Трамп 30 йиллик танаффусдан кейин, ядровий синовларни қайта тиклашни буюрди. Видео

Сило ичида кўрилган АҚШ ядровий ракетаси

Сурат манбаси, Getty Images

    • Author, Макс Маца
  • Ўқилиш вақти: 4 дақ

АҚШ президенти Доналд Трамп 30 йиллик танаффусдан сўнг мамлакатда ядровий қурол синовларини қайта бошлашни буюрди. У бу қарорни Россия ва Хитой каби давлатларнинг ҳарбий дастурларидан ортда қолиб кетмаслик учун қабул қилганини маълум қилди.

"Бошқа давлатларнинг синов дастурлари туфайли, мен Уруш Департаментига ядровий қуролларимизни тенг асосда синовдан ўтказишни бошлашни топширдим," - деб ёзди Трамп ижтимоий тармоқларда, Хитой раҳбари Си Сзинпин билан Жанубий Кореяда учрашув арафасида.

Трампнинг айтишича, АҚШ ҳозирда дунёдаги энг катта ядровий арсеналга эга. Россия иккинчи ўринда, Хитой эса "анча орқада". АҚШда охирги бор ядровий қурол 1992 йилда синовдан ўтказилган эди.

Бу баёнот Трамп Россиянинг ядровий двигателли ракета синовини танқид қилганидан бир неча кун ўтиб янгради. Бу ракета чексиз масофани босиб ўтиш хусусиятига эга экани айтилмоқда.

Алоқадор мавзулар:

Икки етакчининг учрашувидан сўнг Air Force One самолётида Трамп ядровий синов майдончалари кейинроқ белгиланишини айтди.

"Бошқалар синов ўтказаётган бир пайтда, бизнинг ҳам шундай қилишимиз ўринли деб ўйлайман," деди Трамп Вашингтонга қайтаётганида.

Қуролларни назорат қилиш бўйича Ассоциацияга (АCА) кўра, асримизда Шимолий Кореядан бошқа ҳеч бир давлат ядровий портлаш синовини ҳали ўтказмаган.

Трампнинг эълони синовлар қандай амалга оширилиши ҳақида тафсилотларни ўз ичига олмаган, бироқ у "жараён дарҳол бошланади" деб ёзган.

У чоршанба куни кечаси эълон қилган постида ядровий қуролларнинг "улкан ҳалокатли кучи"ни тан олди, аммо биринчи президентлик муддатида АҚШ арсеналини янгилаш ва таъмирлашдан бошқа иложи йўқлигини айтди.

Шунингдек, у Хитойнинг ядровий дастури "5 йил ичида бошқаларга етиб олишини" таъкидлади.

Трампнинг сўнгги бу баёноти АҚШнинг узоқ йиллик сиёсатидан воз кечишини англатади. АҚШ охирги марта 1992 йилда ядровий қурол синовини ўтказган, ундан сўнг Совуқ уруш тугаганидан кейин собиқ республикачи президент Катта Жорж Буш мораторий эълон қилган.

Россия эса ҳафта охирида ядровий жанговар каллакларни ташишга қодир иккита янги қуролни муваффақиятли синовдан ўтказганини эълон қилди.

Бу қуроллар орасида АҚШ мудофаа тизимларини ёриб ўта оладиган ракета ва Посейдон номли сув ости дрони бор. Бу дрон Америка ғарбий соҳилига зарба бериш ва радиоактив океан тўлқинларини келтириб чиқаришга қодир.

Бу синовлар ядровий қуролларнинг портлатилишини ўз ичига олмаган.

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш: Би-би-си ташқи саҳифалардаги контент учун масъул эмас YouTube бу контентда реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

Қайси давлат энг кўп ядровий қуролга эга?

Трамп АҚШда ҳар қандай давлатдан кўра кўпроқ ядровий қуролларга эга эканлигини айтди.

Ҳар бир давлат ўзида мавжуд ядровий каллаклар сонини сир сақлайди, бироқ Америка Фанлар Федерациясига (ФАС) кўра, Россияда тахминан 5,459 ядровий каллак бор. АҚШда эса 5,177 атрофида.

АҚШда жойлашган Қуролларни назорат қилиш ассоциацияси (АCА) кўра эса бу рақамлар бироз юқорироқи: АҚШнинг ядровий захираси 5,225 каллакни ташкил қилади, Россияда эса тахминан 5,580 та ядровий каллак бор.

FAS маълумотларига кўра, Хитой учинчи энг йирик ядровий куч бўлиб, тахминан 600 каллакка эга. Францияда 290, Буюк Британияда 225, Ҳиндистонда 180, Покистонда 170, Исроилда 90, Шимолий Кореяда эса 50 каллак мавжуд.

АҚШдаги Стратегик ва халқаро тадқиқотлар маркази (CСИС) маълумотларига кўра, Хитой сўнгги беш йил ичида ядровий арсеналини деярли икки баравар оширган ва 2030 йилга келиб 1,000 дан ортиқ қуролга эга бўлиши кутилмоқда.

Трампнинг ядровий синовлар ҳақидаги баёноти 2026 йил февралида тугайдиган Янги Стратегик Қуролларни қисқартириш шартномаси (Неw START) дан тахминан 100 кун олдин эълон қилинди. Бу АҚШ ва Россия ўртасидаги ядровий қуроллар бўйича сўнгги амалдаги шартномадир.

Ушбу келишув ҳар бир давлатга қитъалараро учиш қобилиятига эга жойлаштирилган ракеталарда 1,550 каллакдан ортиқ бўлмаслигини белгилайди.

АҚШда охирги ядровий синов қачон ва қаерда бўлган?

АҚШ охирги марта ядровий бомбани 1992 йил 23 сентабрда синовдан ўтказган. Синов АҚШнинг ғарбий штати Невададаги ер ости иншоотида бўлган.

Лойиҳага Divider код номи берилган бўлиб, бу АҚШ томонидан ўтказилган 1,054-чи ядровий қурол синови бўлган, деб хабар беради дунёдаги биринчи атом бомбасини яратишда муҳим роль ўйнаган Лос Аламос Миллий Лабораторияси.

Лас-Вегасдан 105 км шимолда жойлашган Невада синов майдончаси ҳанузгача АҚШ ҳукумати томонидан юритилади.

"Агар зарур деб топилса, ушбу майдон яна ядровий қурол синовлари учун рухсат этилиши мумкин" дейди Смитҳсониан Институти билан ҳамкорликда ишлайдиган Ядровий фан ва тарих миллий музейи.

Бироқ айрим мутахассислар таъкидлашича, АҚШга Невада синов майдонида ер ости ядровий синовларини қайта бошлаш учун камида 3 йил керак бўлади.

Қуролларни назорат қилиш ассоциацияси (АCА) ижрочи директори Дарйл Г Кимбалл " X" ижтимоий тармоғида шундай ёзди:

"Трамп нотўғри маълумотга эга ва воқеликдан узилган. АҚШда 1992 йилдан бери биринчи марта ядровий портлаш синовларини тиклаш учун ҳеч қандай техник, ҳарбий ёки сиёсий асос йўқ."

У шунингдек қўшимча қилиб: "Трамп бу билан Невада штатида кучли жамоатчилик норозилигини, АҚШ иттифоқчиларининг қаршилигини келтириб чиқаради ва бу АҚШ рақиблари томонидан ядровий синовлар занжирини бошлаши, ҳамда "Ядровий қуролларни тарқатмаслик тўғрисидаги шартнома" ни бутунлай йўққа чиқариши мумкин" деди.

Трампнинг эълони айрим мухолиф демократлар томонидан ҳам салбий қарши олинди. Невада вакили Дина Титус "Х" да шундай ёзди:

"Мен бу ишга чек қўйиш учун қонун лойиҳасини тақдим этаман."

АҚШ ядровий даврга илк бор 1945 йил июлда Ню-Мексикодаги Аламогордо саҳросида ўтказилган "Тринитй синови" билан кириб келган.

Шундан сўнг, Иккинчи жаҳон уруши даврида,1945 йил августда Япониянинг Хиросима ва Нагасаки шаҳарларига иккита атом бомбаси ташлаб, ядровий қуролларни урушда ишлатган дунёдаги ягона давлат бўлиб қолган.

Бизни ижтимоий тармоқларда ҳам кузатинг: