Россия ва Озарбайжон қандай ярашди? Кўп саволлар очиқ қоляпти

Владимир Путин ва Илҳом Алиев

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Владимир Путин ва Илҳом Алиев
    • Author, BBC Янгиликлар бўлими
  • Ўқилиш вақти: 8 дақ

Россия ва Озарбайжон президентлари Владимир Путин ва Илҳом Алиев Душанбеда учрашди. Путин Россия ҳаво мудофаа кучлари Озарбайжон учоғини уриб туширганини тан олди. Шу тан олишни Боку узоқ вақтдан бери талаб қилиб келаётган эди. Мутахассислар ярашув бўлгани ҳақида гапирмоқда. Озарбайжон Москва билан зиддиятдан йўқотишларсиз чиққан кўринади. Аммо кўплаб саволлар очиқ қолмоқда. Бу зиддият оқибатида икки давлатда ҳибсга олинганлар тақдири энди нима бўлади? Мамлакатларнинг яна низолашмаслигига кафолат борми? Келажакда Россия ўч олмасмикан?

2024 йил охирида Грозний осмонида Озарбайжон йўловчи учоғи уриб туширилгани ва бунинг оқибатида 38 киши ҳалок бўлганидан бери Россия ва Озарбайжон муносабатлари совуқлашган эди. Озарбайжон Россиядан бу ишда қўли борлигини тан олишни талаб қила бошлади, Россия давлат тузилмалари ва ОАВ ваколатхоналарини ёпди, россиялик журналистлар ва релокантларни қамоққа олди, Россия поп юлдузлари концертлари бекор қилинди.

Алиев Украинани "босқинчилик билан муроса қилмасликка" чақирди, совға сифатида Украина армияси нишонларини олди, давлат ОАВлари эса Россияни нацистлар Германияси билан таққослади.

Ўшанда ҳам мутахассислар Россия ва Озарбайжон алоқалари қалинлиги, бутунлай узилиб кетиш имконсизлиги, Путин куни келиб Бокуга ён босиши ҳақида гапирган эди.

Путин ва Алиевнинг Душанбедаги учрашуви қандай ва нима сабабдан бўлди? Кимнинг ташаббуси билан?

"Менимча, президент Алиевда Путиннинг ўзи гапириши, ягона нуқтаи назар бўлиши ҳақида кутилма, талаб бор эди, – дейди "Жанубий Кавказ тадқиқотлари маркази" раҳбари Фарҳод Мамедов. – У ерда ким нима дейиши бизни қизиқтирмайди. Биз учун энг муҳими Кремлда ўтирган одам нима ўйлаши".

Мутахассис таъкидлашича, декабрь ойида учоқ ҳалокатини текшириш бўйича ҳукуматлараро комиссия ҳисоботи эълон қилинади. Бу сана ўзига хос "муҳлат" бўлди, Душанбедаги МДҲ давлатлари саммити ҳар икки раҳбар бетараф майдонда учрашиши учун қулай эди.

"Алиевнинг Россияга бориши унчалик қулай эмас. Бу дипломатияда меҳмонга бориш ва таъзим қилиш деб ҳисобланиши мумкин, – дейди Жанубий Кавказ бўйича мутахассис Кирилл Кривошеев. – Менимча, ҳар икки томон бу масалани декабргача ҳал қилиши керак эди, чунки ҳамма бу муддатни тушунарди.

Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз

"Озодлик" радиоси ва "Эхо Кавказа" шарҳловчиси Вадим Дубновнинг фикрича, Россия тан олишни кечиктирди, аввалига "ўзига енгилроқ вариантларни" таклиф қилди, масалан, асосий айбни Украина дронларига юклади.

"Ҳозир Москвада Озарбайжон шунчаки чекиниши мумкин эмаслигини, чунки унинг ўз вазияти борлигини ва бу вазиятда чекиниш Алиев учун мағлубият эканини тушунишди, шекилли, – дейди Дубнов. – Алиев эса бу вазиятда мағлуб бўлиши мумкин эмас, зеро Алиев ғалабадан-ғалабага қараб бориши керак."

Озарбайжонда Алиев ғолиб лидер сиймосига эга.

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Озарбайжонда Алиев ғолиб лидер сиймосига эга.

Озарбайжонда Арманистонга қарши Қорабоғдаги 44 кунлик урушдаги ғалабадан сўнг ҳукуматга яқин ОАВлар Алиевни музаффар президент ва кучли минтақавий етакчи сифатида тасвирламоқда.

"Россияда 2022 йилдан кейин ўз обрўси ҳақида қайғурмай қўйишди. Менимча, айнан Россия томони Алиев бу можарода барча обрўли ютуқларни қўлга киритгунча кутиб турди ва айнан [Москва билан] можаро унга обрў келтирди," дейди журналист, Карнеги жамғармаси муаллифи Башир Китачаев.

Ушбу учрашувдан сўнг Россия ва Озарбайжон муносабатларида нима ўзгарди?

Вадим Дубновнинг фикрича, Алиев Россияга нисбатан кескин муносабати орқали бошқа собиқ совет республикаларига Москва билан алоқалар кўпинча мифлаштириб келинганини кўрсатди.

"Ҳамма жуда аҳил ва мамнуният билан кўп йиллар давомида катта оға ҳақидаги миф ичида ўйнаб келди. Гарчи ўша катта оға аллақачон йўқ бўлса-да, кўпчилик учун шундай яшаш қулай, – дейди мутахассис. – Масалан, [Арманистон президенти Серж] Саргсян учун эски тузум даврида Арманистонда содир бўлган ва бўлмаган воқеалар учун бутун масъулиятни юкласа бўладиган катта оғанинг бўлгани дуруст эди, Москва ҳам бунга рози эди."

"Менимча, душанбеда бу жуда кескин ўзгарди, чунки Путин у ерда «Ўрта Осиё» эмас, «Марказий Осиё» деб гапирди", дейди Дубнов.

Унинг фикрича, Озарбайжон Россияни янги шароитга мослашишга мажбур қилди. Бу шароитда у "бутунлай бошқача ўйнамоқда – Исроил ва Туркияни яраштирмоқчи, ҳар турли жараёнларга аралашади ва ўз минтақасида етакчиликка даъво қилади."

Икки давлат муносабатларидаги сиёсий иморат қандай ўзгарди?

Экспертлар таъкидлашича, Марказий Осиёнинг кўплаб давлатлари ва Арманистондан фарқли ўлароқ, Озарбайжон илгари ҳам Россияга камроқ қарам эди.

Кривошеевнинг айтишича, Озарбайжонда 1990-йиллардаёқ Москва сезмайдиган шаклда советсизлашув жараёни кечган. Ҳозирги президентнинг отаси Ҳайдар Алиев даврида кўчалар ва жой номлари ўзгартирилган ва бунга Кремль – Украинадаги советсизлаштириш жараёнига солиштирганда – унчалик оғриқли муносабатда бўлмаган.

"Озарбайжон дангалига аҳволингиз бизникидан ёмонроқ ва бунга кўникишингиз керак деб айтмоқда," дейди Дубнов. Унинг сўзларига кўра, "Озарбайжоннинг барча қийинчиликлари" олинмай қолган фойда билан боғлиқ. Москва учун эса Озарбайжон ҳозир "санкцияларни четлаб ўтиш шароитида яшаб қолиш тизимининг бир қисми" ҳисобланади.

Фарҳод Мамедов таъкидлашича, Қорабоғ уруши тугагач ва Озарбайжон билан Арманистон бу йил ёзда Вашингтонда тинчлик шартномасини имзолагач, Россиянинг ҳар икки мамлакатга таъсири камайди.

Алиев ва Пашинян тинчлик битимининг охирги матнини Вашингтонда тасдиқлашди ва бунда Россия иштирок этмади.

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Алиев ва Пашинян тинчлик битимининг охирги матнини Вашингтонда тасдиқлашди ва бунда Россия иштирок этмади.

"Озарбайжон ва Арманистон ўртасидаги амалдаги тинчлик, биз уни шундай атаймиз, учинчи давлатларнинг икки мамлакат ўртасидаги қарама-қаршиликдан ўз манфаати йўлида фойдаланиш имкониятини йўққа чиқаради, – дейди у. – Яъни Россиянинг Арманистон билан қилаётган барча ишлари Озарбайжонга қарши эмас, Россиянинг Озарбайжон билан қилаётган барча ишлари ҳам Арманистонга қарши эмас."

Озарбайжонлик сиёсатчи ва иқтисодчи Нотиқ Жаъфарлининг фикрича, Озарбайжон ва Россия муносабатлари учоқ фожиасидан олдин ўзгара бошлаган эди. Россия 2020-йилги урушдан кейин Қорабоққа киритган тинчликпарвар кучлари ёрдамида минтақада мустаҳкамланишга уринган, аммо Озарбайжон бунга йўл қўймади ва 2023 йилда рус ҳарбийларини чиқиб кетишга мажбур қилди.

"Бу, менимча, Озарбайжон ва Россия ўртасидаги муносабатларда бурилиш нуқтаси бўлди, – дейди у. – Россия ва Озарбайжон ўртасидаги муносабатлар янада тенг ҳуқуқли бўлди, чунки Озарбайжон Туркия билан қалин алоқаларга эга."

Россия ва Озарбайжоннинг қандай ўзаро манфаати борки, низо янада чуқурлашмади?

Иқтисодиёти асосан Ғарбга энергия сотишга боғлиқ бўлган Озарбайжонга босим ўтказиш учун Россияда дастак кўп эмас. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари Озарбайжон экспортининг 4 фоизидан камроғини ташкил этади. Озарбайжонни Россия билан ўзаро манфаатли шартномалар, жумладан, Россияни Эрон, Форс кўрфази мамлакатлари ва Ҳиндистон билан боғлайдиган Шимол-Жануб транспорт йўналиши боғлаб туради.

"Ўтган йилдан буён муносабатлар совуқлашуви кузатилган бўлса-да, иқтисодий алоқалар узилмаяпти, – дейди иқтисодчи Жаъфарли. – Шимол-Жануб [транспорт] лойиҳаси, Россия газини Эронга сотиш лойиҳаси бор. Биринчи босқичда бу йилига тахминан 5 миллиард куб метр бўлиши керак. Яъни, логистика ҳам, энергетика ҳам Россия ва Озарбайжон ўртасидаги муносабатларнинг энг муҳим унсурларидан биридир."

"Менимча, бу шундай муқаддас нарсаки, унга ҳеч қандай Екатеринбург, ҳеч қандай учоқ аралаша олмайди, – деб ҳисоблайди Дубнов. – Газ схемалари уруш ва тинчликдан ҳам, Екатеринбург ва учоқлардан ҳам муҳимроқ."

Озарбайжон ўзини минтақадаги муҳим марказга айлантириш учун миллиардлаб доллар сарфламоқда.

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Озарбайжон ўзини минтақадаги муҳим марказга айлантириш учун миллиардлаб доллар сарфламоқда.

"Бу йўналишлар жойида қолиши муҳим, улар ёпилмаслиги керак. Путин ва Алиев ўртасидаги «муросасиз» низо давом этар, Алиев кетма-кет Путин томонга демаршлар қилар экан, улар сақланиб қолди," дейди Китачаев.

Россия ва Озарбайжон муносабатлари учун қандай хавфлар бор?

Кузатувчилар бу инқирозни Россиянинг Украинада урушга ботиб қолгани ва Озарбайжон бундан фойдаланиб, уни Жанубий Кавказдан сиқиб чиқаргани ҳамда у ерда асосий ўйинчига айлангани билан боғлашган. Аммо урушдан кейин Россия яна қайтиши ва ҳақоратлар учун ўч олиши эҳтимоли йўқ эмас.

"Агар яқин келажакда уруш тугаб, Россия ўзини тикласа, у қасос олиши мумкинлигини истисно қилиб бўлмайди. Путин етарлича қасоскор одам, шунинг учун бундай сценарийни мен ҳам истисно қилмаган бўлардим," дейди Китачаев.

Бундан ташқари, унинг таъкидлашича, Озарбайжон Россия билан можародан Ғарб кўз ўнгида Украинани қўллаб-қувватлаётганини кўрсатиш ва ички тарғибот учун Алиевни кучли раҳбар сифатида тасвирлаш учун фойдаланган. Демак, Озарбайжонга яна шундай қарама-қаршилик керак бўлиши мумкин.

"Бундан ташқари, Россия баҳона топиши мумкин. У яна бир марта йўловчи учоғини уриб тушириши, қийноқлар ёки ҳибсга олиш пайтида яна қандайдир одамларни ўлдириши мумкин," деб ҳисоблайди Китачаев.

"Бу ерда Озарбайжонга босим ўтказиш мумкин бўлган иккита масала бор – савдо, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ва меҳнат муҳожирлари, – дейди Жаъфарли. – Россия бозорига катта қарамликка йўл қўйиб бўлмайди ва бу Озарбайжон ҳукуматининг заиф томони. Улар нормал муқобил бозорларни топиши мумкин."

Бундан ташқари, унинг фикрича, Россия келажакда ҳам Россияда яшовчи озарбайжонликларга босимни Озарбайжонга қарши ишлатиши мумкин.

Ҳозир нима бўлмоқда ва икки давлатда ҳибсга олинган ва ушланганларга кейинчалик нима бўлади?

Путин ва Алиевнинг Бокудаги учрашувидан сўнг "Спутник Озарбайжон" директори Игор Картавих уй қамоғига ўтказилди, Москвада эса сатира театрининг собиқ директори Мамедали Агаев озод этилди.

Бироқ, Россия тергов изоляторида бир неча Россия фуқароси – этник озарбайжонлар қолмоқда. Улар 2025 йил ёзи ва куз бошида Екатеринбургдаги буюртма қотилликларга алоқадорликда гумонланиб қўлга олинган. Икки киши қўлга олиш вақтида вафот этган. Россия томони бу табиий сабабларга кўра содир бўлганини таъкидласа, Боку улар қийноқлардан вафот этганини даъво қилмоқда.

Озарбайжонда саккиз нафар россиялик намойишкорона тарзда қаттиққўллик билан ушланди: уларнинг аксарияти IT соҳасида ишлаган. Улар Эрондан гиёҳванд моддалар контрабандаси ва кибержиноятларда гумонланмоқда. Озарбайжон эълон қилган фото ва видеоларда ушланганлар қаттиқ калтаклангани кўринади. Би-би-сига маълум бўлишича, россияликлар ҳали тергов қилинмаган.

"Бу ерда шуни тушуниш керакки, Россияда асосан Россия фуқаролари ҳибсга олинган, Озарбайжонда эса Россия фуқаролари ушланган. Шунинг учун бу алмашинув унчалик тенг эмас, лўнда айтганда, барчаси шахсий келишувларга боғлиқ," деб ҳисоблайди Китачаев.

Бир томондан – релокантлар (қисман сафарбарлик эълон қилинганидан кейин Россиядан кетган ёш фуқаролар), улар "Спутник" тарғибот давлат агентлиги ходимлари эмас ва Россия ҳукуматининг уларни қутқаришга қизиқиши йўқ, аммо Озарбайжоннинг ҳам уларни қамоқда сақлашга қизиқиши йўқ, шунинг учун эртами-кечми уларни қўйиб юборишади.

Кривошеев таъкидлашича, "Спутник" ходимлари, релокантлар ва Екатеринбургда ушланганларга уч тоифа сифатида қаралади ва "айирбошлаш курслари мос келмаслиги мумкин."

"Ака-ука Сафаровлар ҳақида биламиз, афсуски, улар вафот этди. Қамоқда қолганлар эса, Екатеринбургдаги диаспора гуруҳи, улар узоқ вақтдан бери хавфсизлик кучлари эътиборида бўлган," дейди у ва ҳуқуқ-тартибот идоралари уларни қўйиб юборишни истамаслигини тан олади, чунки уларнинг ортида ҳақиқий жиноятлар бўлиши мумкин.

"Озарбайжон Россиядан ўзи ўрганган усуллар билан ўч олди: мутлақо тасодифий одамларни қўлга олиш, калтаклаш, камералар олдида камситиш. Бу нега керак эди, тушунарсиз. Озарбайжоннинг позицияси бошиданоқ кучли эди, бу уриб туширилган учоқ бўйича ҳам, Екатеринбургда ушланганларга қийноқ қўллангани бўйича ҳам. Балки улар жиноятчи бўлиши мумкин, лекин бу уларни қийнаш мумкин дегани эмас. Бокуда ушланганларга нисбатан бундай муносабат нима учун керак бўлгани номаълум. Эҳтимол, шунинг учун [президентлар] бу мавзуни Душанбеда омма олдида кўтаришмади, чунки иккала томон ҳам шунгача ўзини ёмон тутганди. Бу дипломатик демаршлардан кўра кланлар курашини эслатарди," дейди Би-би-си билан суҳбатда мустақил журналист Башир Китачаев.

Кузатувчилар қандайдир янги фожиа Москва ва Боқу ўртасидаги алоқаларни совутишидан хавотирдалар.

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Кузатувчилар қандайдир янги фожиа Москва ва Боқу ўртасидаги алоқаларни совутишидан хавотирдалар.

Бу вазиятдаги парадокс шундаки, Россия ўз фуқароларини ҳибсга олган ва расман Озарбайжон уларнинг тақдирига таъсир кўрсата олмайди, дея қўшимча қилади у.

"Бу диаспора вакиллари Кремль учун Алиевга босим ўтказишнинг қулай воситаси, чунки бундай одамлар одатда унинг Россиядаги норасмий бизнес манфаатларини ифодалайди," дейди Китачаев.

Журналист фикрича, ҳар икки томондан ушланганлар тақдири биз билмайдиган яширин келишувларга боғлиқ бўлади. Унингча, можаро сабаблари унутилиб, янгиликлар кун тартиби ўзгаргач, барча ушланганларни жимгина қўйиб юборишлари мумкин.

Шу билан бирга, унинг фикрича, Озарбайжон хато қилганини тан олиб, одамларни қўйиб юбориши даргумон: бу кўпроқ амнистия орқали озод қилиш ёки қандайдир енгил, номига жазо бўлади.

Россияда Алиевни қўллаб-қувватлаганлар тақдири нима бўлади?

"Урушда тўлиқ ғалаба қозониб, назоратни тўла тиклаган ва ҳудудини бутунлай озод қилган давлатлар кўп эмас, шу маънода ундан [Илҳом Алиевдан] кўплаб бошқа раҳбарлар ўрганишни истайди."

Бу ҳақда россиялик кремлпараст сиёсатшунос Сергей Марков шу йил ёзда Озарбайжонда, Алиев Украинани оккупацияга кўникмасликка чақирган ўша медиа-форумда гапирган эди.

Шундан сўнг, Россияда Марков «хорижий агент» деб эълон қилинди ва ҳукуматпараст шарҳловчилар ҳокимиятни Озарбайжон агентлари деб ҳисобланган бошқалар, жумладан, диаспора билан ҳам шуғулланишга чақирди.

Дубновнинг фикрича, озарбайжон диаспораси ҳеч қачон Россияда сезиларли таъсирга эга бўлмаган ва ҳокимият улардан аста-секин воз кечади: "Озарбайжон бизнесига келсак, нима бўлса бўлди. Энди ҳеч ким ҳеч кимга ҳеч нарса қайтармайди. Одамлар янги иш бошлашига ҳеч ким тўсқинлик қилмайди."

Озарбайжонга алоҳида шарҳловчилар муҳим эмас, дейди эксперт. Бокуга бундай одамлар етарлича кўп бўлиши ва улар мамлакатни мақташлари керак. Халқаро муносабатлар хароратидан қатъи назар, бунга доим маблағ сарфланади, дея хулоса қилади Китачаев.