АҚШ: Россия Украина армиясини нишонга олмоқда

АҚШ Россияни Украина жануби-шарқида россияпараст бўлгинчиларга қарши жанглар олиб бораётган украин ҳарбийларининг мавқеъларини артиллерия қуролларидан ҳужумга тутганликда айблаган.
Давлат Департаменти вакили Мари Харфнинг айтишича, Америкада "Россия ўз ҳудудидан чегаранинг у томонидаги украин ҳарбийларининг мавқеъларини нишонга олаётганига доир маълумотлар бор".
Давлат Департаментига кўра, Россия "бўлгинчиларга бирваракайига ўт очадиган янада кучлироқ реактив тизимларни етказиб беришни режаламоқда.
Вашингтон 17 июл куни Донецк яқинида Малайзиянинг йўловчи учоғи уриб туширилганидан буён Россия чегарадан бўлгинчиларга қурол-яроғ етказиб беришни тўхтатмаган,деб ҳисоблайди.
Давлат Департаменти вакилининг сўзларига кўра, Россиянинг ўз ҳудудидан артиллерия ҳужумларини амалга оширгани ҳақидаги ахборот "жосуслик маълумотларига асосланган".
Қўшма Штатлар Малайзиянинг "Боинг" йўловчи учоғи россияпараст бўлгинчилар томонидан "Бук" зенит ракета комплекси ёрдамида, афтидан, хато туфайли уриб туширилган, деб ишонади.

Сурат манбаси, EPA
Россия Украинадаги қарама-қаршиликда тўғридан-тўғри иштирок этаётганини рад этади, аммо ғарб Россияни исёнчиларга қурол-яроғ етказиб бераётганликда айблаб келади.
Москва ҳозирча АҚШ Давлат Департаментининг сўнгги баёнотига муносабат билдирмаган.
Айни пайтда Human Rights Watch инсон ҳақлари ташкилоти Украина жануби-шарқида ҳар икки томон-украин ҳарбийлари ҳам, россияпараст исёнчилар ҳам "Град" ракета тизимидан фойдаланаётгани, натижада тинч фуқаролар ҳалок бўлаётганини айтган.
Ташкилотнинг ҳисоботида айтилишича, ҳар икки томон отган ракеталар зарбидан ҳозирга қадар камида 16 инсон ҳалок бўлган.
Аввалроқ Украина Миллий гвардияси қўмондонлиги ўз бўлинмаларида "Град" ракеталари йўқлигини айтиб, тинч аҳоли яшайдиган мавзеъларнинг ўққа тутилишида бўлгинчиларни айблаган.
Украина Ички ишлар вазирининг маслаҳатчиси Антон Геращенко Россия Мудофаа вазири Сергей Шойгунинг россияпараст жангариларга "Град" етказиб беришга алоқаси борлиги ҳақида маълумотга эга эканликларини айтган.
Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02












