимлик учун 6 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланган.

Гендер фаолларининг фикрларига кўра, жинсий тазйиқларга барҳам беришнинг энг яхши усули ҳам жазо чораларининг кучайтирилишидир.

Бироқ, одамлар орасида жинс билан боғлиқ жиноятлар учун жазо нормаларини оширишдан кўра аёлларнинг ижтимоий фаолиятини чеклаш кераклигини урғулайдиганлар ҳам йўқ эмас.

Уларнинг фикрича, шаҳвоний шилқимликнинг юз беришида бирламчи омил аёлларнинг ўзи.

Хотин-қизлар жамоат жойларида кам кўриниши керак, дея таъкидлайди улар.

Ваҳоланки, Ўзбекистон қонунчилиги ҳар бир шахснинг яшаш ҳуқуқини кафолатлашга қаратилган.

Жойлардаги назорат постлари эса фуқаролар осойишталигини таъминлаш учун. Ҳар қандай тазйиққа нисбатан қонуний чора кўрилиши белгиланган.

Умуман олганда, хавфсизлик учун зарур барча шароитлар қилинган. Бироқ, пойтахт Тошкентда айрим аёллар ҳануз хавотир сезишларини айтади.

Қуёш уфққа оғиб, соат кечки 6 га яқинлашар экан, Малика опа ҳам дўконни ёпиб, уйга қайтади.

"Шаҳар қачон хавфсиз бўлади? Сиз ўзингизни ҳимоя қилолганингизда," дейди у.