Ўзбекистон қамоқхоналарида нима гап – масъуллар вазиятга ойдинлик киритишди, O‘zbekiston, koronavirus, dunyo, yangiliklar

Mahkum

Ўзбекистон қамоқхоналарида нима гап - масъуллар вазиятга ойдинлик киритишди. Мамлакат пандемия тарихида илк бор қанча маҳкум коронавирус юқтирганини очиқлашди. Янгилик Ўзбекистонда ҳам коронавируснинг "ўта юқумли" экани айтилган "британча" штамми расман қайд этилишидан саноқли кунлар ўтиб ўртага чиққан.

Бошқа томондан, хабар расмийларнинг Ўзбекистонда коронавирус беморларининг 98 фоизи аллақачон соғайиб бўлганига оид расмий баёнотлари билан бир пайтга тўғри келган.

Ўзбекистонда коронавирус илк бор ўтган йилнинг 15 март куни расман қайд қилинган.

Шу пайтгача мамлакатда жами коронавирус юқтирганларнинг сони қарийб 80 минг кишига яқинлашган. Ўлим ҳолатлари эса, 621 тани ташкил этиб турибди.

Бу Қозоғистон ва Қирғизистондан кейин учинчи юқори кўрсаткич бўлади.

Аммо бу икки давлатдан фарқли тарзда, Ўзбекистон мисолида бу рақамлар ҳалича пневмония ҳолларини ўз ичига олмайди.

Мустақил ҳисоб-китоблар Ўзбекистон мисолида ҳам бу борадаги кўрсаткичларнинг расман айтилаётганидан кўп эканига далолат қилмай қўймайди.

Глобал коронавирус пандемияси шароитида қамоқхоналардаги аҳвол ва маҳкумларнинг тақдири дунёнинг аксарият давлатларида кун тартибига чиққан, айрим ҳукуматлар жадаллик билан эътибор қаратган, уларни муддатидан илгари озод этишгача борган масалалардан бири бўлади.

Бу каби давлатларда қамоқхоналар коронавируснинг эҳтимолий янги ўчоқлари хавфи сифатида кўрилган ва баҳоланган.

Худди шу манзарада Ўзбекистон қамоқхоналаридаги коронавирус билан боғлиқ аҳвол ҳам журналистларнинг қизиқишларига сабаб бўлмай қолмаган.

Ўтган йил май ойида Ўзбекистондаги "Юксалиш" умуммиллий ҳаракати мамлакат қамоқхоналарига кириш, вазиятни кўриш ва ўрганиш истагида эканликларини билдирган.

Ўшанда бу иш Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили - Омбудсман билан ҳамкорликда амалга оширилиши, ижросига 11 майдан бошлаб киришилиши айтилган.

Аммо расмий хабарда режа кимнинг ташаббуси бўлгани ва нега айнан ҳозир бу ишга қўл урилмоқчи бўлинаётгани сабаби расман очиқланмаган.

Унинг Ўзбекистондаги барча жазони ижро этиш муассасаларини қамраб олиши-олмаслиги ҳам ҳозирча номаълум қолганди.

Коронавирус, қамоқхоналар ва маҳкумлар

O'zbekiston

Сурат манбаси, BBCuzbek.com

Ўзбекистонда қанча маҳкумнинг коронавирусга чалинганига оид расмий маълумотлар эса, кеча 3 февраль куни АОКАда бўлиб ўтган матбуот анжумани чоғида илк бор ошкор қилинган.

Ўзбекистон ИИВ Жазони ижро этиш бош бошқармаси бўлим бошлиғи, полковник Баҳодир Юсупов коронавирус мамлакат қамоқхоналарига ҳам кириб борганини расман тасдиқлаган.

Унинг айтишича, "тўрт ой мобайнида касалликнинг жазони ижро этиш муассасаларига киришига йўл қўйишмаган".

Полковник Баҳодир Юсуповнинг сўзларини kun.uz мухбири келтириб ўтган.

Расмийнинг айтишича, Ўзбекистонда жазо муддатини ўтаётган маҳкумларнинг 9 фоизи коронавирусга чалинган, касалликни бошидан ўтказган.

Улардан аҳволи оғир бўлган икки нафари муддатидан илгари озод қилинган.

"Бирорта ҳам ўлим ҳолатига йўл қўйилмаган".

Маълум бўлишича, симптомсиз ва енгил шаклида касал бўлган маҳкумлар тизимнинг ўзида даволанган.

Оғир ва ўрта оғир шакллари эса, Соғликни сақлаш вазирлиги тасарруфидаги 4 та карантин ҳудудларига юборилган.

Ўзбекистонлик расмий бу ҳақдаги маълумотни келтиришда фақат фоиз билан чекланган, аниқ рақам келтирмаган.

Бу маҳкумларнинг ёши ва жинсига оид тафсилотларга тўхталмаган.

Ўз ўрнида, мамлакат жазони ижро этиш муассасаларида худди шу вақт оралиғида пневмония ҳоллари қайд қилинганми-йўқлиги саволи ҳам очиқ қолган.

Ўзбекистон, қамоқхоналар ва маҳкумлар

Toshkent

Сурат манбаси, BBCuzbek.com

Ўтган йилнинг 22 апрель куни эса, бу масалага шахсан мамлакат президентининг ўзи эътибор қаратгани кўрилган.

Президент Шавкат Мирзиёев бу ҳақда глобал коронавирус пандемиясига бағишланган видеоселектор йиғилиши чоғида тўхталиб ўтган.

Коронавирус боис, жазони ўтаётган, ўрнатилган тартиб-қоидаларни бажарган ва меҳнатга ҳалол муносабатда бўлган маҳкумларнинг жазони ўташдан муддатидан илгари шартли равишда озод этилишаётганини маълум қилган.

Аммо бу ишга айнан қачондан бошлаб киришилгани ва орада қанча маҳкумнинг озод этиб бўлингани тафсилотлари ноаён қолганди.

Президент Мирзиёев чиқишидан аввал Тошкентдан Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилоти координатори Ўзбекистондаги маҳкумларга инсонпарварлик ёрдами кўрсатганига оид хабарлар олинган.

Уларда ёрдам 15 турдаги турли тиббий ҳимоя, кир ювиш, шахсий гигиена ва антибактериал воситаларни ўз ичига олгани айтилган.

Ўзбекистонлик масъуллар сўнгги бор мамлакатдаги жами маҳкумлар сонига оид рақамларни шу йил 30 январь куни эълон қилишган.

Ўшанда мамлакат жазони ижро этиш тизимида жами 27 минг 500 маҳкум ўз жазо муддатларини ўтаётганликлари айтилган.

Бу маҳкумларнинг ярмидан кўпроғи ёпиқ турдаги колонияларда сақланаётгани маълум бўлган.

Шу йилнинг 1 январ ҳолатига кўра, пробация бўлинмаларида назоратда тутиб турилган шахсларнинг сони эса, 57 минг 36 нафарга нисбат берилган.

Агар, сўнгги эълон қилинган расмий маълумотларга таянилса, бугунги кунда Ўзбекистонда жами 54 та жазони ижро этиш муассасаси фаолият юритади.

Ўзбекистонлик масъуллар орада жазо муассасаларида қатъий карантин тартиби эълон қилингани, тумов ва шамоллаш симптомлари бўлган терговчи ва адвокатлар қўйилмаётгани, шунингдек, маҳкумларнинг яқинлари билан учрашувлар тўхтатилганини айтишган. Передачалар ва бандероллар қабули ҳам вақтинчалик тўхтатилгани маълум бўлганди.

Ўзбекистон қамоқхоналарида аниқ қанча маҳкум сақланиши ва улар тутиб турилган шарт-шароитлар эса, яқин-яқингача халқаро ташкилотларнинг жиддий хавотир ва танқидларига сабаб мавзулардан бири бўлиб келган.

Ўзбекистон Ички ишлар вазири ўтган йил, "эндиликда жазони ижро этиш тизимида очиқлик, ошкоралик ва шаффофлик амалда таъминланиши"ни айтаркан, жазони ижро этиш муассасалари ва тергов ҳибсхоналари сони, уларнинг юридик манзиллари, уларда сақланаётган шахслар сони тўғрисидаги маълумотлар энди махфий ҳисобланмаслигини маълум қилганди.

Маҳаллий фаоллар эса, ҳатто, бугун - янги президенти бошқаруви остида вазият анча яхшиланган бир муҳитда ҳам Ўзбекистон қамоқхоналарининг тезда коронавирус ўчоғига айланиши учун шароит етарли эканидан ўз хавотирларини билдириб келишаётганди.

Орада айрим ўзбекзабон Ғарб нашрларида айнан коронавирус хавфи боис, Ўзбекистондаги ўндан зиёд маҳкумларнинг яқинлари ва фаоллар Ўзбекистон Президенти портали ва Ички ишлар вазирлигининг Жазони ижро этиш Бош бошқармасига мурожаат этишганига оид хабарлар ҳам бўй кўрсатган.

Улар ўз мурожаатларида, "қамоқхоналарда коронавирус юқтириб олиш хавфи жуда юқорилиги боис" хавфли жиноят содир этмаган ва кекса ёшдаги маҳкумларни вақтинча уй қамоғига чиқаришни сўрашган.

"Юксалиш" умуммиллий ҳаракати ва Омбудсманнинг ҳамкорликдаги режаси борасидаги хабар эса, худди шу фонда бўй кўрсатган.

Орада айрим ҳуқуқшунослар томонидан ҳам пандемия шароитида айрим маҳкумларни афв этиш тўғрисидаги таклифлар илгари сурилган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek