"Газни бос!" – Комил Алламжонов ўзига бўлган суиқасд тафсилотлари борасида илк бор гапирди. Фақат Ғарб нашрига

allamjonov

Сурат манбаси, Telegram/Komil Allamjonov

Сурат тагсўзи, Алламжонов охирги бир неча йил давомида Ўзбекистондаги ахборот сиёсатини юритишга масъул шахслардан бўлган.
Ўқилиш вақти: 4 дақ

Range Rover, ёмғир, зимистон, темирйўл кесишмаси, Калашников… Октябрда суиқасдга учрагани айтилган Комил Алламжонов бу воқеа тафсилотларини илк бор ўзи тасвирлаб берган. Бироқ "миллий контент" яратишга бош-қош бўлган собиқ мулозим бу ҳақда маҳаллий эмас, балки Ғарб нашрига сўзлаган.

"Ёмғир ёғаётган, зимистон эди, ҳеч нарса кўра олмасдим. Балки темирйўл бўйлаб ўрнатилган чироқларда қисқа туташув бўлган шекилли, деб ўйладим. Кейин машинага тўртта ўқ келиб урилди. Газни бос!... дедим ҳайдовчига", ўзи билан юз берган воқеа тафсилотларини эслаган Алламжонов Британиянинг нуфузли Financial Times нашри билан интервьюда.

Интервьюда Алламжонов ўзининг "суиқасддан омон қолгани сабаби"ни "Калашников автомати қисилиб, отилмай қолгани"да кўриши ҳақида гапирган.

Telegram/Komil Allamjonov
“Yomgʻir yogʻayotgan, zimiston edi, hech narsa koʻra olmasdim. Keyin mashinaga toʻrtta oʻq kelib urildi. Gazni bos!... dedim haydovchiga...
Komil Allamjonov oʻziga boʻlgan hujum haqida
(Batafsil: bbc.com/uzbek)

"Бу ҳужум мен учун жуда катта шок бўлди. Кимдир шундай иш қилишга қодир, деб ўйламаган эдим", деган ҳуқуқий жараёнлар туфайли бошқа тафсилотларга ўта олмаслигини билдирган Алламжонов Financial билан суҳбатда.

Атиги бир йил аввал Ўзбекистондаги медиа макон устидан назорат олиб борувчи асосий шахслардан кўрилган ҳамда "миллий контент" яратишга бош-қош бўлган Алламжонов мамлакат яқин тарихида энг шов-шувли бўлмиш бу сиёсий воқеа тафсилотлари борасида "биринчи қўл маълумот"ни Ғарб матбуотига бергани эътиборни тортган.

Қибрайда отилган ўқ

Ўтган йил 26 октябрь куни Президент администрацияси Ахборот сиёсати департаментининг собиқ раҳбари Комил Алламжонов ўтирган машина Қибрай туманида номаълум шахслар томонидан ўққа тутилганди.

Ҳодисадан собиқ амалдор ва ҳайдовчиси жароҳатланмагани айтилган.

Шундан бироз ўтиб Ўзбекистон ДХХ раҳбари ишдан олинган.

Суиқасд экани айтилган мазкур воқеадан бир ой ўтиб эса Шавкат Мирзиёевнинг куёви Отабек Умаров Президент хавфсизлик хизмати раҳбарининг ўринбосари лавозимидан бўшатилгани ҳақида хабарлар тарқаган – кейинроқ Умаров Миллий олимпия қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари лавозимига сайлангани расман маълум қилинган.

Ўзбекистон ҳукумати расмий хабарларда "фуқаро К. Алламжоновга уюштирилган суиқасд" дея аталган бу ҳолат сабаблари ва мотивларини ҳеч изоҳламаган.

allamjonov

Сурат манбаси, Prezident matbuot xizmati

Сурат тагсўзи, Алламжонов (орқа фонда ўнгда) қисқа вақт ичида мамлакатдаги кучли сиёсий таъсирга эга шахслардан бирига айланган.

Шунга қарамай, хориждаги матбуот ва кузатувчилар томонидан мамлакат яқин тарихидаги "энг мисли кўрилмаган сиёсий воқеа" дея баҳоланган мазкур ҳодиса Ўзбекистон куч тизимларида кенг кўламли ишдан олишларга сабаб бўлган.

12 февраль куни Олий суд мазкур жиноят иши доирасида суд жараёни якунланиб, 10 нафар шахсга нисбатан суд ҳукми эълон қилинганини маълум қилган.

Ҳарбий судда ёпиқ кўрилган суд ҳукми тўғрисидаги хабарда беш шахснинг номи тилга олинади – уларнинг икки нафари кучишлатар тизимларнинг юқори рутбали собиқ мулозимлари.

"Эълон қилинган суд ҳукмига мувофиқ Шуҳрат Расуловга 23 йил, Джавлан Юнусовга 18 йил 6 ой, Шохрух Ахмедовга 23 йил, Исмоил Жаҳонгировга 23 йил ва Дониёр Ташходжаевга 7 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди", дейилади Олий суд ахборотида.

Шуҳрат Расулов муқаддам Президент давлат хавфсизлик хизматида раҳбар лавозимлардан бирида ишлаган бўлса, Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғининг собиқ биринчи ўринбосари Дониёр Тошхўжаев маҳаллий матбуотга яхши таниш бўлган.

Кучишлатар тизимларнинг собиқ вакиллари бўлмиш бу шахсларнинг "фуқаро К.Алламжоновга уюштирилган суиқасд"да қандай роль ўйнаганига бирор изоҳ берилмаган.

Суиқасд бўлганми ўзи?

Ўзбекистонда бу шов-шувли воқеага оид бирор жўяли изоҳ берилмай келинмоқда.

Таниқли ҳуқуқ фаоли Абдураҳмон Ташанов январь ойида ҳарбий судда бошланган маҳкама "мутлақо махфий" ўтаётгани ҳақида ёзган эди.

"Маҳкама мутлақо махфий: судланувчилар сони кўплиги, қўйилаётган айблов жиддийлиги ва унинг жамоатчилик учун муҳимлигига қарамай яна мавҳумлик ҳукм сурмоқда", дейилади фаол 10 январь куни Facebookʼда қолдирган постда.

Бундай мавҳумлик оқибатида тармоқда бу воқеа "жабрланувчи томонидан атайин уюштирилган" қабилидаги фаразлар тарқалган.

27 октябрь куни икки номаълум йигитнинг "Алламжонов воқеасини қилганлиги"ни айтиб, бунинг бари ортида собиқ мулозимнинг ўзи тургани ҳақида гапиргани видеоси тарқалиб, бундай фаразларни урчишига сабаб бўлган бўлса, декабрь охирида Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров оловга янада кўпроқ мой сепган.

allamjonov

Сурат манбаси, Telegram/Komil Allamjonov

Сурат тагсўзи, Алламжонов бир неча йил президентнинг тўнғич қизи Саида Мирзиёева билан тандемга ишлаб келган.

Ўзбекистон икки чеченистонликни Комил Алламжонов ва яна бир амалдор – Дмитрий Лига суиқасд иши бўйича қидирувга берганлиги ортидан Telegram каналида муносабат билдириб чиққан Рамзан Қодиров Комил Алламжоновга нисбатан содир этилган Тошкентдаги ҳужумни "суиқасд деб аташ қийин" деган.

Ўзининг ушбу амалиётга алоқаси борлигини рад қилган Россия Федерациясидаги ҳудуд раҳбари Ўзбекистондаги воқеаларни Шавкат Мирзиёевга қарши "пухта тайёрланган сценарий" эканлигини даъво қилган.

"Комил Алламжонов ва Дмитрий Лига қурбон ролини ўйнамасликни тавсия қиламан. Нимани режалаштираётган бўлсангиз, ўз вақтида тўхтатганингиз маъқул. Акс ҳолда барча ҳийла-найранг, туҳмат ва уйдирмалар учун жавоб беришингизга тўғри келади. Ҳозир мен одатларимизга кўра жавоб ҳақида гапиряпман", таҳдид қилган ўшанда Қодиров.

Ўзбекистон томони ёки Алламжоновнинг ўзи бу иддаоларга расман муносабат бергани кўзга ташланмаган.

"Сиёсий амбициясиз" Алламжонов

Allamjonov
Сурат тагсўзи, 2021 йил июлида BBC'га интервью берган Алламжонов ўзида "сиёсий мақсадлар йўқ"лиги ҳақида гапирган эди.
Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш: Би-би-си ташқи саҳифалардаги контент учун масъул эмас YouTube бу контентда реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

Қарийб тўрт йил муқаддам BBC'га берган интервьюсида ўзида "сиёсий мақсадлар йўқ"лигини билдирган Алламжонов қисқа вақтда ичида мамлакатдаги энг таъсирли сиёсий шахслардан бирига айланган.

Ўша вақтда нодавлат фонд васийлик кенгашига раислик қилган ва Мирзиёевнинг тўнғич қизи Саида Мирзиёева билан тандемда ишлаб келаётган Алламжонов 2022 йил июлидаги Нукус намойишлари ортидан Президент Администрациясига ўтган.

Орадан кўп ўтмай, у мамлакатдаги ахборот сиёсатига масъул асосий шахслардан бирига айланган.

Алламжонов ўтган йил сентябрида жамоатчиликка очиқланмаган сабаблар ортидан Президент Администрациясини тарк этган эди.