Ифлос ҳаво танангизнинг қайси қисмларига кириб боради ва қандай таъсир қилади?

Сурат манбаси, Getty Images
- Author, James Gallagher
- Role, Inside Health dasturi boshlovchisi, Radio 4
- Ўқилиш вақти: 4 дақ
Ўзимни зарарлангандек ҳис қиляпман.
Лабораторияда микроскоп остидаги қонимга тикилиб турибман. Соф қизил қон таначалари ўрнига, уларнинг баъзилари қора доғлар билан ифлосланган. Дунёда биринчилардан бўлиб ўз танасида ҳаво ифлосланиши оқибатини кўраётган одамлардан бириман.
Қарийб бир соат олдин Лондон марказидаги тўрт қаторли серқатнов йўл четида тургандим. Бу ерда ҳавода ҳид бор бор, кейин оғзингизда ачимсиқ бир маза қолади.
Ҳаво ифлосланиши танамизга қандай таъсир қилишини, соғлиғимизга қандай зарар етказишини тушуниш учун тажрибанинг бир қисми сифатида 10 дақиқа давомида ифлос ҳаводан нафас олишга рози бўлдим.
Буюк Британияда ҳаво сифати ёмонлиги йилига 30 000 кишининг ўлимига сабаб бўлади, аёлларда ҳомилага зарар етказади ва астмадан тортиб деменциягача бўлган касалликларни кучайтиради.
Мен нафас олаётган ифлос ҳаво асосан транспорт воситаларидан чиқар, уларнинг бир қисми шиналар ва тормозлар ишқаланишидан ҳосил бўларди.
Лондон Қиролича Мэри университети профессори Жонатан Григг айтишича, кўпчилик одамлар ифлос ҳаво бурун ёки оғизда тўлиқ филтрланади ёки ўпкада ушланиб қолиб, кейин чиқиб кетади деб хато ўйлайди.
"Биз энг майда заррачалар нафақат ўпкада қолишини, балки қон оқимига ўтиб, бутун танани айланиб чиқишини текширяпмиз", дейди Григг.
Biz eng mayda zarrachalar nafaqat o‘pkada qolishini, balki qon oqimiga o‘tib, butun tanani aylanib chiqishini tekshiryapmiz.
Лондон ҳавосидан нафас олгач, яна лабораторияга қайтамиз, у ерда бармоғимдан текширув учун қон намунаси олинади.
Микроскоп остида танада кислород ташийдиган қизил диск шаклидаги ҳужайраларни осон кўриш мумкин.
Кўзим ўргангунча бир неча дақиқа ўтади, кейин ундаги ҳаво ифлосланиши асорати кўрина бошлайди. У қизил қон таначаларига ёпишган майда қора нуқталар кўринишида намоён бўлади.
Булар углерод ва бошқа кимёвий моддалар заррачалари бўлиб, ёқилғининг тўлиқ ёнмаслиги натижасида ҳосил бўлган кичик кўмир бўлагига ўхшайди. Улар PM2.5 деб аталади, чунки заррачаларнинг ўлчами 2,5 микрометрдан кичик.
Ҳаво ифлосланишини кўриб ҳайрон бўлмайман, ахир биз шунинг учун тажриба ўтказяпмиз, лекин барибир ўзимни ифлосланган, булғаланган ҳис этавераман.

Сурат манбаси, Tom Bonnett
Тадқиқотчи доктор Норрис Лию тадқиқот доирасида ўндан ортиқ кўнгиллиларнинг қон намуналарини кўриб чиқди.
Ўрта ҳисобда, ҳар икки-уч минг қизил қон таначасидан биттаси ифлослантирувчи моддани ўзига илаштириб олган.
Бу унчалик кўп эмас деб ўйлашингиз мумкин, лекин катта ёшли одамнинг беш литр қонини ҳисобласак, тадқиқотчилар тахминича, танамизда ифлосланишни ташийдиган 80 миллион қизил қон ҳужайраси бўлиши мумкин.
"Буни кўриш бироз ташвишли, шундай эмасми? – дейди Лию. – Энди ҳар гал гавжум йўлдан ўтганимда, бу заррачаларнинг қанчаси танамга жойлашгани ҳақида ўйлайман... шунчаки кўчада кўп юришни хоҳламай қоламан."
Йўл четида атиги 10 дақиқа турдим. У гавжум эди, лекин фавқулодда гавжум эмас. Сизнинг қонингизда ҳам аҳвол шундай бўлиши мумкин.
Лондоннинг Қиролича Мэри университети жамоаси қондаги ҳаво ифлосланиши даражаси тоза ҳаводан тахминан икки соат нафас олгандан кейин яна пасайишини аниқлади.
Григг ҳавонинг ифлосланиши қонда шунчалик аниқ кўриниб турганидан "жуда ҳайратда эди", лекин унинг айтишича, муҳим масала бу заррачалар қаерга кетаётгани.

Сурат манбаси, Kun.uz
Унинг айтишича, бу нафас билан чиқарилмайди, баъзилари буйраклар орқали филтрланиб, сийдик билан танадан чиқиб кетиши мумкин. Аммо энг эҳтимоли каттароғи улар "қон томирлари деворларидан ўтиб, турли органларга жойлашиб олади".
Ушбу тадқиқот ҳаво ифлосланиши нима учун ўпкадан ташқарида, шу жумладан, мияда ва ҳали туғилмаган чақалоқларда кўплаб соғлиқ муаммолари билан боғлиқлигини тушунтиради.
Туғруқдан кейин таҳлил қилинган йўлдошларда ҳам қора углерод чўкиндилари топилган.
"У орган танламайди, – дейди Лию, – шунинг учун улар ҳамма жойда бўлиши мумкин."
Ҳаво ифлосланишининг бошқа шакллари ҳам бор, масалан, азот оксидлари. Улар газ бўлгани учун микроскопда кўринмайди, аммо зарарли эканлиги маълум.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти таъкидлашича, дунё аҳолисининг 99 фоизи ифлосланган ҳаводан нафас олади, бу эса йилига етти миллион ўлимга сабаб бўлади. Қироллик шифокорлар коллежи ҳисоботига кўра, Буюк Британияда бу кўрсаткич йилига 30 минг ўлимни ташкил этади.
End of Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз
Ушбу ҳисоботга раҳбарлик қилган сэр Стивен Ҳолгейт ҳаво ифлосланиши соғлиғимизга зарар етказаётганига шубҳа йўқлигини айтди – "бу тасдиқланган, баҳсга ўрин йўқ" ва энг ишончли далиллар ҳаво ифлосланишини камайтираётган ва бунинг фойдасини сезаётган ҳудудлардан келаётганини таъкидлади.
Аммо ҳозир ҳаво ифлосланиши "асосан кўзга кўринмас" бўлиб қолгани учун, ўтмишдаги тутунли шаҳарлардан фарқли ўлароқ, кўпчилигимиз ундан нафас олаётганимизни сезмаймиз ва "бизга зарар етказаётганини тўлиқ англамаймиз", дейди у.
Ҳаво ифлосланиши умримиз давомида турли тана аъзоларининг зарарланиши билан боғлиқ.
Зарарланишнинг кўплаб шакллари мавжуд, улар орасида яллиғланишни келтириб чиқариши асосий сабаб ҳисобланади. Яллиғланиш – тананинг жароҳат ва инфекцияга табиий реакциясидир, аммо у қон томирларига таъсир қилиб, юрак хуружлари ва инсульт хавфини ошириши мумкин.
Ўпкадаги яллиғланиш ухлоқ саратон ҳужайраларини фаоллаштириши ва уларни хавфли ўсмаларга айлантириши аниқланган. Буюк Британияда ўпка саратонининг ҳар ўнтадан бири ҳаво ифлосланиши туфайли келиб чиқади деб тахмин қилинади.
Ҳатто ҳомиладорлик даврида ҳам ҳаво ифлосланиши ривожланаётган чақалоқнинг ДНКсига таъсир қилиши тахмин қилинади.
"Ҳаво ифлосланиши муаммога айланадиган жуда сезгир давр бор. Бунда кичик ўпкалар, кичик юрак ва мия ривожланиши", дейди сер Стивен.
Ҳаётнинг кейинги босқичларида эса, унинг айтишича, ҳаво ифлосланиши мияда заҳарли оқсил қатламларини ҳосил қилиш орқали деменция жараёнини "тезлаштирмоқда".
Бунга қарши нима қила оласиз?
Ҳаво ифлосланиши зарарини камайтириш бўйича турли тавсиялар бор. Масалан, тинчроқ кўчаларда ёки транспорт воситаларидан узоқроқ бўлиш учун йўлдан узоқроқ юриш. Бу, айниқса, автомобил тутун қувурлари баландлигига яқин бўлган аравачадаги чақалоқлар учун жуда муҳим.
Григгнинг тадқиқоти кўрсатишича, яхши ўрнашган FFP2 ниқоби қондаги ҳаво ифлосланишини камайтиради, аммо "биз ҳамма ниқоб тақиши керак деяётганимиз йўқ", дейди Григг ва "юрак хуружи ёки сурункали нафас йўллари касаллигидан соғайган" баъзи клиник заиф одамлар ифлосланиш юқори ҳудудларда ниқоб таққани маъқуллигини қўшиб қўяди.
Аммо ҳаво ифлосланиши билан боғлиқ муаммо шундаки, сиз кўпинча бошқа одамлар келтириб чиқарган ифлосланишдан нафас оласиз. Агар уйингиз серқатнов йўлда жойлашган бўлса, шунчаки бошқа жойда яшаш осон эмас.
Автомобиллардаги ўзгаришлар – нафақат электр автомобиллар савдоси, балки янги дизел ва бензин двигателларидаги эмиссия стандартлари ҳам ҳаво сифатини яхшиламоқда.
Аммо Григг шундай дейди: "Менимча, бу таъсирларни келтириб чиқариши мумкин бўлган механизмларни қанчалик яхши тушунсак, сиёсатчилар олдига зарарни камайтириш талабини шунчалик кўпроқ қўя оламиз – охир-оқибат ечим шу."





























