Туркия президенти Американи мусулмонлар кашф қилганини билади

"Американи мусулмонлар кашф қилган"

Сурат манбаси, hurriyet.com.tr

Сурат тагсўзи, "Американи мусулмонлар кашф қилган"

Туркия президенти Ражаб Тойиб Эрдўғоннинг таъкидлашича, мусулмонлар Американи Христофор Колумбдан уч аср аввал кашф қилишган.

Бу ҳақда Эрдўғон жаноблари Лотин Америкаси мусулмонларининг Истанбулда кечган анжуманида гапирган.

Туркия президенти Колумбнинг кундаликларида Куба тепаликларида масжид борлиги ҳақида ёзувларга ишора қилган.

Эрдўғон жаноблари шунингдек, “Мусулмон денгизчилар Америкага 1178 йилда келишган”, деб айтган.

У Кубадаги Колумб қайд этган жойда масжид қуриб беришга ҳозирлигини ҳам урғулаган.

Исломий қадриятларга собитлиги учун баъзилар томонидан олқишланиб, баъзиларнинг танқидига учраб келаётган Эрдўғон жаноблари Кубага доир даъволарига бошқа далиллар келтирмаган.

“Лотин Америкаси ва Ислом ўртасида муносабатлар тарихи 12-асрга бориб тақалади”, деб айтган у.

"Ухлар эди Колумб ҳам ҳали..."

"Ухлар эди Колумб ҳам ҳали..."

Сурат манбаси, Getty

Сурат тагсўзи, "Ухлар эди Колумб ҳам ҳали..."

Замоний олимларнинг аксарияти Американи 1492 йилда Колумб Ҳиндистонга йўл қидириб “топиб олгани”га ишонади.

1996 йили эса тарихчи Юсуф Мруҳ (Youssef Mroueh) Колумбнинг кундаликларидаги ёзув аслида мусулмонлар Америкага биринчи бўлиб қадам қўйишгани ва бу “Ислом у ерда кенг тарқалганининг исботи” экани ҳақида баҳсли мақола чоп этади.

Американинг кашф этилишига доир мубоҳосаларда сўнгги пайтлар Абу Райҳон Берунийнинг 1037 йили битилган “Қонуни Масъудий” асари ҳам тилга олинади.

Бугун айрим Ғарб олимлари ҳам эътироф этишича, аллома Беруний ўшандаёқ илмий асослар билан Шимолий ва Жанубий Америка қитъаларининг мавжудлигини исботлаган.

Азизлар, Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз телефонимиз - +44 7858 860002