Ўзбекистон ва Марказий Осиё яна нимадан хавотирда?

Сурат манбаси, rasmiy
Марказий Осиё давлатларининг деярли барчаси бир кунда бирдек баёнот билан чиқди.
Нейтрал Туркманистон эса янада узоқроқ кетди...
Сўнгги кескинлик уларни шунчалик хавотирга солдими?
Баёнотлар

Сурат манбаси, Reuters
Исроилнинг Эронга сўнгги ҳужуми минтақада ҳам бирдек акс-садо берди.
Марказий Осиё давлатлари ҳукуматларининг барчаси Яқин Шарқдаги вазиятнинг кескинлашишидан "чуқур", "жиддий" ва "ўта" хавотирда эканликларини билдиришди.
Тўрт минтақа давлати Исроил ҳужумининг илк кунидаёқ (13 июн) бу хусусда расмий баёнот билан чиқишди, Туркманистон Ташқи ишлар вазири эса, орадан кун ўтибоқ, пойтахт Ашхободда Эрон элчиси билан учрашишгача боргани расман хабар қилинди.
Эрон дунёнинг Марказий Осиёга чегарадош давлатларидан бири бўлади, чегараси Туркманистондан ташқари яна икки постсовет давлати – Озарбайжон ва Арманистон бўйлаб ҳам узанади.
Худди шу манзарада расмий баёнотлари мазмунидан Тожикистон "Исроилнинг Эрон Ислом Республикаси ҳудудига кўплаб инсонлар қурбон бўлишига олиб келган ҳарбий зарбаларини кескин қоралаган" ягона Марказий Осиё давлати экани кўрилди.
Расмий Тошкент барча томонларни "тўлиқ вазминликка, ҳарбий ҳаракатларни дарҳол тўхтатишга", Тожикистон, "ҳалокатли оқибатларга олиб келувчи кейинги ҳарбий ҳаракатлардан тийилиш", Қирғизистон "ҳар икки томонни максимал даражада оғир-босиқлик, минтақадаги вазиятнинг янада кескинлашишига олиб келадиган ҳаракатлардан қочиш", Қозоғистон эса, "иштирокчи томонларни максимал даражада вазминлик"ка чақирди.
Туркманистон ўзининг "нейтрал" мавқеига алоҳида урғу берган ҳолда "ҳар қандай муаммони ҳал қилишда куч ишлатишга қарши эканликлари"ни алоҳида таъкидлади.
Қолган Марказий Осиё давлатлари ҳам Яқин Шарқдаги можарони фақат тинч – сиёсий ва дипломатик йўлда, музокаралар ва мулоқотлар орқали ечишга тарафдорлик қилганликлари кўрилди.
Тожикистон яна "Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Низомининг асосий тамойиллари ва халқаро ҳуқуқнинг бошқа меъёрларига риоя қилган ҳолда, инқирозни тинч йўл билан ҳал қилиш бўйича шошилинч чоралар кўриш"га ундаган бўлса, Ўзбекистон, "минтақавий барқарорликни мустаҳкамлашга содиқлигини яна бир бор тасдиқлаб, можаронинг кескинлик даражасини камайтириш бўйича саъй-ҳаракатларга кўмаклашишга тайёрлиги"ни ҳам билдирган.
Ўзбекистон ўзининг баёнотида бундай истакни изҳор этган ягона Марказий Осиё давлати сифатида ўртага чиққан.
Эронни "биродар халқ" сифатида тилга олган Тожикистон томони эса, ўзининг баёнотида қурбонларнинг яқинларига ҳамдардлик билдириб, расман таъзияларини ҳам изҳор этган.
Бугун, 16 июн куни сўнгги уч кун ичида Исроилнинг ҳужумларида қурбон бўлган эронликларнинг сони 220 дан ортгани, Исроилнинг талафотлари эса, 19 кишига етгани хабар қилинди.
Пойтахт Ашхободдан олинган расмий хабарларга кўра, Эрон элчиси Туркманистон томонини Яқин Шарқ минтақасидаги сўнгги воқеалар юзасидан ўз давлатининг мавқеидан ҳам бохабар этган, аммо расмий хабарда бунинг айнан нимадан иборатлиги тафсилотлари ноаён қолган.
Эронлик дипломат Туркманистон ҳудуди орқали минтақадаги қўшни давлатлардан бирига ташрифдан сўнг қайтаётган Эрон ҳайъатига кўрсатган ҳар томонлама дастаги учун туркман томонига миннатдорлик ҳам билдирган.
Шу кунларда Исроил ва Эроннинг ҳужумлари сабаб йўналишларини ўзгартираётган самолётларига ўз эшикларини очиб бергани учун Бирлашган Араб Амирликлари ва Россия каби қатор давлатлар ҳам расмий Ашхободга раҳмат айтганликларига оид хабарлар олинган.
Беш Марказий Осиё давлатлари ҳукуматларининг расмий баёнотларига ҳозирча Исроил ва Эрон томонининг муносабати кўзга ташланмайди.
Марказий Осиё аксар аҳолиси мусулмон минтақа, Ўзбекистон эса, энг йирик постсовет мусулмон давлати бўлади.
O‘zbekiston mojaroning keskinlik darajasini kamaytirish bo‘yicha sa’y-harakatlarga ko‘maklashishga tayyorligini bildiradi.
Эрон ва Марказий Осиё

Эрон ва Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги муносабатлар Ғарб ва минтақавий ўйинчилар диққат-эътиборига молик воқеъликлардан бири бўлади.
Геосиёсий ва геоиқтисодий қудратлар диққат-маркази ва рақобати остидаги Марказий Осиёнинг Эрон учун ҳам "стратегик" аҳамият касб этиши айтилади.
Агар, айрим етакчи минтақавий таҳлилчиларнинг фикрларига таянилса, ЕвроОсиё қитъасининг марказида жойлашганлиги, Россия ва Хитой каби муҳим ҳамкорлари билан яқинлиги, муҳим табиий ресурслари ва халқаро транспорт йўналишларининг жойлашганлиги минтақани Эрон учун жозибадор қилиб келаётган омиллар бўлади.
Уларга кўра, Марказий Осиё ҳам табиий энергия захираларига бой, жўғрофий жойлашуви муҳим Эронни ташқи алоқалари, бозорларини турфалаштиришда ўзларига қўшимча имконият бера олиши мумкин бўлган давлат ва товарларини жаҳон бозорларига олиб чиқишда муҳим транзит йўлларидан бири сифатида кўради.
Айниқса, сўнгги йилларда Эрон халқаро сув ва савдо йўлларига чиқишлари учун Марказий Осиё давлатларига ўзининг айрим бандаргоҳларини таклиф этаётганига оид хабарлар ҳам олинган.
Минтақанинг Ғарбнинг чекловчи санкциялари остида бўлган Эрон билан савдо-сотиғининг қанчалик барқарор экани ҳам глобал қудратларнинг манфаатлари тўқнашган ҳар икки минтақада аксарият таҳлилчиларнинг эътиборларини ўзига тортган воқеъликлардан бири бўлади.
Яқин Шарқдаги воқеаларнинг сўнгги ривожи эса, икки ўртада ташрифлар фаоллашаётган, Эрон қатор Марказий Осиё давлатлари билан виза тизимларини бекор қилиш, савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар ва сайёҳлик соҳаларидаги ҳамкорликни ривожлантириш ҳаракатида бўлган бир пайтга ҳам тўғри келган.
Таҳлилчилар икки томон ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқаларнинг потенциали жуда катта экани айтишаркан, Ғарбнинг чекловчи санкциялари бўлмаганида, Эронни Марказий Осиёнинг гуллаб-яшнашида муҳим ўрин тута олиши мумкин давлат сифатида ҳам тилга олишади.
Марказий Осиё дунёнинг Эрон билан мунтазам парвозлар амалда бўлган минтақаларидан бири ҳам бўлади.
Шу кунларда Исроил ва Эрон ўртасидаги сўнгги ҳужумлар Марказий Осиёдан амалга оширилаётган халқаро парвозларга ҳам таъсир қилмай қўймагани кўрилади.
Қатор минтақа давлатлари каби Ўзбекистон ҳам воқеаларнинг сўнгги ривожи манзарасида ҳам Исроил ва ҳам Эрондаги фуқароларини огоҳ бўлишга расман чақириб чиққан.
Бугун эса Ўзбекистон Эрондан айнан Туркманистон ва Озарбайжон орқали ўнлаб фуқароларини олиб чиққанига оид хабарлар ҳам олинган.
Яна қанча Ўзбекистон фуқаросининг Эрон ва Исроилда қолаётгани маълум эмас.
Туркманистон Ташқи ишлар вазирлиги бугун, 16 июн куни янги баёнот билан чиққан.
Вазирлик Яқин Шарқдаги мавжуд вазият муносабати билан Туркманистон хорижлик дипломатлар ва уларнинг оила аъзолари, шунингдек, ҳозирда Эронда бўлган бошқа фуқароларнинг чиқиши учун ўз ҳудудини тақдим этиш бўйича зудлик билан чоралар кўраётганлигини билдирган.
Маълум бўлишича, шу кунга қадар Қозоғистон, Қирғизистон, Ўзбекистон, Тожикистон, Руминия ва бошқа давлатлардан 120 нафарга яқин фуқаро Туркманистон давлат чегарасини назорат-ўтказиш пунктлари орқали кесиб ўтган.
Келганлар транспорт воситалари, озиқ-овқат, меҳмонхоналар ва зарур ашёлар билан таъминланган.
Вазирликка кўра, гуманитар миссияни амалга ошириш доирасида Туркманистоннинг тегишли давлат органлари хорижий давлатларнинг дипломатик ваколатхоналари ва халқаро ташкилотлар билан яқиндан ҳамкорлик қилмоқда.
"Шу нуқтаи назардан, Туркманистон инсонпарварлик, халқаро ҳамкорлик ва яхши қўшничилик тамойилларига содиқлигини амалда тасдиқлайди, бу Туркманистон ташаббуси билан БМТ Бош Ассамблеяси томонидан эълон қилинган Халқаро тинчлик ва ишонч йилида, айниқса, долзарблик касб этади".
Расмий хабарларга кўра, Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири шу бугуннинг ўзида Исроил-Эрон можаросини ҳам Озарбайжон ва ҳам ўмонлик ҳамкасблари билан телефон орқали муҳокама этиб олган.
Эрон барча Марказий Осиё давлатларини ўз ичига олувчи, Россия ва Хитой шамсияси остидаги Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотига ҳам киради.
Россия ва Хитой каби Америка Қўшма Штатларининг Марказий Осиёдаги фаоллашувига сезгир, ижтимоий, иқтисодий ҳамда хавфсизлик билан боғлиқ вазияти барча минтақа давлатларининг бирдек хавотирларига сабаб бўлиб келаётган Толибон бошқаруви остидаги Афғонистонга чегарадош давлатлардан биттаси, яқин-яқингача афғон можаросида муҳим ўрин тутувчи минтақавий ўйинчилардан бири сифатида ҳам кўрилган.
Исроил операциясининг мақсадларидан бири эса, Эронда ҳокимиятни алмаштириш бўлиши мумкинлиги ҳам айтилмоқда.
"Бу, албатта, натижа бўлиши мумкин, чунки Эрон режими жуда заиф", - дея баён қилган Исроил Бош вазири куни-кеча Американинг Fox News телеканалига берган интервьюсида.
Эрон минтақадаги саноқли Исломий Республикалардан бири бўлади, аксар аҳолисини шиа мазҳабига мансуб мусулмонлар ташкил этишади.












