Мусулмон ва насронийлар Ҳиндистондан қочишга интилаяптими?

Сурат манбаси, Getty Images
- Author, Сутик Бисвас
- Role, Ҳиндистон бўйича мухбир
- Ўқилиш вақти: 3 дақ
АҚШнинг Pew тадқиқот маркази таҳлили кўрсатишича, кўчиб кетган ҳиндистонликларнинг диний таркиби Ҳиндистонда қолганлардан сезиларли даражада фарқ қилади.
Ҳиндистондаги аҳолининг 80% га яқини ҳиндулар, аммо улар мамлакатдан кўчиб кетувчиларнинг атиги 41% ни ташкил этади, дейилади дунё муҳожирларининг диний таркибига оид тадқиқотда.
Ҳиндистон аҳолисининг 15 фоизи мусулмонлар, аммо улар Ҳиндистонда туғилган ва ҳозир бошқа жойда яшайдиганларнинг 33 фоизидир.
Алоқадор мавзулар:
- Моди Ҳиндистонида мусулмон бўлиш нима дегани?
- Бузиб ташланган Бобур масжиди ўрнида Рам худоси ибодатхонаси очилди
- Ҳиндистон: Таровеҳ намози ўқиган мусулмон талабаларга ҳужум қилинди
- Энг йирик мусулмон мамлакат дунёнинг энг йирик беш иқтисодидан бирига айланмоқчи
- Ҳиндистон Бобурийларни тарихдан ўчирмоқда
Христианлар Ҳиндистон аҳолисининг атиги 2 фоизини ташкил қилади. Аммо Ҳиндистонни тарк этганларнинг 16 фоизи христианлардир.

Сурат манбаси, .
"Ҳиндистонни тарк этган мусулмонлар ва насронийлар у ерга кўчиб келганидан кўра кўпроқ. Сикхлар ва жайнлар каби бошқа, камроқ тарқалган дин вакиллари ҳам номутаносиб равишда Ҳиндистонни тарк этмоқда", дейди менга таҳлил бўйича етакчи тадқиқотчи Стефани Крэмер.
280 миллиондан ортиқ киши ёки дунё аҳолисининг 3,6 фоизи халқаро муҳожирлардир.
БМТ маълумотлари ва 270 та аҳолини рўйхатга олиш ва сўров натижаларига кўра, 2020 йил ҳолатида христианлар 47%, мусулмонлар 29%, ҳиндулар 5%, буддистлар 4% ва яҳудийлар 1%.
Диний мансублиги бўлмаган одамлар, жумладан, атеистлар ва агностиклар дунё бўйлаб ўз мамлакатини тарк этган жами мигрантларнинг 13 фоизини ташкил қилади.
Таҳлилдаги муҳожирлар қаторига туғилган жойидан ташқарида яшовчи, гўдаклардан тортиб қарияларгача бўлган ҳар бир киши киради.

Сурат манбаси, Getty Images
Ҳиндистон мисолида таҳлил шуни кўрсатдики, Ҳиндистонга кўчиб келган аҳолининг диний таркиби бутун мамлакат аҳолисининг диний таркибига анча ўхшаш.
Бундан ташқари, ҳиндуларнинг дунё аҳолисидаги улуши 15%, аммо халқаро муҳожирлар орасида улар 5% дир. Бутун дунёда бир миллиардга яқин ҳинду бор.
"Бу ҳиндуларнинг Ҳиндистонда тўплангани ва Ҳиндистонда туғилганларининг кетишлари эҳтимоли пастлигидандир", дейди Крэмер хоним.
"Ҳиндистонда туғилганлар бошқа мамлакатларда кўп, аммо бу миллионлаб муҳожирлар Ҳиндистон аҳолисининг кичик қисмини ташкил қилади."

Сурат манбаси, Getty Images
2010 йилда ҳиндуларнинг қарийб 99 фоизи Осиёда, асосан Ҳиндистон ва Непалда яшаган ва тадқиқотчилар бу улуш камайиб кетиши кутилмаётганини айтишди.
Бўлингандан кейин Ҳиндистон оммавий миграция ҳодисаларини бошдан кечирмади ва ўша пайтда кўчиб келганларнинг кўпчилиги ҳозир тирик эмас.
"Аксинча, бошқа диний гуруҳлар дунё бўйлаб тарқалиб кетган, эмиграцияга туртки берувчи омиллар ҳам кўпроқ", дейди Крэмер хоним.
Демак, ҳиндулар бу борада глобал даражада истисноми?

Сурат манбаси, Getty Images
Тадқиқотчилар айтишича, ҳиндулар таҳлил қилинган бошқа диний гуруҳлардан ажралиб туради.
"Улар бошқа диндаги одамларга қараганда ватанни тарк этиш эҳтимоли камроқ ва уларнинг глобал миграция паттернлари кўп жиҳатдан Ҳиндистондан ким кетиб, ким келаётганига боғлиқ", дейди Крэмер хоним.
Таҳлил шуни кўрсатдики, ҳиндулар энг узун ўртача миграция масофасига эга - 4988 км, улар кўпинча Ҳиндистондан АҚШ ва Буюк Британия каби узоқ жойларга кўчиб ўтади.
Тадқиқотчилар буни ҳиндуларни яқинроқ давлатларга қочишга мажбур қилувчи сўнгги инқирозлар йўқлиги билан боғлашмоқда. Бунинг ўрнига, кўпчилик иқтисодий муҳожирлар бўлиб, улар кўпинча узоқ жойларда иш топиш имкониятини қидиради.
Тадқиқотга кўра, ҳиндулар бангладешлик муҳожирлар орасида ҳаддан ташқари кўп.
Тадқиқот кўрсатишича, Бангладеш аҳолисининг 10% дан камроғи ҳиндулар, аммо уни тарк этганларнинг 21% уларнинг ҳиссасига тўғри келади.
Бангладешда яшовчи аҳолининг қарийб 90 фоизи мусулмонлар, аммо бангладешлик муҳожирларнинг 67 фоизи мусулмонлардир.

Сурат манбаси, Getty Images
Ҳиндулар Покистон аҳолисининг атиги 2% ни ташкил қилади ва Покистонда туғилган ва ҳозирда бошқа жойларда яшовчи одамларнинг 8% ҳиндулардир.
Мянма аҳолиси орасида мусулмонлар улуши муҳожирларга қараганда пастроқ. Мусулмонлар Мянма аҳолисининг тахминан 4 фоизини ва чет элликларнинг 36 фоизини ташкил қилади.
Шубҳасиз, мусулмонлар ҳам мусулмонлар кўп бўлган мамлакатлардан кўчиб келишади. Аммо бу мамлакатлардаги диний озчиликлар аксар ҳолларда кўпроқ кўчиб кетади.
Хўш, Pew ҳисоботида дунё муҳожирларининг диний таркиби ҳақида нима дейилган?
"Биз одамлар ўз динига эътиқод қиладиган жойларга тез-тез боришини ва диний озчилик вакиллари ўз туғилган мамлакатларидан кўпроқ кетишларини аниқладик", дейди Крэмер хоним.
https://t.me/bbcuzbek
BBC.COM/UZBEK
Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002















