Янги ҳисобот: Жаҳонда 30 миллион одам қулликда яшайди

Жаҳон бўйлаб деярли 30 миллион одам қулликда яшаяпти. 162та мамлакатдаги аҳволни ўрганган янги тадқиқот хулосаси ана шундай.
"Глобал қуллик ҳисоботи 2013" (The Global Slavery Index 2013) Ҳиндистонда 14 миллион одам қуллик шароитларида яшаётганини аниқлаган.
Бироқ, Мавританиянинг 4% аҳолиси қул бўлиб яшаб келар экан, у энг юқори пропорционал кўрсаткичга эга.
Ҳисобот муаллифлари бу тадқиқот ҳукуматларни мазкур "яширин жиноят"га қарши курашишига туртки бўлишига умид қилишмоқда.
"Яхшироқ чора"
Ҳисоботни Австралияда жойлашган "Озод бўл" жамғармаси (Walk Free Foundation) тузган. У қарзга ботиш, мажбурий никоҳ ва инсон савдоси каби замонавий қуллик шароитларини ўрганган.
"Кўп ҳукуматлар биз тақдим қилаётан кўрсаткичларни кўргилари келмайди. Лекин, агар ҳукуматлар биз билан мулоқотга киришга иштиёқ билдирсалар, биз замонавий қулликдек иллатдан қутулиш йўлида яхшироқ чораларни бирга ишлаб чиқамиз," - деди "Озод бўл" жамғармаси раҳбари Ник Гроно.
Жамғарманинг дунёдаги қуллар сонини 29.8 миллионга тенглаши бошқа ташкилотлар кўрсаткичларидан юқоридир. Халқаро меҳнат ташкилоти дунёда 21 миллион одам мажбурий меҳнат қурбони эканини аниқлаган.
Охирги ҳисоботга биноан, Ҳиндистон, Хитой, Покистон ва Нигерия қуллар сони бўйича юқори ўринларда туришади.
Яна бешта давлат билан биргаликда улар жаҳондаги замонавий қулларнинг учта чорагига эгалар.
Ҳисоботга кўра, Ҳиндистон ичида ҳинд фуқаролари қулликка мажбурланаётгани туфайли у биринчи ўринда туради.
Аҳоли сонига пропорционал тарзда юқори ўринда турувчи Мавританияда одамлар қулликни ота-оналаридан меърос қилиб оладилар. Гаити иккинчи ўринда, Покистон эса учинчи.
Янги ҳисобот собиқ АҚШ Давлат котиби Ҳиллари Клинтон ва собиқ Британия Бош вазири Тони Блейрдек нуфузли арбоблар дастагига эга.
Клинтон хоним ҳисобот мукаммал бўлмасада, иш бошлаш учун мос қўлланма эканини айтган.
Ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари Қозоғистон ва Россияда қулликка тушиб қолишлари ҳоллари аниқланган. Мардикорларнинг паспортлари хўжайинлари томонидан тортиб олиниши, узоқ соатлар ва дам олиш кунларисиз ишлатилиши, абгор яшаш шароитлари ва кўп ҳолларда ойлаб маошсиз ишлатилиши замонавий қулликнинг жиҳатларидандир.
Сиз қуллик ҳолларидан хабардормисиз? Матн остидаги форма орқали биз билан боғланинг.












