Собиқ демократия оролчаси: Қирғизистонда шов-шувли журналистлик суриштирувлари билан танилган мустақил нашр мажбуран ёпилди - Видео

Сурат манбаси, Saytdan skrinshot
Бир вақтлар Марказий Осиёдаги демократия оролчаси дея аталган Қирғизистонда йирик журналистлик суриштирувлари билан танилган Kloop Media интернет нашри мажбуран ёпилди. Бунинг сабаби нима?
Қирғизистон эркин бўлмаган давлатлар қаторига тушганига уч йилдан ортган.
Аммо танқидларга қарамай, президент Садир Жапаров танлаган сиёсий йўлидан чекинаётгани аломатлари кўзга ташланмаётир.
Шу кунларда қирғиз президенти сўз эркинлигини бўғишга уринишга оид навбатдаги халқаро танқидларга учраган.
Гап Қирғизистондаги Kloop Media мустақил нашрининг мажбуран ёпилиши ҳақида кетмоқда.
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
"Негатив" нашр
Танқидлар Жапаров сентябрь бошида Бишкекда Президент администрациясининг янги, ҳашаматли биносини очиб берганидан бир неча кун ўтиб чиққан.
Бир қатор халқаро ташкилотлар Қирғизистонда ўзининг шов-шувли суриштирувлари билан танилган Kloop Media мустақил нашрининг суд ҳукми билан ликвидация қилинганидан хавотир билдирган.
Август ойи охирида Қирғизистон Олий суди Kloop'ни блоклаш тўғрисидаги қарорни ўз кучида қолдиргани маълум бўлган эди.
Қирғизистон президенти сайловидаги қонунбузарликлар, элитар коррупция, давлат билан қоришиб кетган уюшган жиноятчилик, қариндош-уруғчилик каби мавзуларда йирик ва шов-шувли журналистлик суриштирувларини эълон қилиши ортидан қирғиз халқи эътиборига тушган Kloop нашрига қарши Бишкек прокуратураси ўтган йил августида судга даъво аризаси киритган эди.
Бу даъво аризасида гўёки Kloop'нинг уставида оммавий ахборот воситаси фаолияти билан шуғулланиш кўрсатилмагани ҳақида сўз борган.
Прокуратуранинг бу даъво аризасига, шунингдек, Kloop нашрининг фаолияти амалдаги қирғиз ҳукумати сиёсатини кескин танқид қилишга қаратилгани айтилган эксперт хулосаси ҳам илова қилинган.

Сурат манбаси, Saytdan skrinshot
"…эълон қилинган материалларда амалдаги ҳукумат юритаётган сиёсат, умуман, давлат дастурларига нисбатан мақсадли равишда негатив қарашларни шакллантиришга қаратилган бевосита ва яширин усуллар мавжуд", дейилади Бишкек шаҳар прокуратураси томонидан 2023 йил 22 август куни судга киритилган даъво аризасида.
Ўшанда, кўплаб кузатувчилар прокуратуранинг судга даъвоси Kloop сайтида эълон қилинган мамлакат раҳбарлари яқинларига оид шов-шувли суриштирув эълон қилинганидан атиги бир неча кун ўтиб киритилганига эътибор қаратган эди.
Ушбу суриштирувда Испаниянинг Барселона футбол академиясининг Жалол-обод вилоятида кўтарилган биноси қурилишида президент Жапаров ва мамлакат Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси Қамчибек Ташиевнинг яқинларига тегишли бизнеслар иштирок этгани тилга олинган.
Кейинроқ президент Садир Жапаровнинг ўзи Kloop журналистлари эълон қилган маълумотларни тасдиқлаган, аммо Барселонанинг Қирғизистондаги лойиҳаси хусусий маблағлар эвазига амалга оширилаётгани, бунга давлат бюджетидан маблағ олинмаганини таъкидлаган.
"Ҳа, лойиҳада Ташиевлар, Жапаровлар иштирок этмоқда. Лойиҳа шахсий маблағлар эвазига амалга оширилмоқда. Давлат бюджетидан бир тийин ҳам олинмаган", деган Садир Жапаров ўтган йил августида Кабар нашри билан суҳбатда.
Президент Жапаров Kloop тарқатган маълумотларни тан олсада, нашрни мамлакатдаги вазиятни фақат салбий бўёқда кўрсатиб, инвесторларни ҳуркитиб юборишда айблаган.
"Қачон давлат учун куйинишни ўрганасиз? Агар пашшадан фил ясаб, фақат негатив ёзадиган бўлсангиз, қайси инвесторда бизга келади?", деган у.
Kloop ҳукуматнинг босими кучайган бир пайтда - 2023 йил сентябрида Садир Жапаровнинг ўғлининг йирик лойиҳаларга эҳтимолий алоқаларига оид каттагина суриштирув эълон қилган.
Суриштирув ортидан нашр раҳбарлар асабини қўзиган материалларнинг бирортасини ҳам ўчирмаслигини айтган ва 12 сентябрь ҳолатига кўра улар ҳануз Kloop сайтида турибди.
Хавф остидаги матбуот

Kloop билан боғлиқ вазият ўтган йилдан бери Қирғизистондаги матбуот эркинлиги тақдирига оид хавотирларни кучайтирган.
Ўтган вақт давомида кўплаб қирғизистонлик фаоллар нашрни ҳимоя қилиб чиқиб, ҳукуматни матбуотга босим ўтказишда айблаган.
"Kloop Қирғизистонда кам сонли қолган ва мамлакатдаги вазиятни объектив тасвирлашга ҳаракат қилаётган мустақил нашрлардан бири. Биздаги бошқа нашрлар бир нарсани тушуниши керак - ҳукуматга журналистлик суриштирувлар керак эмас ва, афсуски, уларнинг ҳам гали келади. Фуқаролик жамияти эса ҳозир сўз эркинлигини муҳофаза қилиш аҳволи эмас", таъкидлаган депутат Дастан Бекешев прокуратура Kloop устидан судга даъво киритгани маълум бўлиши ортидан.
Фаоллар қанчалик ҳимоя қилишга ҳаракат қилмасин, Kloop президент Жапаров оиласига оид суриштирувини эълон қилганидан сўнг қирғиз интернет провайдерлари нашр сайтини блоклай бошлаган.
Алал-оқибат, шу йил февралида Бишкек суди Kloop'ни тугатиш борасидаги прокуратуранинг даъво аризасини қаноатлантирган.
Август охирида Қирғизистон Олий суди Бишкек суди февралда чиқарган қарорни ўзгартиришсиз қолдиргани маълум бўлган.
Қонунга кўра, Олий суд қарори узил-кесил ҳисобланади, у устидан шикоят қилишнинг имкони йўқ.
Ярим-эркиндан эркин бўлмаган мақомга

Сурат манбаси, President.kg
Kloop'ни тугатиш бўйича якуний ҳукм ўқилишига қарамай, нашр ҳалигача фаолият юритмоқда ва ўтган вақт ичида Қирғизистондаги элитар коррупция ҳамда қариндош-уруғчиликка оид қатор янги суриштирувларни эълон қилишга ҳам улгурган.
Сентябрь бошида Жапаров Олий суднинг қарорига нисбатан ўз муносабатини билдирган ва бу ҳақда ўзи ҳам янгиликлардан хабар топгани ҳақида гапирган.
Умуман олганда, Жапаров гўёки Kloop нима сабабдан мажбуран ёпилганини сабабини аниқ билмаслигини тилга олган.
"Эҳтимол, уларни бир томонлама, бирор кимни қоралаш мақсадидаги суриштирувлар учун ёпишаётган бўлса керакда. Судлар ҳам ўз-ўзидан ёпмаса керак", деган қирғиз президенти 3 сентябрь куни Кабар нашри эълон қилган интервьюда.
Вазиятдан бехабарлигини урғулаган бўлсада, Қирғизистон президенти негадир миш-мишлар ва тасдиқланмаган маълумотларни тарқатиш сўз эркинлиги эмаслигини таъкидлаган.
"Агар одамлар ҳақиқатни гапирса, у ким бўлмасин, қўллаб-қувватлаймиз. Миш-миш, тасдиқланмаган маълумот тарқатиш ва анархия сўз эркинлиги эмас", таъкидлаган у Кабар билан суҳбатда.
6 сентябрь куни саккизта инсон ҳуқуқлари ташкилотлари қўшма баёнот эълон қилиб, қирғиз ҳукуматини Kloop'ни ёпиш қарорини бекор қилишга чақирган.
Халқаро ташкилотлар нашрнинг тугатилишини мустақил матбуотга қилинган ҳужум дея атаб, Қирғизистонда сўз ва фуқаролик эркинликлари вазияти ёмонлашиб бораётганини қайд этган.
"Бу матбуот эркинлигига қабул қилиб бўлмас ҳужум. Kloop Media каби мустақил нашрлар фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар таянчидир. Уларнинг овозини бўғиш, шубҳасиз, эркинликка путур етди, дегани", дейилади Фуқаролик ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилоти баёнотида.
2007 йилда ташкил этилган Kloop нашрида, эндиликда, ўзини Қирғизистонда қонуний ҳимоя қилишга бирор чора қолмаган.
Бу Қирғизистон ҳукуматининг маҳаллий нашрларни ёпишга биринчи уриниши эмас.
Ўтган йили суд Маданият вазирлиги даъвосини қаноатлантириб, Озодлик радиосининг қирғиз хизматини ёпиш тўғрисида қарор чиқарган эди, кейинроқ томонлар муросага келиб, суд қарори бекор қилинган.
Шу йил январида эса суриштирувлар ўтказиш билан шуғулланиб келган турли мустақил нашрларнинг 11 журналисти урушни тарғиб қилиш ва оммавий намойишларга чақириш айблови билан қўлга олинган эди.
Уларнинг тўрт нафари ҳали ҳам ҳибсда қолмоқда.
Умуман олганда, Қирғизистонда сўз эркинлиги билан боғлиқ ҳолат, халқаро ташкилотларнинг ҳисоблашича, йилдан йилга ёмонлашиб бормоқда.
Халқаро таҳлилчилар Қирғизистоннинг олтинчи президенти сиёсатини авторитар дея таърифлашади.
Марказий Осиёнинг бошқа президентларидан фарқли ўлароқ ижтимоий тармоқда нисбатан фаол ва матбуотга очиқроқ бўлишига қарамай, Жапаров 2021 йилда президентликка расман киришганидан атиги тўрт ой ўтиб - апрель ойида умумхалқ референдуми асосида конституцияни ўзгартиришга эришган.
Янгиланган конституция Қирғизистонда парламент кучини камайтириб, президент ваколатларини кенгайтиришга йўл очган.
Freedom House ташкилоти ҳар йили эълон қиладиган жаҳондаги эркинлик даражасига оид ҳисоботда Қирғизистон 2009 йилдан 2020 йилга қадар Марказий Осиёдаги ягона ярим-эркин давлат мақомини сақлаб келган.
Freedom House 2021 йилдан бери Қирғизистонни унинг қўшнилари Ўзбекистон, Қозоғистон ва Тожикистон билан бир қаторда эркин бўлмаган давлатлар қаторига қўшиб келади.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.















