Борис Немцов хотирасига намойишга 50 минг одам тўпланди

Сурат манбаси, AFP
Москва пойтахти марказига таниқли мухолифат сиёсатчиси Борис Немцов хотирасига ҳурмат бажо келтириш мақсадида ўн минглаб кишилар тўпланган.
Маҳаллий вақт билан соат 17 ларда тахминан 51 намойишчи ҳисобга олинган.
Немцовни хотирлаш маросимлари Санкт-Петербург, у ҳокими бўлган Нижний Новгород, Қозон ва бошқа шаҳарларда ҳам ташкиллаштирилган.
55 ёшли Борис Немцов 27 феврал тунида Кремль яқинида отиб ўлдирилган.
У 1 март куни Россия мухолифати режалаган норозилик юришига етакчилик қилишни истаган эди.
Бугунги Москвадаги юриш Борис Немцов хотирасига бағишланган тадбирга айланган.
Москва шаҳри ҳокимлиги жами иштирокчилари сони 50 минггача бўлган марш ташкил қилишга рухсат берган.
Бироқ ташкилотчиларга кўра, юриш иштирокчилари қотилликни қоралаб иштирок этишни истаганлар сони 50 мингдан ошиб кетган.

Сурат манбаси, Reuters
Москва марказига кўп сондаги полиция кучлари ташланган.
Намойишчилар металлни аниқлайдиган детекторлар орқали ўтказилганлар.
Намойиш бошланган кейин Би-би-си мухбири иштирокчилар билан суҳбатлашганлар.
Улар Немцов режалаган "Баҳор" юришига чиқиш ниятида бўлмаганлар, бироқ энди намойишда иштирок этишга қарор қилганлар.
Маршда Борис Немцов суратлари, "У Россия келажаги учун ҳалок бўлди", "Борис, улар сендан қўрқишарди" деган плакатларни кўтариб олганлар.
"Қотил истеъфога чиқсин", дея қичқирганлар.
Борис Немцов ҳаммаслаклари фикрича, уни Президент Путинга мухолиф бўлгани ва Украина урушига қарши чиққани учун ўлдирдилар.

Сурат манбаси, n
Би-би-си билан суҳбатда Москвадаги юриш қатнашчиси Александр Бадиев қотилликда Россия Президенти Владимир Путинни айблаган.
"Бунга Путин томонидан буюртма берилганига шубҳа йўқ. Улар бизга, агар уларга қарши чиқсак, тақдиримиз қандай бўлишини кўрсатиб қўймоқчилар", деб айтган марш иштирокчиси.
"Ушбу қотилликнинг сиёсий масъулияти расмийларда ва шахсан Президент Путинда", деб айтган собиқ "Яблоко" партияси лидери Григорий Явлинский.
Президент Путин Борис Немцов ўлдирилганини қоралаган.
Россия Президенти веб-сайтида Борис Немцовнинг онасига жаноб Путин таъзиясининг матни эълон қилинган.
Бу таъзияда Президент Путин қотилликни "қабиҳ ва сурбет" дея қоралаган, жаноб Немцовнинг виждонли инсон бўлганини урғулаган.
Россия Тергов қўмитаси қотилликнинг турли версиялари ўрганилаётганини маълум қилган.

Сурат манбаси, AP
Хусусан, жаноб Немцовнинг Украинадаги урушга қарши бўлгани, унинг сиёсий ва шахсий ҳаётига тааллуқли, исломий экстремизм ёки Россияда вазиятни беқарорлаштириш мақсадидаги қотилликлар версиялари тергов қилинаётгани айтилган.
Россиянинг қатор ҳукуматпараст сиёсатчилари, ушбу қотилликдан кўзланган мақсад, Россияни ёмонотлиқ қилиш, деб айтганлар.
Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров "ҳар қандай йўл билан Россияда ички низо келтириб чиқаришга уринаётган Ғарб махсус хизматлари"ни айблаган.
Украина Президенти Пётр Порошенко айтишича, "Борис Россия қуролли кучлари Украинадаги урушда қатнашаётганининг аниқ исбот-далилларини эълон қилишини айтган эди. Кимдир бундан қўрқиб кетган. Улар уни ўлдирганлар".
Борис Немцов Президент Борис Ельцин бошқаруви йилларида Бош вазир биринчи ўринбосари лавозимида ишлаган, Президент Путин ҳокимиятга келганидан кейин Путиннинг ашаддий танқидчисига айланган эди.
Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02












