Россия: Нега кўпхотинлик сўнгги беш йилликнинг энг кескин баҳсларидан бирига айланди?

Сурат манбаси, Getty Images
- Author, Соҳиба Ҳаёт
- Role, Мустақил журналист
- Ўқилиш вақти: 7 дақ
Россияда туғилиш даражаси сўнгги 25 йилликда энг паст кўрсаткичга тушди. Демографик инқироз авж олар экан, "кўпхотинлик ечими" ўртага чиққан.
Бу давр мобайнида мамлакатда ўлим ҳоллари 4,83% га ортган.
Сўнгги 5 йилда Россия аҳолиси 1 миллиондан зиёдга камайган.
Бу давр мобайнида 2 миллиондан зиёд россиялик мамлакатни тарк этган.
Росстат 2017 йилдан бери Россияда аҳоли табиий ўсиши кузатилмаётганини қайд этган.
Инқирозга қарши кураш
Россия демографик инқироз ёқасида экан, ҳукумат бу масалани парламентда тез-тез муҳокама қилиб, туғилишни рағбатлантириш, ижтимоий ёрдамлар ва соғлиқни сақлашга катта эътибор қаратиш ҳақида бонг ура бошлади.
Ўтган йилнинг ўзида шахсан резидент Путин камида уч марта Россияда демографик вазиятни яхшилаш ва туғилишни рағбатлантиришга қаратилган аниқ таклифлар билан бу муаммони кун тартибига олиб чиққан.
Россия парламенти эса "бола туғмаслик" ҳаёт тарзини тарғиб қилишни тақиқлайдиган қонун лойиҳасини муҳокама қилган.
"Туғилишни рағбатлантириш ва оилавий қадриятларни ҳимоя қилиш" қонуни, "Оилавий капитал" (субсидия) га оид қонун, оилаларга икки ёки ундан ортиқ бола туғиш учун давлат томонидан молиявий ёрдам ҳамда туғилиш учун солиқ имтиёзлари бериш кўриб чиқилган.

Сурат манбаси, AFP
Владимир Путин ўтган йилнинг декабридаги чиқишида Россияда демографик вазиятни ўзгартиш учун шарт-шароитларни 2025 йилнинг ўзидаёқ яратиш кераклигини уқтирган.
У бу борада мавжуд вазиятдаги ўзгаришларни мураккаб вазифа деб атаган, аммо туғилишнинг ўсишига эришиш учун барча чораларни кўришга чақирган.
"Жаҳон миқёсидаги демографик инқирозни ҳисобга олган ҳолда, Россияни ҳам қамраб олган бу масалада давлатнинг энг муҳим йўналиши ва ҳаракатлари оилага ва туғилишга кўмак беришдир", деган Путин.
Шу билан бирга, президент "объектив сабаблар туфайли, барчаси бизга боғлиқ эмас" деб таъкидлаган ҳам.
Демографик инқирознинг мамлакатдаги сиёсат ва ҳукуматга тегишли қисмини эса Россия президенти тилга олмаган.
Кутил(ма)ган фатво
Аҳоли сони ва туғилишнинг камайиб бораётгани борасида кечган давлат даражасидаги муҳокамалар манзарасида Россия Диний ишлар бошқармаси Россияда диний кўпхотинлиликка рухсат берилганини эълон қилган.
"Россия мусулмонлари диний идораси (ДУМ РФ) Уламолар Кенгаши россиялик мусулмонларга агар эр ва хотинлар ўртасида адолатли ва тенг муносабат бўлса, тўртгача диний никоҳ тузишга рухсат берди, дея хабар берган 20 декабрь куни РИА Новости Москва муфтийси Илдар Аляутдинов маълумотига таяниб.
Россия мусулмонлари диний бошқармаси Уламолар Кенгаши раиси ўринбосари ўринбосари ва Москва муфтийси Илдар Аляутдинов ушбу фатво "Россия мусулмон жамиятида кўп хотинлик масаласи" ҳақида қўмитанинг 17 декабрь кунги кенгайтирилган йиғилишида қабул қилинганини маълум этган.
Илдар Аляутдинов фатвони изоҳларкан, кўпхотинлик "ҳар бир аёлга адолатли ва тенг муносабатда бўлиш шарти билан" эканини таъкидлаган.

Сурат манбаси, TASS
Муфтийнинг сўзларига кўра, бу шартни бажариш бир неча мезонлар билан аниқланади.
Улар орасида ҳар бир аёлига тенг даражада молиявий таъминот бериш, ҳар бирига алоҳида уй тақдим қилиш ва эркакнинг барча аёллари билан белгиланган тартибда тенг вақт ўтказиши, рафиқасидан бошқа оиласи борлигини беркитмаслиги каби шартлар мавжуд.
Бу шартлар бажарилмаган тақдирда, эркакка кўпхотинликка рухсат берилмаслиги айтилган.
"Эркакнинг бир вақтнинг ўзида иккинчи, учинчи ёки ҳатто тўртинчи диний никоҳни тузиш имконияти ҳақида қарор қабул қилинди. Бу, агар хотиннинг соғлиғи билан боғлиқ сабаблар, репродуктив ёшнинг тугаши ёки бошқа объектив сабаблар, масалан, хотиннинг жинсий лаёқатсизлиги туфайли фарзанд кўриш қобилияти йўқ бўлса, қабул қилинади. Шунингдек, агар хотин бола туғишни истамаса, бу ҳолат ҳам ҳисобга олинади", деган Аляутдинов.
Баҳслар кучайди ва…
Диний бошқарманинг бу фатвоси шу куниёқ Россия ОАВларида кенг тарқалган ва кескин баҳсу мунозараларни юзага келтирган.
Ҳуқуқшунослар бу фатвонинг Россиянинг амалдаги қонунларига хилоф экани ҳақидаги далилларни илгари суришган.
Муфтий Аляутдинов "Бу фатво тартиблари Россия "Оила кодекси" ўрнатган қонунларнинг ўрнини босмайди, балки фақат диний никоҳда бўлган эр ва аёлнинг ҳуқуқ ва бурчларини тушунтиради", дея изоҳ берган.
Нашрлар Россия қонунлари бир никоҳни, яъни ЗАГСда тузилган никоҳни тан олишини таъкидларкан, Уламолар кенгаши "Диний никоҳда бўлган аёлнинг ҳуқуқлари юридик жиҳатдан мустаҳкамланмаган. Бизнинг фатвомиз бундай аёлларнинг ҳам ҳуқуқларини сақлаш учун керакли ҳаракатларни амалга оширишга ёрдам беради", деган.
Россия Давлат думаси Мусулмонлар диний бошқармасига Конституцияга риоя қилиш зарурияти эслатган.
Rossiya Federatsiyasining barcha fuqarolari... dunyoviy qonunlarimizga muvofiq yashashadi. Moskva muftiysining bayonoti bizning oilaviy qonunchiligimiz tamoyillariga zid.
Уламолар Кенгашининг фатвосига кескин танқид билан чиққан Россия Давлат думаси депутати Нина Остонина Россия дунёвий давлат эканини ва давлатнинг фуқароларнинг диний ҳаётига аралашиш ҳуқуқи йўқлигини таъкидлаган ва ўз навбатида, улар ҳам дунёвий қонунларга риоя қилиши керак, дея мурожаат қилган.
Парламент вакили Конституцияга мувофиқ яшаш қайси динга эътиқод қилишларидан қатъий назар, барча россияликлар учун мажбурий эканини эслатган.
"Россия Федерациясининг барча фуқаролари Калининграддами, ё Доғистонда, Тува ёки Камчаткада яшасалар ҳам, дунёвий қонунларимизга мувофиқ яшашади. Москва муфтийсининг баёнотларида айтилган нарсалар бизнинг оилавий қонунчилигимиз ва Конституциямизнинг асосий тамойилларига зиддир", деган Нина Остонина.
Фатво "қайтиб" олинди
5 кун давом этган бу резонансли мавзуга Россия Бош прокуратураси нуқта қўйган.
Россия Бош прокуратураси Мусулмонлар Диний Бошқармаси раисига бир неча аёл билан никоҳ тузишни маъқуллайдиган диний қарор (фатво) бўйича тақдимнома киритди, дея хабар қилган РИА Новости ўз манбаларига таяниб.
"17 декабрь куни Мусулмонлар Диний Бошқармаси Уламолар Кенгашининг "Россия мусулмонлар жамиятида кўп аёллик масаласи" мавзусидаги диний хулосаси амалдаги қонунчиликка ва давлат юритаётган оила сиёсати асосларига, шунингдек, Россиянинг анъанавий маънавий-ахлоқий қадриятларини сақлашга зиддир. Юқоридаги сабабларни инобатга олиб, Россия Федерацияси Мусулмонлар диний идораси раисига қонун бузилишини бартараф этиш учун тақдимнома киритилди", дея агентлик манбасидан иқтибос келтирган нашр.
Шунингдек, Бош прокуратура Россия Федерациясининг Оила кодекси бошқа билан никоҳда бўлиб турган шахслар орасида яна бошқа ўзаро никоҳни қайд этишни маъқулламаслигини таъкидлаган.

Сурат манбаси, Reuters
Шу билан бирга диний ташкилотлар ўзларининг ички низомларига мувофиқ ҳаракатларини Россия қонунларига зид бўлмаган ҳолда, "Эътиқод эркинлиги ва диний бирлашмалар ҳақида"ги федерал қонунга кўра фаолият кўрсатиши лозимлиги эслатиб ўтилган.
Бунга жавобан, Россия Мусулмонлар Диний Бошқармаси раиси Уламолар кенгаши қарорини бекор қилди.
"РФ Мусулмонлар Диний Бошқармаси Уламолар кенгаши фатвони "қайтариб олди". Аллоҳнинг иродасига кўра, Уламолар кенгаши баҳсга киришдан маъно кўрмайди", дея ёзган бошқарма раис ўринбосари Шамил Аляутдинов шу куни ўзининг Telegramʼдаги каналида.
Уруш билан боғлиқми?

Сурат манбаси, Reuters
Россияда кўпхотинлик мавзуси кенг миқёсда 1999 йилдан бери қизғин муҳокама қилинмоқда.
Энг жиддий баҳслар Ингушетия Республикаси президенти Руслан Аушевнинг фармонидан бошланганди.
У ўшанда ўлкада "Эркаклар уйланиш ҳуқуқига эга бўлиб, тўртта аёл билан никоҳ тутишлари мумкин" дея кўпхотинликни қонун билан белгилаб қўйганди.
2000 йилда Россия Олий суди бу фармонини мамлакат қонунларига зид дея бекор қилган.
Шундан сўнг, кўпхотинлик масаласи бир неча бор сиёсатчилар ва бошқа шахслар томонидан кўтарилган.
Жумладан, Чеченистон Президенти Рамзан Қодиров, ЛДПР нинг собиқ раҳбари, марҳум Владимир Жириновский ҳам бу мавзуни кун тартибига олиб чиққан, аммо уринишлар самарали бўлмаган.
Бу гал ҳам Россия Мусулмонлар Диний Бошқармаси расман чекингани билан, амалда муҳокамалар давом этмоқда.
Россия Федерацияси Мусулмонлар Диний Бошқармаси раиси Равил Гайнутдин кўпхотинликка рухсат берувчи фатвони Россия-Украина уруши билан боғлаб изоҳлаган.
"Марҳум мусулмон жангчилар бор"
"Фатво қабул қилиш дунёвий қонунчиликка аралашиш бўладими? Албатта, йўқ, чунки бу ерда гап фуқаролик никоҳи ҳақида эмас, балки диний никоҳ ҳақида бормоқда. Бу мусулмон жамиятининг ички иши бўлиб, ибодатнинг бир тури сифатида фақат диннинг ички қоидалари билан тартибга солинади", — дея таъкидлаган Гайнутдин жамоатчилик томонидан фатвога бўлган танқидларга жавобан ёзилган баёнотда.
Уламонинг таъкидлашича, диний никоҳда туғилган болаларнинг оталари аёлларини давлатдан ёрдам талаб қилишга мажбур қилмай, уларни таъминлаши керак.
Аввал аёллар ва болаларни ҳимоя қилиш важи келтирилган бўлсада, Россия таъбири билан "махсус ҳарбий операция" аталмиш Украинага босқин мавзуси бу муҳокамага аралаштирилмаганди.
Танқидлардан кейин диний бошқарма раиси Россия-Украина уруши оқибатларидан сўз очган.

Сурат манбаси, AFP
"Лекин бошқа вазиятлар ҳам бор. Бизнинг мусулмон жангчиларимиз, махсус ҳарбий амалиётга юборилганда, хавф даражасини тўлиқ англаган ҳолда, ўзларининг оилаларига ким ғамхўрлик қилиши ҳақида савол беришмоқда. Россия мусулмонларида қадимдан шу қабул қилинганки, ҳалок бўлган кишининг хотинига Ҳақнинг изми билан, марҳумнинг ака ё укаси уйланади. Ушбу никоҳдан туғилган болалар катта оиланинг ҳимояси остида ўссин, жамият томонидан ижтимоий муҳофаза бўлсин", — деди Гайнутдин.
Муфтий "иймондош сингиллар"дан Уламолар кенгашининг қарори маъносини ўша заҳоти батафсил етказмагани учун узр сўраган.
Гарчи Мусулмонлар Диний бошқармаси мусулмон жангчилар вафоти ҳам Россия демографик статистикасининг бир қисми эканини айтмаган бўлсада, марҳум жангчиларнинг аёллари ва болаларига ижтимоий ҳимоя ва ёрдам, наслларининг давом эттирилиши масалалари тилга олинган.
Расмий рақамларга кўра, Россия аҳолисининг 15 миллиондан зиёдини мусулмонлар ташкил қилади. Улар орасида Россия Украина урушида иштирок этаётган мусулмон аскарлар ва қурбон бўлганлар сони маълум эмас.
Сўнгги беш йил давомида Россия аҳолиси 1,043,341 кишига камайган.
Шу давр мобайнида 2,5 миллион киши мамлакатни тарк этган, ўлим ҳоллари эса 4,83% га ортган.
Таҳлилчилар демография инқирози 2022 йилдан, яъни Россиянинг Украинага босқинидан сўнг кескинлашганини билдиришмоқда.
Очиқ манбалардан мамлакатдан чиқиб кетганлар ва урушда вафот этганларнинг аниқ сонини топиш ҳозирча имконсиз.
Аммо 2024 йилга келиб демографияни яхшилаш учун саъй ҳаракатларнинг ҳукумат даражасида уринишлари, бу мавзунинг кун тартибидан тушмаётгани вазиятнинг тобора жиддийлашиб бораётганини кўрсатади.












