Россия Толибонга "лаббай", дедими, Ўзбекистон, Тожикистон, Озарбайжон... – толиблар яна кимдан миннатдор?

Сурат манбаси, gettyimages
Толибон ҳукумати Ташқи ишлар вазирлиги янги билдиришнома билан чиқди.
Ўз билдиришномасига 50 га яқин давлатнинг байроғини ҳам бирма-бир илова қилди...
Миннатдорлик

Сурат манбаси, taliban
Толибон ҳукумати Афғонистон шарқида юз берган ҳалокатли зилзиладан ўн кунча ўтиб, ўзларига ҳамдардлик билдирган ва кўмак йўллаган барчага миннатдорлик билдирди.
Вазирлик ўз хабарига давлат байроқлари аксини илова қилиб, бу мамлакатларнинг кимлардан иборат эканига билвосита аниқлик ҳам киритди.
Хабар Ўзбекистонда ҳам эътибордан четда қолмади.
Толибоннинг ўзларидан миннатдор экани шу кунларда Озарбайжон ва Арманистоннинг ҳам айрим нашрларида сарлавҳаларга чиқди.
Ҳалокатли зилзила 31 август куни Афғонистон шарқида юз берган, табиий офат 2000 дан ортиқ кишини ўлдирган, яна минглабига шикаст етказган ва бутунбошлик қишлоқларни ерпарчин қилган.
Талафот кўлами боис, Толибон ҳукумати дунё давлатлари ва халқаро ташкилотларга фавқулодда ёрдам сўраб, мурожаат билан чиқишгача борган.
Аммо Толибон ҳукумати фақат Россия томонидан расман тан олинган эмасми, бу Афғонистонга ким ва қандай ёрдам беришига оид саволларни ҳам пайдо қилмай қўймаган.
Ҳиндистон ва Хитойнинг тезкор жавоб муносабатлари манзарасида саноқли Ғарб давлатларининг кўмакка ҳозирликлари хабарларда алоҳида тилга олинган нуқталарга айланган, орада Россиянинг айрим нашрлари Толибоннинг ёрдам сўраб, Россияга мурожаат қилгани ҳақида ҳам ёзишган.
Улар бу хусусда Россия президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили сўзларидан иқтибос келтиришган ва Замир Кабуловнинг гапларидан Россиянинг Фавқулодда вазиятлар вазирлиги бу борада иш олиб бораётганликлари маълум бўлганди.

Сурат манбаси, .
Ёрдамлар

Сурат манбаси, Reuters
Агар шу кунларда олинаётган хабарларга таянилса, Россия орада бир неча кунлик фарқ билан Афғонистонга биринчиси асосан озиқ-овқат маҳсулотлари, иккинчиси эса, чодирлар ва кампаллардан иборат жами 40 тоннадан ортиқ икки партия инсонпарварлик ёрдами юборган.
Россиянинг айрим йирик ахборот агентликларида Толибон бошқаруви остидаги Афғонистонга бу ёрдамнинг президенти Путиннинг кўрсатмасига мувофиқ ва Россия ҳукумати томонидан кўрсатилаётгани алоҳида таъкидланган.
Воқеаларнинг бу каби ривожи, бошқа томондан, Россия тўрт йилдан буён уруш ичида бўлган, Украинага қарши жанг олиб бораётган бир пайтга ҳам тўғри келган.
Толибон Россиядан айнан қандай шаклдаги кўмак сўрагани тафсилотлари ўшанда ноаён қолган, аммо Путиннинг Афғонистон бўйича махсус вакили "Кобул Москвадан кучли зилзила оқибатларини бартараф этишда ёрдам сўраганлиги"ни билдирганди.
Шу дам олиш кунларида эса, Ўзбекистон Афғонистонда зилзиладан жабрланганлар учун 300 тонна озиқ-овқат, дори-дармон ва тиббий буюмлардан иборат ёрдам юборгани расман хабар берилган.
Кеча, душанба куни аксарият минтақавий таҳлилчилар томонидан Толибон ҳукуматига терс мавқеъда бўлган ягона минтақа давлати сифатида тилга олинувчи Тожикистон ҳам қўшнисига кўмак қилганига оид янгиликлар бўй кўрсатган.
Тожикистон нашрларида бу кўмакнинг Афғонистонга президент Эмомали Раҳмон кўрсатмаси асосида жўнатилгани, 3 тоннадан кўпроқ ёрдамнинг асосан бирламчи аҳамиятга эга маҳсулотлардан иборатлиги ҳақида ёзилган.
Ҳалокатли зилзила сатҳида ҳануз қутқарув ва кўмак ишлари давом этаркан, табиий офат Афғонистонга етказган инсоний ва моддий талафотнинг бор кўлами ҳозирча маълум эмас.
Толибон Ташқи ишлар вазирлиги илова қилган давлат байроқлари аксларига таянилса, табиий офатдан ортидан, Афғонистонга 50 га яқин мамлакат кўмак қўлини чўзган.
Уларнинг орасида Афғонистонга чегарадош барча Марказий Осиё давлатларининг байроқлари кўзга ташланади.
Сурати келтириб ўтилган давлат байроқлари мисолида Афғонистонга ёрдам юборган қолган постсовет давлатлари сафида Озарбайжон, Арманистон ва Беларуснинг ҳам борлиги кўрилади.
Зилзиладан жабр кўрган Афғонистонга 1 миллион фунт стерлинг ажратишларини расман маълум қилган Буюк Британия байроғидан тепа қаторда Америка Қўшма Штатлари, Италия ва Германияники ҳам келтирилган.
Сўнгги қатордан яна Европа Иттифоқи ва Испания, ўрта қатордан эса Саудия Арабистоники илова бир қанча мусулмон мамлакатларининг давлат байроқлари ҳам жой олганини кўриш мумкин.
Элликка яқин давлат Афғонистонга ваъда қилган, юборган ва юбораётган ёрдамлар баробарида ҳалокатли табиий офат оқибатларини аритиш учун Толибон ҳукуматига жами қанча ва қандай кўмак лозимлиги тафсилотлари ҳозирча маълум эмас.
Ҳалокатли зилзиладан эса Афғонистоннинг асосан тоғли ва бориш қийин бўлган ҳудудлари энг кўп зиён чеккани айтилади.
Толибон ҳукумати қутқарув-кўмак ишларига Ғарб томонидан дастакланган собиқ Афғон ҳукумати давридан қолган ва ўз ихтиёрларида бўлган фаолиятдаги саноқли вертолётларини ҳам ташлаган.
Бундан ташқари, йирик табиий офатнинг куз-қиш мавсумига яқин, Афғонистонга йирик миқдордаги халқаро ёрдамлар деярли тўхтаб қолган ва мамлакатнинг четдаги миллиардлаб долларлик активларининг деярли барчаси ҳануз музлатилган ҳолда қолаётган бир пайтда юз бергани ҳам алоҳида хавотирга молик воқеъликка айланган.
Афғонистондаги ижтимоий-иқтисодий вазиятнинг қанчалик ҳассослиги шундоқ ҳам унинг Россия ва Хитой мисолида ҳаттоки глобал ядровий қудрат бўлган йирик қўшниларининг ҳам жиддий хавотирларига сабаб бўлиб келади.
Афғонистон эса олти куннинг ўзида учта зилзилага саҳна бўлган.
Сўнггиси ўтган пайшанба куни тунда юз берган, афтершокларнинг ҳам ҳануз давом этиб тургани айтилади.
Аммо 31 август куни юз бергани Афғонистон тарихидаги энг қақшатқичларидан бири сифатида тилга олинади.
Афғонистон дунёнинг кўп миллатли давлатларидан бири бўлади, қолган кўплари баробарида у ерда ўзбеклар, тожиклар, қозоқлар, қирғизлар ва туркманлар ҳам яшаб келишади.
Афғонистон Ўзбекистондан кейин энг кўп сондаги Ўзбеклар яшовчи мамлакат сифатида кўрилади.
Афғонистон шарқи ва жануби-шарқи саҳна бўлган устма-уст зилзилаларда жабр кўрганлар орасида Ўзбеклар ёки ўзбекистонликлар бор-йўқлиги ҳозирча маълум эмас, томонлар ҳалича бу ҳақда бирор бир расмий билдиришнома билан чиқишмаган.

Сурат манбаси, AFP via Getty Images
Бир куннинг ўзида яна юзлаб жасад топилди.
Афғонистон тарихидаги энг қақшатқичларидан бири экани айтилаётган зилзила қурбонларининг сони 2000 дан ортди.
Янги эълон қилинган маълумотларга кўра, 31 август кунги зилзила 2200 дан зиёд кишини ўлдирган.
Табиий офат натижасида яраланган инсонлар сони эса тўрт мингга яқинлашган.
Ҳалокатли зилзила Афғонистон шарқида юз берган, унинг кучи 6.0 магнитудани ташкил этган.
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти табиий офатдан Афғонистоннинг тўрт вилояти жабр кўрганлигини маълум қилган.
Аммо қурбонлардан аксарияти тоғли Кунар вилояти ҳисобига тўғри келгани айтилмоқда.
Агар, Толибон ҳукуматининг маълумотларига таянилса, зилзила у ерда 2205 кишини ўлдирган, камида 3640 нафарига турли кўринишдаги тан жароҳатларини етказган.
Кунарга қўшни Нангарҳор ва Лағмонда эса 12 киши қурбон бўлган, яна юзлаби шикаст еган.
Толибон ҳукуматининг маълум қилишича, кеча, пайшанба кунининг ўзида вайроналар остидан яна юзлаб жасад топилган.
Қутқарувчилар ва кўнгиллилар эса ҳануз ўз ишларини давом эттиришмоқда.
Бундан ташқари, зилзиладан энг кўп Кунарнинг бориш қийин бўлган тоғли ҳудудлари зиён чеккан.
Бу қутқарув ва кўмак ишларининг суръатига таъсир қилмай қўймаган, уларни янада секинлаштирган.
Бундан ташқари, зилзила ортидан кузатилаётган устма-уст афтершоклар натижасида ҳосил бўлаётган кўчкилар ҳам йўлларни тўсиб қўяётганлиги айтилмоқда.
Ўзбекистон президенти расмий ташриф билан Хитойда эканига қарамай, ҳалокатли табиий офатдан қисқа вақт ўтмаёқ, Афғонистон раҳбариятига расман ўзининг ҳамдардлигини билдирганди.

Сурат манбаси, Getty Images
Афғонистоннинг зилзила рўй берган ҳудудларида тирик қолганларни қутқариш учун ўнлаб ҳарбий десантчилар тикучарлардан ташланганини хабар қилдилар расмийлар.
Толибон маъмуриятига кўра, 3 сентябрда зилзила оқибатида ҳаётдан кўз юмган инсонларнинг сони 1411 нафарга етган, 3124 киши яраланган.
БМТ қурбонлар сони янада ошиши мумкинлигидан, бинолар вайроналари остида қолганлар кўплигидан огоҳлантирди.
Оддий одамлар ҳам яқинлари жасадларини қазиб ололмаётганларини айтмоқдалар.
Дастлабки ҳалокатли ер силкиниши якшанба тунида рўй берганди.
2 сентябр сешанба куни яна 5,5 балли зилзила кузатилди.
Иккинчи зилзила одамларни яна ваҳимага солди, етиб бориш мушкул бўлган, йўллар тўсилиб қолган тоғ қишлоқларидаги қутқаруви ишларини тўсиб қўйди.
Иккинчи зилзила эпицентри Жалолобод шаҳридан 34 километрча узоқликда, ер сатҳидан 10 кмча чуқурликда бўлган.
Зилзила эпицентри ер юзасига қанча яқин бўлса, ҳалокатли оқибатлари шунчалик кучли бўлади, дейишади зилзилашунослар.

Сурат манбаси, .
2 сентябр. Шавкат Мирзиёев ҳамдард, Россия-чи, толибларга ёрдам берадими – Толибон Москвадан ёрдам сўрагани айтилмоқда

Сурат манбаси, rasmiy
Расмий ташриф билан Хитойда бўлган Ўзбекистон президенти ҳалокатли зилзила юз берган куннинг ўзидаёқ Афғонистонга расман ҳамдардлик билдирди.
Бу ҳақда кеча, 1 сентябр куни президент матбуот котиби маълум қилди.
Бунга ўхшаш хабар ҳозирча қолган минтақа давлатлари пойтахтидан олинмаган.
Улар барчаси ҳозир Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти саммити ва Ғалаба парадида иштирок этиш учун Хитойда бўлиб турибди.
Ҳалокатли зилзила якшанбадан душанбага ўтар кечаси, ярим тунга яқин юз берган, унинг кучи 6.0 магнитудани ташкил этган, мамлакат тарихидаги энг қақшатқичларидан бири экани айтилган.
Зилзила Афғонистон шарқини ўз забтига олган, ундан тўртта вилояти жабр кўрган, табиий офат 800 дан ортиқ кишини ўлдирган, яна икки мингга яқинини яралаган, талафотлар сонининг янада ортиши кутилмоқда.
Қутқарув ишлари бугун, сешанба куни тонгда қайта бошланган, қутқарувчилар олис, тоғли ва етиб бориш қийин бўлган ҳудудларга чиқишга уринишмоқда.
У ерларда зилзила бутунбошлик қишлоқларни вайрон қилгани, вайроналар кўплаб одамларни кўмиб қолганига оид хавотирлар бор.
Хабарларга кўра, зилзиладан жабр кўрган ҳудудларда аксарият аҳоли тунни очиқ осмон остида ўтказган.
Қурбонлардан кўпчилиги зилзила маркази яқин жойлашган тоғли Кунар вилояти ҳиссасига тўғри келади.
"Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Афғонистоннинг Кунар ва Нангарҳор вилоятларида содир бўлган зилзила оқибатида кўплаб одамлар ҳаётдан кўз юмгани ва жароҳат олгани муносабати билан биродар Афғонистон раҳбариятига ҳамдардлик билдирди", - дейилади унинг матбуот котиби хабарида.
Шавкат Мирзиёев Хитойда экан, Толибон бошқаруви Афғонистон масаласига "Шанхай Ҳамкорлик ташкилоти плюс" ва Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Давлат раҳбарлари кенгаши мажлисларида қилган чиқишларида ҳам алоҳида тўхталиб ўтган.
Ўзбекистон президенти, "Афғонистондаги вазиятни ҳисобга олмасдан ва халқаро ҳамжамиятнинг афғон ҳукумати билан конструктив мулоқотисиз минтақада барқарорликни таъминлаб бўлмаслиги"ни таъкидлаган.
Шавкат Мирзиёев "бу мақсадга эришиш кўп жиҳатдан Афғонистонда, умуман, бутун минтақада узоқ муддатли тинчлик ва барқарорликдан манфаатдор бўлган ШҲТ давлатларининг сиёсий иродасига боғлиқ" эканлигини айтган.
Ўзбекистон етакчиси, "Афғонистон иқтисодиётини қайта тиклаш ва у билан минтақавий кооперацияни ривожлантиришга қаратилган дастур ва лойиҳаларни амалга ошириш мақсадида ШҲТдаги шериклари билан кенг кўламли ҳамкорликка тайёр" эканликларини ҳам билдирган.
Шавкат Мирзиёев, ўз ўрнида, "ШҲТ – Афғонистон" мулоқот гуруҳи фаолияти қайта тикланишини ҳам қўллаб-қувватлашларини баён қилган.
Ўзбекистон президенти, "конструктив мулоқотларни ривожлантириш ва Афғонистондаги ижтимоий-иқтисодий лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш бўйича таклифларни ишлаб чиқиш унинг асосий вазифаларидан бири бўлиши мумкин"лигини айтган.
Афғонистон НАТОнинг минтақадаги муқобилига қиёс бериб келинган, Россия ва Хитой ҳамшамсияси остидаги Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти қошида кузатувчи мақомида бўлиб келган.
Шу ой қудратга қайтганига тўрт йил бўлган Толибоннинг Афғонистондаги ҳукуматини ҳозирча фақат Россия тан олган.
Ўзбекистон Толибон бошқаруви остидаги Афғонистон билан фаол дипломатик мулоқотда бўлган, ҳар томонлама, айниқса, савдо-иқтисодий алоқаларини кучайтираётган минтақа давлатларидан биридир.
Афғонистон, бундан ташқари, дунёнинг Ўзбекистондан кейин энг кўп сондаги ўзбеклар яшовчи иккинчи давлати ҳам бўлади.
Зилзиладан талафот кўрганлар орасида ўзбеклар ва ўзбекистонликлар ҳам бор-йўқлиги ҳозирча маълум эмас.
Afg‘onistondagi vaziyatni hisobga olmasdan va xalqaro hamjamiyatning afg‘on hukumati bilan konstruktiv muloqotisiz mintaqada barqarorlikni ta’minlab bo‘lmaydi.
Толибон Россиядан кўмак сўрадими?

Сурат манбаси, gettyimages
Хабарларга кўра, ўзларида юз берган ҳалокатли зилзила ортидан Толибон ёрдам сўраб Россияга мурожаат қилган.
Бу ҳақда Россиянинг "Новости" ахборот агентлиги хабар берган.
Маълум бўлишича, Россия президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили Замир Кабулов агентликка, "Кобул Москвадан кучли зилзила оқибатларини бартараф этишда ёрдам сўраганлиги"ни билдирган.
"Мурожаат қилишди, Фавқулодда вазиятлар вазирлигимиз ҳозир бу борада ишламоқда", - деб айтган у.
Замир Кабуловнинг сўзларига кўра, ҳозирча россияликлар зилзиладан жабрланганига оид хабарлар йўқ ва уларнинг табиий офат юз берган ҳудудларда бўлганликлари эҳтимоли ҳам жуда кам.
Россия Фавқулодда вазиятлар вазирлиги президент махсус вакилининг ёрдам мазмунидаги сўзларини ҳалича расман на-да тасдиқлаган ва на-да инкор қилган.
Россия Афғонистондаги Толибон раҳбариятига расман ҳамдардлик билдирганига оид расмий хабарлар шу соатларгача кўзга ташланмайди, президент Путин ҳам Хитойда бўлиб турибди.
Худди шу манзарада Россия Муфтийлар кенгаши раиси Равил Гайнутдин ўзи ва кенгаши номидан Толибон ҳаракати ва афғон халқига ҳамдардлик йўллаганига оид хабарлар олинган.
Ҳалокатли зилзила ортидан Толибон ҳукумати халқаро ташкилотларга мурожаат билан чиққан, улардан ўзларига зудлик билан ёрдам беришларини сўраганди.
Саноқли давлатлар зилзила оқибатларини бартараф этишда Афғонистонга ёрдам беришга тайёрликларини билдиришган, уларнинг орасида айрим Ғарб мамлакатлари ҳам бор.
Британия £1 миллион фунт стерлинг ажратган, аммо маблағ Толибоннинг қўлига тушмаслиги учун унинг ҳамкорлар орқали йўналтирилишини таъкидлаган.
Хитой, Ҳиндистон ва Швейцария ҳам Афғонистонга инсонпарварлик ёрдами юборишга ваъда беришган.
Ҳиндистон ташқи ишлар вазири эса, унинг мамлакати Кобулга 1000 та чодир етказиб бергани, зилзиладан энг кўп жабр чеккан Кунарга 15 тонна озиқ-овқат юбораётгани, бугун сешанба куни янада кўпроқ кўмак жўнатиши кутилаётганлигини маълум қилган.
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Фавқулодда вазиятларда ҳаракат қилиш марказий фонди орқали $5 миллион АҚШ доллари ажратган.
Марказий Осиё давлатларидан ҳозирча бунга ўхшаш хабарлар олинмаган.
Ўзбекистон шундоқ ҳам Афғонистонга энг кўп инсонпарварлик ёрдамлари бериб келаётган саноқли давлатлардан бири бўлади.

Сурат манбаси, Getty Images
Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг гуманитар ёрдам агентлиги эълон қилган дастлабки маълумотларга кўра, Афғонистоннинг тўрт вилоятида 6,0 магнитудали зилзила оқибатида камида 800 киши ҳалок бўлган.
Камида 2000 киши жароҳат олган, улардан аксарияти қутқарув гуруҳлари киришга имконсиз узоқ ва тоғли ҳудудлар ҳиссасига тўғри келади.
Ochaнинг айтишича, камида 12 минг киши зилзиладан бевосита зарар кўрган.
Хабарларга кўра, қутқарув ишлари ҳануз давом этмоқда.
Толибон муваққат ҳукумати Соғлиқни сақлаш вазирлиги қурбонлар сони янада ортиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирган.
Маълумотларга кўра, зилзила маркази жойлашган Кунар вилояти қаттиқ зарар кўрган. Бироқ аниқ рақамлар ҳали маълум эмас, чунки мобил алоқа узилган ва вайронагарчиликлар туфайли айрим ҳудудларга етиб бориш қийинлашган.
Reuters агентлигининг ёзишича, қутқарувчилар узоқ қишлоқларга кириб боришга ҳаракат қилмоқда. Ушбу ҳудудларда илгари ҳам зилзилалар ва сув тошқинлари кузатилган. Ҳар бир қишлоқда қурбонлар сони ўнлаб одамларга етган бўлиши мумкин.
Ҳозир Кобулда бўлган BBC мухбири Йогита Лимайе нима дейди?

Сурат манбаси, skrinshot
"Кобулда кеча ярим тунга яқин бизни зилзила уйғотиб юборди.
Ер бир неча сония силкинди.
Кейин Афғонистоннинг шарқий Кунар вилоятида олти магнитудали зилзила юз берганини билдик.
Кунар Кобулдан машинада уч-тўрт соатлик йўлда жойлашган.
Бир неча манба ва Толибон ҳукуматининг бизга маълум қилишича, табиий офат катта вайронагарчиликка сабаб бўлган.
Толибон ҳукумати бутунлай вайрон бўлган қишлоқлар борлигини эшитганини айтмоқда.
Бу вайроналар остида кўплаб одамлар қолиб кетганидан хавотирлар бор.
Аммо бу тоғли ҳудуд. Ҳатто энг яхши пайтда ҳам у ерга бориш осон эмас.
Шундай экан, бу ёрдам ва қутқарув ишларини жуда қийинлаштиради.
Бизга айтишларича, лой кўчкиси зилзила марказига элтувчи йўлни ҳам тўсиб қўйган.
Толибон у ердаги одамларни олиб чиқиш учун вертолётларни ҳам иш солганлигини айтаётир.
Аммо зилзиланинг бор оқибатини баҳолаш учун бироз вақт лозим бўлади.
Чунки яна айтаман, у ер тоғли ҳудуд, бориш жуда, жуда қийин.
Шу боис, ҳар қандай қутқарув амалиётлари ўта секин кечади.
Бундан ташқари, табиий офат том маънода тун бўйича давом этди, яъни эрта тонггача афтершоклар ҳам кузатилди".
Бу ҳақда видеомиз ҳам бор - кўринг учун илова қилган ҳаволамизни босинг:
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
Би-би-сига маълум бўлишича, Кунар вилоятидаги бир қишлоқда камида 20 киши ҳалок бўлган. Афғонистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги вакили Шарофат Замоннинг айтишича, бошқа бир қишлоқда эса дастлабки маълумотларга кўра 30 киши ҳалок бўлган. Унга кўра, уч қишлоқ тўлиқ вайрон бўлган.
Оғир жароҳат олганлар Нангарҳор аэропортидан вертолётларда минтақавий шифохоналарга олиб кетилмоқда.
Шарқий Афғонистон: Қутқарув ва кўмак ишлари - суратларда

Сурат манбаси, gettyimages/anadolu

Сурат манбаси, WAKIL KOHSAR/AFP via Getty Images

Сурат манбаси, WAKIL KOHSAR/AFP via Getty Images
Толибон: Зилзила жабрдийдалари учун махсус қўмита тузилди

Сурат манбаси, AFP/GettyImages
Шу соатларда олинаётган хабарларга кўра, зилзила жабрдийдаларига ёрдам бериш учун муваққат Бош вазир идораси махсус қўмита ташкил қилган.
Бу ҳақда Толибон ҳукуматининг бош сўзчиси Забиҳуллоҳ Мужоҳид баёнот билан чиққан.
Баёнотда айтилишича, зилзила жабрдийдалари учун 1 миллиард афғоний - £10.8 миллион фунт стерлинг миқдорида пул ҳам ажратилган.
Табиий офатдан жабр чекканларни хавфсиз ерларга кўчириш, жабрдийдаларни озиқ-овқат ва бирламчи эҳтиёж маҳсулотлари билан таъминлаш учун ҳам чора-тадбирлар кўрилган.

Сурат манбаси, Rasmiy
Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Афғонистондаги ёрдам миссияси (Unama) ҳамда Япония элчихонаси аллақачон афғон халқига ўз ҳамдардликларини билдиришган ва ёрдамларини таклиф қилганлар.
BBC Афғон хизмати Бош муҳаррининг айтишича, халқаро ёрдамга рухсат беришда ҳеч қандай чекловлар йўқ.
Толибон ҳукумати гуманитар ташкилотларни ресурсларни биринчи навбатда зилзиладан жабр кўрган ҳудудларга ажратишга аҳамият беришга чақирган.
"Бироқ жорий йил бошида АҚШ Халқаро Тараққиёт Агентлиги (USAID) фаолиятининг тўсатдан тўхтаб қолиши ёрдам етказиш ишларига сезиларли таъсир кўрсатди", - дейди BBC Афғон хизмати Бош муҳаррири Шоаиб Шарифий.
Маълумотларга кўра, зилзиланинг оқибатларини бартараф этиш ишларига ҳарбийлар ҳамда маҳаллий аҳоли жалб қилинган.
Зилзила душанбага ўтар кечаси Афғонистоннинг Кунар вилоятида содир бўлган. АҚШ Геологик хизмати маълумотига кўра, эпицентр Жалолободдан 27 километр шимолий-шарқда, саккиз километр чуқурликда жойлашган. Магнитудаси олти балл бўлган.
Зилзила Кобул ва Покистон пойтахти Исломободда ҳам сезилган.
Ҳукумат вакиллари халқаро гуманитар ташкилотларни йирик ҳалокатга учраган тоғли ҳудудларда қутқарув ишларига ёрдам беришга чақирди. Айрим ҳудудларга сув тошқинлари ва кўчкилар туфайли фақат ҳаво йўли орқали кириб бориш мумкин.
Афғонистон Ташқи ишлар вазирлиги вакилининг таъкидлашича, ҳозирга қадар ҳеч қайси хорижий давлат қутқарув ёки тиклаш ишларига ёрдам таклиф қилмаган.
Эслатиб ўтамиз, ўтган йили мамлакатнинг ғарбида содир бўлган бир нечта зилзилалар натижасида мингдан зиёд одам ҳалок бўлган эди.












