Видео. НАТОнинг Скандинавияга кенгайиши Европани хавф остига қўядими ёки кучайтиради? Video NATO Yangiliklar Dunyo

Швеция бош вазири Магдалена Андерссон ва Финляндия бош вазири Санна Марин НАТОга аъзоликни муҳокама қилиш учун учрашдилар

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Швеция бош вазири Магдалена Андерссон ва Финляндия бош вазири Санна Марин НАТОга аъзоликни муҳокама қилиш учун учрашдилар
Ўқилиш вақти: 3 дақ

Икки бетараф Скандинавия давлати Финляндия ва Швеция Россиянинг Украинага бостириб киришидан шунчалик хавотирдаки, улар НАТОга қўшилиш истагини эълон қилишди.

Россия уларни огоҳлантириб, агар шундай бўлса, "ҳарбий-техник жавоб" билан таҳдид қилган.

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

Охир оқибат, агар бу давлатлардан бири ёки иккаласи ҳам НАТО таркибига кирса, Европа хавфсизроқ бўладими ёки хавфлироқ?

НАТО - Шимолий Атлантика Шартномаси Ташкилоти Иккинчи Жаҳон уруши тугаганидан кўп ўтмай ташкил этилган 30 та давлатнинг мудофаа иттифоқидир. Унинг штаб-квартираси Брюсселда жойлашган, аммо бу ташкилотда АҚШнинг улкан ҳарбий ва ядровий кучи ҳукмронлик қилади.

Финляндия ва Швеция НАТОга аъзолик мезонларига жавоб берадиган замонавий демократик давлатлардир. Ташкилот раҳбари Йенс Столтенберг уларни қучоқ очиб кутиб олишини ва минимал кечикиш билан аъзолик масаласини кўриб чиқишини айтди.

АҚШ армияси генерал-лейтенанти (истеъфодаги) Бен Ходжс - АҚШнинг Европадаги барча қуруқлик кучларига қўмондонлик қилган - бунинг Ғарбга фойдаси борлигига шубҳа қилмайди:

"Швеция ва Финляндиянинг НАТОга қўшилиши катта аҳамиятга эга - бу жуда ижобий воқеа. Бу иккита давлат жуда кучли демократиядир ва иккаласининг қуролли кучлари жуда яхши, жанговар шай ва модернизация қилинган, ажойиб сафарбарлик тизимларига эга".

Финляндия мисолида ҳарбий интеграция жараёни аллақачон бошланган. Британия танк экипажлари яқинда Финляндия зирҳли бригадаси билан бирга АҚШ, Латвия ва Эстония қўшинлари билан НАТОнинг Бирлашган Экспедиция Кучлари (ЖEФ) деб номланган машғулотларида қатнашди. Буюк Британия Мудофаа вазирлиги мақсад "Россиянинг Скандинавия ва Болтиқбўйи давлатларида тажовузкорлиги олдини олиш" эканини айтди.

Хўш, агар бир ёки иккала давлат қўшилишни хоҳласа, муаммо нимада?

Россия, хусусан, Президент Владимир Путин НАТОни мудофаа иттифоқи деб ҳисобламайди. Аксинча. У буни Россия хавфсизлигига таҳдид деб билади. У 1991 йилда Совет Иттифоқи парчаланганидан кейин НАТОнинг шарққа - Москвага яқинроққа тобора кенгайиб бораётганини хавотир билан кузатди.

Украинадги урушни НАТО кенгайишига қаршилиги билан оқлаган Путин эндиликда НАТОнинг кенгайишига юз тутяпти.

Сурат манбаси, Reuters

Сурат тагсўзи, Украинадги урушни НАТО кенгайишига қаршилиги билан оқлаган Путин эндиликда НАТОнинг кенгайишига юз тутяпти.

Путин Совет давлат хавфсизлик аппарати, КГБда ёш разведкачи бўлганида, Москва Шарқий Европанинг барча мамлакатларини назорат қилган ва уларнинг аксариятида рус қўшинлари жойлашган эди. Бугун бу давлатларнинг деярли барчаси Ғарбга юзланиб, НАТОга аъзо бўлишга қарор қилган. Ҳатто бир пайтлар Совет Иттифоқининг бир қисми бўлган Болтиқбўйи давлатлари - Эстония, Латвия ва Литва ҳам иттифоққа қўшилди.

Россиянинг кенг чегараларининг атиги 6% НАТО давлатлари билан туташ, аммо Кремль ўзини қуршаб олинган ва таҳдид остида деб ҳис қилади. Президент Путин 24 февраль куни Украинага ўз қўшинларини жўнатишдан бироз аввал Европа хавфсизлик харитасини қайта чизишни талаб қилган эди. У барча Шарқий Европа давлатларидан НАТО қўшинлари олиб чиқилишини ва бирорта ҳам янги давлат ташкилотга қўшилишига йўл қўймаслик кераклигини таъкидлаганди.

Унинг Украинага бостириб кириши акс натижа берди.

Ўнлаб йиллар давомида Финляндия ва Швеция ўзининг бетарафлигини астойдил сақлади. Маданий жиҳатдан улар Ғарб лагерида мустаҳкам ўрнашган, аммо шу пайтгача ўзларининг йирик ядровий қўшниси Россия билан жанжаллашишдан эҳтиёт бўлиб келишган. Украинага босқин уларни ўз позицияларини тубдан қайта ўйлашга ундади: ҳукумат ҳам, халқ ҳам «5-модда» деб номланувчи НАТОнинг жамоавий ҳимояси остида яширинсак, охир-оқибат хавфсизлик таъминланмасмикан, деб ўйлаб қолди. Мазкур моддага кўра бир аъзога қилинган ҳужум ҳаммага қилинган ҳужум ҳисобланади. Финляндияда яқинда ўтказилган сўров шуни кўрсатдики, финларнинг 62% НАТОга қўшилиш тарафдори.

Нима учун қўшилгани маъқул?

Соф ҳарбий нуқтаи назардан қараганда, Финляндия ва/ёки Швеция кучларининг қўшилиши НАТОнинг Россиядан анча устун бўлган Шимолий Европадаги мудофаа қудратига катта ёрдам бўлади.

Финляндия F35 қирувчи самолётларини келтирмоқда, Швеция «Патриот» ракета батареяларини кўчирмоқда ва Россия яқинда суқулиб борган Болтиқ бўйидаги Готланд оролининг хавфсизлигини қайта тикламоқда, дейди Бен Ходжс. Финляндия ва Швеция ҳарбийлари арктик уруш бўйича мутахассислар бўлиб, Скандинавиянинг музлаган ўрмонларида жанг қилиш ва омон қолиш учун интенсив тайёргарликдан ўтмоқда. Иккинчи жаҳон уруши йилларида Россия Финляндияга бостириб кирганида финлар босқинчиларга қарши қаттиқ курашиб, душманга катта талофатлар келтирган эди.

Географик жиҳатдан Финляндиянинг қўшилиши НАТОдаги катта мудофаа бўшлиғини тўлдиради ва Россия билан чегара узунлигини икки баробарга оширади. Ходжснинг сўзларига кўра, Болтиқ денгизидаги хавфсизлик ва барқарорлик ҳозир сезиларли даражада яхшиланган.

Сиёсий жиҳатдан бу Ғарбнинг ўзаро мудофаасида жипсликни ошириб, Путинга деярли бутун Европа унинг суверен давлат бўлмиш Украинага бостириб киришига қарши бирлашганлиги ҳақида сигнал беради.

Нима учун қўшилмагани маъқул?

Оддий қилиб айтганда, бу ерда хавф шундаки, НАТОнинг Россия остонасида бундай кенгайиши Кремлни шунчалик хавотирга солади ва ғазаблантирадики, у муайян тарзда жавоб беради. Путин бунга жавобан "ҳарбий-техник чоралар" қўллаш билан таҳдид қилганида, кўпчилик буни икки нарса: қўшин ва ракеталарни Ғарбга яқинлаштириш орқали ўз чегараларини мустаҳкамлаш ва эҳтимол Скандинавияга киберҳужумларни кучайтириш деб ўйлади.

Нейтраллик сақлаш йиллар давомида Швецияга жуда яхши хизмат қилди. Бу бетарафликни рад этиш осон қабул қилинмаса керак. Агар Швеция ўзиники ўрнига НАТО қуролларини сотиб олишга мажбур бўлса, Швециянинг ички ҳарбий саноати учун ҳам иқтисодий харажат бўлади.

Кремль матбуот котиби Дмитрий Песков Финляндия ва Швециянинг НАТОга қўшилиши "Европага каттароқ хавфсизлик олиб келмаслигини" қатъий таъкидлади.

Владимир Путин одамларга ёшлигида каламушни қандай қилиб бурчакка сиққани ва каламуш бунга жавобан унга ҳужум қилганини эслатишни яхши кўради. Путин ва унинг маслаҳатчилари энди НАТОни Украинани босиб олиш режаларини барбод қилганликда айбламоқда. Агар улар ўзларининг шимолий қанотидаги бу тўсатдан кенгайиш Россия хавфсизлигига экзистенциал таҳдид деб асоссиз қарор қилсалар, Москва бунга жавобан қандай йўл тутиши номаълум.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek