Собиқ президентлар диққат марказда: Порошенко суди ва Назарбоев иқрори. КХШТ ҳарбийлари Қозоғистондан эрта чиқдими? Dunyo Yangiliklar

  • Украинага қайтган Порошенко маҳкамада;
  • Путин КХШТ ҳарбийлари билан учрашадими?;
  • Россия мигрантларнинг янги оқимини кутаяпти;
  • Қозоғистонда фавқулодда ҳолат тугади, аммо…;
  • Ўзбекистонда коронавирус антирекорди янгиланди.

Порошенкони нима кутаяпти?

poroshenko

Сурат манбаси, AFP

19 январь куни Киевдаги Печерский туман суди Украинанинг собиқ президенти Пётр Порошенконинг Россия фойдасига хоинлик иши бўйича эҳтиёт чораси бўйича қарорини эълон қилиши кутилмоқда.

Пётр Порошенко душанба куни эрталаб Варшавадан Украинага учиб борган, у ерда у ўз тарафдорлари олдида чиқиш қилган ва судга йўлланганди.

Суд мажлиси деярли кун бўйи давом этган, бироқ суд сиёсатчига нисбатан эҳтиёт чорасини танламаган эди.

Алоқадор мавзулар:

Ҳарбийлар эрта чиққани йўқ

Кремль КХШТ тинчликпарвар кучларининг Қозоғистондан эрта олиб чиқилиши ҳақидаги фикрларга мутлақо қўшилмайди.

Бу ҳақда Дмитрий Песков журналистлар саволларига жавоб бераш чоғида маълум қилди.

Айни пайтда КХШТ тинчликпарвар миссиясида қатнашган ҳарбий хизматчилар бўлинмалар жойлашув ерларига қайтишган.

"Улардан баъзилари дам олмоқда, бошқалари эса аллақачон янги машғулотларда қатнашмоқда", - дея қўшимча қилди Россия президенти матбуот котиби.

Журналистлар Кремль матбуот котибидан «Россия президенти Қозоғистондан қайтган тинчликпарвар кучлар билан учрашадими?», деган саволни беришганида Песков Владимир Путиннинг ҳозирча жадвал бўйича ҳеч қандай учрашуви йўқлигини билдирган.

Фавқулодда ҳолат тартиби тугади

kazak

Сурат манбаси, Valery sharifulin/tass

Қозоғистон президентининг матбуот котиби Берик Уали республикада фавқулодда ҳолат жорий этилиши тўхтатилганини маълум қилди.

"Мамлакатда фавқулодда ҳолат тартиби ниҳоясига етди, бироқ пойтахтдаги ҳукумат биноларини мустаҳкамлаш давом этмоқда", дея ёзишмоқда маҳаллий расмий нашрлар.

Хабарларга кўра, Қозоғистоннинг бир қанча вилоятларида аксилтеррор операцияси ҳамон давом этмоқда. Полиция ҳужжатларни текшириш, транспорт воситаларини текшириш, рейдлар ўтказиш, қуролларни тортиб олиш ҳуқуқига эга.

Мигрантлар ҳуқуқсизлиги тилга олинди

migrant

Россияда мигрантлар оқими кучаяди, шунинг учун бизга улар ҳақида маълумот тўплаш ва қайд этишнинг замонавий ягона тизими керак, деди Дмитрий Медведев.

Россия Хавфсизлик Кенгаши раисининг ўринбосари ҳозирда миграцияни рўйхатга олиш сифати ва уларнинг давлат томонидан назорат этилиши борасида жиддий муаммолар борлигини таъкидлади.

"Прокуратура текширувлари кўпинча бу соҳада жиддий қонунбузарликларни аниқлайди. Ҳамма одамлар ҳам миграция соҳасида давлат хизматлари ва сифатли тиббий ёрдамни тўлиқ олишолмаяпти. Мамлакатимизга арзон ва ҳуқуқсиз хорижий ишчи кучини жалб этишдан манфаат кўрадиган бизнес ҳалигача бор", - дея қўшимча қилди Медведев.

Антирекорд янгиланди

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги касалланишлар сони яна ортаётгани, сўнгги бир кунда Ўзбекистонда 1210 дан зиёд кишида коронавирус инфекцияси аниқлангани ҳақида хабар берди.

«2022 йил 18 январь ҳолатига кўра, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 208271 (+1214) нафарни ташкил этмоқда», дейилади вазирлик хабарида.

Шу тариқа Ўзбекистонда пандемия бошидан бери энг юқори кўрсатгич қайд этилди. Бунгача 16 январь кунги кунлик 1037 та ҳолат антирекорд сифатида белгиланганди.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek