Демократура. Қамоқ ё ҳижрат – Марказий Осиёдаги энг эркин мамлакат журналистлари қандай танлов олдида қолишмоқда? Ўзбекистонда-чи?

Сурат манбаси, BBC/Getty Images
- Author, Андрей Козенко
- Role, Би-би-си Рус хизмати
- Ўқилиш вақти: 11 дақ
Марказий Осиёнинг энг демократик мамлакати сифатида танилган Қирғизистон ҳукумати матбуотга босимни кучайтирмоқда: журналистлар тинтувлар, қамоққа олишлар хавфига, ҳокимиятни танқид қилган ОАВлар эса ёпилиш таҳдидига дуч келмоқда. Улар таъқиблар сабабини коррупция бўйича олиб борилган суриштирув ишлари деб ҳисоблашади, амалдорлар эса мустақил ОАВни оммавий тартибсизликлар қўзғатишда айблашмоқда. Сўнгги икки йил ичида мамлакатда ОАВ бўйича Россия қонунларига ўхшаш бир нечта қонун қабул қилинди.
"Майли, қамоққа олишсин, мени нимада ҳам айблашарди?"
Бишкекдан Қозоғистон чегарасигача атиги 20 км. Агар шахсий машинангиз бўлмаса, чегара пунктидан пиёда ўтишингиз мумкин ва бу аллақачон йўлга қўйилган: шаҳардан таксида келасиз, чегарадан ўтасиз, Қозоғистон томонида эса маҳаллий таксичилар навбатчилик қилади – Олмаотага уч соатда етиб бориш мумкин. Кўпчилик учун бу самолётда учишдан кўра қулайроқ ва арзонроқ.
2024 йил 18 октябрь куни кечқурун 52 ёшли журналист Лейла Саралаевани таниши чегарагача олиб борган, унда фақат битта бинафша рангли чамадон бор эди. У қуруқликдаги чегарани арзонроқ бўлгани учун эмас, балки аэропортда ушланиб қолишдан қўрққани учун танлаган – ўша куни эрталаб ҳамкасблари унга қўнғироқ қилиб, куч ишлатар идораларда унинг фамилияси тилга олинганини, унга қарши жиноят иши борлигини ва иложи бўлса кетиши кераклигини айтишган.
Лейланинг Instagram саҳифасида унинг замонавий кийимларда, табассум қилиб тушган суратлари мамлакат сиёсатини шарҳлаган ва раҳбариятни танқид қилган видеолар билан ёнма-ён жойлашган.
Лейланинг айтишича, у ҳокимият билан тўқнашуви жиноят иши билан якунланиши мумкинлигини тахмин қилган, аммо бунга кўпинча лоқайд қараган. "Эрталабдан бошим қаттиқ оғриди, – дейди у жўнаш куни ҳақида. – Мен: майли, мени қамоққа олишсин, мени нимада ҳам айблашарди, деб ўйлагандим. Қаҳрамонона фикрлар ҳам бор эди – одамлар қандай адолатсизлик содир бўлаётганини кўришсин."
2024 йил охирига келиб, Қирғизистонда журналистика катта босим остида эканлиги аён бўлди. Лейла Саралаева бу касбда 1990-йиллардан бери ишлаган, барча президентлар даврида фаолият юритган, аммо ҳали бундай миқёсдаги таҳдидларни кўрмаган.
У ҳатто ўзига захира йўл тайёрлай бошлади. Маълумоти бўйича социолог бўлган Лейла Марказий Осиёдаги Америка университетида антропологияни ўргана бошлади, шунингдек, "Чегара билмас мухбирлар" нотижорий ташкилотига ишга кирди – чет эллик иш берувчининг мавжудлиги унинг ҳимояси бўлишига умид қилди.
2015 йил август ойидан бошлаб Саралаева ўзининг "Янги юзлар" номли кичик ижтимоий-сиёсий онлайн нашрини чоп этди, у ерда бир вақтнинг ўзида бош муҳаррир ва асосий муаллиф сифатида ишлади, баъзан у билан штатдан ташқари ходимлар ҳам ҳамкорлик қилди.

Сурат манбаси, Leila Saralaeva Instagram
2024 йил сентябр ойида сайтда Садир Жапаровнинг президентлик сайловларида ғалаба қозонишида россиялик сиёсатшуносларнинг роли ҳақидаги суриштируви эълон қилинди ва бир неча кундан сўнг Маданият вазирлиги ундан мақолани ўчиришни талаб қилди.
У бутун сайт блокланмаслиги учун бунга рози бўлди, лекин барибир унга қарши оммавий тартибсизликларга чақириш моддаси бўйича жиноят иши қўзғатилди.
Қирғизистон журналистлари учун бу модда сўнгги пайтларда деярли касбий айбловга айланди: ҳокимият танқидий нашрларни одамларни кўчага чиқишга ундаш сифатида қабул қилмоқда.
Россиядан намуна олинган қонунлар

Сурат манбаси, .
2022 йилда Қирғизистон "Чегарасиз мухбирлар" томонидан тузилган Жаҳон матбуот эркинлиги индекси рейтингида 180 мамлакат орасида 72-ўринни эгаллаган эди.
Собиқ СССР давлатларидан фақат Болтиқбўйи мамлакатлари, Молдова ва Арманистон ундан юқорироқ ўринда эди. Масалан, Россия 2002 йилда рейтинг тузила бошлаганидан бери ҳеч қачон биринчи юзталикка кирмаган.
Бу йил Қирғизистон Марказий Осиёнинг бошқа давлатларига яқинроқ, Қозоғистондан ҳам пастроққа тушиб, 144-ўринни эгаллади. "Вазият кескинлашди," дейилади "Чегарасиз мухбирлар" шарҳида.

Сурат манбаси, .
Қирғизистон мустақилликка эришганидан бери ҳокимият тез-тез, кўпинча инқилоблар орқали ўзгариб турди – Садир Жапаров олтинчи президент бўлди.
Мамлакатнинг етакчи суриштирувчи журналистларидан бири Болот Темировнинг айтишича, мамлакатда доим кучли мухолифат ва фуқаролик жамияти мавжуд бўлиб келган – улар ахборот манбалари хилма-хиллигига талабни шакллантирган.
Гарчи барча президентлар даврида ОАВга у ёки бу даражада босим ўтказилган бўлса-да, 2000 йиллар иккинчи ярмидан бошлаб интернет ривожланиши билан Қирғизистонда онлайн фаолият юритадиган ўнлаб янги хусусий ОАВлар пайдо бўлди. Баъзилари чет эл грантлари ҳисобидан, бошқаларини маҳаллий сиёсатчилар молиялаштирган.
"Бу йиллар давомида озод инсонларнинг бутун бир авлоди тарбияланди, – дейди мамлакатдаги энг машҳур мустақил оммавий ахборот воситаларидан бири бўлган "Кактус" нашри асосчиси Дина Маслова. – Ахир айнан эркин одамлар мутеларга қараганда бир неча баробар ижодкорроқдир."

Сурат манбаси, Dina Maslova Facebook
Садир Жапаров 2021 йилда расман президент бўлди. У, жумладан, журналистларнинг ҳамдардлиги туфайли ҳокимият тепасига келди – уни аввалги давлат раҳбарлари даврида таъқиб қилишган, у Полшада муҳожирликда яшашга мажбур бўлган, қайтиб келгач эса гаровга олиш ва оммавий тартибсизликлар уюштириш айбловлари билан қамоққа ташланган.
"Фақат мустақил оммавий ахборот воситалари Жапаровга ўз фикрини билдириш имкониятини берди," деб ёзади Лейла Саралаева ўз мақолаларидан бирида.
У 2020 йил октябрида парламент сайловлари натижаларига қарши оммавий норозилик намойишлари иштирокчилари туфайли озодликка чиқди. Ўша куни кечқурун депутатлар уни бош вазир этиб сайлашди ва икки ҳафтадан камроқ вақт ўтгач, у истеъфога чиққан Сооронбай Жээнбеков ўрнига президент вазифасини бажарувчи бўлди.
Би-би-си суҳбатдошлари айтишича, у ОАВ ва инсон ҳуқуқлари ташкилотларига босимни дарҳол бошлаган.
"Жапаров матбуот анжуманларида журналистларга ва фуқаролик жамиятига ҳеч қачон босим ўтказмаслигини баралла айтди. Бизга шундай туюлди [шундай бўлади деб ўйладик], чунки унинг ўзи жуда қаттиқ азоб чеккан эди. Аммо ҳаммаси ёлғон бўлиб чиқди. У шунчаки ўзидан олдинги босимларни давом эттирди, кейин эса қонунлар кетма-кет қабул қилина бошлади," дейди Лейла Саралаева.
2024 йилда Қирғизистонда "хорижий агентлар" тўғрисидаги қонун қабул қилинди. Танқидчилар таъкидлашича, бу қонун Кремлнинг нодавлат нотижорат ташкилотлари ва журналистларга босим ўтказиш учун қўллайдиган "хорижий агентлар" тўғрисидаги қонунини сўзма-сўз такрорлайди.
2025 йил июнида парламент ОАВ тўғрисидаги янги қонунни қабул қилди, унда, жумладан, онлайн нашрлар учун давлат органларида мажбурий рўйхатдан ўтиш ва хорижий компанияларга оммавий ахборот воситаларига эгалик қилишни тақиқлаш кўзда тутилган. Президент ҳужжатни ҳали имзолаганича йўқ.

Сурат манбаси, Getty Images
Феврал ойидан бошлаб эса интернетда туҳмат ва ҳақорат учун жарима назарда тутувчи қонун амал қилмоқда.
Бу қонунлардагига ўхшаш нормалар Россияда ҳам амал қилади.
Жапаров ва амалдорлар бу қонунларни асослаш учун чет эл пулига ишлайдиган нодавлат нотижорат ташкилотларининг шаффоф эмаслиги, шунингдек, оммавий тартибсизликларга олиб келиши мумкин бўлган ёлғон маълумотларга қарши кураш ҳақида гапиришади.
Оммавий ахборот воситалари ҳамжамияти буларнинг барчаси аввало ҳокимият танқидчилари ва суриштирувчи журналистларга қарши қаратилганига ишонади.
"90-йиллардаги жангарилар қонунлари бўйича"
Нисбатан эркинлик йиллари Қирғизистонда суриштирув журналистикаси ривожланди ва оммалашди. Материаллар мавзуси асосан мамлакат элиталари ўртасидаги коррупция ҳақида эди.
"Клооп" нашри 2007 йилда блог платформаси ва ёш журналистлар мактаби сифатида ташкил этилган эди. 2025 йилга келиб, у Марказий Осиёдаги асосий суриштирув ОАВларидан бирига айланди.
"Клооп"га режадан ташқари солиқ текширувлари келди, суриштирув муаллифларини Садир Жапаров танқид қилиб, "бундан кейин бундай бўлмайди", деди. Нашр юридик шахс сифатида 2024 йил феврал ойида суд қарори билан тугатилди. Клооп сайти блокланди, аммо таҳририят ўз ишини давом эттирди.
"30 йил ичида биз анархияни демократия билан, ғийбатни эса сўз эркинлиги билан алмаштирдик, – дея суд қарорига изоҳ берди Жапаров. – Бизда сўз эркинлиги бўлган ва бундан кейин ҳам бўлади. Ҳақиқатни айтган ҳар қандай одамни қўллаб-қувватлаймиз. Анархия, миш-миш ва ёлғон ахборот тарқатиш – сўз эркинлиги эмас."

Сурат манбаси, Anna Kapushenko Facebook
Жорий йил май ойида Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси ходимлари таҳририятнинг 8 нафар собиқ ва амалдаги ходимларини қўлга олди.
Ҳибсга олинганларнинг ҳеч бирига адвокатлар киритилмади, икки оператор оммавий тартибсизликларга чақириш моддаси бўйича ҳибсга олинди ва тергов изоляторига жойлаштирилди. Қолганларини эса профилактик суҳбат бўлди, деб қўйиб юборишди.
"Клооп" ходимларининг бир қисми, жумладан, қўлга олинганларнинг барчаси шундан сўнг ишдан бўшашга қарор қилди, дейди нашр бош муҳаррири Анна Капушенко. Яна бир қисми мамлакатни тарк этди.
"Биз оддий фуқаролармиз, бизга 1990-йиллардаги қандайдир жангарилар қонунлари бўйича яшашга тўғри келмоқда. Албатта, одамни даҳшатга солади," дейди Капушенко.
"Ҳокимият суриштирув журналистикасига қарши репрессияларни бошлади, чунки суриштирувчи журналистлар қўйган саволларга жавоблари йўқ эди. Ягона жавоб – ўзларини фош қилиш," дейди журналист Болот Темиров. Унинг Temirov Live Youtube каналидаги суриштирувлари юз минглаб марта кўрилмоқда.
2022 йил январ ойида 42 ёшли Темиров гиёҳванд моддаларни сақлашда айбланиб ҳибсга олинди, кейин унга ҳужжатларни қалбакилаштириш ва чегарани ноқонуний кесиб ўтиш айбловлари қўшилди. У Қирғизистон фуқаролигидан маҳрум қилинди, ўша йилнинг ноябрида эса суд уни ўзи улғайган Россияга депортация қилишга қарор қилди.
Ҳозирда у Европада туриб ишини давом эттирмоқда. Қирғизистондаги лойиҳага унинг рафиқаси Махабат Тажибек қизи раҳбарлик қилмоқда. Ўтган йил октябрида у ва жамоанинг яна бир аъзоси Азамат Ишенбеков оммавий тартибсизликларга чақиришда айбланиб, мос равишда олти ва беш йилга колонияга ҳукм қилинган эди. Яна икки ходимга уч йилдан пробация (қисман шартли жазога ўхшаш ахлоқ тузатиш чораси) тайинланди.
Тилшунос экспертлар "Озодлик бекорга берилмайди, у учун курашиш керак" иборасида оммавий тартибсизликлар ҳақидаги модда бузилиш белгиларини топди. Бу ЮНЕСКО томонидан "Жаҳон хотираси" халқаро рўйхатига киритилган "Манас" халқ достонидан олинган иқтибосдир.
Баъзида ҳокимият нафақат ОАВда айтилганларни, балки улар буни қандай етказаётганини ҳам ёқтирмайди.

Сурат манбаси, Getty Images
"Апрел-ТВ" телеканали бошловчиларининг киноялари, истеҳзолари, видео-коллажлари, кучли ифодавий нутқлари ва юз ифодалари билан бирга келадиган салбий маълумотлар Қирғизистоннинг амалдаги ҳукуматини салбий бўёқларда кўрсатишга олиб келади, ҳокимиятнинг обрўсига путур етказади, ушбу янгиликларни кўраётган одамларда ишончсизлик ва шубҳа уйғотади," дея прокуратура "Апрел" таҳририятига қарши даъвосини асослади.
У 2018 йилда эфир телеканали сифатида иш бошлаган, уни собиқ президент Алмазбек Атамбаевга алоқадор тузилмалар молиялаштирган. Ўша пайтда, бош муҳаррир Дмитрий Ложниковнинг сўзларига кўра, у ерда 80 дан ортиқ одам ишлаган.
2019 йил август ойида Атамбаев коррупцияда айбланиб ҳибсга олинган (кейинчалик суд унинг таъқиб қилинишини сиёсий сабабларга кўра деб топган), ўшанда телеканал таҳририятига махсус кучлар бостириб кириб, ходимларни кўчага ҳайдаб чиқарган ва офисни муҳрлаб қўйган. "Апрел"нинг мол-мулки хатланди ва эфир тўхтатилди.
Жамоанинг бир қисми "Апрел"ни давом эттиришга қарор қилди, лекин энди анча кам ресурслар билан YouTube канали сифатида. Каналнинг ўзига хослиги норасмий услуби эди: бошловчи эфирда футбол тўпини тепиши мумкин эди ва янгиликлар "Янгилик эмас" деб номланган. У ерда маъмурлар ҳақида кўпроқ киноя билан гапириларди.

Сурат манбаси, Dmitry Lozhnikov Facebook
"Улар кузда (2024 йил – Би-би-си) "НеНовостей"нинг тахминан 40 та сонини тўплаб, уларни экспертизага беришди ва уларда тартибсизликлар, ҳокимиятни ағдариш ва низолар қўзғатишга чақириқлар бор-йўқлигига жавоб беришни сўрашди, – деб тушунтиради Ложников. – Экспертлар ҳайрон бўлиб, жиноят таркиби йўқлигини айтишди, кейин улар ўзлари фантазиялари етганча ёза бошлашди."
Июл ойида суд "Апрел"ни юридик шахс сифатида тугатди ва унинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларини блоклаш тўғрисида қарор чиқарди. Ҳозир канал ишламаяпти.
"Апрел" раҳбарияти Қирғизистонда қолишга қарор қилган ходимларнинг бир қисми билан уларни хавф остига қўймаслик учун хайрлашишга мажбур бўлди. Кичик жамоа мамлакатни тарк этди ва ишни давом эттирмоқчи.
"Пул топиб, [ходимларни] олиб кетяпмиз. Буларнинг бари жуда қиммат, оғир, асабга тегади, – дейди Ложников. – Мен учун ҳеч ким гаровга тушиб қолмаслиги муҳим. Ҳа, бу ўйинда биз ютқаздик, аммо фақат ўша ўйинда қоидалар ўйин давомида ўзгарди."
Би-би-си президент матбуот хизмати ва унинг маъмуриятига саволлар юборган, бироқ жавоб олмади.
"Ортиқча кўз керак эмас"
Қирғизистонда қолаётган журналистлар айтишича, цензура кучайганини сезмаслик мумкин эмас.
2020 йилда иш бошлаган "Башта" нашрининг 26 ёшли бош муҳаррири Нуржамол Жонибекова бу замонавий ёшлар оммавий ахборот воситаси бўлишини режалаштирган эди – инсон ҳуқуқлари, гендер тенглиги, урбанистика ва экология бўйича карточкалар ва Instagram'даги видеоларда тушунтириш журналистикаси. Энди "Башта" ҳам ҳамкасбларининг таъқиб қилиниши хроникасини юритишга мажбур бўлмоқда.
"[Ижтимоий-сиёсий] майдон аста-секин торайиб борди. Бир пайтлар биз ҳам сиёсат ҳақида кўпроқ гапиришга мажбур бўлдик, чунки ҳозир деярли ҳеч ким бу масалаларга тегмаяпти," дейди Жонибекова.
У ёш ҳамкасбларида лоқайдлик, тушкунлик ва чарчоқни кўради. Муҳожирлик эса касбда қолиш имконини берувчи асосий йўл сифатида қаралмоқда: "Ҳамма эртага келиб, уларни ҳам ушлаб кетишлари мумкинлигидан хавотирда."
"Қолганлар учун [журналистика] нафақат касб, балки ҳаётдир. Мана, қийналиб қоляпмиз, – дейди "Кактус" асосчиси Дина Маслова. – Шахсан мен мустақил журналистиканинг порлоқ келажагига ҳам айтарли умид қилмайман. Агар ёлланма ишчи бўлганимда, аллақачон ишдан бўшаб, бутунлай бошқа соҳада кўпроқ пул топган бўлардим."

Сурат манбаси, Nurjamal Djanibekova Facebook
Қирғизистон парламентининг собиқ спикери, ҳозирда Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги Дипломатик академияси проректори Зайнидин Қурманов муаммога кенгроқ назар солиш керак дейди.
У Қирғизистондаги демократик жараёнлар иқтисодий ютуқларга айланмаганини таъкидлайди: "Коррупция, жиноятчилик, миграция, иқтисодий кўрсаткичлар кўнгилдагидек эмаслиги туфайли жамиятнинг катта қисми тартибсизликни келтириб чиқарганликда демократияни айблай бошлади."
Қурмановнинг фикрича, Қирғизистон президент Жапаров даврида "демократура" йўлини танлаган – бу режимда сиёсий рақобат ва эркинликлар чекланган, аммо очиқ репрессияларсиз ва иқтисодиётни ривожлантиришга эътибор қаратилган.
У мамлакатда оммавий ахборот воситалари ҳали ҳам эркин эмаслигини тан олади, бироқ эркинлик даражаси минтақадаги қўшниларга қараганда юқорироқ эканлигини таъкидлайди: "Ҳамма нарсани гапира олмасак-да, етарлича кўп нарса айта оламиз, жумладан, чет элда яхши ва ҳурматли кўриниш учун ҳам, – дейди Қурманов. – Агар шундай бўлмаганида, мен сизга бу интервюни ҳеч қачон бермаган бўлардим."
Россия ва Евроосиёни ўрганиш бўйича Берлиндаги Карнеги маркази эксперти Темур Умаров Садир Жапаров ҳокимиятга тартиб ўрнатиш ваъдаси билан келганини эслатади.
"У бундай тартибсиз Қирғизистонда нормал Марказий Осиё авторитар режимини ўрнатишни ваъда қилди ва буни аста-секин амалга оширмоқда. Агар унинг Ўзбекистон, Қозоғистон ва Тожикистондаги қўшниларида авторитар барқарор ҳокимият ўн йиллар давомида мустаҳкамланган бўлса, у буни қисқа вақт ичида амалга оширмоқчи," дейди Умаров.
Эксперт, шунингдек, Жапаров – аввалгилардан фарқли ўлароқ – мухолифатдаги сиёсатчиларни мамлакат ҳаётида иштирок этишга жалб қилишга ҳаракат қилаётганига эътибор қаратади. 2023 йил феврал ойида у барча собиқ президентларни Дубайда норасмий саммитга тўплади – Қирғизистон тарихида биринчи марта улар бир стол атрофида ўтиришди.

Сурат манбаси, Taalay Usubaliev
"Улар бу жуда кичик молиявий пирогни баҳам кўришга ва жанжаллашмасликка интилишмоқда. Аввалги сиёсий элиталар эса бир-бири билан доимий зиддиятда бўлган ва бир-бири билан курашда фойдаланиш мумкин бўлган кўплаб оммавий ахборот воситалари мавжудлиги улар учун айни муддао эди. Жапаров даврида мустақил ОАВга эҳтиёж қолмади, – дейди Умаров. – [Пирогни тақсимлашда] ортиқча кўзлар керак эмас ва ҳеч қандай "Клооп", албатта, керак эмас."
"Клооп" таҳририяти ўз ходимларининг ҳибсга олинишига қарши шикоят қилмоқда, бироқ нашр бош муҳаррири Анна Капушенко ижобий натижага эришиш эҳтимоли катта эмаслигини тан олади.
Болот Темиров исталган вақтда Қирғизистонга қайтишга тайёрлигини айтади, бироқ у ерда уни ҳибсга олишларини тушунади ва шунинг учун чет элда ишлашда давом этмоқда: "Улар чиқариб юборишни ечим деб ўйлашганди, аммо бундай бўлиб чиқмади."
Қариндошлари Лейла Саралаевани кетишга кўндиришди: эмиграция тергов изоляторидан яхшироқ деган хулосага келишди. У чегарадан ҳеч қандай муаммосиз ўтиб, Қозоғистондан Грузияга учиб кетди.
Унинг айтишича, чет элда ишлаш янада қизиқроқ – "катта нарса узоқдан кўринади." У TikTok учун видеолар ёзади, Youtube'да сиёсат ҳақида дастур чиқаради, даромад учун расмлар чизади ва сотади.
Саралаеванинг айтишича, дастурнинг бир сонидан сўнг, унга нотаниш рақамдан хабар келган: унда "мен нимани назарда тутаётганимни тушундингизми?" деган савол билан жойлашув белгиси бор эди. Лейла харитани очганда, бу Тбилисидаги қабристонлардан бири эканини кўрди.
Бу хабарни ким йўллаши мумкинлигини журналист билмайди, лекин Грузия муҳожирликдаги сўнгги манзили бўлмаслиги ҳақида ўйлаяпти.












