Вашингтонда бортида 64 инсон бўлган самолёт қулади. Улар ичида россияликлар ҳам бўлиши мумкин. 2009 йилдан бери кузатилмаган ҳалокат қандай содир бўлди?

Сурат манбаси, Getty Images
Вашингтонда бортида 64 йўловчи ва экипаж аъзолари бўлган самолёт АҚШ армиясига тегишли вертолёт билан тўқнашиб, дарёга қулаб тушди. Шу вақтгача 19 жасад сувдан чиқариб олингани хабар қилинмоқда.
Вашингтонда АҚШ армиясининг вертолёти билан ҳавода тўқнашиб кетган йўловчи самолёт Потомак дарёсига қулаб тушган.
Полиция маълумотларига кўра, қутқарувчилар музлаган сувда ва зимистонда қидирув ишларини олиб бораётган бир пайтда, ҳозиргача 19 жасад сувдан чиқарилган.
Ҳодиса юзасидан тергов олиб борилмоқда, ҳалокатга яқин ерда жойлашган Роналд Рейган номидаги Вашингтон Миллий аэропортида барча рейслар тўхтатилган.
Бу АҚШда 2009 йилдан бери кузатилаётган биринчи йўловчи самолёт ҳалокати.
Ҳалокат қандай юз берди?
Федерал авиация бошқармаси (FAA) маълумотларига кўра, чоршанба куни маҳаллий вақт билан тахминан 21:00 (Тошкент вақти билан 7:00) да Америcан Аирлинес авиакомпаниясига қарашли йўловчи учоқ Роналд Рейган аэропортига яқинлашаётганида АҚШ армиясининг вертолёти билан тўқнашган.
Учоқ бортида 60 нафар йўловчи ва 4 нафар экипаж аъзоси бўлган.
Расмий маълумотга кўра, Виржиниядаги ҳаво базасидан кўтарилган вертолёт ўқув парвозини амалга ошираётган бўлган – унинг бортида уч нафар ҳарбий бўлгани айтилмоқда.
Тўқнашув ортидан ҳар икки ҳаво кемаси ҳам Потомак дарёсига қулаган.
Воқеа гувоҳлари тўқнашув вақтида осмонда кучли чақнаш кўрингани ҳақида гапирган.
CNN эълон қилган, аммо BBC томонидан ҳали тасдиқланмаган аудио ёзувда, ҳаво ҳаракати бошқарувчиси вертолёт экипажини яқинлашаётган самолёт ҳақида огоҳлантиргани, бироқ жавоб олмагани эшитилади.
FAA ушбу ҳалокат юзасидан аллақачон тергов бошлаган.
Ҳодиса қурбонлари борми?
Вашингтон расмийлари ҳали қурбонлар сонини расман тасдиқламади ва асосий эътибор қутқарув ишларига қаратилганини маълум қилди.
Бироқ, ҳодиса жойида бўлган полиция расмийси CBS телеканалига 19 жасад сувдан чиқарилгани ҳақида гапирган.
Полициянинг айтишича эса, кечаси давом этаётган қутқарув операцияси мураккаб шароитларда олиб борилмоқда.
Потомак дарёсида ҳарорат -1 даражага қадар тушиб кетгани, қидирув-қутқарув ишлари олиб борилаётган ҳудуд деярли зимистон экани айтилмоқда.
АҚШ фигурали учиш федерацияси ушбу рейс бортида бир нечта фигурали учиш спортчилари, мураббийлари ва уларнинг оила аъзолари бўлганини тасдиқлади.
Улар Канзасда ўтказилган спорт йиғинидан уйга қайтаётган бўлган.
АҚШ матбуотида чиққан хабарларга кўра, йўловчи самолёт Потомак дарёсида икки қисмга ажралган, вертолёт эса тескари ағдарилган ҳолда сувда сузиб тургани кўринган.
Расмийлар 300 дан ортиқ қутқарувчи резина қайиқларда сувга тушиб, тирик қолганларни излаётганини маълум қилган.
"Биз учун асосий муаммо—қийин шароитлар: шамол, муз бўлаклари, совуқ сув. Ишлаш хавфли ва жуда мураккаб," деган Вашингтон Ёнғин ва фавқулодда хизматлар бошқармаси бошлиғи Жон Доннелли.
Россиянинг ТАСС агентлиги аноним манбалар маълумотига таяниб, самолёт бортида фигурали учиш бўйича чемпионлар Евгения Шишкова ва Вадим Наумов ҳам бўлгани ҳақида ёзган.
Бу маълумот ҳозирча тасдиқланмаган. Шишкова ва Наумов Россия терма жамоаси таркибида 1994 йилда жуфтликда фигурали учиш бўйича жаҳон чемпионлигини қўлга киритишган эди.
Президент Владимир Путиннинг матбуот котиби Дмитрий Песковнинг сўзларига кўра, бортда яна бошқа россияликлар ҳам бўлган бўлиши мумкин.
"Афсуски, бу қайғули маълумотлар тасдиқланаётганини кўряпмиз. У ерда бошқа ватандошларимиз ҳам бўлган", деган Песков журналистлар билан мулоқотда.
У, шунингдек, ҳозирча АҚШ ва Россия президентлари ўртасида телефон мулоқоти ўтказиш режаланмаганини қўшимча қилган.
АҚШ расмийлари нима деяпти?
АҚШ президенти Доналд Трамп ҳодисадан тўлиқ хабардор эканлигини ва воқеани диққат билан кузатаётганини билдирган.
"Худо уларнинг жонларига раҳм қилсин. Қутқарувчилар олиб бораётган улкан иш учун миннатдорман," дейилади унинг баёнотида.
Шунингдек, Трамп ўзининг TruthSocial платформасида ушбу ҳодиса олдини олиш мумкин бўлганига ишора қилган.
"Бу жуда ёмон ҳолат! Бундай воқеа юз бермаслиги керак эди! ЯХШИ ЭМАС!!!"
Эндигина вазифасига киришган мудофаа вазири Пит Хегсет ва транспорт вазири Шон Даффи ҳам вазиятни диққат билан кузатаётганликларини маълум қилган.
Аэропорт атрофидаги парвоз йўналишлари ўзгартириладими, деган саволга транспорт вазири Даффи "Зарурат туғилса, тегишли чоралар кўрамиз" дея жавоб берган.
Америcан Аирлинес бош директори Роберт Исом ҳодисани "чуқур қайғу билан қабул қилаётганини" маълум қилган.












