Москвада Борис Немцов ўлдирилган

Сурат манбаси, AFP
Москвада 27 феврал куни кечқурун мухолиф сиёсатчи Борис Немцов отиб ўлдирилган.
Бу ҳодиса Кремлдан узоқ бўлмаган Большой Каменный Мост устида соат 23.40да юз берган.
Интерфакс ахборот агентлигининг ҳуқуқ-тартибот мулозимларига таяниб хабар беришича, номаълум шахс Немцов жанобларини Москва марказида тўрт марта отган.
Медуза янгиликлар интернет нашрига кўра, қотиллик Кремл яқинида рўй берган.
Нашрнинг ёзишича, “бир неча одам” машинадан тушган ва Немцовни отиб ташлаган.
Полицияга кўра, оқ автомобилдаги номаълум кишилар Кремлга бир неча метр масофада бўлган жойда Немцовга қарата ўқ узганда у аёл ҳамроҳи билан сайрда бўлган.
Немцов воқеа жойида ҳалок бўлган. Шеригига шикаст етмаган. Айни пайтда украиналик экани айтилаётган ҳамроҳи сўроқ қилинмоқда.
Борис Немцов 55 ёшда эди.
У марҳум президент Елцин даврида Бош вазирнинг биринчи ўринбосари бўлиб ишлаган.
У ўзи губернатор бўлган йирик Нижний Новгород шаҳрида иқтисодий ислоҳотлари билан ном чиқарган эди.
Елциннинг меросхўри, ҳозирги президент Путин билан келишолмай қолган Немцов унинг ашаддий мухолифига айланган эди.
У Россия ўнг кучлари ҳаракатининг раҳбарларидан бўлиб, Президент Путиннинг жорий ҳукуматига мухолифатда эди.
Немцов Украинага қарши урушга қарши маршга чақириғидан бир соат ўтиб ўлдирилган.
Россия Президенти Владимир Путин Немцовнинг ўлимини қоралаган ва уни "аниқ провакацион характерда" деб айтган. Президент Путин қотиллик текширилишини ўз назоратига олди, деб айтган унинг матбуот сўзчиси.
Россия Коммунистик партия раҳбари Геннадий Зюгановнинг фикрича, "Немцов ўлими Россияга қарши қаратилган бузғунчиликдир".
Олдинроқ Немцов ўзининг "Украинадаги урушга қарши позицияси учун" ўлдирилиши мумкинлиги ҳақида ҳам гапирган.
Ғарб давлатлари раҳбарлари Немцовнинг ўлимини қоралаганлар, Оврўпо Кенгаши бош котиби жаноб Ягланд "Немцовнинг отиб кетилишидан шокка тушган"ини ёзган ва қотиллар топилиши кераклигини айтган.
АҚШ Президенти Барак Обама "шафқатсиз қотиллик"ни қоралаган ва Россия ҳукуматини "зудликда, шаффоф текшириш" ўтказишга чақирган.
Би-би-сининг Москвадаги мухбири Сара Райнсфорднинг Немцовнинг ҳимоячига иқтибосан айтишича, Немцов охирги пайтларда ижтимоий тармоқлар орқали ўлим таҳдидлари олган.
Немцов Москванинг Украинага нисбатан сиёсати ва Қримнинг аннексияни қаттиқ қоралаган. Путинни очиқ танқид қилиб келганди.
Айни пайтда мухолифатнинг 1 мартдаги "Весна" марши ўрнига Борис Немцов хотирасига мотам акцияси ўтказиш сўровига Москва ҳокимияти томонидан рухсат берилмаган.
Расмийларга кўра, ҳар қандай ҳаракат ўтказиш учун камида 10 кун олдин хабар берилиши лозим.
Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02












