Рамзан Қодиров Немцов қотиллигида гумондорни мақтаган

Сурат манбаси, EPA

Москвадаги маҳкама таниқли россиялик мухолиф сиёсатчи Борис Немцовни ўлдиришда гумон қилиниб ушланган икки шахсга қотиллик айбловини илгари сурган.

Улар чечен миллатига мансуб Заур Дадаев ва Анзор Губашевлар.

Москва шаҳридаги Басманний маҳкамаси яна уч кишини қотилликда алоқадор деб кўрмоқда.

Маҳкама ҳакамига кўра, Заур Дадаев қотилликка иқрор бўлган.

“Дадаевнинг айби унинг иқрорлик кўрсатмаси билан тасдиқланди”, дея ҳакам сўзларидан иқтибос келтиради Россия оммавий ахборот воситалари.

Россия ҳуқуқ-тартибот органлари хабар қилишича, Борис Немцовни ўлдиришда жами олти киши гумонланган.

Олтинчи шахсни полиция Чеченистон пойтахти Грозний шаҳрида қўлга олишга ҳаракат қилган пайти полициячиларга граната улоқтиргани ва сўнг яна бир граната билан ўзини-ўзи портлатгани хабар қилинган.

Қўлга олинган тўрт шахс қотилликда айбдорликларини рад этганлар.

Заур Дадаевнинг Чеченистондаги полиция махсус хизматида батальон бошлиғи бўлгани хабар қилинган.

Instargram ижтимоий тармоғида Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров Заур Дадаевни тақводор мусулмон деб мақтаган, Заур Дадаевни Charlie Hebdo француз ҳажвий журналида Муҳаммад Пайғамбар(САВ) карикатура қилингани ларзага солган, деб ёзган.

Рамзан Қодировга кўра, Заур Дадаев “Россиянинг ҳақиқий ватанпарвари” ва у Ички ишларда хизмат қилган пайти “энг жасур ва мард ҳарбий хизматчилардан бири” бўлган.

“Оммавий ахборот воситалари хабар қилишича, Заур маҳкамада Борис Немцов қотиллигига алоқадорлигини тасдиқлаган. Заурни биладиган ҳамма унинг қаттиқ тақводор киши эканини тасдиқлайдилар. Шунингдек, у барча мусулмонлар сингари Шарли ҳаракатлари ва карикатураларни қайта нашр қилиш ҳақидаги шарҳлардан ларзага тушганди... Ҳар қандай ҳолатда ҳам агар маҳкама Дадаевнинг айбини тасдиқласа, у инсонни ўлдириб оғир жиноят содир этган”, деб ёзган Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров.

Борис Немцов сафдошлари қотиллик ижрочилари билан бирга қотиллик буюртмачиларини ҳам топиш лозимлигини таъкидлаганлар.

Борис Немцов 27 февралдан 28 февралга ўтар кечаси Кремлга яқин кўприкда орқасидан тўппончадан отилган тўрт ўқ билан ўлдирилган эди.

Рамзан Қодиров мукофотланди

Ижтимоий тармоқларда Рамзан Қодировнинг Немцовнинг ўлимида айбланаётганлардан бири Заур Дадаев ҳақидаги гаплари баҳс-мунозаларга сабаб бўлар экан, Президент Владимир Путин уни фахрий орден билан мукофотлаган.

Қодиров ўзининг "хизматдаги ютуқлари, фаол жамоатчилиги ва кўп йиллик сидқидилдан меҳнати учун" тақдирланган.

Бундан олдин Рамзан Қодиров Путин қўлидан Жасорат орденини олган, шунингдек, "Россия Федерацияси қаҳрамони" унвонига лойиқ кўрилган эди.

Мукофотланганлар орасида Британияда собиқ жосус Александр Литвиненко ўлимида гумонланган Луговой ҳам бор.

Айни пайтда Борис Немцовнинг сафдошлари ва дўстлари унинг ўлимида илгари сурилаётган исломий сабабга ишонмасликларини айтишмоқда. Уларга кўра, Кремл сиёсатига қарши бўлган Борис Немцов ўлими ҳақиқий сиёсий қотилликдир.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02