Кореядаги ёниб кетган учоқ ҳалокатига қушлар тўдаси сабабчими?

Видео тагсўзи, Самолёт ҳалокати акс этган тасвирлар
Ўқилиш вақти: 3 дақ

Якшанба тонгида самолётнинг аэропорт деворига бориб урилиш тасвирлари бутун дунёни ларзага солди. Jeju Air авиакомпаниясига тегишли самолёт ўз бортида 181 йўловчини Таиланддан олиб келаётган эди.

Уларнинг атиги икки нафаригина омон қолди.

Жанубий Корея заминида юз берган энг йирик авиаҳалокатнинг сабаби бўйича илгари сурилаётган дастлабки тахмин – бу қушлар галаси билан тўқнашув ва ёмон об-ҳаво шароити. Аммо айрим мутахассислар бу тахминни савол остига олмоқда.

Jeju Air авиакомпаниясига тегишли Боинг 737-800 самолёти 29 декабр куни маҳаллий вақт билан соат эрталабки 9:00 атрофида пойтахт Сеулдан қарийб 300 чақирим наридаги Муан Халқаро Аэропортига яқинлашганида, бошқарув марказидан одатдагидек қўниш рухсатини олган.

Алоқадор мавзулар:

Аммо Корея маҳаллий матбуоти ушбу рухсат берилишидан 3 дақиқа ўтиб, бошқарув маркази ҳудудда қушлар фаоллиги ортгани ҳақида огоҳлантирув эълон қилганини ёзган. Икки дақиқа ўтгач ҳаво кемаси экипажи қушлар билан тўқнашиб кетганини хабар қилиб, фавқулодда ҳолат сигналини берган ва фавқулодда қўнишни амалга оширишга уриниб кўрган.

Тарқалган видеода самолёт шасси чиқаролмаган ҳолда учиш-қўниш йўлагидан чиқиб кетиб, йўлак охиридаги деворга урилгани ва ёниб кетгани кўринади.

Оқибатда, бортдаги барча йўловчилар ва тўрт нафар экипаж аъзоси ҳалок бўлган. Самолётнинг омон қолган ягона қисми – дум томонда бўлган фақат икки инсон қутқариб олинган холос.

Йўловчиларнинг аскари қишки таътилдан қайтаётган кореяликлар бўлгани айтилмоқда.

Жанубий Корея расмийлари қурбонлар шахсини аниқлаш йўлиқда ДНК ва бармоқ излари намуналаридан фойдаланмоқда.

Омон қолган икки инсондан бири аллақачон хушига келиб, терговчиларга кўрсатма бераётгани хабар қилинмоқда. Фожиа ортидан мамлакатда етти кунлик мотам эълон қилинган. Янги йил байрами тадбирлари ҳам бекор қилиниши ёки қисқартирилиши кутилмоқда.

Учоқ думидан фақат икки киши қутқарилган

Сурат манбаси, EPA

Сурат тагсўзи, Учоқ думидан фақат икки киши қутқарилган

Ҳалокат сабабларини аниқлаш бўйича тергов ишлари давом этмоқда. Қора қутилар аллақачон топилган, аммо улардан бири сезиларли даражада зарар кўргани айтилади. Расмийлар ёзув қурилмаларидаги маълумотни ўрганишга бир ойга яқин вақт кетиши мумкинлигини маълум қилган.

Қушлар билан тўқнашув фарази кенг тарқалар экан, йўловчилардан бири ҳалокатдан бир неча дақиқа аввал ўз яқинига учоқ қанотига қуш келиб урилгани ҳақида хабар жўнатишга улгургани маълум бўлган.

Бир вақтнинг ўзида, айрим авиация соҳаси мутахассислари қушларнинг урилиши каби ҳолатлар одатда бундай ҳалокатли оқибатларга олиб келмаслигини таъкидламоқда.

Дастлабки фаразни савол остига олаётган мутахассислар қушлар билан тўқнашув тез-тез кузатилсада, бундай тўқнашувдан одатда двигателларга зарар етиши, замонавий самолётлар шассиси эса иккала двигател ишдан чиққан тақдирда ҳам очилиш имконига эга экани ҳақида гапирган.

Бизни ижтимоий тармоқларда ҳам кузатинг:

Уларнинг фикрича, фожиага техник носозлик ёки инсоний хатолар ҳам сабаб бўлган бўлиши мумкин.

Учоқ тасарруфида бўлган Жежу Аир авиакомпанияси эса самолётга ўз вақтида техник хизмат кўрсатилганини таъкидлаб чиққан.

Жанубий Корея ҳукумати қушлар билан боғлиқ фаразни ҳозирча расман тасдиқламаган. BBCга гапирган авиация соҳаси мутахассисларидан бири эса Жанубий Кореядаги бошқа компаниялар каби Jeju Air ҳам, ҳалокатга учраган учоқ ҳам аъло даражадаги хавфсизлик тарихига эга экани ҳақида гапирди.

Бу фожиа Кореяда авиация хавфсизлиги протоколларини қайта кўриб чиқишга ундаган. Вақтинча президент вазифасини бажараётган Чой Санг-мок мамлакатдаги барча авиакомпаниялар фаолиятини фавқулодда текширишни буюрган.

Фожианинг аниқ сабаблари ҳақидаги савол очиқ қолар экан, ҳалок бўлган 179 инсоннинг яқинлари марҳумлар жасадларини тезроқ оилаларига бериш ва моддий ёрдам кўрсатиш бўйича талабларни кучайтирмоқда.