Исроилнинг Ғазога ҳужумлари ортидан қурбон бўлганлар сони 400 нафардан ошди. Уруш қайтадан бошланяптими?

Ўқилиш вақти: 4 дақ

Исроилнинг ҳаводан зарбалари оқибатида ҳалок бўлганлар сони 400 нафардан, яраланганлар эса 600 дан ошгани хабар қилинмоқда. Исроил ва Ҳамас икки ой аввал оташкесимга келишган эди.

G'azo

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, 18 март кунги Исроил авиазарбалари натижаси.

Исроил Ғазони тонгда ҳужумга тута бошлаган.

18 март куни эрталаб Исроил Мудофаа кучлари бўлгада янгидан эвакуация эълон қилган.

Кун давомида чиққан расмий баёнотда эса Ғазо бўйлаб "террор нишонлари"га зарба беришда давом этилиши тилга олинади.

Бош вазир Бенямин Нетаняҳу офиси Ҳамасни асирларни озод этиш ва оташкесимни давом эттириш таклифларини рад этишда айблаб, Исроил "гуруҳга қарши кучайтирилган ҳарбий қудрат қўллаши"ни таъкидлаган.

Ҳамас, ўз навбатида, Исроилни "қуролсиз тинч аҳоли"га ҳужум қилишда айблаган ва январь ойида икки томон ўртасида эришилган оташкесимга воситачилик қилган томонларни Тел-Авивни "сулҳни бузишда тўлиқ жавобгар қилиш"га чақирган.

Шунингдек, Ҳамас Исроил Ғазога зарба беришдан олдин бу ҳақида АҚШни хабардор қилганини даъво қилган ҳамда Ғазодаги "қирғин" учун масъулият "АҚШ зиммасида" эканини таъкидлаган.

Инсонпарварлик ташкилотлари ғазоликлар "ақл бовар қилмас даражадаги изтироб"ни бошдан кечираётганини урғулаган.

Шу билан бирга, Ғазода гаровда сақланаётган исроиллик асирларнинг оилалари ҳам Исроил зарбаларини қоралаб чиққан.

Уларнинг фикрича, Исроил ҳукумати "сўнгги зарбалар орқали гаровдагиларни қутқаришдан воз кечди".

Алоқадор мавзулар:

Исроил нега ҳужумларни қайта бошлади?

netanyahu

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Исроил Бош вазири идораси ўз расмий баёнотида "Ҳамасга тегишли террор нишонлари" йўқ қилинаётганини билдирган.

Исроил кўплаб ғазоликлар саҳарликка тайёрланаётган пайти ҳудудни артиллерия ва учоқлар билан ўққа тута бошлаган.

Гувоҳлар бўлга устидан 20 дан ортиқ ҳарбий учоқ учиб ўтгани ҳақида хабар берган.

Исроил ҳужумлари Ғазо шаҳри, Рафаҳ, Хон Юнисни қамраб олган.

Бу оташкесим кучга кирган 19 январдан бери кузатилган энг йирик ҳаводан зарбалардир.

Исроил Мудофаа кучлари ўзи Ҳамасга тегишли деб атаган "террор нишонлари"га зарба бераётганини маълум қилган.

Исроил Бош вазири идораси ҳужум ортидан баёнот билан чиққан.

"Бу, аввало, Ҳамас бизнинг гаровдагиларни озод қилишдан қайта-қайта бош тортгани, шунингдек, Америка президенти махсус вакили Стив Виткофф ҳамда воситачилар томонидан тақдим этилган барча таклифларни рад этгани ортидан қилинаётган амаллардир. Исроил, эндиликда, Ҳамасга қарши ҳарбий кучни орттирган ҳолда ҳаракат қилади", дейилади баёнотда.

"Исроил эндиликда Ҳамасга қарши ҳарбий кучни орттирган ҳолда ҳаракат қилади", — дея қўшимча қилинган.

Исроил Мудофаа кучлари ва Исроил Хавфсизлик хизмати томонидан сешанба куни тушда берилган қўшма баёнотга кўра, Ғазо секторида "террор нишонлари"га зарба бериш ишлари давом эттирилмоқда.

Ҳамас нима демоқда?

odamlar

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Ҳамас Исроилни "қуролсиз тинч одамлар"ни нишонга олишда айблаган.

Ҳамас кескин норозилик билдириб, Исроилни эришилган сулҳга хиёнат қилганликда айблаб чиққан.

Шунингдек, у Ғазода ушлаб турилган исроиллик асирлар "номъалум тақдирга" дучор бўлаётганини таъкидлаган.

Бироқ гуруҳ ҳозирча урушни қайта бошлаб юборганини эълон қилгани йўқ, бунинг ўрнига воситачилар ва БМТни аралашишга чақирмоқда.

Ҳамас яқинда эълон қилган баёнотида Исроил ҳужумларни бошлашдан аввал бу ҳақда АҚШни хабардор қилгани ва Ғазодаги "қирғин" учун тўлиқ масъулиятни Америка зиммасига юклашини билдирган.

"Халқаро ҳамжамият дарҳол чора кўриб, босқинчи давлат ҳамда уни қўллаб-қувватлаётган томонларни инсониятга қарши ушбу жиноятлар учун жавобгарликка тортиши лозим," дейилади Ҳамас баёнотида.

Ҳамас назорати остидаги соғлиқни сақлаш вазирлиги Исроилнинг 18 март кундаги авиазарбалари натижасида 400 дан зиёд инсон ҳалок бўлгани ва қарийб 700 одам жароҳат олганини маълум қилган.

Икки кун аввал Исроил ва Ҳамас январь ойида эришган оташкесимни биринчи босқичини узайтириш ёки иккинчи босқичига ўтиш бўйича Доҳада кечган музокаралар 72 соат давом этиб, бесамар якунланган эди.

Шундан сўнг кўплаб кузатувчилар икки томон ўртасида зиддиятнинг навбатдаги босқичи бошланиши эҳтимоли кучайганини тахмин қилган эди.

Икки ойлик нисбатан тинчлик ниҳоясига етди

Йоланде Нелл

Яқин Шарқ бўйича мухбир

Икки ой давом этган нисбий тинчлик тунда тезда якун топди.

Исроил Ҳамаснинг ўнлаб нишонларига зарба бераётганини эълон қилди. Расмийлар бу амалиёт муддатига чеклов қўйилмагани ва кенгайиши кутилишини таъкидлашди.

"Исроил эндиликда Ҳамасга қарши ҳарбий кучни орттирган ҳолда ҳаракат қилади", дейилади Бош вазир матбуот хизмати баёнотида.

Бугун ҳалок бўлган ичида Ҳамаснинг хавфсизлик ва сиёсий доираларидаги юқори лавозимли аъзолари борлиги айтилмоқда. Шифокорлар эса ҳаво ҳужумларида кўплаб болалар ҳам ҳалок бўлганини билдиришмоқда.

Ҳамас Исроилни "ҳеч бир сабабсиз зиддиятни кучайтирганликда" айблаб, сулҳни бир томонлама бузганини ва гаровдагиларнинг тақдирини хавф остида қолдирганини таъкидлади.

АҚШ кўмаги билан Исроил гаровдагиларни қайтариб олиш эвазига узоқ муддатли сулҳ тузиш ва Ғазога ёрдам киришини тиклашга ҳаракат қилиб келаётганди.

Ҳамас эса урушни тўлиқ тўхтатиш ва дастлабки сулҳ келишуви шартлари асосида Исроил қўшинларини Ғазодан бутунлай олиб чиқиш масаласини муҳокама қилишни талаб қилмоқда.

Оқ уйнинг билдиришича, Исроил бу охирги ҳужумлар ҳақида уларни олдиндан хабардор қилган ва Ҳамас янги келишувга эришиш ўрнига "урушни танлаган".