Дин ва фан: Худо фақат қаҳҳорми?

Ўзбекистонда ибодат
Сурат тагсўзи, Худодан қўрқиш тушунчаси аксар динлар асосида туради.

Кўплаб табиат ҳодисаларининг сабабини англай олмаган қадимги одамлар уларга илоҳий ва ғайритабиий изоҳлар ўйлаб топгани бизга яхши маълум. Айнан шу тарзда табиат қудратини бошқарувчи худоларга нисбатан ишонч пайдо бўлган.

Бироқ охирги мингйилликлар давомида худоларда бошқа бир муҳим вазифа пайдо бўлган: улар одамларни гуноҳи учун жазоловчи ҳакамларга айлана бошлаган ва жамиятдаги ўзига хос ахлоқ нормаларини тартибга солиб турган.

Шу тариқа инсоният тафаккурининг тараққиёти билан худоларнинг хислатлари ва қудрати ҳам такомиллашиб бораверган. Бироқ олимлар ўн йиллардан буён бир масала устида тинмай баҳс-мунозара юритиб келдилар: ҳар нарсани кўриб тургувчи ва гуноҳкорларни қаттиққўллик билан жазолайдиган худолар биринчи бўлиб пайдо бўлганми ёки мураккаб ижтимоий тузилмага эга одамларнинг ўтроқ гуруҳларими?

Юзлаб қадимий жамиятларни ўрганиб чиққан Оксфорд Университетининг жамиятшунос ва антрополог олимлари бу жумбоққа жавоб топган кўринади.

Олимлар аҳоли масканида одамлар сони кўпайиб, жамият аъзоларини бирлаштириб турувчи қандайдир кучга эҳтиёж туғилгандан сўнггина «ахлоқ нормаларини назорат қилувчи қаттиққўл худолар» пайдо бўлган, деган хулосага келганлар.

Шундай қилиб, қадимий жамиятнинг бир-бирига ёт аъзоларини бирлаштирувчи ва уларни биргаликдаги ҳаракат орқали жамият равнақи билан машғул бўлишга ундовчи илоҳий кучлар образи юзага келган.

Буюк интиқом

Қадимги дунё худолари ўта шафқатсиз ва қасоскор зотлар бўлиб, улар кичик гуноҳ учун ҳам кишини қаттиққўллик билан жазолайди. Шу жиҳатдан улар меҳрибон ва шафқатли бўлмиш замонавий худолар образидан фарқ қилади.

Бундай ҳолат Эски Аҳдда яққол кўзга ташланади: агар муқаддас битикларга ишонилса, яҳудийлар худоси арзимаган гуноҳлар учун ҳам оммавий қирғинлар уюштирган.

Машҳур Pulp Fiction (Жиноий асар) филми қаҳрамони ҳар сафар қотилликка қўл уриши олдидан ўзининг бўлажак қурбонига Эски Аҳдда номи тилга олинган пайғамбар Зулфиклнинг қуйидаги сўзларини ўқиб беради: «Уларнинг устидан қаҳрли жазолар билан буюк интиқом содир этажакман; ва улар устидан Ўз интиқомимни содир этганимда, менинг Яратган эканимдан воқиф бўлурлар.»

Бу иқтибосни Янги Аҳддаги мана бу сўзлар билан солиштириб кўриш мумкин: «Айбламанг ва айбланманг; қораламанг ва қораланманг; кечиринг ва кечирилинг.»

Худолар айнан қачон жазоловчи кучга айлангани ва бунга нима сабаб бўлганини англаш учун Оксфорд Университети олимлари дунёнинг 30 та турли минтақаларида сўнгги 10 минг йил давомида мавжуд бўлган 414 қадимий жамиятни ўрганиб чиққанлар.

Ўзбекистонда
Сурат тагсўзи, Инсонлар табиат ҳодисаларини тушунмай, қўрқув асосида турли дин ва Худоларни ўйлаб топишган.

Ҳар бир жамият мураккаб ижтимоий тузилма нуқтайи назарига оид 51 белги (аҳоли масканининг қанчалик катталиги, ахлоқ қоидаларининг ёзма кодекси мавжудлиги ва ҳоказо) бўйича баҳолаб чиқилган. Шунингдек, жамият аъзоларининг илоҳий кучларга нисбатан бўлган эътиқодининг тўрт аломати ҳам ҳисобга олинган.

Маълум бўлишича, худолар нафақат табиат қудрати бошқарувчилари, балки ахлоқ назоратчилари сифатида акс эттирилган бизга маълум динлардан биринчиси қадимий мисрликларга тегишли экан.

Тахминан, милоддан аввалги 2800 йилда олий қуёш худоси Ранинг қизи - адолат, қонун ва тартиб маъбудаси Маат пайдо бўлган.

Маат кодекси қадимги мисрликларнинг ахлоқ борасидаги тасаввурларига асосланади.

Ушбу кодекс бўйича нотўғри амалга қўл урган шахс борлиқдаги уйғунликка путур етказади ва ўзи ҳамда атрофидагиларга бахтсизлик олиб келади. Шу сабабдан ҳам қадимги мисрликлар жамиятда Маат кодексига амал қилинишини диққат билан кузатиб борганлар.

Кейинроқ ўхшаш худолар образи бутун Евроосиёнинг қадимий давлатлари бўйлаб тарқала бошлаган: Месопотамия (тахминан, милоддан аввалги 2200 йил), Анатолия (милоддан аввалги 1500 йил) ва Хитой (милоддан аввалги 1000 йил).

Шундан сўнг, милодий даврдан минг йил аввал, динлар фаол тараққий эта бошлаган, буддизм ёки зардуштийлик каби динлар бирданига кўплаб жамиятлар ва давлатларни ягона ахлоқ кодекси остида ўзаро бирлаштирган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek