Пицца, бургер, кола, колбаса – энг даҳшатли касалликлар сабабчисими?

Pitsa likopchalari, bulka shaklidagi burgerlar, piyoz halqalari, kartoshka fri va kola ichimliklari bilan to'la stolga qarab turibman – bularning barchasi juda qayta ishlangan ovqatlarga misol bo'la oladi. Qo'llar uzatilib, turli xil ovqatlarni terib olmoqda.

Сурат манбаси, Getty Images

    • Author, Филиппа Роксби
    • Role, BBC News
  • Ўқилиш вақти: 4 дақ

Халқаро экспертлар тайёрлаган глобал шарҳ тадқиқотга кўра, ўта қайта ишланган озиқ-овқатлар инсон соғлиғига таҳдид солаётгани сабабли, уларни истеъмол қилишни камайтириш чораларини ҳозироқ кўриш зарур.

Шарҳ муаллифлари таъкидлашича, озиқ-овқат рационимиз ўзгармоқда – янги, тўлиқ озиқ-овқатлардан арзон, юқори даражада қайта ишланган таомларни истеъмол қилишга ўтилмоқда, бу эса семизлик ва депрессия каби бир қатор сурункали касалликлар хавфини оширмоқда.

The Lancet журналида нашр этилган мақолада тадқиқотчилар ҳукуматларга "фаолроқ бўлиш" ва қайта ишланган озиқ-овқат маҳсулотларига огоҳлантирувчи ёзувлар ҳамда юқори солиқлар жорий этишни таклиф қилмоқда. Уларга кўра, бу чоралар одамларни тўйимлироқ озиқ-овқатларга ўтишга молиявий ёрдам бериши мумкин.

Бироқ, айрим олимлар бу шарҳ тадқиқот ўта қайта ишланган овқатлар бевосита соғлиққа зарар етказишини исботлай олмаслиги, бунинг учун қўшимча тадқиқот ҳамда синовлар ўтказиш зарурлигини таъкидламоқда.

BBC
Menimcha, ayrim o‘ta qayta ishlangan mahsulotlar ba’zi surunkali kasalliklar xavfini oshirishi mumkin. Ammo bu barcha shunday taomlar kasallik xavfini oshiradi, degani emas.
Professor Kevin Makkonvey
Batafsil: bbc.com/uzbek

Ўта қайта ишланган озиқ-овқатлар таркибида эмульгаторлар, консервантлар, бўёқлар ва ширинлаштиргичлар каби одатий ошхонада бўлмайдиган бешдан ортиқ ингредиент бор.

Колбасалар, чипслар, пишириқлар, печенье, тез тайёрланадиган лапшалар, газланган ичимликлар, музқаймоқ ва супермаркет нонлари қайта ишланган озиқ-овқатлар саналади.

Сўровлар кўрсатишича, саноат миқёсида ишлаб чиқариладиган бу озиқ-овқатлар бутун дунё бўйлаб одамлар рационида тобора кўпроқ ўрин эгалламоқда. Ортиқча шакар ва носоғлом ёғлар истеъмол қилаётган овқатимиз сифатини ёмонлаштирмоқда, тола ва оқсил танқислигига сабаб бўлмоқда.

Мазкур шарҳ тадқиқотда 43 нафар эксперт айни шу мавзу юзасидан ўтказилган 104 та узоқ муддатли тадқиқотларни ўрганиб чиқди. Ана шу ўрганишлар хулосаси ўлароқ ўта қайта ишланган озиқ-овқатлар соғлиғимиз учун 12 та юқори хавф билан боғлиқлиги аниқланди.

Булар орасида 2-тур қандли диабет, юрак-қон томир касалликлари, буйрак касалликлари, депрессия ва ҳар қандай сабабдан эрта ўлим бор.

Алоқадор мавзулар:

Озиқ-овқат маҳсулотларини таснифлаш учун Nova тизимини яратган Бразилиянинг Сан-Паулу университети профессори Карлос Монтейронинг таъкидлашича, мазкур турдаги озиқ-овқатларни истеъмол қилиш ўсиши "бутун дунё бўйлаб овқатланиш тарзини ўзгартирмоқда, янги ва минимал қайта ишланган озиқ-овқатлар ҳамда таомларни сиқиб чиқармоқда".

"Қудратли глобал корпорациялар одамларнинг таомномасидаги бу ўзгаришни қўллаб-қувватламоқда. Улар ўта қайта ишланган маҳсулотларни тарғиб қилмоқда, кенг кўламли маркетинг ва сиёсий лоббилар орқали соғлом овқатланишни рағбатлантирувчи сиёсатларни тўхтатиб, катта фойда олмоқда," дея қўшимча қилади у.

Сидней университетидан тадқиқот ҳаммуаллифи доктор Филипп Бейкернинг таъкидлашича, "тамаки саноатига қарши курашиш учун қилинган мувофиқлаштирилган саъй-ҳаракатларга ўхшаш глобал ҳаракатлар бўлиши лозим".

Шарҳда ўта қайта ишланган маҳсулотлар соғлиққа қандай зарар етказишини аниқ кўрсатадиган клиник синовлар йўқлиги тан олинади. Бироқ, бу тадқиқот бутун дунё бўйлаб одамлар соғлиғига потенциал зарар олдини олиш учун ҳаракатларни кечиктирмаслик кераклигини англатади.

Баъзи олимлар таъкидлашича, одамларнинг рационидаги ўта қайта ишланган маҳсулотлар таъсирини уларнинг турмуш тарзи, хулқ-атвори ва моддий аҳволи каби бошқа ҳаётий омиллардан ажратиш қийин.

Nova таснифлаш тизими танқидчилари бу тизим озиқ-овқатнинг тўйимлилигига эмас, балки қайта ишланганлик даражасига ортиқча эътибор қаратишини таъкидлашмоқда. Масалан, донли нон, нонушта учун ёрмалар, кам ёғли йогуртлар, болалар учун сунъий сут – буларнинг барчаси ўта қайта ишланган таом ҳисобланади, аммо кўплаб фойдали хусусиятларга ҳам эга.

Очиқ университетнинг амалий статистика бўйича фахрий профессори Кевин Макконвей шундай дейди: "Бундай тадқиқот [ўта қайта ишланган маҳсулот ва соғлиқ муаммоси ўртасидаги] боғлиқликни аниқлаши мумкин, аммо сабаб ва оқибат ҳақида аниқ хулоса бермайди".

Унинг айтишича, бундай боғлиқлик борлигига "ҳали ҳам шубҳа қилиш ва кейинги тадқиқотлар орқали аниқлик киритиш учун имконият мавжуд".

"Менимча, айрим ўта қайта ишланган маҳсулотлар баъзи сурункали касалликлар хавфини ошириши мумкин. Аммо бу барча шундай таомлар касаллик хавфини оширади, дегани эмас, албатта".

Ўта қайта ишланган озиқ-овқатларнинг қайси жиҳатлари касалликларни келтириб чиқариши ёки уларга ҳисса қўшиши мумкинлиги ҳали ҳам аниқ эмас.

Абердин университети профессори Жюл Гриффин озиқ-овқат маҳсулотларини қайта ишлашнинг баъзи ижобий томонлари борлигини, унинг соғлиғимизга таъсирини тушуниш учун кўпроқ тадқиқотлар "жуда зарур" эканлигини таъкидлади.

Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз:

Ўта қайта ишланган озиқ-овқат саноатининг Озиқ-овқат ва ичимликлар федерацияси таъкидлашича, бу таомлар музлатилган нўхат ва жайдари ун нони каби мувозанатли рационнинг бир қисми бўлиши мумкин.

"Компаниялар кўп йиллар давомида барчамиз сотиб оладиган озиқ-овқат ва ичимликларни ҳукумат кўрсатмаларига мувофиқ соғломроқ қилиш учун бир қатор ўзгаришлар қилган," дейди Озиқ-овқат ва ичимликлар федерацияси бош илмий ходими Кейт Ҳалливелл.

Унинг қўшимча қилишича, дўконлар ва супермаркетларда сотиладиган маҳсулотлар таркибидаги шакар ва туз миқдори 2015 йилдан бери учдан бир қисмга камайган.

Буюк Британиянинг Озиқланиш бўйича илмий-маслаҳат қўмитаси жорий йил бошида ўта қайта ишланган озиқ-овқатларни кўп истеъмол қилиш ва соғлиқ муаммолари ўртасидаги боғлиқликдан "ташвиш" билдирди.

Бироқ, қўмитага кўра, бу озиқ-овқатлар қайта ишлаш натижасида зарарли бўлиб қолганми ёки уларнинг кўпчилиги юқори калориялилиги, тўйинган ёғлар, туз ва шакарга бойлиги бунга сабабми – "аниқ эмас".

Буюк Британия ҳукуматининг ҳозирги овқатланиш бўйича тавсиясига кўра, кўпроқ мева, сабзавот ва тола истеъмол қилиш ҳамда шакар, ёғ ва тузни камайтириш зарур.