Озарбайжон: "Россия авиҳалокатда айбни бўйнига олсин", Қозоғистон қора қутини Москвага эмас, Бразилияга юборди

Сурат манбаси, Reuters
Озарбайжон президенти Илҳом Алиев Россияни 38 кишининг ҳаётига зомин бўлган самолёт ҳалокатида айбни бўйнига олишга чақирди. Қозоғистон Кремл истагига қарши равишда учоқ қора қутисини Москвага эмас, Бразилияга юборди.
Самолёт Қозоғистонга йўналтирилишидан олдин Чеченистонга қўнмоқчи бўлган ва у ерда ҳалокатга учраганида Россия ҳаво мудофаа тизимлари томонидан ўққа тутилгани тахмин қилинмоқда.
Шанба куни Россия президенти Владимир Путин Озарбайжон президентидан самолётнинг Россия осмонида ҳалокатга учрагани учун узр сўради, аммо жавобгарликни ўз зиммасига олмади.
Алиев Москвани авиаҳалокатга алоқадорлигини дастлаб "бости-бости" қилишда айблади. Путиннинг узрини қабул қилар экан, у Россия "айбини тан олиши" ва товон тўлаши кераклигини урғулади.
Озарбайжон ҳаво йўллари (AZAL) самолёти 25 декабр куни Бокудан Чеченистон пойтахти Грознийга йўл олганида ўт отишга учраганлиги тахмин қилинмоқда.
J2-8243 рейси Чеченистонда йўналишини ўзгартиришга мажбур бўлди ва Қозоғистоннинг Актау шаҳри яқинида қулаб тушганди. Бортдаги 67 кишидан 38 нафари ҳалок бўлган.
Самолётдаги йўловчиларнинг аксарияти Озарбайжондан, қолганлари Россия, Қозоғистон ва Қирғизистон фуқаролари бўлишган.
Авиация мутахассислари ва бошқаларнинг фикрича, самолётнинг GPS тизими электрон таъсирлардан зарар кўрган ва кейин у Россия ҳаво ҳужумидан мудофаа ракеталари портлашлари натижасида шикастланган.
Бироқ Алиевнинг айтишича, ҳодисадан сўнг "Россия агентликлари қандайдир газ баллоннинг портлаши ҳақидаги версияларни илгари сурган", бу эса "Россия томони бу масалани беркитмоқчи эканлигини яққол кўрсатган".
Шунингдек, у Россияда айримлар самолётга қушлар урилгани ҳақидаги фаразга ёпишганини айтди. Алиев иккала фаразни ҳам "аҳмоқона ва сохтакорлик" деб таърифлади.
Озарбайжон президенти самолёт тасодифан уриб туширилганини эътироф этди, бироқ ҳалокатдан кейинги дастлабки уч кун "биз Россиядан фақат бемаъни версияларни эшитдик" деди.
Боку жума куни бўлиб ўтган воқеа юзасидан Москвага бир қатор талаблар қўйди, дейди у, ҳозирча улардан фақат биттаси – кечирим сўраш бажарилган.
Шанба куни Путин "фожиали воқеа" Россия ҳаво мудофаа тизимлари Украина дронларини қайтараётганда содир бўлганини айтди ва "ҳалок бўлганларнинг оилаларига чуқур ва самимий ҳамдардлик" билдирди.
Россия президенти самолёт Чеченистоннинг Грозний аэропортига қўнишга бир неча бор уринганини тан олди.
Бироқ ўша пайтда Грозний, Моздок ва Владикавказ шаҳарлари "Украинанинг учувчисиз учиш аппаратлари томонидан ҳужумга учраган ва Россия ҳаво мудофаа тизимлари бу ҳужумларни қайтарган", деди Путин.
Украина президенти Володимир Зеленский Россия "дезинформация тарқатишни тўхтатиши" кераклигини ва самолёт фюзеляжига этказилган зарар "зенит ракетаси зарбасини эслатишини" айтди.
Кремл баёнотида самолёт Россия ракеталари томонидан урилгани бевосита тан олинмайди.
Алиевнинг сўзларига кўра, Боку Россиядан "айбини тан олишини, айбдорларни жазолашни, Озарбайжонга ва ҳалокатдан омон қолганларга товон пули тўлашни талаб қилган.
Озарбайжон ва Россия иттифоқчи давлатлар ҳисобланади. Озарбайжон президенти: "Бизга дўст бўлган давлатда самолётимиз ердан урилади, деб ҳеч ким ўйламаган бўларди", деди.
Унинг бу сўзлари Озарбайжонда уриб туширилган самолёт учувчилари ва йўловчиларига ҳурмат бажо келтириш чоғида янгради.
Экипажнинг уч аъзоси - марҳум капитан Игор Кшнякин, иккинчи учувчи Александер Калянинов ва стюардесса Ҳокума Алиева самолётни 29 кишининг омон қолар даражада қўндирганликлари учун алоҳида тақдирланди.
Қозоғистоннинг самолёт қора қутисини Бразилияга бериш қарори олқишланмоқда
Қозоғистон Транспот вазирлиги Ақтауда ҳалокатга учраган Озарбайжон ҳаво йўлларига тегишли самолёт қора қутисини Бразилияга юборишини маълум қилди.
Бразилия ҳалокатга учраган Embraer самолётларини ишлаб чиқарувчи давлат ҳисобланади.
Олдинроқ Москва ҳодисани МДҲ томонидан қўмита тузиб, суриштирувни ўша ташкилотга топшириш кераклигини таклиф қилганди.
Кузатувчилар МДҲда Россия тўлиқ таъсирга эга эканлигини ва бу амалда суриштирув Кремл назорати остида бўлишини англатишини айтишганди.
Бироқ Озарбайжон томони ушбу таклифга кўнмаган.
Қора қутининг Бразилияга берилиши ҳам Қозоғистон ҳамда Озарбайжондаги жамоатчилик томонидан илиқ қаршиланган.
Авиаҳалокат атрофидаги қийин вазиятда Президент Қосим-Жомарт Тоқаев принципиал мавқени тутди, деб ёзади Озарбайжоннинг Minval нашри.
Экспертларнинг фикрига кўра, Боку ва Москва баҳсида Қозоғистон ўзининг сўзини айтди. Остона Россия лоббиси остидаги МДҲ халқаро авиацион қўмитасига қора қутии беришдан бош тортди.
Озарбайжон нашрларининг ёзишича, бу йўл билан Қозоғистон Озарбайжонда обрўсини икки карра кўтариб олди.
Россияга парвозларни тўхтатаётган авиа ширкатлар
Озарбайжон самолёти билан боғлиқ ҳодиса рўй бергач, шу вақтгача Россияга вақтинчалик учишни бекор қилаётган ширкатлар сони ортмоқда.
Озарбайжоннинг AZAL, Исроилнинг El Al ширкатларидан сўнг, Қозоғистоннинг Qazaq Air ширкати 28 декабрдан бошлаб бир ойга Остона-Екатеринбург йўналишидаги парвозларни бекор қилганини маълум қилди.
"Рейсларни тўхтатиш Россияда парвозлар хавфсизлигини мунтазам баҳолашдан сўнг, йўловчиларнинг ҳамда экипаж аъзоларининг хавфсизлигини таъминлаш мақсадида амалга оширилди", дейилади компания хабарида.
Бирлашган Араб Амирлигининг FlyDubai авиаширкати ҳам Сочи ва Минаралний Води шаҳарларидан Дубайга парвозларни 28 декабрдан 5 январгача тўхтатилишини айтди.
Туркманистон Ҳаво йўллари Ашхободдан Москвага учувчи рейслар 30 декабрдан, 2025 йилнинг 31 январигача тўхтатилишини маълум қилди.
Ўзбекистон Ҳаво йўллари ҳозирча Россиянинг хавфли ҳудудлари дейилаётган минтақаларига рейсларни бекор қилиниши ҳақида ҳеч нарса демади.
Россиянинг "Аэрофлот" авиакомпанияси самолёти йўловчининг соғлиғи ёмонлашгани сабабли фавқулодда Тошкентга қўнишга мажбур бўлгани хабар қилинди.
Uzbekistan Airportsнинг хабар беришича, Россиянинг "Аэрофлот" авиакомпаниясининг Фарғона – Москва йўналиши бўйича SU1971 рейсини амалга ошираётган самолёт 29 декабр куни Тошкент аэропортига фавқулодда қўнишни амалга оширди.
"Бунга йўловчилардан бирининг соғлиғи ёмонлашгани сабаб бўлган. Экипаж муқобил аэродромга боришга қарор қилди", дейилади хабарда.
Самолётлар парвозини кузатиб бориш мумкин бўлган flightradar24.com сайтида самолёт Қозоғистоннинг Қизилўрдасидан Тошкентга қайтганини кўриш мумкин.
Россия ширкатига тегишли учоқнинг нима учун Қозоғистондаги яқинроқ аэропортлардан бирига қўнмасдан, Тошкентга қайтгани борасида расмий изоҳ берилмаган.
25 декабр: Озарбайжон авиакомпанияси самолёт ҳалокатида "ташқи аралашув"ни айблади - гувоҳлар нимадир урилганини айтмоқда

Сурат манбаси, Reuters
Azerbaijan Airlines (AzAl) ширкати 25 декабр куни Қозоғистонда ҳалокатга учраган самолёти бўйича дастлабки суриштирув натижаларида унга "ташқи жисмоний ва техник аралашув" сабаб бўлганини айтди.
Ақтау аэропорти учиш-қўниш йўлагидан 3 км узоқликда Embraer самолёти юқори тезликда қулаб тушиб, ёниши оқибатида 38 киши ҳалок бўлганди.
Самолёт дастлаб Чеченистоннинг Грозний аэропортига қўнмоқчи бўлган. Бироқ гувоҳлар у Каспий денгизи орқали Қозоғистонга йўналтирилишидан олдин портлаш содир бўлгани ҳақида гапирган.
Россия фуқаро авиацияси агентлиги раҳбари жума куни журналистларга ўша куни Чеченистон пойтахтидаги вазият "жуда мураккаб" бўлганини ва ёпиқ осмон протоколи жорий қилинганини айтди.
"Украина жанговар дронлари Грозний ва Владикавказ шаҳарларидаги фуқаролик инфратузилмасига террорит ҳужумлар уюштирганди", деди Росавиация раҳбари Дмитрий Ядров.
"Шу сабабли Грозний аэропорти ҳудудида барча самолётларнинг белгиланган ҳудуддан зудлик билан учиб кетишини назарда тутувчи "Гилам режаси" жорий этилди. Бундан ташқари, Грозний аэропорти ҳудудида зич туман бор эди", - деди у.
Озарбайжон Ҳаво Йўллари (AzAl) жисмоний ва техник аралашув ҳақида батафсил маълумот бермади. Эҳтимол президент Владимир Путинга қарши бўлмаслик учундир, Боку ҳукумати Россияни бевосита айблашдан қочди.
Бироқ Озарбайжондаги авиация экспертлари ва давлатга яқин оммавий ахборот воситалари самолёт Россия ҳаво ҳужумидан мудофаа ракетаси портлаши натижасида учган парчалардан зарар кўрган деб ҳисоблашади.
"Булар гидравлик тизимга зарар етказган ракета парчалари. Самолётни бошқариш гидравликага асосланган", - деди озарбайжонлик фахрий учувчи Тоҳир Агагулиев Озарбайжон матбуотига.
Ҳалокатга учраган самолётда тирик қолган 29 киши орасида бўлган борт кузатувчиси Зулфуқар Асадов маҳаллий ОАВга "самолёт қандайдир ташқи зарбага учраганини" айтди.
"Зарба ичкарида ваҳима қўзғатди. Биз уларни тинчлантиришга, жойига ўтиртиришга ҳаракат қилдик. Ўша пайтда яна зарба бўлди, қўлим шикастланди".
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
Ижтимоий тармоқдаги постида Озарбайжон Ҳаво Йўллари (AzAl) ҳалокатга жавобан "хавфсизлик нуқтаи назаридан" Россиянинг етти шаҳрига парвозларни тўхтатганини маълум қилди.
Ширкат бундан олдинроқ Грозний ва унга қўшни Доғистоннинг Махачқалъасига парвозларини тўхтатган эди. Бироқ энди Сочи, Волгоград, Уфа, Самара ва Минералние Води шаҳарларини ҳам ушбу рўйхатга қўшди.
Исроилнинг энг йирик авиакомпанияси El Al Россия ҳаво ҳудудидаги ўзгаришларни сабаб қилиб, Москвага барча рейсларни тўхтатди.
Украина президенти матбуот котиби Андрей Ермак авиаҳалокат учун Россия жавобгар бўлиши кераклигини айтди.
Кремл Озарбайжон ҳаво йўллари самолёти Россия ҳаво мудофааси томонидан уриб туширилгани ҳақидаги хабарларга изоҳ беришдан бош тортди.
"Ушбу авиация ҳодисаси бўйича текширув олиб борилмоқда ва тергов натижасида хулосалар чиққунга қадар биз ўзимиздан бирор баҳо беришга ҳақли эмасмиз", деди президент матбуот котиби Дмитрий Песков.
Озарбайжонда ҳодисада ҳалок бўлишига қарамай, самолётнинг бир қисмини қўндириб, кўплаб йўловчиларнинг ҳаётини сақлаб қолган учувчиларни шарафлаш маросимлари ўтказилди.
Қозоғистон расмийлари жароҳатланганларга тиббий ёрдам кўрсатиб, тергов бўйича Озарбайжон билан яқиндан ҳамкорлик қилмоқда. Бироқ, улар ҳалокат суриштируви тафсилотларини беришдан бош тортишди.
Бокудан келаётган хабарларга кўра, Россия ҳам, Қозоғистон ҳам автоҳалокатни суриштириш учун Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги қошида қўмита ташкил этишни таклиф қилган.
Бироқ Озарбайжон собиқ Совет давлатлари иштирокида эмас, балки халқаро суриштирув ўтказишни талаб қилган.
26 декабр: Қозоғистондаги самолёт қулашига Россия-Украина урушининг таъсири борми?
Қозоғистоннинг Ақтау шаҳри яқинида қулаган самолёт ҳалокатига нима сабаб бўлгани борасида турли фаразлар янграмоқда. Ҳалокатга Россия-Украина уруши таъсир қилган бўлиши мумкинлиги ҳам айтилмоқда.
Москва суриштирувдан олдин турли фаразларга берилмаслик кераклигини таъкидламоқда.
Россия матбуотининг тасдиқланмаган хабарларига кўра, самолёт қулашдан олдин қушлар галаси билан тўқнашган бўлиши мумкин.
Озарбайжон бош прокурори "барча мумкин бўлган сценарийлар" текширилаётганини, президент Илҳом Алиев эса аниқ бир нарса дейишга ҳали эрта эканлигини айтди.
Ҳаво ҳужумидан мудофаа бўйича экспертларнинг тахмин қилишича, самолёт ичи ва сиртига етган зарар кўринишидан Грознийда фаол бўлган Россия ҳаво мудофааси ҳалокатга сабаб бўлган бўлиши мумкин.
Agar biz ko‘rib turgan parchalar namunasiga qarasak, havo hujumidan mudofaa raketasi samolyot orqa va chap tomonida portlaganga juda ham o‘xshaydi.
25 декабр: Қозоғистонда Azerbaijan Airlines самолёти қулади
"Агар биз кўриб турган парчалар намунасига қарасак, ҳаво ҳужумидан мудофаа ракетаси самолёт орқа ва чап томонида портлаганга жуда ҳам ўхшайди", дейди Sibylline компаниясидан Жастин Крамп BBC га.
Кремл матбуот котиби Дмитрий Песков суриштирувдан олдин турли фаразларга берилмаслик кераклигини айтди.
"Тергов хулосасидан олдин ҳар қандай фаразни олға суриш нотўғри. Биз ҳам, албатта, бундай қилмаймиз ва ҳеч ким бундай қилмаслиги керак. Биз тергов ҳаракатлари тугашини кутишимиз керак", деган у.
Ҳодиса жойидан тасвирлар улашган қозоғистонлик блогер Азамат Сарсенбаев 10 суткага қамалди.
Блогер ҳодиса жойидан тасвир улашгани учун полиция идорасига олиб кетаётганини айтган.
Кейинчалик полиция Азамат Серсенбаев жамоат тартибини бузиб, қутқарув ва суриштирув хизматларининг ишига ҳалақит бергани учун ушланганини маълум қилди.
Озарбайжон Ҳаво Йўллари Боку билан Россиянинг Грозний ва Махачқалъа шаҳарлари ўртасидаги парвозлар воқеа юзасидан текширув ўтказилгунга қадар бекор қилинишини билдирди.
Расмийлар самолётнинг парвоз маълумотларини ёзиб олувчи қурилмаси қайта тикланганини айтишди.
Озарбайжон ҳам, Қозоғистон ҳам воқеа юзасидан текширув бошлаган. Embraer ширкати BBCга "барча тегишли идораларга ёрдам беришга тайёр"лигини айтди.

Сурат манбаси, Reuters
Ақтау шаҳри яқинида бортида 67 йўловчи бўлган самолёт қулади. Дастлабки маълумотларга кўра, аварияда 28 инсон омон қолган.
Росавиациянинг расмий баёнотига кўра, самолёт Баку-Грозний йўналишида парвозни амалга ошираётган бўлган.
Илк чиққан хабарларда самолёт қуюқ туман туфайли аввал Махачқалъа, сўнг Ақтау томон йўналтиргани айтилади.
Росавиация эса Azerbaijan Airlines компаниясига тегишли учоқ қушлар тўдаси билан тўқнашиб кетганини тахмин қилган.
"Дастлабки маълумот: қушлар билан тўқнашиш ортидан ҳаво кемаси бортида юзага келган фавқулодда ҳодиса туфайли унинг командири захирадаги аэропорт томон учишга қарор қилган – у Ақтауни танлаган", маълум қилган Росавиация.

Сурат манбаси, Videograb/Social media
РИА Новости Грозний аэропорти берган маълумотга таяниб, учоқ туман туфайли ушбу аэропортга қўнишга рухсат ололмагани, сўнг лайнер Махачқалъа, унинг ортидан эса Ақтау томон йўналтирилгани ҳақида ёзган.
Шундан кейин Embraer 190 учоғи Каспий денгизининг шарқий соҳилида жойлашган Ақтау шаҳридаги аэропортга қўнишни амалга ошириш чоғида ерга қулаган.
Тармоқда тарқалган видеоларда самолёт ерга қулаши ортидан ёниб кетгани кўринади.
Azerbaijan Airlines ҳолатни "фавқулодда қўниш" деб атаган.
Қозоғистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги тарқатган сўнгги ахборотда бортда бўлгани айтилган 67 йўловчидан 29 нафари омон қолгани билдирилган.
Қулашдан сўнг самолёт бўлакланиб, дум қисми ажраб кетган. Воқеа жойидан олинган сурат-видеолардан омон қолганлар айнан дум қисмда бўлгани англашилади.
Тарқатилган дастлабки маълумотда самолёт бортида 37 нафар Озарбайжон, олти нафар Қозоғистон ва уч нафар Қирғизистон фуқаролари бўлгани айтилади.
Қозоғистон Транспорт вазирлиги ушбу маълумотни тасдиқлаган.
Қозоғистон полиция юз берган авария бўйича жиноят иши қўзғатгани хабар қилинмоқда.













