Бўлгинчилар халқаро экспертларни "учоқ қулаган жойга қўймаяптилар"

Сурат манбаси, AFP

Украина шарқидаги Россияпараст бўлгинчилар Оврўпода Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилоти (ОХҲТ)нинг кузатувчиларини Малайзиянинг "Боинг-777" учоғи қулаган ҳудудга қўймаганлар. ОХҲТ вакили Майкл Боцюркивнинг айтишича, баъзилари маст бўлган қуролли бўлгинчилар уларнинг йўлини тўсганлар ва ҳавога ўқ узганлар.

"Мастлиги яққол кўринган автоматли киши ОХҲТ вакили рухсат берилган ҳудуддан ташқарига чиққанида, унинг йўлини тўсди ва осмонга ўқ узди", - деб айтди жаноб Боцюркив журналистларга.

Ташкилотнинг 25 кузатувчисидан ташкил топган гуруҳ учоқ қулаган жойдаги вазиятни кузатиш учун Донецк вилоятига келганлар.

ОХҲТ экспертларига "Боинг-777" қулаган ҳудуднинг фақат чегараланган бир қисмига киришга рухсат берилган.

Бироқ, фожеа ҳудудида атиги бир соат вақт ўтказганларидан сўнг улар ҳудудни тарк этишга мажбур бўлганлар. Улар учоқ қулаган жойга киришга тўла рухсат ола олмаганлар.

Би-би-си мухбири Виктор Нехезинга кўра, учоқнинг энг катта қисмлари қулаган жойда шанба куни автоматик қуролли кишилар пайдо бўлишган ва журналистларга ҳудудни тарк этишни буюрганлар.

Аввалроқ, Малайзия авиалайнери келиб тушган ҳудудни назорат қилувчи бўлгинчилар фожеани тергов қилиш вазифасини олган халқаро экспертлар гуруҳига йўл очиб беришларини айтгандилар.

Бўлгинчилар, шунингдек, ҳодисани тергов қилиш жараёнида Украина ҳукумати вакиллари билан тўла ҳамкорлик қилишларини ваъда қилгандилар.

Пайшанба куни етиб келган халқаро миссия ҳали ҳам тергов ишларини бошлай олмаган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02