Борис Немцов ўлимида гумонланиб икки киши қўлга олинган

Сурат манбаси, EPA
Россия Федерал Хавфсизлик Хизмати раҳбарига кўра, мухолиф сиёсатчи Борис Немцов ўлимида гумонланганлар ҳибсга олинган.
"Олиб борилган қидирув ишлари натижасида бугун, 7 март куни жиноятни содир этганликда гумондорлар Губашев Анзор ва Дадаев Заурлар қўлга олинди ва мамлакат раҳбарига бу ҳақда хабар берилди", деб айтган ФХХ раҳбари Александр Бортников Биринчи канал орқали.
Бортниковнинг билдиришича, гумондорлар Қовқоз фуқароларидир.
Айни пайтда ҳамда муҳим суриштирув ва қидирув ишлари давом этмоқда, дейди расмий.
Борис Немцов отилган пайтда унинг ёнида бўлган ягона гувоҳ украиналик модел Анна Дурицкаянинг ҳимоячисига кўра, гумонланганларни ушлангани муносабати билан ҳали Москвадан чақирув келмаган.
"Суриштирув идоралари бизни чақиргани йўқ. Анна терговчиларга нимани билса, ҳаммасини гапириб берган, бундан ортиғини айта олмайди деб ўйлайман", дейди адвокат Вадим Прохоров.

Сурат манбаси, AP
"Буюртмачиларни ушлаш муҳим"
Президент кенгашининг инсон ҳақлари бўйича раҳбари Михаил Федотовнинг таъкидлашича, ҳуқуқни мухофаза қилиш идоралари Борис Немцов ўлимига барча алоқадорларни аниқлаши ва қўлга олиши лозим.
"Шубҳасиз, бу жирканч қотилликнинг буюртмачилари ва ижрочиларини топиш муҳим. Бунинг учун аввало қотилликка боғлиқ ҳамма иштирокчиларни аниқлаб олиш керак".
Борис Немцов 27 феврал тунида Москворецк кўприги устида отиб кетилган эди.
Немцовнинг ўлими Россияда ва дунёда кўпчиликни ларзага солди. 1 март куни минглаб россияликлар Москва ва бошқа шаҳарларда Борис Немцов хотира юришига чиқдилар.
Сешанба куни мухолиф сиёсатчи Москванинг Троекуровск қабристонига дафн этилди.
Борис Немцов Россия ҳукумати ва шахсан Путиннинг ашаддий танқидчиси эди.
Владимир Путин ўз навбатида Борис Немцов ўлимини қоралаган, уни "провакацион ва буюртма қотиллик" эканини айтган.
Путиннинг матбуот котиби Песков президент Немцов ўлими билан боғлиқ текширувларни ўз назоратига олганини билдирди.
АҚШ ва Оврўпо давлатлари раҳбарлари Россиядан Борис Немцов ўлими билан боғлиқ шаффоф текширув ўтказишга чақирганлар.
НАТОга кўра, Немцов Украинадаги воқеалар боис ўлдирилган. Бундан олдин Украина Президенти Пётр Порошенко ҳам шундай фикрни баён қилганди. Унинг сўзларига қараганда, Немцов Россия ҳарбийларининг Украина шарқидаги ҳаракатларга алоқасини тасдиқловчи маълумотларни эълон қилишни режалаштираётган бўлган.
Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02












