Ўзбекистон: Пахта саноати ва фермерлар давлат аралашувидан қутуладими?

Жиззах вилояти ҳокимлиги сайтидаги бу сурат "Ғайрат, шижоатингизга балли, бахмалликлар!" сарлавҳали мақолага илова қилинган

Сурат манбаси, Jizzax viloyati hokimligi

Сурат тагсўзи, Жиззах вилояти ҳокимлиги сайтидаги бу сурат "Ғайрат, шижоатингизга балли, бахмалликлар!" сарлавҳали мақолага илова қилинган

"Economist" журналининг Марказий Осиёдаги мухбири Жоанна Лиллиснинг ёзишича, пахта далаларида мажбурий меҳнат давом этаётгани айтиладиган Ўзбекистон келгуси йил пахта экспортини буткул тўхтатишни режалаяпти.

"Булутсиз мовий осмонда ярқираб турган қуёш остида яшил барглар оқ пахта кўсаклари вазнидан букчайган. Марказий Осиёнинг юрагидаги Фарғона водийсида, қорли тоғлар соясида бу пахта теримга тайёр. Агар ўзбек ҳукумати режаси амалга ошса, бу ашё футболка ва юбкаларга айлантирилиб, дунё бўйлаб сотилади. Жаҳонда пахта етиштириш бўйича аллақачон еттинчи ўринда турадиган Ўзбекистон кийим-кечак саноатида Бангладеш, Хитой ва Вьетнам билан бир қаторда туришни истайди", - деб ёзади муаллиф.

Мақолага кўра, Ўзбекистоннинг кийим-кечак саноати 2014 ва 2018 йиллар орасида 80%га ўсди, ҳамда пахта мато ва кийимга айлантирилар экан, пахта хом ашёсининг экспорти кескин камайди.

2016 йилда мамлакатда етиштирилган пахтанинг ярми экспорт қилинган, аммо ўтган йил бу кўрсаткич атиги 16% бўлди. Ўзбекистондаги тўқимачилик корхоналари эндиликда йилига 720 тонна пахтани тўқийди ва бу Ўзбекистонда етиштириладиган пахтанинг қарийб ярми дегани.

"Келгуси йил ҳукумат пахта хом ашёсини экспорт қилишни буткул тўхтатишга умид қилган. У 2025 йилгача экспорт қийматини 340%га ошириб 7 миллиард долларга чиқаришни мўлжалламоқда", - дейди Лиллис.

Аммо, мақолада ёзилишича, Ўзбекистоннинг "имидж муаммоси" бор - Disney, Nike ва Walmart каби Ғарбнинг 300та йирик бренди ва сотувчилари шу кунгача пахта теримида қўлланган систематик мажбурий меҳнатдан норозилик билдириб ўзбек пахтасини бойкот қилганлар.

Бунинг натижасида ўзбек пахтаси дунёнинг энг бой харидорлари ҳисобланмаган давлатларга, асосан собиқ СССР давлатлари ва Осиёга сотилади.

Мақолада ёзилишича, Президент Мирзиёев пахта саноатини буткул ислоҳ қилишни истайди

Сурат манбаси, O'zbekiston

Сурат тагсўзи, Мақолада ёзилишича, Президент Мирзиёев пахта саноатини буткул ислоҳ қилишни истайди

"Ҳукумат булар ўтмишда қолди дейди. Президент Шавкат Мирзиёев лавозимдаги уч йили давомида пахта саноатини буткул ислоҳ қилиб мажбурий меҳнат тажрибасини йўқ қилишга уринмоқда", - дейилади мақолада.

"Мирзиёев муайян ҳудудлардаги фермерларга пахтани ўзаро келишилган нархда хусусий корхоналарга тўғридан-тўғри сотишига ижозат берди. Аммо, маҳаллий иқтисодчи Юлий Юсуповга кўра, фермерлар ҳали ҳам кўп савдолаша олишмайди. Барча квоталар ва давлат харидини 2023 йилгача буткул тўхтатиш ва пахта саноатини хусусий сектор қўлига топшириш режаланган."

Жоанна Лиллис Ўзбекистондаги энг йирик тўқимачилик корхоналаридан бири бўлмиш "Uztex" компаниясининг пойтахт Тошкент ташқарисидаги корхоналаридан бирига таклиф қилинган. Журналистнинг ёзишича, корхонада йиғирилаётган ип бора-бора футболкалар, пайпоқлар, сочиқ, чойшабларга айланади ва 45та давлатга экспорт қилинади. "Компания ўз ишчиларига қандай яхши муносабатда эканини кўрсатишни истайди: улар энг кам иш ҳақидан етти баравар кўп маош олади ва бепул тиббий хизмат ҳам шунинг ичида", - дейди у.

Мақолага кўра, 2017 йилдан бери пахтакорлар оладиган тўлов пули 70%га ошган бўлса-да, ҳукумат ҳали ҳам пахта теришни фуқаролик вазифаси дея тақдим қилишда давом этяпти.

"Сентябрда расмийлар 70кг пахта тергани учун 92 яшар аёлга телевизор совға қилишди. Пахта режаси бажарилмай қолса, айбга қолишни истамаган маҳаллий ҳокимлар ҳали ҳам одамларни мажбуран далага чиқишга ундайди. Инсон ҳуқуқлари бўйича ўзбек-немис форуми бу йил теримга чиқиши ёки ўз ўрнига мардикорларга пул бериши буюрилган давлат ва хусусий корхоналар ишчиларининг шикоятларини йиғиб чиққан", - деб ёзади Жоанна Лиллис.

Мақола хулосасига кўра, ҳам ҳукумат ва ҳам фаоллар пахта саноатининг хусусийлаштирилиши маҳаллий ҳокимликлар устидаги босимни аритиб, пахта нархининг ошишига ва шу билан мажбурий меҳнатсиз териш харажатлари қопланишига умид қилишади.

"Uztex'нинг корхонасида жилмайган тўқимачи аёл афтидан бу саноатнинг умидларини изҳор қиладиган футболкани кўтариб кўрсатади. Унга "Бошқача бўлишга тайёрман" деган шиор битилган."

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02