Трампнинг янги хавфсизлик стратегияси АҚШ ташқи сиёсатида туб ўзгаришларни қанчалик акс эттирмоқда?

Сурат манбаси, EPA/Shutterstock
- Author, Жеймс Люис
- Role, Би би си Жаҳон хизмати
- Ўқилиш вақти: 5 дақ
Трамп маъмуриятининг Миллий хавфсизлик стратегияси Американинг энг яқин иттифоқчиларини хавотирга солиб қўйди. Бу стратегия ўнлаб йиллар давомида Қўшма Штатлар ташқи сиёсатини белгилаган тамойиллардан кескин фарқ қилади.
Ўтган ҳафта АҚШ маъмурияти эълон қилган 33 саҳифали ҳужжатда дунё асосан иқтисодий майдон сифатида тасвирланган бўлиб, унда икки томонлама битимлар ва иқтисодий миллатчилик кўп томонлама келишувлар ва демократияни тарғиб қилишдан устунлиги таъкидланган.
BBC News'нинг Давлат департаментидаги мухбири Том Бейтман "The Global Story" подкастига айтишича, бу Трамп маъмуриятининг "энг мафкуравий йўналишларини" акс эттиради.
Эътиборли жиҳати шундаки, ҳужжатда Россия ёки Хитой каби анъанавий рақибларга нисбатан деярли танқид йўқ.
Энг аччиқ сўзлар Европага қаратилган, бу эса ҳафта Европа пойтахтларида хавотир уйғотди.
"Тамаддуний сўниш"
Аввалги миллий хавфсизлик стратегиялари одатда Американинг Европа давлатлари билан умумий қадриятлари ва устувор йўналишларини таъкидлаган бўлса, бу ҳужжат бошқача йўналиш олди.
Унга кўра, Европа "20 йил ёки ундан камроқ вақт ичида таниб бўлмас" ҳолга келади, чунки қитъа кўп томонлама институтларни қабул қилгани ва унинг иммиграция сиёсати "Ғарбнинг ўзига хослиги"га салбий таъсир кўрсатган.
Стратегиянинг бир бўлимида Европа "тамаддуний сўниш" хавфи олдида тургани очиқ айтилган.
Давлат департаментидаги мухбиримизнинг подкастда айтишича, Европа етакчилари, ҳеч қурса, ёпиқ эшиклар ортида бу ҳужжатдан "даҳшатга тушганлар".
"Улар ушбу маъмуриятдаги айримларнинг мафкуравий позицияси шундай эканлигидан ҳайрон эмас, лекин бунинг расмий сиёсий ҳужжатда ифодаланганини кўриш улар учун жуда ташвишли", дейди у.

Сурат манбаси, Reuters
АҚШ-Европа муносабатлари ёмонлашгани бир неча ойдан бери кўзга ташланмоқда.
Трамп маъмуриятининг Европага муносабатидаги бу белгилардан бири февраль ойида намоён бўлди. Вице-президент Жей Ди Вэнс Мюнхен хавфсизлик конференциясида Европа демократияларига кескин ҳужум қилиб, етакчиларни сайловчиларнинг миграция ва сўз эркинлиги борасидаги ташвишларини эътиборсиз қолдиргани учун танқид қилди.
Аммо амалда бу янги, ноқулай муносабатлар бошқа жабҳада – Украинадаги уруш масаласида ҳам намоён бўлди.

Сурат манбаси, .
Ҳужжат Европа куч динамикасини нотўғри тушунганини ва Қўшма Штатлар минтақани барқарорлаштириш учун дипломатик куч сарфлаши кераклигини кўрсатади.
Европа Иттифоқи АҚШнинг Украинадаги урушни тугатиш бўйича саъй-ҳаракатларига тўсқинлик қилганликда айбланади ва, ҳужжатда айтилишича, АҚШ "Россия учун стратегик барқарорликни қайта тиклаши" керак, шу орқали "Европа иқтисодиётини барқарорлаштиради".
Ҳужжатдаги асосий пайғом шундаки, Украина яшовчан давлат бўлиб қолиши керак, аммо бунинг учун Россиянинг устун мавқеини тан олиш зарур.
Мухбиримиз айтишича, Доналд Трампнинг Европа ва Украинадан "сабр-тоқати тугамоқда". "Шуниси аниқки, украиналиклар капитуляция деб ҳисоблайдиган позицияга ён бериши учун европаликларга босим ўтказилмоқда," дейди у подкастда.

Сурат манбаси, Reuters
Украина масаласидаги кескинлик аллақачон юқори даражадаги учрашув пайтларида намоён бўлган эди. Жумладан, феврал ойида Трамп ва Вэнснинг президент Володимир Зеленский билан Овал кабинетдаги учрашувида Зеленский "ҳурматсизлик" ва "ношукурлик"да айбланган эди.
Европа етакчилари энди АҚШ Киевнинг эмас, Москванинг истакларига мосроқ натижага эришишга интилиши мумкинлиги билан юзлашмоқда.
Россия Миллий хавфсизлик стратегиясини илиқ кутиб олди ва уни ўз қарашларига "кўп жиҳатдан мос" деб баҳолади.
"Трамп қўшимчаси"
Янги стратегия Европани танқид қилиш билан бир қаторда "Ғарбий яримшар" деб аталган Америка қитъасини АҚШ ташқи сиёсатининг асосий йўналиши даражасига кўтаради.
Ҳужжатда айтилишича, маъмурият "минтақанинг барқарорлиги ва яхши бошқарилишини таъминлашни истайди, бу эса АҚШга оммавий миграция олдини олади ва уни рағбатлантирмайди".
Стратегия Монро доктринасига "Трамп қўшимчаси" ғоясини киритади, маъмуриятнинг ёндашувини 19-асрдаги президент Жеймс Монронинг Америка қитъасида АҚШнинг устунлигини таъкидлаш ва Европа мустамлакачи давлатлари аралашувига йўл қўймаслик сиёсатининг давоми сифатида баҳолайди.
Мухбиримизнинг подкастда айтишича, маъмурият Хитойнинг Лотин Америкасидаги таъсирига қарши туриш зарур деб ҳисоблайди, гарчи ҳужжатда Хитой тўғридан-тўғри тилга олинмаган бўлса-да.
Трампнинг фикрича, Хитой минтақада ҳаддан ташқари кўп иқтисодий таъсирга эга. Аммо унинг Хитой Панама каналини "бошқармоқда" деган фикри реалликка тўғри келмайди.

Сурат манбаси, Reuters
АҚШнинг сўнгги дипломатик саъй-ҳаракатлари, жумладан, Давлат котиби Марко Рубионинг жорий йил бошида Лотин Америкаси мамлакатларига ташрифи Вашингтоннинг минтақада ҳам иқтисодий, ҳам стратегик жиҳатдан ҳукмронлигини мустаҳкамлаш ниятини кўрсатмоқда.
Стратегия ушбу сиёсатнинг ҳарбий жиҳатига алоҳида урғу бермаса-да, Кариб денгизида гиёҳванд моддалар савдоси билан шуғулланаётган гумонланувчиларга қарши ҳаво ҳужумлари ва Венесуэла қирғоқлари яқинида бир нечта Америка ҳарбий кемалари ҳамда минглаб ҳарбий хизматчилар жойлаштирилгани ҳарбий куч ишлатиш эҳтимолини кўрсатмоқда.
Янги Миллий хавфсизлик стратегияси аллақачон Вашингтон ва бутун Европадаги мунозараларни тубдан ўзгартирди.
Унинг Украина, АҚШ-Европа муносабатлари ва кенг қамровли глобал тартиботга таъсири энди ойдинлашмоқда.
Бироқ ҳужжат бир нарсани кўрсатиши шубҳасиз: Трамп маъмурияти Американинг ташқи сиёсатдаги устувор йўналишларни ўзгартиришга қарор қилган ва иттифоқчилар янги воқеликка мослашишини кутмоқда.












