Рамзан Қодиров Комил Алламжоновга таҳдид қилди, президент Мирзиёев атрофидаги "тайёргарлик"дан огоҳлантирди

Рамзон Қодиров Ўзбекистондаги нуфузли оила билан дўстлигидан фахрланишини айтган

Сурат манбаси, Kadyrov_95

Сурат тагсўзи, Рамзон Қодиров Ўзбекистондаги нуфузли оила билан дўстлигидан фахрланишини айтган
Ўқилиш вақти: 3 дақ

Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров Ўзбекистон президент девонининг собиқ амалдори Комил Алламжоновга "одатлари бўйича" жавоб бериш билан таҳдид қилди ва бўлаётган ҳодисалар Ўзбекистон президенти атрофида кўринишдан зарарсиз, аммо хавотирли тайёргарлик қўнғироғи эканлигини айтди.

Рамзан Қодиров Ўзбекистон икки чеченистонликни Комил Алламжонов ва яна бир амалдор Дмитрий Лига суиқасд иши бўйича қидирувга берганлиги ортидан Telegram каналида муносабат билдириб чиқди.

Чеченистон раҳбари бундан икки ой олдин Комил Алламжоновга нисбатан содир этилган Тошкентдаги ҳужумни суиқасд деб аташ қийин деган. Ўзининг ушбу амалиётга алоқаси борлигини яна бир бор рад қилган.

"Ўшанда айтгандим, яна қайтараман: агар буни мен тайёрлаганимда, ишни ўша куни охирига етказардим. Мен ҳақимда бундай ёмон фикрда бўлманг", деган у.

Қодиров Ўзбекистон Истиқболли лойиҳалар агентлиги директори Дмитрий Лига ҳаётига нисбатан суиқасд буюрмасини "ғалати" деган. У ушбу ҳодисани суриштираётган Ўзбекистон терговчиларига нисбатан хизмат текшируви очилиши кераклигини урғулаган.

Алоқадор мавзулар:

"Менимча, ушбу воқеани чуқур ўрганиш билан бирга, у билан шуғулланаётган терговчиларга нисбатан хизмат текширув зарур", деган Рамзан Қодиров.

Россия Федерацияси таркибидаги Чеченистон раҳбари "бу шов-шувларнинг барчаси ичкаридаги маълум тараф" томонидан ўзларининг узоққа чўзилган саҳна орти ўйинлари учун фойдаланилаётганига ишончи комиллигини айтган.

Қодиров нима бўлган тақдирда ҳам чечен изларини бу "ҳийла-найрангларга жалб қилмасликни қатъий маслаҳат" берган.

Рамзан Қодиров Ўзбекистондаги нуфузли оила билан дўстлигидан фахрланиши билдирган.

У бўлаётган ҳодисаларни Ўзбекистон президенти атрофида тайёрланаётган ишнинг хавотирли қўнғироғи эканлигини таъкидлаган.

"Содир бўлаётганлар Ўзбекистоннинг амалдаги Президенти атрофида тайёрланаётган нарсалар ҳақида илк хавотирли ва кўринишдан зарарсиз қўнғироқдир. Рангли инқилобларнинг ғарбпараст сценарийлари ҳар хил, лекин улар ҳар доим кичик можаролардан бошланади", дея огоҳлантиради Чеченистон раҳбари.

Рамзан Қодиров айрим ОАВ гўёки президентнинг қизи ва куёви ҳокимиятга даъво қилиши мумкинлиги ҳақида "эртак" тўқигани ҳақида тўхталган.

Kadyrov_95
Birinchidan, Shavkat Mirziyoyevning qizlari bunchalik ahmoq emas. Ikkinchidan, qaynotasini ota deydigan Otabek Umarovning xarakteri va fidoyiligini kam odam biladi.
Ramzan Qodirov Mirziyoyev qizlari va kuyovi hokimiyatga da'vogarligi haqida
Checheniston rahbari (Batafsil: bbc.com/uzbek)

У бу хабарлар Мирзиёевнинг қайси қизи ва қайси куёви ҳақида ҳамда қаерда чиққанига ойдинлик киритмаган.

Аммо Чеченистон раҳбари ушбу хабарларга оила номидан жавоб берганини кўриш мумкин.

"Бу, албатта, кулгили. Биринчидан, Шавкат Мирзиёевнинг қизлари бунчалик аҳмоқ эмас. Иккинчидан, қайнотасини ота дейдиган Отабек Умаровнинг характери ва фидойилигини кам одам билади. У президентга ниҳоятда содиқ инсон, Шавкат Миромоновичга зарар беришни хаёлига ҳам келтирмайди. Мен ундан кўра, Грознийга бошқа галактикадан ўзга сайёраликлар келишига ишонган бўлардим", дейди Рамзан Қодиров.

Қодиров кимдир яхши жамоага путур етказишга, тизимни бузишга ҳаракат қилаётгани кўриниб турганини таъкидлаган.

Бизни ижтимоий тармоқларда ҳам кузатинг:

"Бу мамлакат раҳбариятига таҳдид соладиган пухта ўйланган сценарийдир. Президентни ишончли муҳитдан маҳрум қилиш учун, биринчи навбатда раҳбариятга содиқ одамлар ҳужумга учрамоқда" деган у.

Чеченистон раҳбари Ўзбекистон президенти оиласи вакилларини бўлаётган воқеа-ҳодисаларга баёнот бериб, миш-мишларга барҳам беришга чақирган.

Рамзан Қодиров мурожаатини Ўзбекистон Республикаси Президент администрацияси Ахборот сиёсати департаментининг собиқ раҳбари Комил Алламжонов ва Ўзбекистон Истиқболли лойиҳалар агентлиги директори Дмитрий Лига таҳдид билан якунлаган.

"Комил Алламжонов ва Дмитрий Лига қурбон ролини ўйнамасликни тавсия қиламан. Нимани режалаштираётган бўлсангиз, ўз вақтида тўхтатганингиз маъқул. Акс ҳолда барча ҳийла-найранг, туҳмат ва уйдирмалар учун жавоб беришингизга тўғри келади. Ҳозир мен одатларимизга кўра жавоб ҳақида гапиряпман", дейди Рамзан Қодиров.

Собиқ амалдорга суиқасд

Охирги марта суиқасддан бир кун ўтиб кўриниш берган Комил Алламжонов ҳозирча ҳодисаларга бирор муносабат билдиргани йўқ

Сурат манбаси, Facebook/Allamjonov

Сурат тагсўзи, Охирги марта суиқасддан бир кун ўтиб кўриниш берган Комил Алламжонов ҳозирча ҳодисаларга бирор муносабат билдиргани йўқ

Шу йилнинг 26 октябр куни Президент администрацияси Ахборот сиёсати департаментининг собиқ раҳбари Комил Алламжонов ўтирган машина Қибрай туманида номаълум шахслар томонидан ўққа тутилганди.

Ҳодисадан собиқ амалдор ва ҳайдовчиси жароҳатланмагани айтилган.

Шундан бироз ўтиб Ўзбекистон ДХХ раҳбари ишдан олинди.

"Озодлик" радиоси ҳодисада "чечен изи" ҳақида ёзди.

Нашр суиқасддан бир ой ўтиб Шавкат Мирзиёвнинг куёви Отабек Умаров Президент хавфсизлик хизмати раҳбарининг ўринбосари лавозимидан бўшатилганини хабар қилди.

25 ноябрь эълон қилинган расмий хабарда Отабек Умаров Миллий олимпия қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари лавозимига сайлангани айтилди.

Отабек Умаровнинг Президент давлат хавфсизлик хизматидан кетгани борасида расмий хабар ёки изоҳ берилмади.