Ҳиндистон: Овқатга тупурма! Ким нега норози?

Сурат манбаси, Getty Images
Ҳиндистондаги қудратдаги Бҳаратия Жаната партияси (BJP) бошқарувида бўлган икки штатда тупук ва сийдик билан овқатни булғаш ҳамда шу каби бошқа ахлоқсиз ҳаракатлар учун катта жарима солиш ва ҳатто қамоқ жазосини қўллаш бўйича қонун режалари эълон қилинди.
Шимолий Уттараханд штати жиноятчиларга 100 минг Ҳиндистон рупийсигача ($1190) жарима солади, қўшни Уттар-Прадеш штати эса бу масалани ҳал қилиш учун қатъий қонунлар жорий этишни режалаштирмоқда.
Ҳукумат кўрсатмалари маҳаллий савдо расталари ва ресторанларда сотувчилар озиқ-овқатга тупураётгани акс этган, бироқ ҳали тасдиқланмаган видеолар ижтимоий тармоқларда кенг тарқалганидан кейин берилди. Видеолардан бирида хизматкор аёл овқатни сийдик билан аралаштирётгани тасвирланади.
Бу видеолар фойдаланувчилар орасида оммавий норозиликни кучайтирди. Кўпчилик бу штатларда озиқ-овқат хавфсизлиги ҳақида қаттиқ хавотирда эканлигини билдирган бўлса, айрим видеолар мусулмонларни нишонга олувчи айблов кампанияларига эврилиб кетди. Кейинчалик факт текширувчи сайтлар бу айбловлар буткул асоссиз эканлигини тасдиқлади.
Аксарият фойдаланувчилар тармоқларни эгаллаган видеода овқатни сийдик билан аралаштираётгани акс этган аёл мусулмон эканлигини иддао қилган эди, аммо полиция унинг шахсини ҳинд дини вакили ўлароқ аниқлади.
Расмийлар одамлар озиқ-овқат борасида гигиеник бўлмаган ҳаракатлардан тийилишларини таъминловчи қатъий қонунлар ишлаб чиқиш кераклигини таъкидлайди. Бироқ, мухолифат етакчилари ва ҳуқуқшунослар бу қонунларнинг самарадорлигини савол остига қўйишмоқда ва улар ушбу қонун ижроси маълум бир жамоани ёмонотлиқ қилиш учун фойдаланилиши мумкинлигидан хавотирда.
The Indian Express газетаси Уттар-Прадеш штати томонидан таклиф қилинган қонунларни танқид қилиб, уларни “кўпчиликнинг поклик ва ифлослик ҳақидаги тушунчаларидaн келиб чиқиб, ҳимоясиз озчиликни нишонга олувчи сектант сигнал” деб атади.
Озиқ-овқат ва овқатланиш одатлари маданий жиҳатдан хилма-хил Ҳиндистонда нозик мавзу ҳисобланади, чунки улар дин ва мамлакатнинг ижтимоий табақаланиш тизими билан чуқур илдиз отган. Озиқ-овқатга боғлиқ нормалар ва тақиқлар баъзан жамоалар ўртасида тўқнашувларга олиб келади ва ишончсизликка сабаб бўлади. Натижада, “озиқ-овқат хавфсизлиги” тушунчаси ҳам динга боғланиб, озиқ-овқатни булғаш ҳолатлари юзасидан сабабларга диний туртки берилади.
Овқатланиш гигиенаси Ҳиндистонда жиддий муаммо бўлиб, мамлакатдаги Озиқ-овқат хавфсизлиги ва стандартлари бўйича маъмурият номақбул егуликлар ҳар йили аҳоли орасида тахминан 600 миллион инфекция юқтириши ва 400 000 ўлим ҳолатларига олиб келишини тахмин қилади.
Мутахассислар Ҳиндистонда oвқатланиш гигиенаси паст даражада бўлишини озиқ-овқат хавфсизлиги қонунларининг етарлича ижро этилмаслиги ва одамларда гигиеник билимнинг етишмаслиги каби турли сабабларга боғлашади. Тиқилинч ошхоналар, ювилмаган идишлар, ифлосланган сув ва нотўғри ташиш ва сақлаш амалиётлари ҳам озиқ-овқат сифатини янада хавф остига қўяди.
Шу сабабдан ҳам сотувчилар овқатга тупураётгани акс этган видеолар тармоқларда тарқалгач, одамлар бир вақтнинг ўзида ҳам ҳайрат, ҳам ғазаб орасида қолишди. Кўп ўтмай, Уттараханд жиноятчиларга катта жарималар жорий этишни эълон қилди ва полициядан меҳмонхона ходимларини текшириш ҳамда ошхоналарга кузатув камералари ўрнатилишини талаб қилди.
Уттар-Прадеш бош вазири Ёги Адитянат бундай ҳодисаларни тўхтатиш учун полиция ҳар бир ходимни текшириши кераклигини айтди. Штат, шунингдек, пештахталарда овқатланиш марказлари эгаларининг исмлари кўрсатилишини, ошпазлар ва официантларнинг ниқоб ва қўлқоп кийишларини, меҳмонхоналар ва ресторанларда кузатув камералари ўрнатилишини мажбурий қилишни режалаштирмоқда.
Хабарларга кўра, Адитянат овқатга тупуриш учун 10 йилгача қамоқ жазосини назарда тутувчи иккита қонун лойиҳасини режалаштирмоқда.

Сурат манбаси, AMIT SAINI
Июл ойида Ҳиндистон Олий суди Уттараханд ва Уттар-Прадеш ҳукуматлари ҳар йили ўтказиладиган ҳинд зиёрати, Канвар ятраси йўналиши бўйлаб озиқ-овқат дўконларига эга одамлардан ўз исмлари ва бошқа шахсий маълумотларини кўрсатишни талаб қилувчи кўрсатмаларини тўхтатиб қўйди. Аризачилар Олий судга кўрсатмалар мусулмонларни адолатсиз нишонга олаётганини ва бу уларнинг бизнесига салбий таъсир кўрсатишини айтишган.
Октябр ойида штатнинг Бараканки шаҳрида полиция ресторан эгаси Муҳаммад Иршодни роти (ясси нон) тайёрлаётганда унга тупуришда айблаб ҳибсга олди. Иршод тинчликни ва диний уйғунликни бузганликда айбланиб, Hinduston Times газетаси хабарига кўра жавобгарликка тортилган.
Шу ойнинг бошида Уттараханд штатининг Муссури шаҳрида полиция Наушад Али ва Ҳасан Алини чой тайёрлаётганда идишга тупурганликда айблаб ҳибсга олган ва уларни жамоатчилик қадриятларига ҳурматсизликда ва соғлиққа зарар етказишда айблаган, деб хабар беради The Hindu.
Наушан Али ва Ҳасан Алининг хатти-ҳаракатларини акс эттирувчи видеолар улар ҳибсга олиниши арафасида ижтимоий тармоқларга тарқалиб кетди ва кўплаб ҳинд миллатчилари бу воқеаларни “Тупук жиҳод” деб аташни бошлади.
Бу атама радикал ҳинд гуруҳлари томонидан турмуш қуриш орқали ҳинд аёлларини ўз динларига ўтказётган мусулмон эркакларини қоралашда фойдаланиладиган “Муҳаббат жиҳод” атамасидан келиб чиққан. “Тупук жиҳод” мусулмонларни овқатга тупуриш орқали ҳиндуларни булғашга уринишда айблайди.
Бу мусулмон жамоалари тупук билан боғлиқ айбловларнинг нишони бўлаётган биринчи ҳолат эмас. Covid-19 пандемияси пайтида мусулмонлар вирусни одамларга юқтириш учун атайин тупурётгани, аксирётгани ёки нарсаларга тегинётгани тасвирланган сохта видеолар ижтимоий тармоқларни қарийб эгаллаб олган эди. Видеолар диний қутбланишни кучайтириб, ҳинд аккаунтларида мусулмонларга қарши риторикалар эълон қилинишига олиб келганди.
BJP томонидан бошқариладиган икки штатда мухолифат етакчилари янги кўрсатмаларни танқид қилиб, улар мусулмонларни нишонга олишда ишлатилиши мумкинлигини ва ҳукумат бундай буйруқларни бошқа муҳим муаммолардан, жумладан, ишсизлик ва осмонлаб кетган инфляциядан омма эътиборини чалғитиш воситаси сифатида қўллаётганини таъкидлайди.
Аммо Уттараханддаги озиқ-овқат хавфсизлиги бўйича инспектор Маниш Саяна ҳукумат кўрсатмалари фақатгина хавфсиз озиқ-овқат истеъмолини таъминлашга қаратилганини айтади. У BBCга озиқ-овқат хавфсизлиги ходимлари ва полиция овқатланиш жойларида кутилмаган текширувлар бошлаганини ва “одамларга ниқоб ва қўлқоп кийиш ҳамда овқатланадиган жойларида кузатув камераларини ўрнатиш”ни талаб қилишлари кераклгини айтади.
Ҳуқуқшунос ва журналист В Венкатесан озиқ-овқат хавфсизлиги билан боғлиқ янги қонунлар ва кўрсатмаларни парламент мажлисида муҳокама қилиш кераклигини урғулайди.
“Менинг фикримча, мавжуд қонунлар [2006 йилги Озиқ-овқат хавфсизлиги ва стандартлари тўғрисидаги қонунга мувофиқ] озиқ-овқат хавфсизлиги билан боғлиқ ҳар қандай ҳуқуқбузарликни ҳал қилиш учун етарли. Шундай экан, нима учун янги қонун ва кўрсатмалар зарур деган саволни бериш керак”, дейди у.
“Ҳукуматлар қаттиқ жазоларни назарда тутувчи қонунлар одамларни жиноят қилишдан қайтаради деб ўйлашади, лекин тадқиқотлар шуни кўрсатадики, қонунларнинг тўғри ижросигина бу миссияни бажара олади. Шунда бу ҳолат ушбу штатларда мавжуд қонунларнинг ўзи ҳали тўғри амалга оширилмаганлигини англатадими?”
Телеграм каналимиз:












