Россия - "доимий, аммо бошқариб бўладиган таҳдид" : Пентагон янги миллий мудофаа стратегиясини эълон қилди

Сурат манбаси, EPA
АҚШ Мудофаа вазирлиги янги миллий мудофаа стратегиясини эълон қилди. 2025‑йил охирида чоп этилган миллий хавфсизлик стратегияси сингари, асосий эътибор ички хавфсизлик ва иттифоқчиларга кўрсатиладиган ёрдамни қисқартиришга қаратилган. Пентагон фикрича, яқин келажакда Россия Шарқий Европадаги НАТО аъзолари учун "доимий, аммо бошқариб бўладиган" таҳдид бўлиб қолади.
"Жуда узоқ вақт давомида АҚШ ҳукумати америкаликларни ва уларнинг манфаатларини биринчи ўринга қўйиш ғоясига беписанд қараб келди, ҳатто уни инкор этди", дея бошланади Пентагон томонидан 23 январ, жума куни кечқурун эълон қилинган 34 бетлик ҳужжат.
Пентагон миллий мудофаа стратегиясини ҳар тўрт йилда бир марта эълон қилади. 2022 йилда ҳужжатда асосий устуворлик Хитойдан келаётган таҳдидлар бўлса, 2018 йилда Хитой ва Россия каби "ревизионист давлатлар" асосий хавф сифатида кўрсатилган эди.
Бу сафар эса Оқ уй "совуқ урушдан кейинги аввалги маъмуриятларнинг улкан стратегияларидан тубдан фарқ қиладиган ёндашув" ваъда қилмоқда.
Янги стратегия АҚШ иттифоқчилари ўз манфаатларини ҳимоя қилиш борасида асосий масъулиятни ўз зиммасига олиши кераклигини, Вашингтон эса "Ғарбий ярим шарда америкаликларнинг манфаатларини фаол ва қўрқмасдан ҳимоя қилишда давом этишини" белгилайди.
Ҳужжат 2025 йил декабрида эълон қилинган миллий хавфсизлик стратегиясига доимо мурожаат қилади ва уни қисман такрорлайди. Унда хусусан, Европа сиёсати кескин танқид қилинади ва иттифоқчилар ҳарбий ёрдамга ҳаддан ташқари таяниб қолганини айтиб, уларни "ўз оёқларида мустаҳкам туриш"га ундаш мақсад қилинган.
Олдинги миллий мудофаа стратегияларидан фарқли ўлароқ, янги ҳужжатда Тайван бирор марта ҳам тилга олинмаган. Дунёнинг АҚШдан кейинги "иккинчи энг қудратли давлати бўлган" Хитойни тийиб туриш Пентагон режасига кўра "тўқнашув эмас, куч орқали" амалга оширилади.
End of Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз:
Ҳужжатда шунингдек: "Европа ва бошқа минтақаларда иттифоқчилар биз учун унчалик жиддий бўлмаган, аммо улар учун муҳимроқ бўлган таҳдидларга қарши курашда асосий ролни ўйнайди", деб ёзилади. Шу сабаб Жанубий Корея КХДРни тийиб туриш бўйича асосий масъулиятни ўз зиммасига олади.
Moskva Yevropada gegemonlik da’vo qiladigan darajada emas, chunki Yevropaning NATOga a’zo davlatlari Rossiyadan iqtisodiy tarafdan va aholi soni jihatidan ustun.
Пентагон Россияни қандай баҳолайди
"Россия яқин келажакда НАТОнинг шарқий аъзолари учун доимий, бироқ бошқариладиган таҳдид бўлиб қолади", дейилади ҳужжатда. АҚШ Мудофаа вазирлиги қайд этишича, Россия иқтисодий ва демографик қийинчиликларга дуч келаётган бўлса-да, кучли армияга, саноат базасига ва дунёдаги энг йирик ядро арсеналига эга давлат бўлиб қолмоқда.
Шу сабабли Пентагон АҚШ кучларининг Россия таҳдидларига қарши ҳимоя учун доимий тайёрлигини таъминлайди, бироқ НАТОдаги АҚШ ролини "мослаштиришда" давом этади. Вазирлик фикрича, "Москва Европада гегемонлик даъво қиладиган даражада эмас", чунки Европанинг НАТОга аъзо давлатлари Россиядан иқтисодий қувват ва аҳолиси сони бўйича устун -"демакки, потенциал ҳарбий қувват бўйича ҳам".
Шу билан бирга, Пентагон Европани муҳим минтақа деб атаса-да, унинг глобал иқтисодиётдаги улуши камайиб бораётганини таъкидлайди. "Шу сабаб, Европада иштирок этишда давом этган ҳолда, биз АҚШнинг ички хавфсизлигини ва Хитойни тийиб туришни устувор вазифа сифатида белгилашимиз керак бўлади", дейилади ҳужжатда.
Украинадаги уруш масаласида эса ҳужжат яна бир бор "Европа асосий ролни ўз зиммасига олиши керак, АҚШ эса "ҳал қилувчи, аммо чекланган" даражадаги ёрдам кўрсатишда давом этади", деган позицияни такрорлайди.












