Таҳлил: Ўнлаб йиллик эътиборсизликдан сўнг нега Марказий Осиё Мўғулистон сари юзланмоқда?

Шавкат Мирзиёев Мўғулистонга ташриф буюрган илк Ўзбекистон президенти бўлгани айтилмоқда

Сурат манбаси, president.uz

Сурат тагсўзи, Шавкат Мирзиёев Мўғулистонга ташриф буюрган илк Ўзбекистон президенти бўлгани айтилмоқда
Ўқилиш вақти: 4 дақ

Шавкат Мирзиёев Мўғулистон заминига оёқ қўйган Ўзбекистоннинг илк президенти бўлди. Ундан олдинроқ Туркманистон президентининг ҳам Мўғулистонга бориши минтақа давлатлари ўнлаб йиллар эътиборсиз қолдирган давлатга нима сабабдан юзланяпти, деган саволларни пайдо қилди.

Пойтахт Улан-Батор июн ойида икки Марказий Осиё раҳбарини қабул қилди, деб ёзади eurasianet.org нашри.

"Сўнгги бир неча йил давомида Марказий Осиё давлатлари чегаравий низоларни ҳал этиш ва ўзаро савдо алоқаларини мустаҳкамлашга асосий эътиборни қаратди. Энди эса улар Мўғулистонни ҳам ўз иқтисодий қамровига қўшишга тайёр эканини кўрсатмоқда — бу мамлакат минтақа билан кучли маданий ва тарихий алоқаларга эга бўлса-да, ҳозиргача савдо ҳамкори сифатида деярли унутилиб келаётган эди", дейилади мақолада.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 24–25 июнь кунлари Мўғулистон пойтахти Улан-Баторга амалий ташриф буюрди — бу мустақиллик йилларида Ўзбекистон раҳбари томонидан амалга оширилган илк ташриф ҳисобланиши айтилмоқда.

Мирзиёев бу ташрифни "дўстона муносабатлар ва кўп қиррали ҳамкорликни ривожлантиришда тарихий воқеа" деб баҳолади.

Ушбу ташриф доирасида қишлоқ хўжалиги, кончилик, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, тўқимачилик саноати ва туризм соҳаларида ҳамкорликни йўлга қўйишга қаратилган бир қатор келишувлар имзоланган.

Мирзиёевнинг айтишича, Ўзбекистон Улан-Баторда савдо маркази ташкил этиб, уни "комплекс шериклик учун моддий база" сифатида фаолият юритишига эришмоқчи. Бундан ташқари, яқинда икки давлат ўртасида тўғридан-тўғри ҳаво қатновлари бошланиши ҳам маълум қилинди.

"Бу йўл харажатларининг 5 бараваргача пасайишига олиб келади. Ҳозир, Олма-ота орқали учиш 1000 долларга тўғри келади. Президентлар учрашувида маданий-гуманитар алоқаларга алоҳида эътибор қаратилган. Бу олимлар, ёзувчи ва шоирлар, санъат аҳли учун улкан имкониятлар яратади. Эслатиб ўтаман: Боболаримиз қолдирган энг кўҳна ёзма мерос - Ўрхун ёдгорликлари Мўғулистон ерларида. Уни тадқиқ қилишда бошқа эллардан орқада қолмаслигимиз керак", деб ёзади тилшунос олим Анвар Бўронов.

Мўғулистонга илк логистика

Президент ташрифи арафасида Ўзбекистон ва Мўғулистон орасида илк юк ташиш хизмати муваффақиятли амалга ошгани маълум қилинди.

Ўзбекистон собиқ Ташқи ишлар вазири Владимир Норовнинг ёзишича, Ўзбекистон–Қирғизистон–Хитой–Мўғулистон янги коридори орқали биринчи юк ташув 20 июн куни муваффақиятли амалга оширилди.

Ўзбекистондан чиққан пилот юк машиналари Қирғизистон, Хитой орқали Мўғулистонга етиб борган ва 4500 чақирим масофани босиб ўтган. Юклар 8 кунда манзилига етиб борган ва 1,5 минг метргача баландликдаги Тоғли Олтой ҳудуди орқали ўтган.

"Жаҳон логистикаси қайта шаклланаётган бир пайтда ушбу коридор анъанавий савдо йўлларига стратегик альтернативани таклиф этади, етказиб бериш муддатларини қисқартиради, логистика харажатларини оптималлаштиради, Ўзбекистон ва ҳамкор давлатлар учун иқтисодий барқарорликни мустаҳкамлайди", деб ёзади Владимир Норов.

Мўғулистонга қизиқаётган Марказий Осиё

дарахт экиш

Сурат манбаси, president.uz

eurasianet.org нинг ёзишича, Ўзбекистон Мўғулистонга қизиқиш билдирган ягона Марказий Осиё мамлакати эмас. Июн ойи бошларида Туркманистон президенти Сердар Бердимуҳамедов ҳам Улан-Баторда тантанали қабул қилинди.

"Гарчанд Бердимуҳамедовнинг ташрифи кўпроқ расмиятчилик ва тантаналар билан ўтган бўлса-да, икки давлат расмийлари 2026–2028 йилларни қамраб оладиган сиёсий алоқалар, транспорт логистикаси ва савдо соҳаларида ҳамкорлик дастурларини ишлаб чиқиш бўйича англашув меморандумларини имзолади".

Марказий Осиё давлатлари ва Мўғулистон ўртасидаги маданий умумийликлар бир неча асрларга — хусусан, XIII асрда Евроосиё ҳудудидаги Олтин Ўрда ҳукмронлиги даврига бориб тақалади.

"Кўчманчи анъаналар ва собиқ Совет Иттифоқи давридаги умумий тоталитар тажрибага қарамасдан, мустақилликнинг дастлабки 30 йилида мазкур мамлакатлар ўртасида жиддий дипломатик алоқалар ривожланмади", дейди нашр.

Skip Бизни ижтимоий тармоқларда ҳам кузатинг: and continue readingБизни ижтимоий тармоқларда ҳам кузатинг:

End of Бизни ижтимоий тармоқларда ҳам кузатинг:

Мақолада ёзилишича, Мўғулистон ўтган йили минтақа билан савдо алоқаларини йўлга қўйиш ташаббусини ўз қўлига олади. Президент Ухнаагийн Хурэлсух 2023 йил июнида Марказий Осиё пойтахтларига сафар қилган, октябрь ойида эса Қозоғистон Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев Мўғулистонга давлат ташрифи билан борган эди.

Июн ойида Улан-Баторда ўтказилган минтақавий савдо форумида Мўғулистон Бош вазирининг ўринбосари Доржханд Тогмид шундай деди:

"Мўғулистон эндиликда Марказий Осиёнинг фаол иштирокчисига айланмоқда. Биз энди кузатувчи эмасмиз".

Унинг сўзларига кўра, Мўғулистон Шарқий Осиёдан Европагача тўғридан-тўғри алоқаларни таъминловчи "Ўрта коридор" тармоғида "кўприк" вазифасини ўтайди. Шу билан бирга, у келгуси ойларда савдо тўсиқларини бартараф этиш учун норматив-ҳуқуқий база ва стандартларни мувофиқлаштиришга эътибор қаратиш лозимлигини таъкидлаган.

География ҳануз савдо ривожи учун асосий тўсиқ бўлиб қолмоқда. Марказий Осиё давлатлари ҳам, Мўғулистон ҳам денгиз портларидан узоқда жойлашган. Мўғулистон эса умуман Россия ва Хитой билан ўралган. Улан-Баторда сўзга чиққан Мирзиёев "денгизга чиқиш имконияти бўлмаган мамлакатлар сифатида экспертларни кенг жалб қилган ҳолда самарали транспорт йўналишларини биргаликда ривожлантиришга келишиб" олинганини маълум қилди.

Марказий Осиё – Мўғулистон муносабатларини мустаҳкамлашда АҚШ ва Европа Иттифоқи ҳам катта қўллаб-қувватлов кўрсатмоқда. АҚШнинг Мўғулистондаги элчиси Ричард Буанган 19 июн куни бўлиб ўтган минтақавий форумда шундай деди:

"Минтақавий ҳамкорлик бу стратегик танлов эмас — у узоқ муддатли тараққиёт ва фаровонлик учун заруратдир. Мўғулистон Марказий Осиё ва халқаро жамоатчилик ўртасида савдони ривожлантиришда ҳал қилувчи роль ўйнаши мумкин".