Ўзбекистон: Сенатда ҳибсдаги қийноқлар ва вафот этиш ҳолатлари бўйича сўроқ қилинган ИИВ вакили дакки эшитди - видео

Сурат манбаси, Screenshot/Senat
Сешанба куни ўтган Сенатнинг ялпи мажлисида ИИВ мулозими ҳибсда содир этилаётган қийноқлар ва юз бераётган ўлимлар бўйича сўроққа тутилган. Мулозимнинг жавобидан қониқмаган Сенат раиси унга танбеҳ берган.
18 март куни ўтган Олий Мажлис Сенатининг 5-ялпи мажлисида Ички ишлар вазирлиги вакилларига сўнгги вақтда кузатилаётган ҳибсдаги қийноқлар ва ўлимлар борасида савол берилган.
"Охирги вақтларда ички ишлар ходимлари томонидан содир этилаётган қийноқлар оқибатида гумон қилинувчилардан баъзиларининг бевақт вафот этгани билан боғлиқ айрим ҳолатлар жамоатчилигимизнинг катта бир эътирозларига сабаб бўляпти. Буни ҳаммамиз кўриб турибмиз", дея вазирлик вакилларига юзланган сенатор Ҳусан Эрматов.
Сенатор ИИВдан бу каби ноинсоний ҳолатлар олдини олиш йўлида нималар қилинаётганига қизиққан.
"Бундай ишларга йўл қўйилишининг асосий сабаблари ўзи нима эди, деган саволга биргаликда жавоб излаб кўрсак", саволини якунлаган Эрматов.
Сенаторнинг саволига ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти бошқарма бошлиғи Шерзод Шерматов жавоб қайтарган.

Сурат манбаси, Screenshot/Senat
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
Мулозим ҳибсдаги қийноқлар олдини олиш йўлида Тергов департаменти ва унинг ҳудудий бўлимларида тергов ҳаракатларини аудио ва видео қайд этиш тизимлари билан жиҳозланган махсус хоналар ташкил этилганини билдирган.
Шерматовнинг сўзларига кўра, ҳозирда барча тергов ҳаракатлари мунтазам равишда ёзиб борилмоқда ва "бошқарма бошлиқлари томонидан назорат қилинмоқда".
"Бундан ташқари ички ишлар органларига олиб келинган, ушлаб турилган, қамоқда сақлаб келинаётган гумон қилинувчи ва айбланувчилар билан процессуал ҳаракатларни махсус хоналарда, шу жумладан, улар сақланаётган жойларда ўтказиш учун шароитлар ҳам яратилган", деган ИИВ вакили.
Аммо мулозим Шерматов шунча чоралар кўрилганига қарамай, нега охирги йилларда инсонларнинг ҳибсда қийноққа юз тутиши ёки вафот этиши ҳолатлари тўхтамаётгани масаласига тўхталмаган ёки бу борадаги аниқ саволга жавоб қайтармаган.
ИИВ вакили нутқидаги бу камчиликни Сенат раиси Танзила Норбоева ҳам зумда пайқаган ва мулозимдан унинг қўлида кўтарилган масала бўйича таҳлил бор-йўқлигини сўраган.
"2024 йилда Омбудсман ҳозирги саволга оид [қийноққа тутиш ҳолатлари бўйича] шикоятларни сизларга юборганми?" савол берган Норбоева.

Сурат манбаси, Senat
Бу саволга жавобан Шерзод Шерматов Омбудсмандан "шундай аризалар" келишини тасдиқлаган ва уларга белгиланган муддат ичида жавоблар қайтарилиши ҳамда томонлар "ҳамкорликда ишлаб келаётгани"ни билдирган.
"Ҳозир аниқ ҳисобот, статистик маълумотлар йўқ, лекин биз буни ёзма равишда тақдим этамиз", деган Шерматов.
Ушбу жавобдан ҳам қониқмаган Сенат раиси мулозимни Омбудсман ҳисоботи тингланиши белгиланган мажлисга тайёрланмасдан келганини таъкидлаб, унга дакки берган.
"Статистика йўқ олдимизда, лекин ҳаммасини назорат қиламиз, ҳаммасини бажарамиз деган гаплар – бу умумий гаплар. Шунинг учун бундан кейин бунақа жавоб бермаган", ИИВ вакилига танбеҳ берган Норбоева.
Бироқ Сенат раисининг ўзи ҳам охирги пайтда жамоатчиликда чуқур хавотирга сабаб бўлиб келаётган ҳибсдаги қийноқ ва ўлим ҳолларига оид аниқ саволга атрофлича жавоб берилишини талаб этиб ўтирмаган.

Сурат манбаси, BBC Uzbek
Охирги йилларда Ўзбекистонда ички ишлар органлари ходимлари томонидан қўлланилган қийноқ ва калтакланишлар оқибатида фуқароларнинг вафот этиши ҳолатлари бир неча бор қайд этилган.
Одатда, бундай ҳолатларга масъул раҳбарлар изоҳ бермайди ёда бу мавзу юқори доираларда тилга олинмайди.
2022 йил ноябрь ойида журналист Шокир Шарипов "ИИБ биноларидан мурдалар чиқаётгани" ўзини ташвишга солаётганини билдириб, ўша вақтдаги ички ишлар вазири Пўлат Бобожоновнинг истеъфосини талаб қилиб чиққанди.
Human Rights Watch ташкилоти ўзининг 2024 йил сарҳисоб қилинган ҳисоботида Ўзбекистонда кучишлатар тузилмалар ходимлари томонидан қийноқ ва ноинсоний муомала қўлланилиши ҳолатлари жиддий муаммолигича қолаётгани ҳамда қўлга олинганларни калтаклаган ходимлар жазоланмаётганини қайд этган.
Ўтган йил март ойида эса БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича қўмитаси эса Ўзбекистон ҳукуматини "қийноқ ва ноинсоний муомалага барҳам бериш бўйича аниқ чора-тадбирлар кўриш"га чақирган эди.












