Қирғизистон: Парламент тарихда илк бор ўзини-ўзи тарқатди. Президент сайлов адолатли ўтишини ваъда қилмоқда

Қирғизистон парламенти

Сурат манбаси, kenesh.kg

    • Author, Шоҳруҳ Соипов
    • Role, Мустақил журналист
  • Ўқилиш вақти: 9 дақ

Президенти Садир Жапаров Қирғизистонда муддатидан аввал парламент сайловини жорий йилнинг 30 ноябрида ўтказиш бўйича фармонни имзолади. Жўғўрқу Кенешнинг ҳозирги таркиби мустақил Қирғизистон тарихида ҳеч қандай сиёсий инқирозсиз ўзини-ўзи тарқатган биринчи парламент бўлиб қолди.

Алоқадор мавзулар

Президент мурожаати

Президент Садир Жапаров 30 сентябр куни халққа телевидение орқали қилган мурожаатини, парламентни ўзини-ўзи тарқатиш масаласи бўйича ташаббус кўтариб, қўллаб-қувватлаган депутатларга миннатдорлик билдириш билан бошлади ва бунинг сабабини тушунтиришга ҳаракат қилди.

"Сизлар қолган бир йиллик депутатлик муддатингизни эмас, балки давлатнинг узоқ муддатли барқарорлигини ўйладингизлар. Давлатчилик нуқтаи назаридан фуқаро сифатида фикр юритдингизлар. Сабаби, келажакда парламент ва президентлик сайловлари ҳар беш йилда бир-бирига туташиб қолса, бу, биринчи навбатда, Марказий Сайлов комиссияси учун қийинчилик туғдиради, иккинчидан, сиёсий барқарорликка салбий таъсир қилиши мумкин. Учинчидан, келаси йил кузда Шанхай Ҳамкорлик ташкилотининг саммити ва Кўчманчилар Ўйинлари бизда ўтказилади. Қисқа қилиб айтганда, "тўққиз тўлғоқ" бир вақтда келяпти", деди Президент Жапаров.

Жорий йил бошида янги қабул қилинган сайлов қонунчилигида, парламент сайлови 2026 йилнинг ноябр ойида, президентлик сайлови эса 2027 йилнинг январь ойида ўтказилиши белгиланган эди.

25 сентябрида Қирғизистон парламентининг 7-чақириқ депутатлари ўз-ўзини тарқатиб юбориш тўғрисидаги қарор лойиҳасини қабул қилдилар ва ўз фаолиятларини муддатидан аввал тўхтатдилар.

Ташаббус гуруҳига парламентдаги 90 депутатдан 32 нафари киргани маълум қилинди. Улар, ўз ташаббусларини сайлов қонунчилигидаги ўзгаришлар сабаб, шунингдек, мамлакатда сиёсий тизим ва барқарорликни мустаҳкамлаш мақсад экани билан изоҳлаганлар.

"Президентлик сайловига тайёргарлик эмас"

Қирғизистон Президенти Садир Жапаров

Сурат манбаси, President.kg

Давлат раҳбари Садир Жапаров халққа мурожаатида, парламент сайловини муддатидан олдин ўтказиш президентлик сайловига тайёргарлик бўлиши мумкин экани тўғрисидаги гапларни рад этди.

"Айрим сиёсатчилар ёки мухолифатчилар мени бир йилдан кейинги президентлик сайловига тайёргарлик кўряпти, деб ўйлаши мумкин. Йўқ, азизлар. Мен ҳеч бир депутатдан тарқалинглар деб сўраганим йўқ. 5 йил аввал мен 80 фоиз халқнинг қўллови билан сайланганман. Кейинги сайловга номзодимни қўйсам, 90 фоиз билан ўтаман, деб ишонаман. Чунки халқнинг қўллови аввалгидан ҳам кучайганини ҳис этяпман", дея ўзининг яна президентлик тахтда қолишига ишора қилди Садир Жапаров.

Унинг сўзларига кўра, давлатда узоқ муддатли сиёсий барқарорлик ўрнатилди. Бундан кейин парламент ва президент сайловлари ҳар доим бир ярим йиллик оралиқ билан ўтказилади.

2020 йилнинг 4 октябрида ўтган парламент сайлови натижалари халқнинг норозилик чиқишларига сабаб бўлиб, иқтидордаги президент Сооронбай Жээнбеков ҳокимиятни, ўша пайтдаги мухолифат вакили Садир Жапаровга топширишга мажбур бўлган эди.

Октябр воқеаларидан сўнг Қирғизистонда президентлик сайлови ва Бош қомус - Конституцияни ўзгартириш бўйича референдум ўтказилди. Мамлакат парламент бошқарувидан президентлик тизимига қайтди ва 2021 йилнинг 28 ноябрида сайланган янги парламентнинг ваколатлари анча чекланди.

"Адолатли сайлов ўтказилади"

Президент Садир Жапаров халққа қилган мурожаатида, мустақил Қирғизистоннинг ўтган 30 йиллик тарихида уч марта инқилоб юз бергани, уларнинг барчасига адолатсиз ўтказилган сайловлар сабаб бўлганини, энди эса сайловлар адолатли ўтишини таъкидлади.

"Давлатимиз уч марта парчаланиш хавфига дуч келди. Чунки сайловлар адолатли ўтмаган эди. Ҳозир эски сайлов тизимини йўқ қилдик. Илгаригидек бюллетенларни олдиндан юклаб, сайлов участкасига олиб бориб, кечасию-кундузи қўриқлаб турадиган давр ўтиб кетди. Ҳаммаси рақамлаштирилди. Ҳозир сайлов участкасига борганингизда, рўйхатдан ўтганингиз билан бюллетенни компютер чиқариб беради. Хоҳлаган номзодингизга овоз бериб, бюллетенни автомат қутига ташлайсиз. Автомат қути овозингизни қайси номзодга берганингизни дарҳол ҳисобга олади ва сайлов тугашини кутади. Кечки соат 20:00 да қутининг тугмасини босиш билан, қайси номзод қанча овоз олганини дарҳол чиқариб беради", деди Президент Садир Жапаров.

Шунингдек, қутидаги бюллетенлар чиқарилиб, номзодларнинг кузатувчилари билан бирга қўлда ҳам санаб чиқилади. У бюллетенлар бир йил давомида архивда сақланади. Қайси номзод қайси участкадан шубҳа қилса, ариза ёзиб, қайта санаши мумкин.

"Қисқаси, ҳеч бир номзод ёки кучлар сайлов натижасига даъво қилолмайди. Чунки бизда сайлов тизими тўлиқ рақамлаштирилган ва автоматлаштирилган. Бундай сайлов тизими МДҲ давлатлари ичида фақат бизда мавжуд. Қирғизда, "оғзи сутдан куйган айронни ҳам пуфлаб ичади", деган тўғри сўз бор. Шунингдек, сайловнинг "шайтон ўйинлари"дан 30 йилда уч марта тўнтариш кўрган халқимиз сайлов тизимини инсон омили аралашмайдиган даражада рақамлаштириб, автоматлаштириб қўйдик", деди Президент Жапаров.

Парламентда аёллар улуши

Спикер Нурланбек Тургунбек ўғли

Сурат манбаси, kenesh.kg

Сурат тагсўзи, Спикер Нурланбек Тургунбек ўғли бу чақириқ давомида Жўғўрқу Кенеш муҳим қонунлар қабул қилинди деди.

Президент Садир Жапаров давлат адолатли сайлов тизимини барпо этганини, энди парламентга муносиб депутатларни сайлаш халқнинг ўз қўлида эканини урғулади.

"30 йил ичида сизлар минг хил депутатни кўрдингизлар. Яхшисини ҳам, ёмонини ҳам, популистини ҳам, демагогини ҳам, бақир-чақирини ҳам, бойини ҳам, камбағалини ҳам, овоз сотиб олганини ҳам, сотганини ҳам кўрдингизлар. Шу боис, сизлар депутат сайлашда "мастер" бўлиб қолдингизлар, деб ишонаман. Шунинг учун, келаётган сайловда фақат муносиб номзодларни сайланглар демоқчиман. Муносибларни сайлаш энди сизнинг қўлингизда. "Ўз боламиз" деган тушунчадан ҳам узоқ бўлинглар. Чотқолдан Олойга, Олойдан От-Боши билан Қарқирага борса ҳам — ҳаммаси ўз фарзандинглар. Биз бир халқмиз", деди президент.

Янги қабул қилинган қонунга кўра, ҳар бир округдан учтадан депутат сайланади. Бир сайловчи фақат бир номзодга овоз бера олади. Яъни, бир сайловчи – бир овоз. Учинчи ўрин аёлларга тегишли.

"Аввал аёллар эркаклар билан тенг шартда сайловда қатнашар эди. Кўрдингизми? Дунёда йўқ тизимни биз жорий этдик. Аёлларнинг ҳуқуқи топталмасин дедик. Биз аёлларни ҳурмат қилган миллатмиз. Биздан халқ бошқарган аёллар, Ватанини ҳимоя қилган қаҳрамон қизлар чиққан. Биз ҳам инсон ҳуқуқини, ҳам аёлларнинг ҳуқуқини ҳимоя қилишимиз керак. Қолаверса, бу ҳақда қаттиқ гапирадиган мамлакатларнинг ўзида аёллар учун бундай шартлар йўқ. Улар талаб қилади, лекин ўзлари бажармайди", деди Президент Жапаров, бироқ у қайси давлатларни назарда тутганини очиқламади.

"Овоз сотманг"

"Биз, ҳокимият тарафидан, тоза сайлов ўтказиш учун барча шарт-шароитни яратдик. Энди сизлар ҳам тоза сайлашга ўрганинглар. Овозингизни сотманглар. "Овоз сотиб оламан" деб келган номзодларни халқ орасида шарманда қилинглар. "Йўл, мактаб, боғча солиб бераман" ёки "осмондон ойни олиб бераман" деганларга ишонманглар. Депутат қурилишчи эмас, у қонун ёзади, унинг бажарилишини назорат қилади, халқ билан ҳокимият ўртасида кўприк бўлади. Овозингизни сотган депутат 5 йил давомида фақат ўзи учун ишлайди. Ундан эл учун фойда бўлмайди. Қисқаси, бу сайловда яна "ўшалар"ни сайлаб, кейин 5 йил "депутатлар – аҳмоқлар" деб нолиманглар. Агар нолисангиз, ўзингизга нолийсиз. Кимни сайласангиз ҳам, улар сизнинг 5 йиллик депутатларингиз бўлади. Биз, ҳокимият, "номзодни халқнинг ўзи танласин" деб барча шароитни бердик. Энди сизлар ҳам адашмай, тўғри танланглар. Бу сафар ҳақиқий халқ вакилларини сайлайсизлар", деди Қирғизистон халқига мурожаатида Президент Садир Жапаров.

Президент давлат хизматчиларига, мактаб ўқитувчиларига, шифокорларга сайлов жараёнига аралашмасаликни маслаҳат берди, агар ким аралашса, фақат ишдан кетиш билан чекланиб қолмай, қаттиқ жазоланиши ҳақида ҳам огоҳлантирди.

"Бу сайловни бошидан охиригача мен шахсан кузатаман. Қайси округда адолатсизлик бўлса, Марказий Сайлов комиссиясининг текширувларига шахсан ўзим қатнашаман ёки ишончли одамларимни юбораман. Ҳар бир ишнинг натижасини адолат билан чиқарамиз. Келинглар, биз ҳам ривожланган давлатлар каби цивилизациянинг энг юқори чўққисига интилайлик. Иқтисод билан шуғулланайлик, мудофаа ва хавфсизлигимизни мустаҳкамлайлик. Қачонгача тортишув ва жанжалдан бошимиз чиқмайди? Қисқаси, бу сайлов тарихимизда бўлмаган даражада адолатли ўтиши керак. Халқ қайси номзодни хоҳласа, ўша номзод ўтсин. Халқ сайлаб берган депутатлар билан ишлашга тайёрмиз", дея ўз сўзини якунлади Президент Садир Жапаров.

Кузатувчилар нима дейди?

Қирғизистон парламенти ўзини ўзи тарқатиши эълон қилинган мажлиси

Сурат манбаси, kenesh.kg

2021 йилнинг 28 ноябрида сайланган парламентнинг ваколатлари анча чекланди. Шунга қарамай, Жўғўрқу Кенешда танқидий қарашдаги ёки мухолифат руҳидаги сиёсатчилар ҳам депутат бўлди. Бироқ уларнинг айримларининг орзуси ва тақдири ҳокимият вакиллари, айниқса Миллий Хавфсизлик давлат қўмитаси (МХДҚ) раиси Қамчибек Ташиев билан мунозараларда синовдан ўтди. Адахан Мадумаров, Ўмурбек Бакиров, Султонбой Айжигитов каби депутатларнинг тажрибаси бошқа халқ вакиллари учун сабоқ бўлиб, парламентнинг сиёсий руҳини белгилагандек бўлди.

"Нима учун яшириш керак, Жўғўрқу Кенешнинг 90-95 фоизи Президент маъмуриятига тўлиқ боғлиқ бўлиб қолди десак, адолатли бўлади", деб ёзди ўзининг Фейсбукдаги саҳифасида сиёсий таҳлилчи, Президент ҳузуридаги Жусуп Абдрахманов номидаги Давлат бошқарув академиясининг собиқ ректори Алмазбек Акматалиев.

У, "депутатлар "яхши ишлади", "президент ва ҳукуматнинг мамлакат тараққиёти учун қаратилган барча қонунларини қўллаб-қувватлади", вакиллар "маъқул" позициясини тутган бўлсалар, "унда тарқатишнинг нима ҳожати бор эди?" деган саволга ҳам жавоб излаган.

"Асосий жавоб бундай: янги Қирғизистон қурилаётганда янги Жўғўрқу Кенеш керак. Қирғизистон мустақил давлат сифатида янги даврни бошдан кечирмоқда. Шу билан бирга янги байроқ, янги мадҳия яратилаяпти. Энди навбат парламентга", дейди ҳукуматнинг бир қатор ташаббусларини қўллаб келган таҳлилчи.

Янгиланиш дегандай, парламент Қирғизистоннинг давлат байроғини алмаштириш таклифини қўллаб-қувватлади, парламент раиси эса давлат мадҳиясини ўзгартириш ташаббуси билан чиқди.

Жамоат ва сиёсий арбоб Эмилбек Каптагаев "Парламентнинг сўнгги таркиби нимаси билан ёдда қолди?" деган саволга:

"Мустақиллик рамзи бўлган байроқни йиқитишди, мустақиллик рамзи бўлган мадҳиянинг қийматини туширишди, ҳокимиятнинг муҳим бўғини бўлган парламентни бутунлай издан чиқаришди", деб фикр билдирди Эмилбек Каптагаев.

Бироқ бу фикрга парламентнинг эндиликда собиқ депутатлари қўшилмайдилар.

Iqtibos

Сурат манбаси, .

Оқ Уйнинг "нотариуси"

Жўғўрқу Кенеш тарқатилиши арафасида парламент раиси Нурланбек Тургунбек ўғли бу чақириқ давомида муҳим қонунлар қабул қилинганини таъкидлади.

"Миллатнинг озуғи, қалби бўлган 'Давлат тили тўғрисида'ги конституциявий қонунни қабул қилдик. Бу ҳам катта жасорат эди", деди спикер.

Шунингдек, у Ўзбекистон ва Тожикистон билан чегараларни ҳал қилиш, Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темир йўлининг келишуви, ҳудудий-административ ислоҳотлар бўйича ҳужжатлар, иқтисодий амнистия тўғрисидаги қонун ва Совет даврида репрессия қилинган аждодларни оқлаш тўғрисидаги қонун қабул қилинганини алоҳида қайд этди.

"Спикер охирги нутқида кўп ишлар қилинди деб, мисолларни санаб ўтди. Лекин у рўйхатдаги ташаббусларнинг барчаси ижро ҳокимиятидан, айниқса президент маъмуриятидан чиққан қонунлар эди. Масалан, чегара ҳақида гапирадиган бўлсак, бу давлатлараро комиссиянинг ҳаракати эди. Парламент эса асосан тасдиқлаб берди. Шу жиҳат бу чақириқнинг асосий хусусияти бўлди. Тасдиқловчи орган, нотариусга ўхшаш идора бўлиб қолди", дейди сиёсатшунос Эмилбек Жороев.

Шу билан бирга таҳлилчи Жўғўрқу Кенеш ҳақида танқидлар кўп айтилганига қарамай, унинг фаолияти конституцияга мувофиқ ва реал сиёсий вазиятга мос равишда амалга оширилди, деган фикрда.

Экспертнинг таъкидлашича, 2021 йилда ўтган конституциявий ислоҳот асосида мамлакатда ҳокимият марказлаштирилиб, президентлик ҳокимияти устунлиги ўрнатилган.

Оддий қирғизистонликлар нима дейди?

Қирғизистон парламенти депутатлари ўзини-ўзи тарқатиб, муддатидан аввал сайлов ўтказилиши оддий аҳоли ҳаёти учун қанчалар муҳим?

Биз бу савол билан қирғизистонликларга юзландик.

Феруза Шамшидинова, менеджер

Парламент ўзини-ўзи тарқатиши, биринчидан, қонун устуворлиги йўқлигини кўрсатиб қўйди, деб ўйлайман. Халқ қонунлар барқарорлигига ишонади. Лекин шунга риоя қилинмай, депутатларни муддатидан аввал тарқатилиши, демак Қирғизистонда Бош қомусни хоҳлаган пайтда ўзгартирса бўлишини англатади. Бошқа давлат фуқаролари ҳам биз ҳақимизда шундай ўйлаши мумкин.

Иккинчидан, тарқатилган парламент қандай ишлади? Улар қанчалик жиддий ишларни амалга оширди? Қандай муҳим қонунларни ишлаб чиқиб, қарорларни қабул қилдилар? Оддий мисол, мактаблардаги порахўрликни бартараф эта олишмади. Алимент масаласини ҳам ҳал қилишолмади. Аёллар ҳуқуқини ҳимоя қилишга ҳаракат қилишмади. Қанча аёллар зўрланмоқда, педофиллар чиқмоқда, уларга нисбатан қаттиқ жазони қўллаш керак деб, биронта депутат гапирмади. Аслида бунақа парламентни икки йил аввал тарқатиб юбориш керак эди. Халқ манфаатига хизмат қилмаган, арзигулик қонун ишлаб чиқмаган парламент керак эмас. Ундан аввалроқ қутилиш керак эди. Бу ерда кимларнидур манфаати бормикин, деган фикр ҳам келади. Дангал айтадиган бўлсам, бунақа парламентнинг боридан йўғи яхши.

Энди кейинги сайловда янги депутатлар сайланиб, халқ учун ишлайдиган парламент бўлади, деган фикр бор. Лекин, билмадим, балки яна ўша, эски ҳаммом ва эски тос, яна эски депутатлар сайланиб келар.

Кейинги йил парламент ва президентлик сайлови билан кетма-кет келиб қолади, шунинг учун парламент сайловини ҳозир ўтказишмоқчи, демак қандайдир манфаат бор, деган фикр ҳам халқ орасида айтилмоқда. Одамлар гапиргани билан, ҳокимиятдагилар ўзлари ҳал қилишаяпти.

Оддий халқ қандай парламент бўлишини истайди? Халқ манфаати учун ишлайдиган депутатлар келишини хохлайди. Лекин, афсуски, бу фақат орзу бўлиб қолмоқда. Ноумид шайтон, деймизу, шунга ўхшаш, йўқдан кўра бори яхши, деб ният қиляпмиз. Агар яна ўша, эски ҳаммом, эски тос бўлса, Қирғизистонда ҳеч қайси тармоқда ривожланиш бўлмайди. Илм-фан, маданият, тиббиёт ва бошқа тармоқларда порахўрлик авж олган, пулингиз бўлса сизга хизмат қилишади, бўлмаса йўқ. Халқ буни яхши билади. Шунинг учун парламентга келадиган янги депутатлар халқ учун ишлаши керак.

Одилжон Дадажонов, ўшлик фаол

Одилжон Дадажонов

Сурат манбаси, Одилжон Дадажонов шахсий архивидан

Ҳар бир давлатнинг ўзининг сиёсати бўлади. Уни ҳамма ҳар xил изoҳлаши мумкин. Қандай изoҳлаган тақдирда ҳам, бу табиий бўладиган жараён.

Парламентни тарқатиб, муддатидан аввал янги сайлов ўтказишдан мақсад, шаффoф ва адолатли сайлoв орқали янги депутатларни парламентга келишини таъминлаш, дейиляпти.

Мен ҳақиқатан ҳам шу нарсалар амалга ошишига ишонаман. Сабаби, Президент Садир Жапаров олиб бораётган сиёсатда порахўрликка барҳам берилиб, мамлакатни тубдан ислoҳ қилиш дастурлари амалга ошириляпти. Буни гувoҳи бўляпмиз.

Парламентга янги депутатлар адолатли сайлов орқали сайланиб келишига ишонаман.

Сабаби, ҳозир давлат идоралари яхши ишлаяпти, назоратни кучайтирган. Сайловга бировларни, айниқса мактабларда ўқитувчиларни аралаштирмай, умуман давлат малoзимлари, давлат ресурслари аралашмасдан шаффoф ўтиши учун ҳаракатлар бўляпти.

Бунгача сайловларда жуда кўп нoҳақликлар, пул тарқатишлар oшкoра бўлганини биламиз. Маҳаллаларда юриб бемалoл пул тарқатилган ҳoлатлар кузатилган. Шулар батамом йўқ қилиниб, нoмзoдлар хoлис, адолатли сайланиши учун ҳаракат қилиняпти. Мен бу сафарги сайлов адолатли ўтишига ишонаман.

Соҳиба Шокирова, журналист

Соҳиба Шокирова

Сурат манбаси, Соҳиба Шокирова шахсий архивидан

Парламент депутатларининг ўзини-ўзи тарқатиб юбориш қарори мен учун жуда маъқул бўлди. Кунда шу депутатларни, худди масхарабозлар каби кўравериб, энсам қотиб кетганди. Бу сафар парламентга атайин шундай саводсиз депутатлар тўпланишганми, дедим.17 йилдан бери Жўғўрқу Кенеш сессияларини узмай кўриб бораман. Уларга "парламентнинг энг шарманда, билими, савияси паст депутатлари " деб ном берган бўлардим. Худди, йилдан йилга халқни саводсизлаштириш процесси бажарилаётгандай… Бу сафарги сайловда ҳам парламентга депутат бўлиб кимлар келиши аввалдан аниқ бўлиб қолгандек.

Еттинчи чақириқ депутатлари ҳар доимгидай бой отани қайсар болаларидек бир-бирига сўз бермаслик, президиумдан туриб ўшқиришлар, худдики икки дўст буларни қўлидан хўрозқандини олиб қўйгандай тиранишди. Жўғўрқу Кенешга депутатлар халқ ичидан сайланиб келган, халқ масаласини ечиш, янги қонун лойиҳаларини жорий қилиш учун келади. Ўзларини қанчалик жаҳлдор эканлигини, ёки вазирларни, админстрация вакилларини қўрқитиш учун эмас.

Бу чақириқ шармандаларча яна ўзини-ўзи тарқатиб юборган тантиқ депутатлар йиғини бўлди. Агар сиёсий имкониятимиз бўлганида эди, бу чақириқ депутатларини ишга лаёқатсиз деб топиб, Марказий Сайлов комиссиясига, янги сайловга қатнашишини маън қилардик. Лекин демократик мамлакатда ўзини-ўзи тарқатиб юборган парламент қайтмаслиги аниқ. Чунки у парламент ўзини оқлай олмади.

Биз ўзини-ўзи тарқатган парламент депутатларини қайта келмаслигини талаб қиламиз. Нега ҳар бир соҳадан, ҳар бир региондан, шаҳар, вилоят, худудий ўз-ўзини бошқарувдан зиёли шахслар депутатликка бормай, ким бой бўлиб, қанча кўп пул сарфласа, шу сотиб олинган овозларни кўтариб депутат бўлиши керак? Ҳар бир миллатдан илмли, ўқимишли, давлат тилини мукаммал билган, зодагонларни эмас, ҳақиқий алп қонун билан қуролланган сиёсатчиларни кўришни хоҳлаймиз. Президент раҳбарлигидаги давлат расмийларини қандай ишлаётганини кўриб, янгиланиш даврини гувоҳи бўлиб турибмиз. Янги Қирғизистонимизга янги билимли юзлар керак.