1400 йил олдин Араб мусулмон забтидан қочган порсий зардуштийлар қандай яшамоқда?

- Author, Черилан Моллан
- Role, BBC News, Мумбай
- Ўқилиш вақти: 4 дақ
Мусулмонлар келганида бугунги Эрон, Афғонистон ва Ўзбекистон каби мамлакатлар ҳудудларида яшаган айрим зардуштийлар Исломга кирмаслик учун Ҳиндистонга қочишганди. Уларнинг авлодлари ҳозир қандай яшаяптилар?
Ҳиндистоннинг молиявий пойтахти Мумбай(Бомбей)нинг жанубий чеккасидаги тор кўчада дунёдаги энг қадимий динлардан бири – зардуштийликка эътиқод қилувчиларга бағишланган музей жойлашган.
Фрамжи Дадабҳой Алпайвалла музейи тез камайиб бораётган ва асосан Ҳиндистонда яшовчи кичик этник гуруҳ – қадимги порсий жамоасининг тарихи ва меросини намойиш этади.
Ҳозирда атиги 50 000 дан 60 000 гача бўлган порсийлар асрларча илгари Ислом ҳукмдорларидан, диний таъқиблардан қочган форсларнинг авлодлари деб тахмин қилинади.
Ҳиндистоннинг иқтисодий ва маданий ривожига катта ҳисса қўшган бўлишларига қарамай, порсий жамоаси ҳақида кўп нарса асосий аҳоли ва кенг дунёга маълум эмас.
Музей куратори Керман Фатакиа шундай дейди: "Янги таъмирланган музей намойиш этилаётган ноёб тарихий ашёлар орқали одамларни порсий жамоасининг тарихи, маданияти ва анъаналарини ўрганишга таклиф қилиш орқали бу номаълумликни бартараф этишга умид қилади."


Бу ашёлар орасида Бобил, Месопотамия, Суза ва Эрондан келтирилган милоддан аввалги 4000-5000 йилларга оид миххат лавҳалар, сопол идишлар, тангалар ва бошқа нарсалар мавжуд.
Булар бир пайтлар зардуштий Эрон подшоҳлари – Аҳамонийлар, Парфия ва Сосонийлар сулолалари ҳукмронлик қилган жойлардир.
Шунингдек, милодий VII асрда араблар забтидан кейин Эроннинг бошқа ҳудудларидан қочиб, кўплаб зардуштийлар жойлашган Язд шаҳридан келтирилган ашёлар ҳам бор.
Кўргазмадаги эътиборга лойиқ ашёлардан бири Аҳамонийлар империяси асосчиси бўлган Форс шоҳи Буюк Кирнинг сопол цилиндри нусхасидир.
Фатакианинг айтишича, "Кир ёрлиғи" ёки "Кир цилиндри" деб ҳам аталадиган бу сопол цилиндр қадимги дунёнинг энг муҳим топилмаларидан биридир.
Миххат билан битилган бу цилиндрда Кирнинг Бобилдаги фуқароларига берган ҳуқуқлари баён этилган. Инсон ҳуқуқлари бўйича биринчи ҳужжат сифатида тан олинган бу цилиндрнинг нусхаси Бирлашган Миллатлар Ташкилотида ҳам намойиш этилади.
Бундан ташқари, VIII-X асрларда ва яна XIX асрда таъқиблардан қўрқиб ўз ватанидан қочиб, Ҳиндистонга кўчиб келган минглаб эронлик зардуштийларнинг миграция йўлларини кўрсатувчи хариталар ҳам мавжуд.
Тўпламда мебел, қўлёзмалар, расмлар ва таниқли порсийларнинг портретлари ҳам бор. Улар орасида Jaguar Land Rover ва Tetley Tea каби брендларга эгалик қилувчи машҳур Tata Group асосчиси Жамсетжи Нуссерванжи Тата ҳам бор.
Яна бир диққатга сазовор қисмда XIX аср бошларида Хитой билан чой, ипак, пахта ва айниқса, афюн савдоси орқали бойиб кетган порсийлар томонидан тўпланган ашёлар намойиш этилган.
Экспонатлар орасида Хитой, Франция ва ушбу глобал савдо алоқалари натижасида шаклланган бошқа минтақалар дизайнлари таъсирида яратилган анъанавий порсий сарилари мавжуд.


Музейнинг энг диққатга сазовор экспонатларидан иккитаси Сукунат минораси ва Порсий олов ибодатхонаси нусхаларидир.
Сукунат минораси ёки дахма – бу порсийлар ўз марҳумларини табиатга қайтариш учун қолдирадиган жой – на кўмилган, на ёқилган.
Фатакиа шундай дейди: "Бу нусхада жасад у ерга жойлаштирилгач, унга нима бўлиши аниқ кўрсатилган." У ҳақиқий минораларга кириш фақат айрим кишиларгагина рухсат этилишини таъкидлайди.
Олов ибодатхонасининг ҳақиқий ўлчамдаги нусхаси ҳам худди шундай қизиқарли бўлиб, одатда порсий бўлмаганлар учун тақиқланган муқаддас маконга нигоҳ ташлаш имконини беради.
У Мумбайдаги машҳур ибодатхонадан андаза олган бўлиб, Эрондаги қадимги форс меъморчилигидан илҳомланган муқаддас нақшлар билан безатилган.

Сурат манбаси, .


1952 йилда ўша пайтдаги Бомбейда ташкил этилган Алпайвала музейи шаҳарнинг энг қадимги муассасаларидан биридир.
Яқинда таъмирланган музейда замонавий кўргазмалар ва шиша витриналар ичидаги батафсил ёзувли экспонатлар мавжуд.
Ҳар бир ташриф буюрувчига экскурсия таклиф этилади.
"Бу кичик музей, лекин тарих билан тўла," дейди Фатакиа.
"Бу нафақат Мумбай ёки Ҳиндистон аҳолиси, балки бутун дунё учун Порсий жамоаси ҳақида кўпроқ маълумот берадиган ажойиб жой."












